ИНСОН ҚИСМАТИ – УМР ҲИКМАТИ
ИНСОН ҚИСМАТИ – УМР ҲИКМАТИ
Мавлуда Абдусамадовна Раҳмонова –
Республика Маънавият ва маърифат Маркази
Бухоро бўлими “Маърифат” жамияти тарғиботчиси
Фалсафа илмида “олами кабир”, “олами сағир” деган тушунчалар бор. “Олами кабир” – бу коинотимиз, яшаб турган дунёмиз бўлса; “Олами сағир” - ҳар бир инсоннинг ўзи, ҳаёти, ижоди ва ҳоказоларидир. Агар муайян бир инсоннинг умри бошқа одамлар учун ибрат мактаби бўлса, унинг ҳаёт йўли ўз халқи учун биттагина ҳикмат яратишга хизмат қилса, у одам, шубҳасиз, муборак ва муҳтарам зотдир. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг “Анвармирзо ҳикоятлари” китобида шундай улуғлардан бири – II жаҳон уруши қатнашчиси Юнусмирзо Ҳусаинов ҳақидаги “Савоб халтаси” шеърининг чоп этилиши маънавий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Шеър содда ва равон тилда ёзилгани учун инсонлар қалбига йўл топиб, қўлдан – қўлга ўтиб, кўпчилик ёддан биладиган шеърлар қаторидан ўрин олмоқда.
Жамол Камолнинг ушбу шеърлари - бир умр юртини озод, ҳур, мустақил ҳолда кўришни орзу қилиб яшаган ватанпарвар инсон ҳақида ёзилган. Унда халқимизнинг типик вакили – XX асрда оғир ҳаёт йўлини босиб ўтган, ҳам чоризм мустамлакачилиги, ҳам Бухоро амирлигидаги биқиқ, қолоқ ҳаётни кўрган, ҳам шўро истибдодини бошдан кечирган маърифатли, шижоатли инсоннинг ҳаёт йўллари, бошидан кечирган қийинчиликлари ва фарзандларига қилган насиҳатлари баён қилинади.
“Савоб халтаси” шеъри қаҳрамони менинг бобом - Файзулла Хўжаев, Муҳиддин Махсумов, Абдурауф Фитрат каби Бухоро жадидлари билан бир сафда туриб БХСРда масъул лавозимларда ишлаган, улуғ маърифатпарварлар сафдоши, маслакдоши - Юнусмирзо Хусаиновдир. Мен бу мақолада бобом ўз бошларидан кечирган тарихий воқеаларни ёритиб бермоқчиман.
Юнусмирзо Ҳусаинов ўзининг эрксеварлиги ва ҳурфикрлиги учун тоталитар давлатнинг темир андазасига мос келмаган бўлса-да, аммо ўзининг тадбиркорлиги, тақдирга тан бермасдан, қамоқхонадан туриб бўлса ҳам ҳаракат қилганлиги, савоб амалларининг кўплиги, онаизоининг тинимсиз дуолари туфайли ва бир сўз билан айтганда, Аллоҳнинг ўзи уни қатағоннинг навбатдаги қурбонига айланишидан омон сақлаган оддий, айни дамда Ҳазрати Инсон бўлганлар.
Яратганга шукрона деб,
Шукрон айтиб қазога,
Юнус ота юзланибти
Бир кун Анвармирзога:
“Ўғлим, - дебти, бу дунёнинг
Роҳати бор, азоби.
Хаёлимда саксон йиллик
Умрнинг сарҳисоби...
ХХ асрнинг 20 йилларида Ўзбекистонда миллий–озодлик ҳаракати бошланиб, унинг кўплаб намояндалари большевиклар билан курашиб, аксарияти ўзга юртларга муҳожир бўлиб чиқиб кетган эди. Ўз вақтида бундай истиқлол курашчиларига “босмачи” деган тавқи лаънат босилган ҳам эди. Аммо, мустақиллик шарофати билан уларнинг бировни ерини босиб олган босмачи эмас, балки истиқлол фидойилари эканлиги маълум бўлди. Бобомнинг кўпчилик Бухоро зиёлилари ва бойлари қаторида 1920 йилларда Ҳиндистон орқали Маккага Ҳаж қилмоқ ниятида Кобулга борганликлари факти 1938 йилда НКВД хизматчиларининг “теран” назаридан четда қолмаган, албатта.
Гарчи қувғин, қамоқ кўрдим,
Не-не жафо кўрмадим,
Юрагимда Худойимга
Ҳеч иштибоҳ кўрмадим.
Гарчи тарки Ватан айлаб,
Ҳаққа айтдим додимни,
Лекин Кобул кўчасидан
Ортга бурдим отимни.
Аммо Ватан соғинчи ва юрт корига дахлдорлик туйғуси тинч қўймай, Юнусмирзо Хусаинов Бухорога қайтадилар. Чунки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади:
Менга юртим минораси
Нажот бўлиб кўринди,
Юртимдаги уқубатлар
Ҳаёт бўлиб кўринди.
1938 йилда турли давлат маҳкамаларида хизмат қилган ўн олти нафар бухоролик зиёлилар қаторида Бухоро ОГПУ (давлат хавфсизлик хизмати) масъул терговчиси лавозимида фаолият кўрсатган бобом Ю. Хусаинов ҳам Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Махсум (Бухородаги бошқарма бошлиғи) “халқ душманлари” нинг думлари деб Тройка суди қарори билан отувга ҳукм қилинган эди. Албатта, бугунги кунда кимлар “халқ душмани” деб аталгани, улар халқнинг дўсти бўлганми ёки душманими – буни ёш бола ҳам билади. Аммо аввало тақдири азал, қолаверса бобомнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли Ю. Хусаинов ҳамда 16 нафар бухоролик зиёлилар ажал қаъридан соғ-омон чиқишади. “Халқ душманлари” орасида Қодирий, Фитрат, Чўлпонлар билан бир қаторда Юнусмирзо бобом ҳам бўлганлар. Лекин қатағон машинасининг навбатдаги қурбони бўлишдан бобомни Аллоҳнинг ўзи асрагани рост...
Ватанимга қайтдим елиб,
Халқ душмани аталдим,
Тройкада маҳкум бўлиб,
Ярим тунда отилдим...
“Анвармирзо ҳикоятлари” китоби охирида ҳар бир шеърга насрий изоҳлар ҳам илова қилинган: “Каттақўрғон турмасида отув ҳукми ижросини кутиб ўтирган вақтимда, Иванов деган соқчилар бўлинмаси командирини ёрдам беришга кўндирдим: Унга менинг хатимни шахсан Москва шаҳар милицияси бошлиғи генерал Хруневскийга – қуролдош дўстимга етказиши эвазига сени қўл остига яхши лавозимга тайинлайди ва яшашинг учун пойтахтда квартира беради...” Хуллас, Иванов ушбу хавфли ва масъулиятли вазифани айтгандай бажарди. Генерал Хруневский ва ўша вақтда СССР Олий суди аъзоси бўлган Желтиков Иван Биковичлар ҳам дўстлари Юнусмирзога амалий ёрдам қўлини чўздилар. Натижада катта қатағон даври тарихида нодир ижобий воқеа содир бўлди. Мамлакат Олий суди Бухоро тройка судининг ҳукмини тўлиқ бекор қилди. Бобом нафақат ўзлари, балки, ўн олти нафар отувга ҳукм қилиниб, ижросини қамоқда кутиб ўтирган ҳамюртлари-нинг оқланишига сабабчи бўлганлар. И.Б.Желтиков ва Хруневский Иттифоқ хавфсизлик вазирининг биринчи ўринбосари Ягода қабулига кириб, Бухорода бирга хизмат қилган, отувга ҳукм қилинган дўстлари Юнус Хусаинов аҳволини яхшилаш тўғрисида илтимос қилишган. Суҳбат чоғида бу икки жиноят қидирув оператив – тезкор хизмат ходими Бухорода терговчи Юнусмирзо билан биргаликда очган оғир жиноятлар ҳақида ҳикоя қилишган. Ягода Олий судга хат ёзиб, Бухоро тройкасининг Ю.Хусаиновни отувга ҳукм қилиш тўғрисидаги қарорини ўзгартиришни илтимос қилди. Масала ижобий ҳал бўлди. Юнусмирзо ва у билан бир ишда айбланаётган ўн олти нафар инсон ҳам Олий суд ҳукми билан оқландилар.
Ўшанда ҳам қолдим тирик,
Турдим тупроқ остидан,
Лекин яна қутулмадим
Замонанинг дастидан.
Уруш чиқиб, аскар бўлиб,
Ётдим қирда, қиёда,
Москвадан Берлингача
Бордим пойу пиёда.
Хуллас, шўролар ҳукумати “халқ душманлари” билан кейинчалик ҳисоблашишни ўйлаб, ҳозирча уларнинг кучидан фойдаланишни афзал кўрди. Юнусмирзо Хусаинов II жаҳон уруши бошланмасидан олдин, 1939 йилда армия сафига чақирилган эдилар. II жаҳон уруши бошлангач, бобом дарҳол Ватан ҳимояси учун фронтга отланганлар.
Не омонсиз жанглар кўрдим,
Жангчиларнинг талошин,
Бошим узра ҳар сония
Ёғди олов қўрғошин.
Жоним қону қирон ичра,
Қил устида ҳар доим,
Ўшанда ҳам омон қолдим,
Тирналмади бир жойим.
Юнусмирзо бобом бир неча бор ажал билан юзма-юз келганлар. душман томонидан бомбардимон қилинган вақтда тупроқ остида қолиб кетиб, яна афсонавий самандар ёки Қақнус қушидек ўт орасидан чиқиб келганлар. Онамнинг ҳикоя қилишларича, У кишининг барча ҳужжатлари бошлиқлари томонидан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони учун тайёрланиб, тайёрланган ҳужжатлар Москвага жўнатилиши олдидан душман томонидан қилинган бомбардимонда, портлашларда ёниб кетади. Ҳатто бутун бошли дивизиядан фақат уч киши тирик қолганда ҳам улардан бири - Юнусмирзо Ҳусаинов бўлганлар. Бу воқеалар Ўзбекистон Халқ шоири, Жамол Камол сайланмаларининг “Анвармирзо ҳикоятлари” деб номланган 5 жилдида қуйидагича тасвирланган:
“...1941 йил декабр ойида, дадам (менинг бобом – М.Раҳмонова) Улуғ Ватан урушига Москва яқинидаги Наро-Фоминск шаҳрида оддий аскар сифатида жангга кирадилар. Бир муддатдан кейин қирқ ёшли, қарийб икки метрли, муомаласи ёқимли, ҳамма билан дўстона алоқага киришадиган, ақлли жангчини дивизия командири генерал Шабаев ўзига ёрдамчи – адьютант қилиб олади. Москва остонасидан Сталинград жангларигача дадам шу генерал-лейтенант билан бирга хизмат қиладилар.
Афсуски, ёш иқтидорли генерал, Совет Иттифоқи қаҳрамони дайди ўқнинг қурбони бўлади. Дадам, генералнинг: “Юнус, ты станешь как я, героем Советского союза, ты достоин этого”,- деганини эслар эдилар. Сталинграддаги буюк ғалабадан кейин отамни собиқ давлат хафвсизлиги хизмати зобити сифатида Уралдаги Краснотуринск шаҳридаги минглаб немис ва япон ҳарбий асирлари меҳнат қилаётган ҳарбий қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи завод хавфсизлиги хизматига муовин қилиб тайинлайдилар. ...Юнусмирзо 1946 йилнинг баҳорида жаҳон урушидан Бухорога қайтадилар. Бухородаги ота маконлари, ҳозирги шаҳарнинг Алишер Навоий кўчаси, эски Бухоро шаҳарлараро автостанцияси яқинида жойлашган экан. Қўрғон бир нечта ҳовлидан иборат катта тураржой бўлган экан. Уруш вақти қонунлари бўйича, фронтдан қайтган жангчилар мулки, жумладан уй-жойи қирқ саккиз соат ичида уни эгаллаб турганлар томонидан бўшатиб берилиши шарт бўлган:“Когон темир йўл вокзалидан тўғри, ота маконимга борсам, уйларимизда камида ўттизта рус, украин, яҳудий ва полякларнинг оилалари паноҳ топган эканлар. Эркаклари ташқари ҳовлидаги тандир олдида катта қўлбола стол атрофида шахмат ва домино ўйнаб ўтиришган экан. Мени кўриб, “Заходите уважаемый воин к нам в дом, чаем угостим”, яъни, “Келинг, ҳурматли жангчи, бизнинг уйимизга, чойга марҳамат”, дедилар. Мен уйларингизга адашиб кирибман, извините, деб кўчага чиқдим. Эй, Худо, мен шу бадбахт бечароларни уйимдан ҳайдаб чиқарилишини кўрмай, деб илтижо қилдим. Худо кўнглимга Вобкент шаҳридаги фарзандсиз ўтган муфти Яқуб амакимнинг болалигим ўтган уйларига бориб яшаш фикрини солди. Вобкентда, мени янги оила тузишим кутар экан. Зотлари Мири-Хурд Мири Калон хўжаларидан бўлган Сорабегимни учратдим”.
Ажал ҳар гал яқин келиб,
Кўзларимга тикилса,
Ўртамизда пайдо бўлди
Оқ булутдай бир нарса.
Билсам кейин, қаршимда ул
Узунми ё калтадир,
Булут эмас, онагинам
Тиккан САВОБ ХАЛТАдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг 3 тоифа кишининг дуоси ижобат бўлиши муқаррар эканлиги, бири – ота-онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуойи хайри; иккинчиси - мусофирнинг дуоси ҳамда учинчиси - мазлумнинг золимга нисбатан қилган дуойибаъди эканлиги ҳақида ҳадислари бор. Мазкур сатрлар онанинг дуоси ҳақидаги ўша ҳадисни беихтиёр эсга солади:
Болагинам муҳтож дебон
Ҳимояту далдага,
Онагинам дуо қилиб,
Солаверган халтага...
Ўша менга қалқон бўлган,
Ўша менга соябон,
Ўша боис жаҳаннамдан
Чиқиб келдим соғ-омон...
1941-1945 йилларда Юнусмирзонинг оила аъзолари билан ёзишмалари узилиб қолган. Қирғинбарот урушдан жонажон Ватани ва оиласи бағрига қайтиб келган Юнусмирзо оғир уруш йилларида оналари ва биринчи аёллари дунёдан ўтиб кетганлигини билиб изтиробга тушадилар. Лекин 1930 йиллар охирида туғилган, урушга кетганларида ҳали гўдак бўлган қизларини топиб, унинг камолоти учун ҳам яшашга масъул эдилар... Хуллас, 1946 йилда Юнусмирзо Хусаинов менинг бувим - Соро аяга уйланадилар. Бу никоҳдан, икки зиёлининг иттифоқидан яна етти фарзанд, 40 невара ва кўплаб эваралар дунёга келади. Улар бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида халқ хўжалигининг турли соҳаларида жонбозлик кўрсатиб, илм-фан тараққиётига ҳисса қўшмоқдалар, ёш авлодга таълим-тарбия бермоқдалар.
Оиламиз сардори тоғам Анвармирзо Хусаинов бобомнинг васиятларига амал қилиб, доим инсонларга ёрдам бериб, эзгу китобларни ҳомийлик асосида чоп этилишига ҳаракат қилиб келаяптилар. 27 маротаба қайта нашр этилган Валерия Порохова томонидан амалга оширилган Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва 4 томлик имом Бухорий ҳадисларининг ўз ҳисобларидан нашр эттиришлари, устозлари Ғайбулла ас – Салом каби 20 дан ортиқ юртдошлариимиз Ҳаж сафари харажатларини тўлаганликлари, 1991 йилда Москвадаги Кино институти – ВГИКда ўқиётган, Давлат Гранди асосида ўқишга кирган, аммо Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат деб эълон қилинганлиги муносабати билан, хорижий давлатнинг фуқароси сифатида шартнома асосида ўқишига тўғри келган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган 34 та ўзбекистонлик иқтидорли ёшларнинг 1йилдан-5 йилгача бўлган шартнома пулини тўлаганликлари – юқорида айтган фикримнинг далили бўлиб хизмат қилади.
Болам, қолган ҳаётимни
Мен ҳам унга бойладим,
Яхшиликлар қилиб мен ҳам
Шу халтага жойладим.
Энди сенга узатаман,
Омонат бил халтани,
Инсонлардан аяма ҳеч
Ҳимояту далдани.
Юнусмирзо мазкур шеърда эса ўғиллари Анвармирзо тимсолида барча ўзбегим ёшларини доимо яхшиликлар қилишга, мурувватли, саховатли инсонлар бўлишга даъват қилганлар:
Яхшиликка юриб мудом,
Чўзганингча йўлинг чўз,
Фақирларга мурувват қил,
Муҳтожларга қўлинг чўз.
Ҳамияту ҳиммат ила
Тўлдир уни, хулласи;
Авлодингдан – авлодингга
Ўтсин савоб халтаси...”
Мен нафақат шундай ажойиб инсоннинг невараси, балки, маърифат тарғиботчиси сифатида Юнусмирзо Ҳусаинов каби тарих дарсликлари саҳифаларига кирмай қолган, лекин доимо юрт озодлиги учун тинмай курашган, II Жаҳон уруши жанггоҳларида жон олиб-жон берган улуғ инсон тақдирини ҳикоя қилувчи “Савоб халтаси” шеъридан ёш авлоднинг ватанпарварлик туйғуларини кучайтирадиган, уларни яхшилик қилишга, саховатли бўлишга, савоб ишларга руҳлантирадиган, “Элим деб, юртим деб ёниб яшашга” даъват қиладиган дурдона асар сифатида ўрта умумтаълим мактабларда ўтиладиган “Одобнома” ва “Маънавият асослари” фанларидан дарсликларга киритишни тавсия қилиб қоламан.
Шунингдек, барча юртдошларимизни Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк ғалабаси билан муборакбод этар эканман, барчани ушбу курашда қонини, жонини, ёшлигини, бутун куч-қувватини, бир сўз билан айтганда, инсонга бир мартагина бериладиган энг азиз неъмат - ҳаётини аямаган ота-боболаримиз хотираларини доимо муқаддас деб билиш, улар билан боғлиқ тарихий хотирани кучайтириш, тинч ва мусаффо осмонимизнинг қадрига етишга даъват қилиб қоламан.