ДЎСТ ЙЎЛДА СИНАЛАДИ!
МУҲАББАТ АБДУЛЛАЕВА: “ДЎСТ ЙЎЛДА СИНАЛАДИ!”
Санъат аҳли учун халқ эътирофи муҳим.
Бугунги суҳбатдошимиз ҳам халқ аллақачон эътироф этган, таниқли актриса Муҳаббат Абдуллаевадир.
Муҳаббат Абдуллаевани мухлисларимиз кўпроқ “Келгинди келин” комедияси орқали яхши танишса-да, аслида бунгача ҳам у жуда машҳур эди. Театр саҳнасида у Жульеттадан тортиб, Нурхонгача, бир-бирига ўхшамайдиган ранг-баранг образлар яратган.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларида урф бўлган телевизион фильмларнинг бош қаҳрамони эди. Қалдирғоч қош, қоракўз бу актриса гўзаллиги, истеъдоди билан одамларни ўзига ром этган эди.
Актриса Муҳаббат Абдуллаева бугунги кунда ҳам фаол. У миллий сериалларимиз ва теленовеллаларда баъзида қаттиққўл, баъзида жафокаш оналар ролини маҳорат билан ижро этяпти.
Биз актриса билан ижоди ва бугунги кундаги долзарб мавзулар ҳақида суҳбатлашдик.
“ФАЛОКАТ КУТИЛМАГАНДА КЕЛАДИ...”
– Қизингиз тузалиб қолдиларми? Ўзларини қандай ҳис қиляптилар? Мана чиройли байрам - Қурбон ҳайити арафасида турибмиз, яхши маънода эҳсон қиладиган кишиларни ҳам ибрат қилиб кўрсатиш керак экан...
– Халқим менга шунчалик ёрдам қилади, деб кутмаган эдим. Уларнинг ҳаммаларидан миннатдорман. “Дўстингни ё йўлда синайсан, ё бошингга бир иш тушганида!” деб бежизга айтишмаган. Қизим билан бўлган нохуш воқеа туфайли халқим мени қанчалар қадрлашини билиб олдим.
“Фалокат кутилмаганда келади”, деганларидай, шу куни кайфиятим жуда яхши эди. Ижодимга бағишлаб “Излар” номли кўрсатув тайёрланаётган эди. Эрталабдан Миллий театрга келдим. Чунки ижодимни шу театр саҳнасидан бошлаган, тўрт йил ишлаб, “Ёш гвардия”, ҳозирги Аброр Ҳидоятов номли театрга ўтиб кетгандим.
Съёмкалар бошланган пайт кутилмаганда Бангкокдаги Ўзбекистон элчихонасидан телефон қилиб қолишди. Қизим Германияда олийгоҳни тугатиб, докторлик ишини ёқлаш учун Бангкокка келган эди. Маълум бўлишича, у бу ерда автоҳалокатга учраган ва беҳуш ҳолда касалхонага келтирилган. Бангкокда тиббий хизматлар жуда ҳам қиммат экан. Бу касалхонанинг бир кунлик амбулатор муолажаси 955 доллар бўлиб, жарроҳи амалиётлари яна бошқача нархда экан. Элчихонадан нархларни айтиб тушунтиришди. Телеграм орқали ёзма тарзда ҳам жўнатишди. Энди она учун бу қандай руҳий зарба эканини биласиз-ку! Қоғозда жуда катта миқдорда тўлов қилиш лозимлиги айтилган. Шунча пулни бирдан қаердан ҳам топаман? Тадбиркор бўлмасам, хизматларга бормасам...
Шу вақтгача ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман. Ёшлигимдан ота-онамнинг қўлига қарамаганман. Ҳамиша ўзимни-ўзим эплаб келганман. Ҳар доим ўз кучимга ишонганман. Аммо манови фалокат мени довдиратиб қўйди. Худди ҳозироқ пул топмасам, худо асрасин, қизим ўлиб қоладигандай туюлаверди. Бу ёқда кўрсатув суратга олиняпти, уларга ҳам “хўп” деб қўйганман. Съёмка қиламиз, орада элчихона билан телефонда гаплашаман. Гаплашиб бўлгач, нафас ростлаб, бироз ўзимга келиб оламан-да, яна съёмка қиламиз. Орада яна қўнғироқ бўлиб қолади. Ижодий гуруҳ ҳам менга ҳамдард, гаплашиб бўлгунимча жим қотиб туришади. Улар “Ҳозир, ҳозир съёмкани ташлаб кетади...” деб ўйлаган эканлар.
Аввалига “балки шу каби ёлғон баҳоналар тўқиб, пул ундирадиган товламачилардир?!” деб ҳам ўйладик. “Илоҳим, шундай бўлсин-да!” деб умид ҳам қилдик. Афсуски, рост экан. Куним қандай ўтганини, шу куни кўрсатувни қандай ёзганимизни билмайман. Ичимдан нималар ўтаётганини атрофдагиларга билдирмасликка ҳаракат қилдим. Лекин ҳалигача эсласам, ичим ёнади. Биз санъат аҳли, ўша воқеаларни эсласак, қайтадан яна ўша ҳолатга тушиб қоламиз.
Халқимга раҳмат, оғир кунимда менга суянчиқ бўлди! Уйимга пул олиб келганлар ҳам бўлди, мени излаб топганлар ҳам бўлди. Бошқа вилоятлардан, АҚШдан ҳам келишди. Ҳаммаларидан мингдан мингга розиман. Илоҳим, ҳеч кимнинг бошига бундай синов келмасин! Она учун фарзандидан бошқа азиз нарса йўқ.
Ҳозир қизим тузалиб, оёққа туриб кетди. Иккинчи жарроҳлик амалини ҳам ўтказишди. Ҳозир Германияга қайтди, реабилитация ўтаяпти. Яқин кунларда Ўзбекистонга келади. Бизда тиббиёт кучли ва анча арзон. Бу ерда ҳам унга қувватга киритувчи, организмни тикловчи муолажалар қиламиз.
Шу вақтгача мен ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман. Қизимнинг ҳаёти ўртада тургани учун ноиложликдан одамлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Аллоҳ ҳеч қачон ҳеч нарсага муҳтож қилмасин.
Халқимиз санъаткорларни ўз оила аъзосидай кўради. Негаки, ҳар куни телевизор, сериаллар орқали ҳар бир хонадонда меҳмон бўламиз. Кўпчилик менга дардларини ёзади. Лекин ҳаммасига жавоб бера олмайман. Чунки улгуриш қийин. Бир-икки бор, жавоб қилишга уриниб кўрдим, лекин осонмас. Бир пайтлар ўзим ҳам муҳтожларга ёрдам қилганман. Тадбир ўтказишга вилоятларга борганимизда хонадонларга кириб, қўлимдан келганча уларнинг эҳтиёжига яраша моддий ёрдам қилар эдим.
“ТЕЛЕВИЗОР КЎРИБ, ШИФО ТОПЯПМАН!”
– Матбуотга берган интервьюларингизнинг бирида вилоятдаги одамларнинг хонадонига кириб, ётоқли касаллар билан гаплашганингиз, дардлашганингиз ҳақида айтган экансиз. Ҳозир шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Чиндан ҳам айрим ётиб қолган беморлар, юролмайдиган кексалар учун телевизор бир олам.
Аслида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон бўйлаб, ҳамма вилоятларга борганман, хонадонларга кирганман. Халқнинг кайфиятини кўтариш, кўнглини олиш учун тадбирлар, санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади. Ҳокимият билан биргаликда ногиронларга аравачалар, муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам олиб борганмиз.
Намангандаги санаторийлардан бирида даволанаётган эдим. Ҳар куни одамлар эътиборида бўлдик, десам янглишмаган бўламан. Халқимиз санъатни, биз каби актрисаларни яхши кўради. Санаторийда ҳар куни уч-тўртта мухлис билан кўришамиз, суратга тушамиз. Баъзида, ҳатто муолажа олаётган пайтимда ҳам суратга тушгилари келиб қолади. Мен уларнинг меҳрини, эътиборини қадрлайман, лекин бунинг ахлоқ-одоб, фаросат деган томонлари ҳам бор-да. Ҳамма нарсанинг вақти-жойи бўлади, ахир.
Бир сафар шеригим билан санаторий ҳовлисида ўриндиқда ўтиргандик. Шунда бир ёшгина аёл келди-да, “онам сизнинг мухлисингизлар, хонадалар. Шундоқ пастдан бир қаранг, илтимос!” деди.
Кекса онахон ётган эканлар. Бизни кўриб “Вой, мен сизни яхши кўраман!” дедилар. Шеригимга “юринг, олдларига кирамиз” дедим. Кирсак, шундай хурсанд бўляптиларки...
Онахон кекса, бунинг устига юролмас эканлар. Олдларига кириб яхши қилибмиз. У киши: “Ётган жойимда телевизор орқали мен шифо топяпман. Сизларни кўриб дардларимни унутаман” дедилар. Шу ўринда касбимдан хурсанд бўлдим. “Демак, қилган меҳнатларим беҳудага кетмаётган экан. Қилган ишларим билан шу кекса онахонга малҳам бўлаётган эканман!” деб ўйладим. Онахон қўлларимни ўпиб, қучоқлаяптилар. Бундан ўзим ҳам ҳаяжонланиб кетдим.
Бизнинг касбимизда кексайсак ҳам, биз керакмиз. Нокерак бўлишдан қўрқиш зарур.
Ота-она қачон соғлом бўлади? Фарзандларига керак эканини ҳис қилганида. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан яшаш учун курашади ва соғлом бўлишга ҳаракат қилади. Одамзод керак бўлмай қолишдан қўрқади.
Биз ҳаммамиз Аллоҳнинг паноҳида юрибмиз. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қайтади, деймиз. Бошимга иш тушганида менга ҳам кимгадир қилган яхшиликларим Аллоҳдан қайтди. Шу фалокат бўлишидан бир ҳафта олдин бир йигит олдимга келиб: “Ижарага уй қидиряпман, менга ёрдам беринг!” деди. Уй топиб ҳам бердим, у эса “ижара ҳақини тўлашга пулим йўқ, ёрдам қилиб юборинг” деди. Пулим бўлгани учун “йўқ” дея олмадим. Бор бўлса, очиғи йўқ дейишдан қўрқаман. Пулни бердим. Орадан бироз вақт ўтиб, ўша бола “ош-овқатга пулим қолмади, илтимос пул бериб туринг” деб яна ёрдам сўради. У менга ҳеч қандай таниш ҳам эмас. Вилоятдан Тошкентга иш қидириб келган одам. Бу йигит иложсиз аҳволда эканини тушунганим учун унга баҳоли қудрат ёрдам қилдим. Аммо орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, қизим билан юқоридаги фалокат юз беряпти-да. Энди...ўзим ёрдам сўрашга мажбур бўляпман. Шунинг учун одамзод эртага нима бўлишини билмайди. Шу жойда одамлардан ёрдам сўраш ҳам осонмаслигини тушундим.
“КЎЧАДА БЕМАЛОЛ ЮРОЛМАГАНМАН!”
– Ўз пайтида жуда машҳур бўлгансиз. Жульетта, Женни Герхардт, Нурхон каби мураккаб образларни яратгансиз. Ғарб прозаси жуда ҳам кучли. Аммо улар асосида телевизион фильмлар ишланганини билмас эканмиз?
– 1980 йилларда Ўзбекистон телевидениесида кучли режиссёрлар кўп эди. Одамлар яхши кўриб ўқиётган асарларни ўзлари сценарийлаштириб, телевизион фильмлар ишлар эдилар. Жонни Гордон асари асосида ишланган “Мудҳиш кун” номли телевизион фильмда раҳматли Ҳожиакбар Нурматов билан бош ролларни ижро этганмиз.
Режиссёр Ҳайбат Алиева ғарб мумтоз адабиёти ихлосманди эди. Шунинг учун ғарб ёзувчилари асари асосида телевизион фильмлар ишлар эди. Шунингдек, телевидениеда “Паранжи сирлари”, “Нурхон” каби спектаклларни рус тилида қўйганмиз.
Ишдан кейин театр актёрлари – ҳаммамиз телевидениега йиғилар ва юқоридаги каби асарларни телевизион постановкасини қўйишда қатнашар эдик.
Телевизион фильмлар ҳам жонли қўйилар эди. Тасмага олинадиган видеофильмлар кейин чиққан. Ўша пайтда видеофильм олиш учун кинотасмалар етишмасди. Биронта видеофильмни олиб бўлгач, уни ўчириб, устидан янги асарни суратга олаверар эдилар. Шунинг учун бу асарлар сақланиб қолмаган. Бугунги ёш авлодгача етиб келмаган.
– Ҳозирги мухлислар сизни асосан “Келгинди келин” комедиясидаги ролингиз орқали танишади. Лекин сиз бунгача ҳам анча машҳур бўлгансиз, тўғрими?
– Тўғри, у кезлари ҳатто кўчада бемалол юролмасдик.
“Тинчлик” метроси тараф илгари узун кўча бўларди. Қўшнилар чиқиб, бир-бирларига қараб, пичирлашиб, ўтиб кетгунимча мендан кўз узмай туришарди. Ёш эдим, уларнинг олдидан ўтиб кетгунча роса ҳижолат бўлардим.
Мактаб томондан ўқувчилар чиқар, улар бола эмасми, қайси ролда чиқсак, ортимиздан шу ном билан чақирар эдилар. Кунларнинг бирида телевидениеда болгар драматургининг “Мопед” номли асарини телевизион постановка қилганмиз. Бунда Эркин Комилов иккимиз бош ролларни ижро қилганмиз. Асар бўйича мопед бузилиб қолади. Уни тузатиш жараёнида йигит-қиз бир-бирига кўнгил қўяди. Катта яхши асар эди. Қизнинг исми Мария бўлгани учун болалар бу исмни айтолмай, ортимиздан “Мопед, мопед” деб бақириб қолишарди.
Садир Зиёвуддинов “Ватандан йироқда” номли папуас ҳиндилари ҳақида телевизион фильм қўйганлар. Бу киноасарда мен ҳинди қиз ролини ижро этганман. Йигит-қиз бир-бирини яхши кўради. Аммо инглизлар келиб, уларнинг тинчини бузади ва қизнинг севган йигитини ўзлари билан олиб кетадилар. Йигитнинг исми Ако, қизинг исми Милина эди. Болалар Милинани эслаб қололмай, ортимдан “Ако, Ако” деб чақирар эдилар.
Ҳозирги болалар ундай эмас. Сизни танисалар, шундай бир қараб қўйишади, холос. У кезлари фильмлар ҳам, телеканаллар ҳам кам эди. Бир телевизион фильмни жуда катта аудитория томоша қиларди-да. Иккита канал бор эди. Битта Москва канали, Ўзбекистон ва Тошкент канали бўлар эди. Ҳозир саксонта канал бор. Қайси каналда нима кетаётганини олдиндан билиб ҳам улгурмайди, одам.
Биз театрда қандай репетиция қилсак, телевизион фильм олиш учун ҳам шундай репетиция қилардик.
Режиссёр Толиб Ҳамидов телевидениеда ҳатто, опера ҳам қўйганлар. У пайтларда мен телевизион фильмлар қаҳрамони эдим. Шу билан бирга шоирларнинг янги шеърларини ўқирдик.
Сочларимни иккита қилиб ўриб, атлас кўйлак кийиб, “Шеърият гулшани” кўрсатувида шеърлар ўқирдим. Астойдил тайёргарлик қилардим.
Мен мана 53 йилдан бери театрда ишлайман. Ижодий фаолиятимни 1971 йилдан бошлаганман. Биз илгарилари бир ойлаб вилоятларда гастроль сафарларида бўлар эдик.
Курсимизда истеъдодли актёрлар кўп эди. Ҳаммалари Халқ артисти унвонига сазовор бўлишган.
Аммо санъаткор учун халқ эътирофи энг олий мукофот. Шукр, халқимга керакман. Ижро этган ролларим ёқаётгандирки, улар мени эслашади, кўча-кўйда таниб қолиб, бирга суратларга тушишади.
“У ЁҒИ НИМА БЎЛИШИНИ ЎЙЛАБ ҚЎЙГАНМАН...”
– Кеча учрашувда мухлислар менга сериал ва теленовеллалар ҳақида саволлар беришди. Улар сериал ва новеллаларда баъзан хотима мавҳум бўлиб қолаётганини айтишди. Новеллаларда қандай камчиликлар бор? Сиз сценарий танлайсизми?
– Албатта, мен сценарий танлайман. “Сценарийни ташланглар, бир ўқиб кўрай”, дейман. Аммо айрим ижодкорлар сценарий ёзиб ҳам ўтиришмайди. “У ёғи нима бўлишини ўйлаб қўйганман” дейишади.
Теленовеллаларни деярли ҳар куни, бари воқеаларни бир кунда суратга олишади. Уларда овозлаштириш ҳам йўқ, биттада, съёмка жараёнида овоз ҳам ёзилади. Ахир образнинг кечинмаларини билиш, қайси сўзни қандай оҳангда гапириш учун воқеалар давомини билишимиз керак-ку! Қаҳрамон ҳолатини чиқариш учун актёр изланади, деталь қидиради. Аммо баъзан айтганларингиз инобатга олинмайди. Ақл ўргатишни бошласангиз, сизни съёмкага бошқа чақиришмайди. Балки шунинг учундир, айрим ўзига тўқ санъаткорлар теленовеллаларда қатнашишмайди.
Сўз жуда қудратли куч. Бир сўз билан одамни тирилтириш, бир сўз билан ўлдириш мумкин. Масалан, комедияда диалоглар ўйноқироқ, шўхчан оҳангда бўлиши керак. Драмада эса аксинча, сокин гапириш талаб қилинади. Тўғри, биз оддий сўзларни гапирганимиз билан уларнинг таг маъносини кўрсатиб беришимиз лозим. Бизнинг тилда кинояларимиз, қочиримларимиз, коса тагида ним коса қилиб гапирадиган гапларимиз кўп. “Жуда яхшисиз-да” деган иборадан оҳанг орқали ҳар хил маънони чиқариш мумкин. Унинг тагида киноя бўлиши ёки бирон камчиликни ҳам “бунча, яхшисиз!” деб кесатиқ маъносида айтиш мумкин. Шу боис ижрода, сўзлар оҳангида гап катта.
“ТЕЛЕФОН БИЗНИ ЁЛҒИЗЛАТИБ ҚЎЙДИ!”
– Яқинда “Миллий” телеканали орқали “Пахмоқ келин” номли комедия намойиш этилди. Сиз бу комедияда ҳам роль ижро этгансиз. Техникага, телефонларга муносабатингиз қанақа?
– Қизим чет элга кетганига 18 йил бўлди. Биринчи кетганида қўл телефонлари ҳаммада бўлмас эди. Бир кичкина СМС ёзиш мумкин бўлган телефон топганимда роса хурсанд бўлганман. Қизимнинг ҳолидан хабар олгани яхши имконият эди-да. Ҳозир бир-биримизни кўриб, бемалол гаплашамиз. Лекин шу телефон туфайли одамлар бир-бирлари билан мулоқотни йўқотиб қўйдилар. Илгарилари бир рус қўшним бўларди. Бир-биримизникига чиқиб гаплашиб ўтирардик. Ҳозир мен ҳам уникига, у ҳам меникига телефон билан чиқамиз. Эндиликда уйимга кимдир келадиган бўлса, телефонни узоқроққа олиб қўядиган бўлганман. Масалан, кимдир иш билан хабар ёзган бўлса, унга шу заҳоти жавоб юбориш шарт эмас-ку, кейинроқ юборса ҳам бўлади-ку! Аммо сизга керакли одам рўпарангизда ўтирса, сиз бошқа одам билан телефонда гаплашасиз. Айнан шу телефон кўпчиликни ёлғизлатиб қўйди. Бора-бора ҳар биримиз ўзимизча ёлғиз бўлиб қоламиз, шекилли.
“Пахмоқ келин” сериалида бир куни фарзандлар ота-онасининг олдига йиғилади. Шунда фарзандларнинг ҳам, келинларнинг ҳам ҳаммасининг қўлида телефон. “Бу шунчаки комедия, жуда бу даражада бўлмаса керак!” дегандим. Лекин ижодкорлар буни ҳаётдан олиб кўрсатишган экан. Сериалда ота-она сифатида биз уларга “сизлар бизни кўргани келдингларми ёки телефон титганими? Унда уйингга бориб, телефонингни ковлаб ўтиравер!” деймиз.
Ҳақиқатан, телефон бизни ёлғизлатиб қўйди. Илгарилари метро, автобусларда одамлар бир-бири билан гаплашиб кетарди. Бир-бирини кузатар эди. Ҳозир-чи? Автобусда ҳам, метрода ҳам, ҳамма телефонига мук тушиб ўтиради. Телефоннинг яхши томони ҳам бор. Масалан, унда кутубхона бор, дунёдаги янгиликлардан хабардор бўласиз. Фақат ундан оқилона фойдалансаккина у биз учун фойдали бўлади.
“ФАРРУҲ СОИПОВДАЙ АЖОЙИБ АКТЁРНИ ЙЎҚОТДИК!”
– Сериал ва теленовеллаларда фаолсиз. Лекин нуқул оналар ролини беришади. Бир хилликдан қўрқмайсизми?
– Тўғри, бизга кўпроқ оналар ролини беришади. Баъзан, бир хил либосда чиқсам ҳам оналар ролини бир-бирини такрорламайдиган қилиб ижро этишга, онанинг дардини топишга ҳаракат қиламан. Энди муаллифлар ҳам асосий урғуни ёш қаҳрамонларга беришади. Баъзан, она образи очилмай қолади.
“Тақдирлар”даги “Туш” номли теленовеллада Баҳодир Нишонов билан иккимиз ота-оналар ролини ижро этдик. Сценарий жуда яхши ёзилган. Чол-кампирнинг бир-бирига суяниб қолгани, меҳри чиройли кўрсатиб берилган. Лекин техник нуқсонлари бор. Операторлар иши яхши эмас. “Сабоқ”да эса нобакор ўғлини жазолашга уринган она ролида чиққанман. Икки новеллада ҳам оналар ролини ижро қилдим, лекин улар бир-бирига умуман ўхшамайди. Икки новеллада она образи турлича талқин қилинади.
Ҳозир “Ака” номли сериалда роль ўйнаяпман. Бунда мени бутунлай бошқа она қиёфасида кўрасиз. Режиссёрга “Мана биз каби рўмол ўрамайдиган оналар ҳам бор-ку! Келинг бошқа бир замонавий она образини яратайлик!” дедим. Лекин шунга ҳам мухлислар “Рўмол ўраб, уйда ўтирсангиз бўлмайдими?” деган изоҳлар қолдиришди.
Одам ҳамиша изланиши керак. Мен ҳам ҳамкасбларим қилаётган ишларини кузатаман. Аммо бир нарса мени ўйга толдиради. Айрим актёрлар у сериалдан бу сериалга ўтиб юришади. Ҳатто “Ие, бу сериалдаги воқеалар бошқачароқ эди-ку!” деб уларни адаштириб юбораман. Балки ўша актёр ёки актриса бу сериаллардан бирида аввалроқ, бошқасида кейинроқ роль ўйнагандир, лекин телеканалларда уларни кетма-кет беришлари мумкин. Шунда бир хиллик яққол сезилиб қолади. Шунинг учун янги ишим бошқа ишларимга ўхшаб қолмаслигини хоҳлайман, камроқ кўринишга ҳаракат қиламан.
Фарруҳ Соипов кинодан кетганига жуда афсусланаман. У билан “Келгинди келин”да бирга роль ижро этганмиз. Шу актёримиз умуман грим қилмас эди. Лекин ич-ичидан буткул бошқа одамга айлана оларди. Юз кўриниши ўша одам бўлгани билан феъл-атвор жиҳатидан у бошқа одамга айланиб қоларди. Унда жуда кам кишиларда учрайдиган туғма талант бор эди. Санъатда биз шундай актёрни йўқотганимиздан жуда афсусланаман. У биз каби тўрт йил Санъат олийгоҳида ўқимаган. Фарруҳ Соипов Политехника институтини битирган. Қайси бир ғарб давлатида Актёрлик курсини ўқиб келган, холос. Майли, у бошқа йўлни танлади. Лекин унинг истеъдодига мен тан берганман.
“МАШҲУР БЎЛИШ ЖУДА ҚИЙИН!”
– “Омон-омон” кўрсатувида “Санъаткорлар хато қилса, у дарров кўзга ташланади!” деган эдингиз. Ҳақиқатан, нега шундай?
– Санъат йўлига қадам қўйибманки, тўғри яшашга ҳаракат қилганман. Бу нарса ҳаётимдаги энг катта вазифам.
Оиламизда битта мен санъат йўлини танлаганман. Онам раҳматли саводли аёл бўлганлар. Ғарб мумтоз асарларини ҳаммасини ўқиганлар. Дадам ишлашларига рухсат бермаганлар. Глиер номли Мусиқа-интернат мактабида ўқиш билан бирга кечқурун Киноактёрлар студиясида ҳам таҳсил олардим. Аммо буни онамга айтганим билан, дадамга айтмаганмиз. Чунки дадам жуда қаттиққўл бўлганлар. Ўшанда дадам уларга айтмай иш қилганим учун мендан хафа бўлганлар. Онам эса “ҳамма актрисалар ҳам бир хил эмас-ку!” деб мени ҳимоя қилганлар. Шунинг учун отамга бир умр “актрисалар ҳам оддий инсон ва пок-ҳалол” яшашини исботлашга уриндим. Кейинчалик, албатта, отам мени тушунганлар.
Аммо ҳар куни Интернетда нонуштасидан тортиб, боласини боғчага олиб боргани-ю, кечқурунга нима пиширганини реклама қиладиган санъаткорларни тушунмайман. Бу савияга боғлиқ. Мен жонга тегишдан қўрқаман. Ўша одам шу иши билан қанчалик қадрини йўқотаётганини ўзи билмайди.
Машҳур бўлиш жуда қийин. Ҳамма танийверса ҳам одам хижолат бўлар экан. Қизим билан бўлган воқеа туфайли Интернет кучини сездим. Қадамим-да, ҳамма мендан “қизингиз тузукми?” деб сўрайди-да. Авваламбор, ҳамдард бўлганлари учун раҳмат, лекин бунинг хижолатли томони ҳам бор-да. Мен шахсий ҳаётим ҳақида гапирмасликка ҳаракат қиламан. Аммо кўпинча ижодий учрашувларда ҳам шахсий саволларга ўтиб кетишади. Тўғри, мухлислар мени ўзларига яқин олишади. Лекин инсон сифатида санъаткорни ҳам тушуниш керак. Масалан, бир оила мен ўйнаган ролни кўриб ўтирибди, дейлик. Қизим билан бўлган нохуш воқеани ҳам кўпчилик билди. Ролимни кўраётиб, хаёли қизимга кетади. “Вой, шу актрисанинг қизи тузалиб кетганмикан?” дея кино бир ёқда қолиб, қизимнинг соғлиғини муҳокама қилиб кетишади. Кинода қилган меҳнатим бир пул бўлади. Минг маҳорат билан ўйнанг шу ролни, томошабиннинг хаёли барибир ўша шахсий ҳаётингизга кетади. Ҳозир мана кўчада юрсам ҳам, ролимга эмас, кўпроқ қизимнинг соғлиғи билан қизиқишади.
Аммо ижодкор учун мухлисларнинг унинг ижодига берган баҳоси муҳим. Мен ҳам мухлисларимни яхши кўраман ва улар ижодимга берган баҳо мен учун қадрли.
– Муҳаббат опа, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Сиздан яна бир-бирига ўхшамайдиган роллар кутиб қоламиз.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2024 йил.