ИМКОНИЯТ БИСЁР, ЛЕКИН ДАНГАСАЛИК КЎПРОҚ
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбат
– Инсон бирор касбни танлар экан, ҳаёти ҳам шу касби билан омухта бўлади. Ижодкорда дард бўлса яхши ёзади дейишади. Бу фикрга қўшиласизми?
– Дардсизликдан асрасин. Бежиз дардсизларни кесакка ўхшатишмаган, “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама”, дейишмаган. Машрабдан давом этсак: “То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб”.
Ҳаваскорлик тўгарагига қатнашиб юрган кезларимиз бир устозимиз бўларди. Ўша киши: “Агар бошингни эшик кесакисига қаттиқ уриб олиб, кейин пешонадаги оғриқ ҳақида ёзсанг, ишончли чиқади”, дерди. Бу ҳазил, албатта, аммо ҳақиқат унсурлари бор ҳазил.
Ижодкор (шубҳасиз, ҳақиқийси!) майда-чуйда тирикчилик ташвишларига, кундалик муаммоларга ўралашиб қолавермайди, улардан юқорироқ туришга ўзида куч ва ирода топа олади. Шунга мутаносиб равишда ижодкор дардининг кўлами каттароқ, маҳобати йирикроқ, таъбир жоиз бўлса, эл-юртига тегишли, ҳаттоки умуминсонийроқ бўлади. Бу дард ҳаётни чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, ўз савия-тафаккуридан, онг-шууридан келиб чиққан ҳолда ўрганганларининг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш, тегишли хулосалар чиқариш, уларни қалб призмасидан ўтказиб, айтар сўзларига қориштирган ҳолда илҳом ва жасорат билан ўқувчига етказиб бериш истаги ўлароқ вужудга келади. Дардсиз, демакки илҳомсиз ёзилган асар тузсиз ошга ўхшаб қолади. Айни пайтда азалий маъқулот (аксиома) борки, ижодкорнинг ўз асари орқали нима дегани эмас, нима дея олгани муҳим.
Хуллас, шоир топиб айтганидек, не тонг бемор бўлсак соғлар орасида...
Ваҳоланки, ёзмасангиз ҳам бўлаверади, бунинг учун биров сизга бир нима демайди, билъакс, раҳмат деб қўйиши ҳам мумкин. Ахир, ана, кутубхоналарда қалашиб турган жаҳон адабиёти дурдоналарини қўйиб турганимизда ҳам дунёни ўргимчак тўридай ўраб олган интернет тармоғининг фақат рус тилидаги бадиий адабиётларини ўқиб чиқиш учун 200 йил вақт керак бўлар экан! Яна денг, бу ҳажм соатма-соат, кунма-кун кўпайиб, ошиб турибди-ку. Аммо сиз ёзасиз, ҳамма гап айтилиб бўлган рубъи маскунда недир янги гап айтмоққа уринасиз. Нима учун?.. Шунинг ўзи синоат эмасми...
– Ичкиликка муносабатингиз. Баъзида ижодкорлар спиртли ичимликлар истеъмол қилганларида яхши асарлар ёзадилар деган гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Бу қанчалар ҳақиқатга яқин?
– Бўлмағур гап. Эҳтимол бирон шиғирчи сархуш чоғларида эсда қоларли мисра битса битгандир. Аммо “оғир карвон” насрнинг талаби бўлак. Наср жиддий эътибор, қунт, ҳушёрлик, босим ўтириб ишлашни талаб қилади. Бунинг устига, ижод – руҳ ва жисм тозалигини тақозо этадиган илоҳий жараён. Билмадим, бошқаларда қандай кечади бу, аммо ўзим бир пиёла ичиб қўйсам, икки-уч кунгача иш столига яқинлашмай юраман. Агар муқояса жоиз бўлса, ичиб рулга ўтириш билан шундай ҳолда қоғозга юзма-юз бўлиш деярли бир хил ҳолат: ҳар икки вазиятда ҳам натижа аянчли бўлади.
Бу ичимлик деган бало не-не истеъдодларнинг ижодини сўндириб, ўзларининг бошига етганлигини ҳам унутмайлик. Ўзимиз ҳам баъзи бирларини кўрдик.
Сиз айтган сархуш ижодкор образи эса шундай турмуш тарзини кўз-кўзлаб юрган бирон қаламкашнинг тарғибот-ташвиқоти ҳосиласидир, эҳтимол. Агар устод Абдулла Қаҳҳор ҳаёт бўлганида, бундайларнинг қулоғига бир-икки аччиқ гапни шунақанги ўхшатиб айтардики...
– Китоб ўқиш - мутолаанинг инсон саломатлигига қай даражададир таъсири борми?
– Шак-шубҳасиз! Бу ўринда яна бир машҳур аксиомани эслаб ўтсак бўлар: “Тана учун жисмоний машқлар қанчалик муҳим ва керакли бўлса, онг ва қалб учун мутолаа шунчалик керак ва муҳим”.
Ўзингиз ҳам сон-саноқсиз маротабалаб шоҳид бўлгандирсиз, яхши китобни – ҳаттоки нечанчи маротаба – ўқиб чиққанингиздан кейин вужудингизда бир енгиллик туясиз, кўзларингиз чарақлаб очилиб кетгандек, дунё кўзингизга янада нурли ва гўзал бўлиб кўринади; кимларгадир яхши гапиргингиз, кимларгадир фақат яхшилик қилгингиз келади. Соғлом руҳ эса саломатлик тарозисининг ҳал қилувчи палласи эмасми?
Албатта, таассуфки, бу гапни яна такрорлаб ўтишимга тўғри келади, гап яна яхши, сизни руҳлантирадиган, тасаввурингизга қанот бағишлайдиган, маънавий юксалтирадиган асл китоблар ҳақида кетмоқда.
Умуман олганда, киши ҳаёти давомида ўзига доимий ҳамроҳ, сирдош қилиб олса бўладиган китоблар сони эҳтимол йигирма-ўттиздан ошмас. Аммо биз мана шу йигирма-ўттизта ўзимиз учун ноёб асарни топиш мақсадида минглаб китобларни ўқиб чиқамиз, саралаймиз, танлаймиз. Баайни, қайта ишлаш натижасида юз минг грамм рудадан саккиз грамм олтин олингани каби, биз ҳам китоблар уюми ичидан ўзимизга энг маъқул, энг ҳайратланарли, бизни мудом ҳаяжонга солишдек сеҳрли қудратга қодир китобларни ажратиб оламиз. Бу жараён, танлов ҳар кимда ҳар хил кечар. Аммо шундай умуминсоний аҳамиятга молик мумтоз асарлар борки, уларни бир умр қайта-қайта ўқимаслик, улардан қайта-қайта ҳайратланмаслик мумкин эмас...
– Сизнингча, бугунги кунда юртдошларимизда тиббий маданият қай даражада? Сизни нималар қувонтиради, нималардан кўнглингиз ранжийди?
– Ўта паст даражада. Хорижда бўлганда кўргандирсиз, шаҳар-қишлоқларида тонг саҳардан кексаю ёш гуррос-гуррос бўлиб майсага бурканган кенг далаларда, махсус йўлакларда чопиб юради, яна қанчаси майдончаларда туриб олиб, машқлар бажаради. Бировнинг биров билан иши йўқ, худди шундай бўлиши керакдай. Бизда-чи? Имконият бисёр, ва-лек истак камроқ, дангасалик кўпроқ. Нари борса “Эртадан бошлаймиз”, деб қўяқоламиз, ўзимизга ўзимиз ваъда бериб чарчамаймиз. Шунгами: “Агар Ваъдалардан ёрилиб кетса, Ёрилиб кетарди “эртага”, деб ёзгандим.
Хўш, бундай эътиборсизликнинг, энг қиммат бойлигимиз бўлган соғлиғимизга нисбатан бу қадар бепарволикнинг илдизлари қаерда? Ҳар қалай, ҳаммасини менталитет билан асослаб бўлмас.
Бу борада илмий изланишлар олиб борилаётгандир, аммо, назаримда, буни катта авлод вакиллари яхши билишади, шўро даврида давлат катта ижтимоий ҳимоя ташкилотига айланиб қолганди. Ишсизлик йўқ, ҳамма гўёки банд. Уч одам эплайдиган юмушга бемалол йигирма одам жалб қилинган (заводда ишлаганман, биламан). Табиийки, маош ҳам шунга яраша – очдан ўлдирмайди. Қишлоқларни айтмай қўя қолайлик, ҳатто шаҳарларда ҳам иш ёқмаса, бемалол “мен уч-тўрт кун касаллик варақасига чиқиб оламан”, дейдиганлар кўпайди. Бунинг оқаваси ўн беш-йигирма йил бурун ўзимизда жуда хунук кўринишда намоён бўлди. Одамлар... ўз ногиронликлари, фалон гуруҳ инвалиди эканлиги билан мақтана бошлашди Отингни сот, молингни сот, таниш дўхтир топ – ишқилиб, бир амаллаб ногиронликка чиқиб олсанг бўлди!.. Тўғри-да, ҳўкизни бир уриб қулатадиган “ногирон” кун бўйи оёғини осмонга кўтариб ётади, аммо ишлаётган одамдан кўпроқ нафақа олади.
Ваҳоланки, ишлаётган одамнинг маоши ногироннинг нафақасига нисбатан камида беш, ўн, йигирма баробар кўп бўлиши лозим. Ана шунда меҳнатга рағбат уйғонади, одам соғлиғини ҳам ўйлай бошлайди.
Овқатланиш маданияти ҳақида-ку, яна гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Эрталабдан икки жойга ошга борамиз, кейин кун бўйи лоҳасланиб, ишлагимиз келмай юрамиз-да, кечқурун... чойхонага йўл оламиз. Аёллар чарларида тўққиз хил овқат қўйилишини эшитганмисиз? Нима, биз бу дунёга ким кўп овқат ейди мусобақасига келганмизми? Машҳур Стив Жобс амал қилган бир ўгитни эслайлик: “Таомни дори каби тановул қилинг. Акс ҳолда дорини таом ўрнида ейишингизга тўғри келади”.
“Дарё” романида ҳаётимизда кунда-кунора учраб турадиган воқеа қаламга олинган: дўстиникига меҳмонга келган парҳездаги киши дастурхонга қўйилган тандиркабоб, жизлардан мезбоннинг ҳурмати учун бир луқмадан олади ва уйига ошқозонини чангаллаб қайтади. Адашмасам, Жек Лондоннинг шундай гапи бор эди: “Чўнтагингда бир миллион долларинг бўлса-ю, ошқозонинг яра бўлса, бундай ҳаётнинг нима қизиғи бор...”
Биз капиталистик муносабатлар шиддат билан ўрнатилаётган жамиятда яшамоқдамиз. Ҳеч қаерда бўлмагани каби, капитализмда ҳам осмондан чалпак ёғилмайди. Фақат меҳнат, фақат доимий интилиш, изланиш одамни оёққа турғазади. Бунинг учун эса мустаҳкам соғлик керак. Эртага бирон иш берувчи соғлиғидан нолиётган ходимнинг бетига шартта: “Бунга ўзинг айбдорсан. Нега вақтида ўзингни қаратмадинг, нега вақтида касаллликнинг олдини олмадинг!” деб қолиши ҳам мумкин...
Маъпура Набиева суҳбатлашди.
2019 йил.
СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА:
*Абдуқаюм Йўлдошев 1962 йили Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1979 йили Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги мактабни олтин медаль билан битирган.
*Тошкент политехника институтида (ҳозирги Техника университети) таълим олган. Тошкент электр-механика заводида инженер бўлиб ишлаган. “Сирли олам”, “Ёшлик”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI аср” сингари газета-журналларда меҳнат қилган. Айни пайтда “Адолат” газетасида хизмат қилади.
*1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 1999 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 2016 йили “Ўзбекистон Республикасиди хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган. Асарлари рус, турк, инглиз тилларига таржима қилинган.
*“Сунбуланинг илк шанбаси”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, “Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин”, “Пуанкаре”, “Ҳали вақт бор”, “Дарё” каби ўндан ортиқ насрий китоблари чоп этилган.
*“Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Виждон”, “Қадамлар”, “Нигоҳ”, “Бурч ва муҳаббат” бадиий фильмларининг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.
*Пьесалари Ўзбек давлат драма театрида, Республика Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган.