Радио – мухлислар талабига мослашувчан восита
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Уoshlar” радиоканали катта муҳаррири, журналист, шоира – Гулзебо Иброҳимова билан суҳбат.
– Нега айнан радио соҳасини танлагансиз?
– Радио болалик орзуларим мундарижасида мавжуд эди. 1985 йилларда отам раҳматли “Оқшом тўлқинлари” эшиттиришини берилиб тингларди. Ҳовлимизда ҳаво мавжларидаги садолар дам-бадам янграб турарди.”Қишлоқ меҳнаткашлари” дастури, ундан жой олган қўшиқлар акс-садоси ҳамон ёдимда қолган. Падари бузрукворим диққат ва меҳр билан тинглаяптими, демак мен ҳам радиочи бўламан, деган орзу хаёлимдан ўтган. Болалигимга бориб, ниятимни баъзан ўзгартирган бўлишим мумкин, аммо илк орзулар дуолар каби ижобат бўларкан.
Радионинг яратилиш тарихига назар ташласак, 1895 йилда рус физиги ва ихтирочиси Александр Попов биринчи марта «грозоотметчик» (бўрон белгиси) деб номланган қурилмани намойиш этди. Уни атмосфера электр разрядларини қабул қилиш учун ишлатган. Бу эса замонавий радиоалоқанинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу тариқа радиога асос солинди.
1926 йилда Тошкентда биринчи радиостудия фаолият юрита бошлаган. Илк даврдан-оқ радио “Масофа билмайдиган ва қоғозсиз газета” деган номга сазовор бўлган. Бу фактлар радионинг нуфузи нақадар улуғ бўлганини англатади.
– Радиода ишлайдиганларнинг, аввало овози ва нутқи чиройли, равон бўлиши керак. Уларнинг ташқи кўринишини радиотингловчилар кўрмайди. Сиз радиода ишлайдиган сухандон аёлларнинг ташқи кўринишига (озодалик, либос эмас, пардоз, соч турмаги кабилар) қай даражада аҳамият берасиз?
– Тиниқ овоз ва таъсирчан нутқ радионинг қўшқаноти ҳисобланади.
Бошловчини радиотингловчилар кўрмаслиги мумкин, лекин ҳис эта олади. Ташқи кўриниши рисоладагидек ва ораста бўлса, – бу албатта, унинг овозига ижобий таъсирини беради. Чунки, ҳамма юк овозга тушади. Унинг кайфиятини, дунёқарашининг нечоғлик эканини овози фош этиб қўяди.
Бугун замон тараққий этган. «Yoshlar» радиоси мисолида оладиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга. Радиомулоқотларни мухлислар нафақат тинглаши, балки тўғридан тўғри эфир видеолари орқали кўриши мумкин.
Демак, сухандон мухлислар ҳузурига ғойибона ташриф буюрадими ёки уларни онлайн кузатиш имкони яратиладими, ҳар икки ҳолатда ҳам кўриниши гўзал ва қадриятларга муносиб бўлиши керак.
– Эфир вақтида сизнинг энг ёдда қолган (кулгили ёки аксинча, асабни бузадиган) лаҳзаларни эслай оласизми?
– Бу ҳақда “Ширин қовунлар мамлакатида” деган махсус саҳифа тайёрланганди.Унда ходимларнинг яхши маънода “қовун туширган” воқеалари акс этганди.
Шахсан ўзимга келсак, радиоижодкор сифатида ўзимни бахтлилар сафига қўша оламан. Эшиттиришларга интервью олиш жараёнида кўплаб машҳур инсонлар, зиёлилар билан кўришганман. Турсуной Содиқовадан суҳбат ёзганимда, “Энди микрофонни ўчиринг, ўзаро гаплашиб ўтирамиз” – деганлари ёдимда. Тоҳир Маликнинг дуоларини олганман. Асқар Маҳкам шеърий дунёси, юксак тафаккури қаршисида лол қолганим рост. Азиз Саид япон адабиётидан “Ипак” романини таҳлил қилиб бергани ёдимда. Раъно Раҳмон қизи билан радио сабабли танишиб, опа-сингил бўлиб кетдик. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
– ЎзМТРК «Ёшлар» радиоканалининг «Салом, ёшлар» дастурида лойиҳа муҳарририсиз. Лойиҳангизнинг асосий ғояси нимадан иборат? Яна қандай эшиттиришларни тайёрлайсиз?
– «Салом, ёшлар» дастури ҳаммуаллифликда тайёрланади. Ҳафтада 6 маротаба эфирга чиқади. Икки кундаги эфир соатига масъулман. Ғояси илғор ёшларни кенг жамоатчиликка таништириш, уларнинг издошлари шаклланишига замин тайёрлаш, мотивация бериш каби ўнлаб мақсадларни ўз ичига олади.
“Нажот таълимда” радиолойиҳаси, “Фанлараро саёҳат” радиоўйини ва энг севимли лойиҳам “Китобхон ёшлар” дастурини тайёрлайман.
Ижодкор баъзан яқин ўтмишда тайёрлаган радиомаҳсулотларини ҳам эслайди, соғинади. 2005 йилларда “Савоб сари” роликларини тайёрлаганман. Онахон бир марталик иш билан таъминлаш пунктида йиғилиб турган йигитларга (мардикорларга) ҳар куни тушликда бир сирли челакда мошхўрда ва 10 та буханкани тарқатар экан. Нафақа пулидан ип олиб, бир ҳарбий қисм аскарларига қишда кийиш учун жунпайпоқ тўқиб, мутасаддиларга олиб борган. Битта аскарга етмаган. Уни ўша кеча тўқиб, эртасига-ёқ етказган. Мана миллат оналари қандай бўлиши керак!
Шу каби савобли ишларни ёритганман.
“Ҳадис ва ёшлар”, ”Рамазон туҳфаси” 2016–2017 йилларда “Қизлар” радиожурналини мухлислар эътиборига тақдим этганмиз.
“Мутолаа” лойиҳасида ўнлаб классикларнинг ҳикоялари Санжар Саъдуллаев, Лола Элтоева каби соҳир овоз соҳибларига ўқитилган. Раҳматли режиссёр – Собиржон Содиқов билан тайёрлаганмиз.
“Ҳамма ўқиши керак” радиороликларида 500 дан ортиқ шарқу ғарб шоир – ёзувчиларининг таржимаи ҳоли, ижодидан намуналарни мухлислар ҳукмига ҳавола қилганмиз. Ва ҳоказо...
– Эфирга тайёргарлик жараёнида кўп йиллик тажрибага эга бўлсангиз-да, кўнгилдагидек чиқиши учун бироз ҳаяжонлансангиз керак? Айниқса, бевосита эфир бўлса, мулоқот олиб бораётган суҳбатдошингиз билан алоқанинг йўқолиб қолмаслиги, техник носозликлар юзага келмаслиги ва ҳоказо. Ёки ҳамиша хотиржам ҳолда ўзингизга мутлақ ишонасизми? Ушбу ҳолатларни қисқача тавсифлаб берсангиз?
– Ҳаяжон ҳаммада муқаррар равишда мавжуд бўлади. Аммо бизда техник жиҳатлар юқори даражада таъминланган. Интерактив лойиҳаларда узилишлар умуман кузатилмайди.
Мен муҳаррирман. «Китобхон ёшлар» дастурини эса бошловчи билан дуэт шаклида олиб борамиз.
Мавлоно Жомийда шундай сатрлар бор:
“Боши билан шўнғиб кирмаса ҳар дам,
Сув остидан дурни топарми одам?”
Шунинг учун, ишимизга ўзимизни тўла сафарбар этамиз.
Мавлоно Жомий яна ёзадилар:
“Қулоқдан дилингга гар кирмаса нур,
Сичқон кавагидан не фарқи бўлур?”
Айтаётган ҳар бир сўзимизга аввал ўзимиз риоя этиб, кейин уни ёшлар аудиториясига етказамиз. Қулоқларга нур кириб бориши бизнинг ҳам ҳазрат Жомийга хос бўлган олий орзумиздир.
– Меҳмонлар билан суҳбатда саволлар тузиш чоғи дастлаб қайси жиҳатларга эътибор қаратасиз? Суҳбатдошингиз ҳақидаги маълумотгами ё унга бериладиган саволларгами? Кўпинча, кутилмаган саволлар берасизлар. Саволларингиз суҳбатдошингизни довдиратиб қўйган пайтлар бўлганми?
– Дастлаб, суҳбатдошни ўрганамиз. Ўзи ҳақида маълумот беради. Интернетдаги у ҳақда мавжуд манбаларни кўриб чиқамиз. Иложи борича, кўнгилга тегмайдиган, аксинча, унинг қайси бир қирраларини очишга хизмат қиладиган, маънавий юки бор, салмоқли саволлар тузишга ҳаракат қиламиз. “Навбатчи”, яъни сийқаси чиққан саволлардан қочиш керак.
– Аудитория билан узвий муносабатларни ташкиллаштиришда нималарни муҳим деб ҳисоблайсиз? Бугунги кунда радиони асосан, вилоятларда эшитишади, пойтахтда эса фақат машина ҳайдайдиганлар тинглаши Сизни хавотирга солмайдими? Радиони келажакда қандай тасаввур қиласиз?
– Сўнгги вақтларда радионинг келажагига шубҳа билан қараётган инсонлар ҳам йўқ эмас.
Интернет радиолари шаклланиб бораётган айни замонда анъанавий радиолар ўз ўрнини йўқотиши мумкин, деган фикрлар ўртага ташланмоқда.
Шу ўринда Озод Шарофиддиновнинг бир гапи ёдга тушади: “Инсоният мавжуд экан, китоб ҳам қай бир шаклларда яшайверади”. Худди шу каби, радио ҳам китоб билан тақдирдош бўла олади, “яшовчанлик” хусусиятини янги шакл вариантлар кўринишида сақлаб қолади...
Хўш, давлат радиолари ёки хусусий каналлар ўз келажагини қандай кафолатлаши мумкин, деган савол пайдо бўлади.
Бугун келажак эгалари бўлган ёш авлод ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб боради. Шундай экан, “Фейсбук”, “Телеграм”, “Инстаграм”да радиоканаллар ўз саҳифаларини очиши, дастур ва эшиттиришларнинг анонсларини олдиндан эълон қилиши ва берилган лойиҳаларни саҳифага жойлаб бориши зарур бўлади. Бу жараёндаги ишлар қисман шаклланиб улгурди. Буни “Ёшлар”, “Орият ДОНО” каби каналлар мисолида кўриш мумкин. “Ютуб” эса радиоижодкорлар учун янги имкониятларни тақдим этади. Тўғридан тўғри трансляция ёки видеолавҳа шаклида жойлаш мухлислар эътиборини тортади.
Тўғри, айни шу жараёнлар қўшимча вақт, қўшимча меҳнат талаб қилади. Бироқ, янги замон талаблари нуқтаи назаридан радионинг янги қирраларини, янги имкониятларини кашф этиш асносида ижодкорлар фидойилик кўрсатади.
– Эфирда кутилмаган вазият юз берса (айтайлик, суҳбатдош қизишиб кетса, қўполлик қилса ва шу кабилар), бу ҳолатда қандай йўл тутасиз?
– Ҳалигача бундай ҳолат деярли кузатилмаган. «Китобхон ёшлар» дастурида мантиқий савол берамиз ва шунингдек, мухлислар ўзлари ўқиган китоблари ҳақида таассуротларини сўзлаб беришади.
Рисоладагидек мухлислар аудиторияси ҳам шаклланиб улгурган.
– Муомала маданияти ва сўзга чечанлик уйғунлигига қандай ёндашасиз?
– А. П. Чеховда шундай фикрлар бор: Фидокор кишилар қуёшдек зарур. Улар жамиятнинг энг шоирона ва ҳаётбахш унсури бўлиб, бошқаларга таскин берадилар ва ёшартирадилар.
Касбимиз фидойиси бўлишга интилиб келамиз. Сўзни сўзга улашда имкон қадар меҳрни боғловчи кўприк сифатида қўллаймиз.
– Сизга тақдим этилган далиллар ва маълумотни текшириш учун қайси усуллардан фойдаланасиз?
– Масъул ташкилотларнинг ахборот хизматлари керакли маълумотни беради. “Фейк” хабарларга “Х” деймиз. Таҳлилий мавзуларда ҳолат жойларга бориб ўрганилади. Мутасадди ташкилотлар билан боғланиб, аниқлик киритилади.
– Бугунги кунда тобора ривожланиб бораётган янги технологиялар радиода янги имконият эшигини очишига ишонасизми?
– Кўпчилик, ҳатто айрим зиёлилар ҳам радио худди газета каби ўз нуфузини сақлаб қололмайди, деган фикрларни билдирмоқда. Шуниси аниқки, радиони аксарият кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар эшитади. 2022 йил маълумотига кўра, республика бўйича 66 мингдан зиёд кўзи ожиз шахслар мавжуд. Улар ОАВ турлари бўйича кўпроқ радиони қулай деб билади. Демак, уларни радиодан маҳрум қилиш керак эмас.
Улар Брайл алифбосидаги махсус нашрларни ўқиши мумкин, аммо анъанавий газеталарни ўқий олмаслиги аниқ! Демак, улар ўз ҳаётига мазмун олиб киришлари учун радио муносиб маънавий ҳамроҳ бўла олади.
Бундан ташқари, давлат радиолари турли ташкилотлардан мутасаддиларни суҳбатга таклиф этади. Аҳоли ўзларининг мурожаатлари билан эфирга уланади. Энг тезкор ечим радиомулоқот жараёнида айтилади.Бу имкониятлардан воз кечиш мумкин эмас.
– Радио муҳаррири сифатида радио бошловчи ва лойиҳа муҳаррирлари учун ўзингиз амал қилиниши шарт деб ҳисоблайдиган энг муҳим қоидаларни санаб ўтсангиз?
– Маълумки, ХХI аср энг тезкор ва замонавий технологиялар асридир. Радио эса мухлислар талабига тезда мослашувчан восита ҳисобланади. Масалан, дастурлар илгари 30 дақиқа давом этган бўлса, бугунги кунда 5-7 дақиқада белгиланган мавзуга ойдинлик киритилиб, дастурлар қизиқарли тарзда тақдим қилинаяпти. Тезкорлик, аниқлик, қизиқарлилик асосий тамойилга айланиши керак. Замонавий эффектлар радиодастурлар жараёнларига олиб кирилмоқда. Бу унинг келажаги хавфда бўлмаслигини, аксинча, кулминацион чўққиларга олиб чиқишини таъминлайди.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: «Ижод чашмаси» журналининг № 17 (61)-сони.