Бир пайтлар Фарғона театрида қўйилган «Темир хотин», «Тошкентга саёҳат», «Кампир топайми, дадажон» номли спектакллар халқимизнинг эътирофига сазовор бўлган. Бугун нега театр жамоалари томонидан ана шундай саҳна асарлари кам яратиляпти? Нега театр ўриндиқларининг кўпи бўш?
Ўзбекистон халқ артисти, «Эътироф» миллий мукофоти лауреати Муҳаммадсоли Юсупов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Устоз санъаткорлар орасида “Театрнинг чангини ютмаган акт-ёр санъатнинг моҳиятига етолмайди” деган ибора бор. Сизнинг тақдирингизда театрнинг ўрни қандай?
— Болалигимдан санъатга қизиққанман. Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, шу олийгоҳда ёшларга актёрлик маҳоратидан сабоқ бердим. Ҳарбий хизматдан қайтгач, менга институт раҳбари «Бу ерда ишлашингиз яхши, лекин театр чангини ютмай, ҳис этмай туриб ёшларга сабоқ бериш, намуна бўлиш ҳақиқатга тўғри келадими? Бир ўйлаб кўринг, сиз учун эшигимиз ҳамиша очиқ», деди. Устознинг таклифида жон бор эди. Ўша пайтда жуда машҳур бўлган Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров раҳбарлигидаги «Ёш гвардия» театрида ишлашни мақсад қилиб, Фарғонадаги яқинларим олдига келдим.
Йўл-йўлакай устозлар, ҳамкасбларни йўқлаш мақсадида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят театрига кирдим. Бу ерда устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Зуннун Мадалиев мендан ҳеч нарсани сўрамай, тўғри театр директори олдига бошлаб кирди. Бир зумда ишга кирдим, уй-жой бериладиган бўлди. Чунки пойтахтда тўққиз йил яшаган бўлсам-да, уй-жой масаласи ҳал этилмай келаётган эди.
Вилоят театрида ишлаб ўзимизга хос бўлган саҳна асарлар, образлар яратиб, кўпнинг эътиборини қозондим.
Айниқса, «Темир хотин» спектаклида Қўчқор, «Тошкентга саёҳат»да Асанбой, «Амир Темур ва Тўхтамишхон» спектаклида Тўхтамишхон роли мени жуда ҳам машҳур қилди. Бир неча бор нуфузли миллий ва халқаро танловлар ғолиби бўлдик. Бу ютуқлар ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ. Ҳамма бир мақсад йўлида изланди, ижод қилди.
— Театрда бош режиссёр сифатида узоқ йиллар ишлаб, кўплаб саҳна асарларини яратгансиз. Бугун томошабиннинг диди, талаби билан театрларда саҳналаштирилаётган асарлар бир-бирига қанчалик мутаносиб?
— Театр бу томошахона, халқнинг кўнглини ёзадиган, эзгуликка бошлайдиган жойдир. Охирги йилларда театрларда маълум бир мавзунинг ортидан қувиш авж олди. Мисол учун алломаларнинг таваллуд саналари арафасида уларнинг ҳаёти акс этган, қуруқ асарлар саҳнага чиқа бошлади. Мен буюкларнинг ҳаёти саҳнага олиб чиқилишини қўллаб-қувватлайман, фақат тарих бадият, ижодий ёндошув билан уйғун бўлса. Фикримча, ана шунда спектаклнинг томошавийлиги юқори бўлади.
Асарнинг қадр-қиммати кўпроқ режиссёрга боғлиқ. Унинг дунёқараши, ўзигагина хос ғоялари спектаклга маънавий безак беради. Спектакль ҳақида театрнинг адабий эмакдошлари, режиссёри, мутасадди раҳбарлари томошабинлар билан доимий мулоқотлар уюштириши керак. Бу мулоқотлар оммавий ахборот воситалари орқали бўлса, нур устига. Ҳар бир асар яратилгандан сўнг у ҳақда салбий ёки ижобий фикрлар берилса, асар бойиб, актёрлар чархланади.
— Халқимиз сизни «Қўчқор ака» образи орқали яхши танийди. Одамлар орасида театрдан кетганингиз ҳақида турли “миш-миш”лар тарқалди. Халқимизнинг севимли актёри нима учун театрни тарк этди?
— Қонуний жиҳатдан олсак, шартномам 2018 йилда тугади. Бошқа томондан қарасак, театрдаги носоғлом муҳит сабаб бўлди. У ердаги шахсий муносабатни ишга кўчиши, ичиқоралик, фитналардан ранжидим. Тўғри, ижод тортишувлар, мушоҳадалар, муросасизликлардан иборат. Агар у санъат ривожига, эзгуликка хизмат қилса. Шундай вазиятда саломатлигим учун ҳам у ердан кетиш керак, деб ҳисобладим.
Вилоят ҳокими томонидан театрнинг аввалги биносига қайтарилаётгани улуғ иш бўлди. Чунки театр саҳнаси ва концерт саҳнасининг осмон билан ерча фарқи бор. Театрнинг қурилишидан тортиб ёритилишигача ўзига хос хусусиятларга эга.
— Бир неча йил олдин “Ўзбекистон овози” газетасида чоп этилган суҳбатингизда “Орзуим Алишер Навоий образини яратиш”, деган эдингиз. Ўша орзуингиз амалга ошдими?
— Ҳозирча амалга ошгани йўқ. Насиб этса, Навоий ҳазратларини фақатгина вазир, дўст, шоир сифатида эмас, у инсоннинг дину диёнати, тасаввуф илми валийси эканлигини акс эттирувчи асар билан юзма-юз келсам, албатта бу образни саҳнада гавдалантириш ниятидаман.
— Театр, аввало, ижодкорлар, ижодий ҳамкорлар уйи. Саҳна асари истеъдодларнинг бирлашишидан ҳосил бўлади. Лекин, илгари саҳна асарлари пойтахт, ҳатто, бошқа мамлакатлар мухлислари ҳузурида обрў топган вилоят мусиқали драма театри қачон ўша мақомга қайтади?
— Театр бу жамоавий соҳа. Ижодкорларнинг бирлаштирувчи йўлбошчи бу албатта режиссёр. Вилоят театри ижодий гуруҳи актёрларини таъқиб этишни тўхтатса, ижодкорлар ўртасида ҳамфикрлилик, ижодий ва ижобий тортишувлар бўлса, вилоят театри ўз мақомини тиклайди.
Театрга бадиий раҳбарнинг таъсири катта. Энди бир неча ўн йиллар олдинги асарлар билан эмас, янги саҳналаштирилган асарлар билан мақтанадиган пайт келди.
Тўғриси, вилоят театрининг бугунги ҳолати жуда қувонарли эмас, рейтинги анча тушиб кетди. Театр остонасига қадам қўйган киши ҳаётда учраб турган ҳар қандай гина-кудурат, ғаразларни унутиши зарур. Қалби тоза бўлган одамгина элга манзур бўлгулик асар, образларни ярата олади.
Театрда саҳналаштирилган ҳар бир спектакль тарғибот-ташвиқотга муҳтож. Ўйлаб кўринг, оддий афишаси бўлмаган театрни ким танийди? Ким унинг фаолият кўламини тарғиб этади? Ҳозирда отахон театрда кўпга манзур бўладиган асарлар яратилмаяпти. Лекин уларнинг тарғиботи ҳам керак-да! Бир хил қолипда, ҳаёт тарзимизда кунора учраб турган турмуш ташвишлари, муаммолар орқали томошабин меҳрини қозониб бўлмайди. Бугунги томошабинга янгича қараш, тафаккур, фикрлашга ундовчи саҳна, кино асарлари керак. Бунинг учун имконият, шарт-шароитлар етарли, фақат изланиш, ижодий ҳамжиҳатлик, рақобат бўлиши муҳим. Бу фикрларни вилоят театрида ишламаётганим, кимнидир айбдор қилиш учун айтаётганим йўқ. Бу барча санъаткор, театр ва кино соҳасида ижод қилаётган кишиларни қийнаб келаётган масаладир. Чунки одамлар театрга маънавий озуқа олиш учун келади. Театр ўриндиқларини кимларнидир аралашуви асосида мажбуран тўлдириш керак эмас.
— Иккита эпизод роль ўйнаган ёш актёр ҳам телевидениега чиқиб “Биз, санъаткорлар” дея урғу бериб гапиради. Умуман актёр маънавияти деганда нимани тушунасиз?
— Актёр бу ижод одами. Манманлик, кибр эса истеъдодни илдизидан қуритувчи касалликдир. Ёшларни аввал тарбиялаш, унинг хулқида рўй бераётган ўзгаришларнинг сабабини топиш, даволашга кўмаклашиш керак. Натижа бўлмаса, одамзот яра чиқса, тез ундан қутилишга ҳаракат қилгани каби, театрнинг организмини ҳам бундай иллатли кишилардан халос этиш лозим. Саҳна усталарининг сўзи билан айтганда, ижодкор санъатдаги ўзини эмас, ўзидаги санъатни севса, санъати ҳам, ўзи ҳам камол топади.
— Ижодкор ҳеч қачон тинч ўтира олмайди. Бугун қандай ишлар билан машғулсиз?
— Ўтган йил мен учун жуда катта йўқотишлар йили бўлди. Фарзандим Сарвар Юсупов 36 ёшда кутилмаганда оламдан ўтди. У 30 дан ортиқ спектакль, симфониялар, композициялар муаллифи эди. Бу воқеа ичимни адо қилди…
Ижодий томондан эса пандемия шароитида ҳам муваффақиятлар йили бўлди. Бир неча киноларда роль ижро этдим. Яқиндагина “Мош” номли қисқа метражли фильмда отахон ролида суратга тушдим. Бу фильмда инсоннинг оиласига, фарзандларига бўлган муносабати мушук образи орқали жуда самимий, чиройли тарзда очиб берилган. Айни пайтда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида ёш авлодга соҳа сирларидан сабоқ беряпман.
— Сизни соғинганларга меҳр тўла тилакларингиз.
—Янги йил бошида қўлларимизни дуога, қалбимизни эзгуликларга очиб турибмиз. Илоҳим, бу йил яхшиликлари билан янада гўзал бўлсин.
Дилшода ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.
Манба: "Фарғона ҳақиқати" газетаси.
2021 йил.