ЭРКАКЛАРНИ АСРАНГ, АЁЛЛАР!


ЭРКАКЛАРНИ АСРАНГ, АЁЛЛАР! Зеро, улар ҳам баъзан ҳимояга муҳтож бўлишади

   “Самарқандда эрининг устига 1,5 литр бензин сепиб, ёқиб юборган аёл қамалди...” Яна бир машъум хабарга кўра, эрнинг уйга пул олиб келмагани ва аёлини бошқа эркаклар билан гаплашганликда айблаб, юзига бир шапалоқ ургани аёлнинг қотиллик қилишига сабаб бўлган... 
    Ҳа, ўйламай босилган қадам одамларни оғир қисматга рўбарў этмоқда. 
   Фарғона вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси ва партиянинг вилоят кенгаши етакчиси сифатида оилавий ажримлар, оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан носоғлом муҳит юзага келган хонадонларда бўламиз. Оила вакиллари билан мулоқот қилар эканмиз, баъзида ёқа ушлагимиз келади. Ҳар доим ҳам аёл жабрдийда эмас. Аксинча, гоҳида зўравон, туҳматчи, ўз айтганини ўтказиш йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган аёлларга рўбарў бўламиз.
   Бир ёш оила Россияда ишлаб келиб, қўшни маҳалладан уй сотиб олгани, уйни замонавий қиё­фага келтириш учун катта таъмирлаш ишлари олиб боришаётганидан хабарим бор эди. Таъмир учун яна пул керак бўлиб қолгани боис, эр катта Россияга ишга кетганини ҳам эшитгандим. 
   Кечаги воқеадан сўнг эса бутун вужудимни титроқ босди. 
   ...Ярим тун. Йигит тунги сменадан қайтаётган маҳали бегона машина уни сергак­лантиради. Йигит йўл четига экилган арча дарахтлари панасида туриб кузатсаки, машинадан тушган эркак таъмирланаётган хонадонга кириб кетади. “Ахир қўшнининг эри чет элда бўлса, тун ярмидан оққанда бегона эркакни бемалол кириб кетиши шубҳали-ку”. Хуллас, қўни-қўшнилар, маҳалла раиси, участка нозири гувоҳлигида аёлнинг уйидан бегона эркакни тутиб чиқишади. 
– Мени шайтон йўлдан урди... Бош­қа бу ишни қилмайман, – деб зорланармиш ёш аёл.
– Уят-э, эрингиз чет элда сизни, болаларингизни деб, оғир шароит­ларда меҳнат қилиб юрса-ю, сиз айбни шайтонга ағдарсангиз. Сизни шайтон йўлдан урмаган, аксинча, ўзингиз шайтонни ҳам доғда қолдирадиган аёл экансиз... Суф-е! – дебди жаҳл отига минган маҳалла оқсоқоли...
   Афсуски, кейинги пайтларда оиладаги зўравонликларнинг асл моҳияти, сабаб ва омиллари ўрганилмай, аёлининг хатоси учун бир тарсаки урган эркак ҳам панжара ортига тиқиляпти. Гендер тенглиги дегани, эр ким биландир гаплашиб юрса, хотини ҳам юриши керак, хиёнат қилиши керак, деганими? “Эримдан боплаб ўчимни олдим, ғиринг десин, қаматаман!” деб кериладиган аёлларимизни санашга бармоқларимиз етмай қоляпти.
    Бир онахон уввос солиб йиғлаб келди: “Ёрдам беринг. Келинимнинг хиёнатини кўтаролмаган болам ўз жонига қасд қилмоқчи бўляпти. Эртаю кеч уни пойлаб ўтиришга мажбурман... Бу кўргуликларга ўзим сабабчиман. Нима қилай?”
    Онахон билан суҳбатлашдик. Яқин қариндошининг қизини не-не орзу умидлар билан ўғлига олиб берган экан. Келинчак ҳомиладор бўлибди. Маросимларга пул кўп кетади, четга бориб ишлаб келай деб, йигит 3 ойга хорижга кетибди. Орадан вақт ўтиб, келиннинг кўзи ёрибди. Паҳлавондек ўғил туғилибди. Оила аҳлининг қувончи ҳеч ерга сиғмас эмиш.
   Онахон келиннинг туғуруқхонадан қайтишига унинг уйини супуриб-сидириб, чангларини артиб қўймоқчи бўлибди. Бир пайт уйдан сим карта топиб олиб, уни ўғлига тутқазибди.
– Мана, бу нарсанг тушиб қолибди. Яна зарур бўлса....
   Хотинидан шубҳаланиш хаёлига ҳам келмаган йигит сим картани телефонига жойлаштириб, ёқиши билан телеграмига ўта ҳаёсиз сўзлар, тафсилотлардан иборат ёзишмалар кела бошлабди. Бу тўққиз ойдан бери давом этиб келар экан... Кўз олди қоронғилашган йигит йигит сим картани телефонидан чиқариб, қайнона-қайнотасига олиб бориб берибди: 
– Хулосани ўзларинг чиқариб оларсизлар... Қизларингиз ўғил туққан бўлса ҳам уни туғуруқхонадан олиб келмайман. Уни ўлдириб қўйсам, онамга жабр бўлади. Уч талоқ қилдим.
    Онахон эса ўғлининг номус кучидан тортган изтиробларига дош беролмай ёрдам сўраб келибди...
   Бундай мисоллар эса... афсуски, кам бўлса-да учраб турибди. Нега бугун биз қизларимизни сабр-қаноатга, катталарни ҳурмат-иззат қилишга ўргатишни унутиб қўйдик. Билимсиз, ўзининг тор оламидан ўзга нарсани кўра олмайдиган айрим қизлар оила бутунлиги, шаъни, қадр-қиммати, ота-она ор-номуси ҳақида ўйламай қўйди... Авваллари аразлаб, уйига қайтиб келган қизларини ота-оналар уйнинг остонасидан ташқарига чиқаришга уялишарди. Бугун айрим оналарнинг гапи: “Тор қорнимга сиққан, кенг ҳовлимга сиғасан”, “Эридан ажрашган битта сен эмас, дунёнинг ярми эрсиз ҳам бахтли яшаяпти. Эртага маҳаллага чиқиб, уйга ариза ташлаймиз. Субсидия уй қилдирамиз. Алимент пули оласан жарақ-жарақ...”
   Танганинг икки томони бўлганидек, аксар ҳолларда гендер тенглигининг моҳиятини тушунмаган, оилада оналик, турмуш ўртоқлик ва бекалик вазифаларини унутган аёллар муаммолар занжирини яратаётгани ҳам бор гап.
    Албатта, хотин-қизларга яратилаётган чексиз имкониятлардан барча аёллар қатори ўзим ҳам баҳрамандман. Бу жараёнда биз асрий қадриятларимизни, анъаналаримизни, оиладаги ҳурмат ва иззатни ёддан чиқармаслигимиз зарур ва шарт. Бобо-момоларимиз бежизга “Отанинг юзига тик қарасанг, юзингга сепкил тошади”, “Эрининг дилини ноҳақ оғритган аёлнинг икки дунёси қора бўлади”, деб тарбия беришмаган. 
    Аслида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйи­даги сатрлари ҳар биримиз учун ҳаётий ибрат бўлиши керак: 

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

    Оила муқаддас. Оила парокандалиги жамият жипслигига, мамлакат тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши ҳаёт ҳақиқати. Шундай экан, азиз опа-сингилларимизни, миллат давомчилари ва тарбиячиларини яна бир бор ақл ва идрок билан иш юритишга чорлаймиз.

Шаҳноза ҒАНИЕВА, 
"Адолат" СДП, Фарғона вилоят кенгаши раиси.
Манба: "Адолат" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот