ШЕЪРИЯТ – ИБОДАТ, ЁЛҒОН ГАПИРСАНГ БУЗИЛАДИ


    "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори, таниқли шоира – Адиба Умирова билан суҳбат.

– Адиба, шеърият билан қизиқишингиз қай тарзда бошланган? Болалик даврида китоблар Сиз учун нимани англатган?  
– Ўн беш ёшимдан шеър ёза бошлаганман. Ўша пайтлар Шавкат Раҳмоннинг ҳам онасини исми Офтоб деб ўзимни омадли санардим. Қаерга борсам “Ҳулво” китобини ўзим билан олиб юрардим. Муртозо Офтоб қизи ҳам “Худо мени Адиба исмли қиз билан сийлади”, деб бошимни силаб қўярди. Онам болалигимда “Ака-ука Гримлар”, Пушкин, Андерсен эртаклари-ю, Крилов масалларини ўқиб берган. Мактабни битирар чоғимда Москвадаги М. Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтига ўқишни истаётганимни айтганимда: “Сен учун расмий таълим ҳам, шеърият тўгараги ҳам, шеърият ҳам – ўзимман...”, деган онам кулиб.  
   Ёшлигимда уйимизнинг томига  чиқиб, қуёш ботишини томоша қилишни яхши кўрардим. Қишлоқда тонг отишини кузатганмисиз, ўв, бу манзара Париждан ҳам гўзалроқ...  Отам “Қизим мактабни олтин медаль билан битиради” деб гимназия синфига берган. Бу орзусини рўёбга чиқаролмаганимдан жуда хафа эди. Кейинчалик ютуқларимни кўриб “олтин” қизидан хурсанд бўлди, албатта. Лекин ҳамма нарсанинг охири бор, тугайди... Сеҳрли июль кечалари,  юлдузларнинг жилмайиб кўз қисишлари, куз сиёҳлари, декабрнинг майин қорлари, қисқа баҳор ёмғирлари, гуллаган олма дарахтлари, тандирдан узилган иссиқ нонлар, кун бўйи қуёшда қизиб, оёғимга майсадек ботган бўрсилдоқ туфроқ... Афсус, буларни энди онам билан яшаб ўтишнинг иложи йўқ, аммо сўз орқали ҳис қилишнинг иложи бор.  
    Тонг отади, ўрнимдан шошиб тураман. Тошкент поезд вокзалига  югураман. Чипта ҳам сотиб оламан, лекин бекатда нимадир ушлаб тураверади. Хаёлимда бутун қишлоқ онам билан  ўтгандек, борганим билан ҳеч ким кутмаётгандек... Яна ортимга қайтаман...
   Болалик шеърларим қандай туғилган бўлса, шундай қоғозга тушган, деярли, таҳрирламаганман. Биласизми, бу шеърларда қанча йил яшадим. Болалигимни эсласам, кўз ўнгимда янги йил байрамида доим уйимизга келиб телевизоримизни тузатиб берган уста Чори амакидан тортиб, кўчамизда хўрозқанд сотиб юрган Сўфи бувагача... Шўртан қишлоғининг Ипподром деб аталувчи кенг яйловлари келади. Отамнинг зотдор отлари бўларди. “Учар отлар” туркумим шу саманларга бағишланган. Кўкламда кўпкари бошланарди, дала ҳовлимиз атрофи чавондозларга тўлиб кетарди. Шунақа мўъжаз атиргулзоримиз, олчазоримиз, олмазоримиз бўлардики, узоқ-узоқларгача ифори таралиб турарди. Отам жуда меҳмоннавоз, ҳатто Туркманистонлардан меҳмон келарди, онам кун бўйи шуларга ўчоқда овқат пиширарди. Нотинчлик туфайли дала ҳовлимиз этагидаги пастак қишлоққа кўчиб келган гўзал тожик қизлари билан ёзда олча терардик, кузда тошдек олмаларни қоғозга ўраб шаҳарга жўнатардик. Улар бизга маккажўхорилар ичида ер қазиб тирик қолганларини эртакдек айтиб берарди. Ҳамма-ҳаммасини шеърга солганман.

Кўклам келди алвон қирларга –
Кўкка боқиб қўл очган узоқ,
Шу бобонинг уйига буғдой,
Даласига ёмғир бер кўпроқ...
 
Бойчечакни кўзига суртиб,
Омонликлар тилаган зайли...
Шу холанинг товуқлари ҳам
Жўжа очиб кўпайсин майли,
 
Сутдан қисма пишқириб юрган
Қора кўзли бўталоқларни.
Истаганча қўзиласин қўй –
Гуркиратиб қўй ўтлоқларни... 
   
Сендан нима кетди...  Менга ҳам
Назар ташлаб қўйгил бир чимдим.    
Чолдеворда бўлса ҳам кимдир
Сени эслаб турсин о, Тангрим!

   Эҳтимол, бундай шеърлар пойтахтдаги катта адабий муҳитда унча кашфиёт саналмас, аммо сатрларда ўзим борлиги учун ёқимли. Эҳтимол, энди бундай самимий ёзолмасман...  
– Яқин йилларгача китоб нашр этган шоирлар жуда машҳур бўлган. Шу ўринда сизнинг ҳам ўз овозингиз бор эди…    
–  “Янги аср авлоди” нашриётида биринчи китобим –  “Яшил тушлар” минг-нусхада нашр этилган.  Дизайн ҳам, қоғоз ҳам ўта сифатсиз эди. Лекин бундан асло хафа эмасдим, чунки биринчи китобимга муҳаррир Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев эдилар. Биринчи китобимни олганимдан жуда хурсанд эдим, чунки Қашқадарёдан, яна оддий оиладан келиб пойтахтда китоб чиқариш катта бахт эди. Албатта, уни ҳеч ким тарғиб этмаган, тарғиб қилишдаям ҳеч ким иштирок этмаган, тақдимоти ҳам бўлмаган, минг нусхада бундай майда нашр сотилганми ёки йўқми, Худо билади, буниям билмайман. Кейин Алишер Навоий нашриёти томонидан  иккинчи китобим “Ёруғ сирлар” чиқди. Тақдимотида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов иштирок этдилар. Турмуш ўртоғим никоҳ тўйимизнинг қайсидир санасига бағишлаб, ўз пулларига нашр эттирган китобни сохта лотереяда ютуқ чиққандек бошқа жойда ўйнагим келмади. Аммо адабий муҳитдан ҳадик билан муносабат кутдим. Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтадиган йиллик ҳисоботларда ҳам лоақал тилга олишмади. Бу жуда кулгили эди... Шундан кейин уч-тўрт йил шеър ёзишни тўхтатдим. Кутилмаганда бир шеърхон меҳр кўзи билан: “Сизни ҳамма ўқийди, биласизми, ўзингизни реклама қилмасангиз ҳам, рекламангиз бўлмаса ҳам яхши ўқишади. Ёзинг, ўқиймиз, ўқилади...” деди.  Яна қўлимга қалам олдим...
– Пойтахтга бир олам орзулар билан келгансиз, қанчаси амалга ошди-ю қанчаси саробга айланди?  
– Пойтахтга ўн тўққиз ёшимда Золушкага ўхшаб келганман: одми кийимда, ортиқча пулим йўқ, қўлимда  бир чемодан китоб… Қийналган пайтимда ҳаётимда бир марта бўлса ҳам Ҳизр учраб, кутилмаган бурилишлар қилишини истардим. Тан оламан, замонамизнинг машҳур шоирлари билан учрашдим, лекин тез орада кўпидан узоқлашдим ҳам... Шунгаям йигирма йилдан ошибди. Мен учун ҳаммаси ўша-ўша... Ҳеч нарса содир бўлмагандек... Фақат учта боламдан ташқари...  
   Баъзан ҳайитларда уйга кетиш учун ҳатто поезд чиптасига ҳам пулим етмасди. Кўпроқ онамни, укаларимни соғинардим. (Ҳозир пулим бор, лекин энди онам йўқ...) Кўп таҳририятларда ишладим, энг кам маош ва қалам ҳақи билан кун кечирардим. Ёшлигим трамвайлар, арзон автобуслар, ижара уйи ахтариб ўтди. О, эски Чорсунинг файзли кўчалари, аравакаш лўлиларнинг Ачавот маҳалласи, ҳар бекатнинг бурилиш чорраҳаларида сими чиқиб кетадиган трамвайлар... Ҳалигача тушларимга кириб чиқади.

Кечагидек ёдимда бари –
Ҳаёт учиб ўтди бир дилгир.
Трамвайнинг ойналарига
Шатир-шутир теккандек ёмғир...
 
Турганидек қорга кўмилиб,
Пешвоз чиққан йўллар тонг саҳар.
Улкан орзуларни елкалаб, 
Эзилгандек кун бўйи шаҳар...

Ҳозир ўша трамвайлар йўқ,
Аммо ҳамон дилда титроғи,  
Бекатларда тушиб қолгандек
Умримизнинг энг гўзал чоғи...

    Унда мен учун шеърият тилсим эди. Руҳий таянч инсон қалбининг ичида, деб ишонардим. Аммо бугун ҳатто энг зўр истеъдодли шоир ҳам яшай олмайди, деб қўрқаман.  Илгари зўрлар ёзарди, зўрлар китоб чиқарарди. Ўшанда зўр китоблар бугунгидек дўконларда йиллаб чанг босиб ётмасди. Анъанавий Зомин ёш ижодкорлар анжуманида олий ўринни олганимдан сўнг ёзувчи Собир Унар ҳеч қандай таъмасиз “Ёшлик” журнали муқовасида суратимни берган. Ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бир туркум шеърларимни ўқиб уйига чақирган. “Ёруғ сирлар” китобимга сўз боши берганлар. Шукур Холмирзаевнинг тўрт томлик асарлари, Хайриддин Султоннинг “Бир оқшом эртаги”, “Онамнинг юрти”, Эркин Аъзамнинг “Атойининг туғилган йили”, “Анойининг жайдари олмаси”, Хуршид Давроннинг “Самарқанд хаёли”, Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим”,  Ўткир Раҳматнинг  “Райҳон ҳиди”, Омон Матжоннинг “Ёнаётган дарахт” китобларини ташналик билан ўқиганмиз. Абдулла Ориповнинг “Митти юлдузи”, Эркин Воҳидовнинг “Тонг нафаси”, Ҳалима Худойбердиеванинг “Оқ олмалар”, Азим Суюннинг “Менинг осмоним”, Усмон Азимнинг “Инсонни тушуниш” каби илк китоблари осонлик билан топилмаган. 
    Ҳозир-чи, ўртамиёналар ёзади, ўртамиёналар нашр этади — чиройли муқоваларда, қиммат қоғозларда... Ўша пайтдаги нуфузли адабий журналларда ҳозир пул берган ёки юзлаб журнал сотиб олганларнинг сурати ва шеърлари чиқади. Лекин булар ҳеч кимга керак эмас. Тушунаяпсизми, бадиий асарларни асл нусхада ўқийдиган авлод сунъий интеллект орқали таржима қилинган асарлар – “шўрвани шўрваси”ни  ичмайди! “Ҳамма тараққиётда юксак бўлса, биз фитнада – мумтозмиз” деганди бир замондош шоирим.  Аччиқ аммо, очиқ гап –  зиёлилар китоб ўқимай ўша “мумтозлик” билан шуғулланаяпти, ҳайрат билан китоб ўқиб юрган бир-икки ёш чиқса, униям айнитади: “Сиз буни билмайсиз. Мен сизга билишингизни ҳам маслаҳат бермайман...” деган ғараз иддаолар билан... Cизнингча, шулар орасида юриш керакми? Шундан яхши шоирлар давраларни тарк этаётир. Бугун китобхон ўзи севган шоирни умрида бир марта кўради ёки умуман йўқ.
   Бугун шоир ҳам шеър ёзиб, уни ўн марталаб нашриётларга топшириб, нашриёт матбаасига пул тўлаб, яна сотиши керак. Масалан, адабий журналларда ҳам аҳвол шу. Энди бу менга керак эмас! Қолганларга ҳам айтаман, ҳеч қачон ўз пулингизга китоб чиқарманг! Ўз пулингизга журналларга асарларингизни бериб, тарғиботига зўр берманг! Бу шоирни ўта камситадиган ҳолат. Мен буни бошқа шоирлар қимматида кўрдим. Шеърият – жойнамоз, бошқалар янчиб кетса ҳам сиз босиб кетманг! Шунда сўзингиз қадрли бўлади.
– Нима учун ўзбек киносининг одатий қолипларига қарши чиқаяпсиз?
– Москвадаги М. Горкий номидаги Олий Адабиёт курсида ўқий олмаганим юрагимда армон бўлиб қолганди. Бу Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий Адабиёт курсида ўқиганимда ҳам ушалмади. Турмушга чиққанимда Москвада ўқиб келган Вафо Файзулло ёнига умид билан бориб, имтиҳонларга тайёрланишимга ёрдам беришларини сўраганман. Чунки Анна Ахматова, Марина Цветаева, Зинаида Гиппиуси бор адабий мактаб маҳорати ўзига тамомила мафтун этганди. Кутилмаганда икки давлат  Президентининг ташаббуси билан уйим ёнгинасида С. А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университети очилди. Бир йил тайёргарлик кўриб, драматургия факультетига ўқишга кирдим. Айни пайтда бутун фикру хаёлим диплом ҳимояси билан банд. Диплом ишим сифатида танлаган “Улоқ” кинонавелла сценарийимни устозлар олтинчи марта қайтаришди.
   “…Қиз бор — демак, финалда албатта, тўй бўлади. Мамарасул пайдо бўлдими — у, албатта, душман: уни енгишади, мағлуб қилишади, қамашади ёки бошқа йўл билан йўқ қилишади. Улоқ эса, сўзсиз, ғалаба қозонади. 
Хўш, ўзбек томошабини нега бундай фильмни кўриши керак? Қайси айби учун унга олдиндан маълум бўлган қолипларни яна тиқиштираяпсиз? Агар мен кинотеатрда ўтирган бўлсам, «Пулимни қайтариб беринг», дердим. Чунки барчаси аввалдан маълум. Нима бўлишини билиб туриб, нега томоша қилиш керак? Афсуски, ўзбек киносининг йўналиши 1949 йилларда қотиб қолган. Орадан саксон йил ўтди. Ҳатто олтмишинчи йилларда ҳам шу қолиплар учун курашилган, барибир шу пайтгача қайта-қайта такрорланиб келяпти: қаҳрамонлар доим бир хил — ақлли, доно, сипо, мулойим… Экранда 150 марта кўрсатилган нарсани 150 минг биринчи марта такрорлаш нимага керак?”
   Агар юзлаб “Оскар”га сазовор фильмларни кўриб, маҳорат дарсларида қатнашмаганимда бундан албатта, ранжиган, уларни рақиб ёки кўролмасликда айблаган бўлармидим... Валлоҳу аълам! 
    Драматургия факультети ВГИКнинг асосий компоси – ижодий ишлар жаҳон таниган, рус адабиётнинг энг буюк асарларини саҳналаштирган маҳоратли усталар томонидан жиддий таҳлилга тортилади. Талабалар кеча мактаб партасидан келган ҳаваскорлар эмас, шу соҳани қисматим деб билганлар ҳам ўқиш жараёнида сараланади. Яширмайман, ҳозир аввалгидек тўғри келган кинони мазза қилиб кўролмайман, чунки кинодаги пролог, буришлар, кулминация, финал, диологлар, жаҳон кино мактаби киносценарийларни Сид Филд назарияси асосида яратаётганини биламан. ВГИКда усталар шогирдларининг имло саводи билан ҳам йиллаб шуғулланади, жаҳон киносига сотмоқчи ёки нуфузли фестивалларга қатнашиш учун киносценарийларни талаб даражасида – нуқта, вергул, қоғоз ҳошиясидаги рақамларни қаерга қўйишигача эътибор беради. Бутун дунёда шундай тартиб ўрнатилган, оддий шу қоидани билмасангиз, киносценарий қанча зўр бўлмасин – илк таассурот – илк варақдаёқ сиз билан хайрлашишади. Чунки профессионал драматурглар бунга қатъи амал қилади. 
  Бу ўзбек киносининг одатий қолипига қарши чиқишмас, маҳорат нуқтаи назаридан, шу даражада киноларимизни кўтаришимиз керак. Масалан, “Оскар”га сазовор эрон, грузин фильмларида кўрсатилган ҳаёт манзаралари... Биз ёзолмайдиган даражада мураккаб эмас, ҳамма гап, шунчаки томошабин дидини ўлдираётган маиший, примитив мавзуларни юксак санъат даражасида кўрсата олишда! 
    Италиянинг “Ўғирланган велосипед” фильмини кўринг... Оддий италян ҳаётидан олинган, аммо шедевр! Ёки Чарлин Чаплиннинг ҳайкалларга сиғиниш, ёлғон мулозамат, маддоҳлик, шусиз ҳаётини тасаввур қилолмаган жаноблар ва хонимларни масхара қилган қисқа метражли фильмлари – САНЪАТ! Ёки грузин фильмлари – қаҳрамонлар жуда самимий, ҳазилкаш, саргузаштларга бой! Французларнинг шоир, ёзувчи, мусаввирларга бағишланган, айниқса, севги ҳақидаги фильмлари – инсон характери – у қаерда ўзгаради, хато қилади, худбин ёки нодон – кўзёшсиз, бақир-чақирсиз, енгил жилмайишлар, ҳаракатлар билан чуқур очиб берган! Диплом ишигача ўнлаб сценарийларим қайтди – воқеалар ҳинд ёки турк “рулет”и бўлгани учун!  
   Ижод – бу ўта миллий тушунча. Шоир ўзбек бўла туриб ўзбекча фикрламаса, ўзбекча ҳис қилмаса, ўзбекча ёзмаса – бу ҳеч ким эмас дегани бошқалар учун ҳам! Ўзбек адабиётида ўзбек ёзувчи, шоирлари кўп. Аммо соф ўзбек тилини соғинганмиз, мажозий маънода ҳам...  Она тилимиз жонкуярлари кам, борларининг ҳам ҳаракати бир болакай мушугининг қулоғидан тортиб: “Ўзбекча гапир, ўзбекча гапир, ўзбекча гапир, аҳмоқ” дегандек ўдағайлаш. Шу кунларда рус адабиётини кўп ўқияпман, аммо менинг ғойибона ота-боболарим – Отабек, Обид кетмон, Йўлчилар... Ҳозир шундан ҳам «нуқсон»  ахтариб масалан, “Йўлчи инқилобчи...” дегувчилар ҳам топилади. Бу менга ўзимиз ўтирган новдани кесиб ташлашни англатади. Ҳаммадан айб ахтараверсак ким қолади адабиётимизда... Ўтмишдаги хатолар ҳозир такрорланмаяптими?
– Китобхонлик ва бахт тушунчаси сизнингча нима?
– Булар синоним сўзлар эмас. Болаларимга китоб ўқимасанг бирорта университетгаям киролмайсан дейман, аммо бахтли бўлолмайсан, деялмайман. Чунки китоб ўқиган одамларнинг ҳаммаси ҳам бахтли эмас. (Лекин бу учун китоб айбдор эмас!!!) Миллатни пардоз-андоз, дори-дармон, тўй артистларининг рекламаси билан тарбиялаб бўлмайди. Давлатимиз томонидан ўтказилаётган маънавий-марифий тадбирларга жону дилим билан қатнашаман. ТВ ёки маҳаллий мухбирлар боришга эринадиган, эътибордан четдаги қишлоқ мактабларига шеърхонликни эшитиб даладан калиши тупроққа, лойга тўлиб шеърсеварлар келишади. Ишонасизми, шеър ўқисам киприк қоқмай эшитишади, эгнимдаги кийимлару ичган чойимгача ҳайрат билан қарашади. Ёшлигида шоира бўлишни орзулаган, аммо турмушга чиқиб болали бўлган ёш келинчаклар тортиниб, уялиб, қизариб шеърларини ўқиб берганда, ўзим ҳам бир поғона баландликка кўтариламан: Шулар сендан зўр шоира, сен нимани қойиллатинг, дейман ўзимга-ўзим. Қишлоқларда оддий усталар, теримчилар, чеварлар Абдулла Орипов, Хуршид Давроннинг бутун китобларини ёд олган. “Истасанг шу фалакдан ойни олиб бераман” деган шеър муаллифи билан суҳбатлашганман, десангиз худди сизга ўзга сайёраликдек қарашади. Бир неча кун шу учрашувлар тассуротидан чиқолмайман. 
   Менга дунёдаги ҳамма ва ҳамма нарса қизиқ. Масалан, ишдан қайтаётганимда супер маркетга кирсам, чангларни артиб юрган фаррошнинг дилидан нималар кечаётганигача билгим келади. Баъзан ёлғиз кафеда ўтириб, ташқаридаги одамларни кузатишни яхши кўраман. Кўпинча нотанишлар ёнимга келиб ўтирса, икки оғиз суҳбатлашиб асарларим қаҳрамонини топгандек суюниб кетаман. Кўп шеърларим шундай кайфиятда ёзилган.  
 
Усти юпун, қорни бироз оч,
Нон бор фақат қайғуларида.
Уйи бўлмаса ҳам шу юртнинг
Сеҳри яшар кулгуларида.

Саҳар пештахталар оралаб,
Кўз тикади узоқларга жим.
Чорсу бозорининг бор юкин
Елкасида ортмоқлади ким?

Қўли қадоқ, товони ёриқ,
Ёмғир ювар гул юзларини.
Темир аравалар остида
Қолиб кетган орзуларини...

Кечалари эсимга тушса,
Уйқу келмас кўзимга бир зум.
Маъюсгина бу болаларнинг
Болалигин ўғирлаган ким?

– Ҳозир шеъриятнинг даври ўтгандек...
– Бир қарасанг, ростдан шоир керак эмасдек... Уларсиз ҳам ҳаммасини уч-тўртта отарчи шоир эплаётгандек... Лекин ҳеч қачон шеъриятнинг даври ўтмайди, бир пайтлар радио кашф қилинганда овозли ўқиш нимага керак, деган гаплар бўлган. Жонли овоз йўқ бўлиб кетмади-ку, шеърият ҳам яшайди. Илгари адабиёт тарғиботи билан партиялар жиддий шуғулланарди, шоирларга катта минбарлар бериларди. Ҳозирги ҳолатда ҳам адабиёт барибир ўз ҳолича ривожланаяпти, гўзал асарлар ёзилаяпти. Демак, адабиёт ҳар қачонгидан ҳам ўз жойида...   
– Юқорида кўп эслаган бўлсангизда, яна шу мавзуни давом эттирсак. Ўтган йили онангиз вафот этгач, анча тушкунликка тушиб қолдингиз... Онангиздан сизга нима мерос қолди? 
– Шу пайтгача ҳаётимда бундай улкан йўқотиш бўлмаган. Охирги нафасигача ўлмайди деб ўйловдим. Бари қўрқинчли тушдек, уйғонсам эрталаб онам “Акаларинг Московдан қайтишди, ҳаммаларингни бирга кўргим келяпти. Қачон йўлга чиқасизлар?” дея қўнғироқ қилаётгандек... Олти ойдан бери ўзимга келолмаяпман.
   Онамнинг ҳамма нарсани ўз қўллари билан қила олишини яхши кўрардим. Ҳовлидаги дарахтларни ўзлари кесарди, токларни кўтарарди, пахта чигиллаб кўрпа-ёстиқ қиларди. Гулларни жуда севарди, пойтахтга келса доим уйимдаги ниманидир ўзгартирарди. Аёл оддий уй бекаси бўлса ҳам ижодкор бўлиши керак, бошқалар яшашни сендан ўргансин, дердилар. 
    Онамни қирқ ёшида театрга кийиб борадиган қизил каштали кўйлаги ва оппоқ пошнали туфлиси бўларди. Шу пошнали туфлини кийиб ҳовлининг ўртасида катта жойнамозни девордек тортиб, “театр-театр” ўйнардик. Бу туфли ўлгир ҳеч йиртилмасди, эскирмасди, бизникига ўйнагани чиққан қўшни қизлар ҳам ҳавасакига бир марта бўлсаям кийиб кўрган. Онам “Буни ота уйидан олиб келганман” деса, отамнинг аччиғи чиқиб “Биз бутун уй қуриб берсак ҳам, тегирмону жувозларни номларига ўтказиб қўйсак ҳам шу бир туфличалик қадри йўқ”, дердилар. Сўнгги йўлга кузатаётганимизда шу туфли эски сандиқнинг бир четида мунғайиб турганди. Ҳозир сиз билан шуларни эслаяпману онамни соғинаяпман.  Ўзимнинг онам ўтгани етмагандек дўстларимнинг ҳам оналари аста-секин дунёни тарк этаётир.    

Суҳбатдош – Музаффар Муҳаммадназар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот