ПОКЛИК ҚАЛБДАН БОШЛАНАДИ


    Ривоят қилишларича, бир одил подшоҳ ўз аёнлари билан саҳродан ўтаётиб нуроний бир отахонни челаклаб сув ташиб, саҳро ўртасида боғ яратиш умидида ниҳол экаётганини кўриб ҳайрон бўлибди. Ҳайрати сабабини билган отахон – саҳродан ўтаётган йўловчи ташналик азобини кўрмасин деб шу эзгу ишга қўл урдим – дея жавоб берибди.
–  Отахон, ёшингиз бир жойга бориб қолибди, экаётган ниҳолларингиз қачон ҳосил беради?
– Улуғ шоҳ, мен бу ишни ўзим ҳосилини кўриш учун эмас, савоб учун қиляпман. Ахир сизу-биздан солиҳ фарзанд, қилган яхшилик ва эккан ниҳолимизгина қолади-ку.
–  Эй отахон, қани эди сиз каби инсонлар кўп бўлса. Раҳмат сизга, деб подшоҳ бир халта олтин ҳадя қилибди.
    Шунда отахон подшоҳим мана кўрдингизми, мен экаётган ниҳолларим ҳозироқ биринчи ҳосилини берди –дебди қувониб.
   Ҳа, бу бир ривоят. Аммо шу ривоят қаърида эзгу ният жодир. Болалигимизда бобом раҳматли бу каби ривоятларни кўплаб айтиб берарди. Яна бизларга “сувга туфлама”, “дарахт новдасини синдирма”, “нон ушоғини ерга ташлама”, “қуш инини бузма ёмон бўлади”- деб кўп уқтирардилар. Бу билан бизларни болалигимиздан она табиатга меҳр уйғотар эди. Ҳовлимиз ёнидан оқиб ўтувчи анҳорда оқизоқ нонлар еб, балиқ тутишни завқ билиб катта бўлганмиз. Қишлоғимиздаги сойда чўмилиб, далада мол-қўй боқиб, беда ўриб, юз-қўлларимиз қизил рангга бўялиб ошалаб-ошалаб тут мевасини еб, кенг яйловларда зангори осмонни томоша қилиб ётганмиз.
    Ҳа, болалик ҳақида ўйласам руҳим енгил тортади. Аммо бугун қишлоққа борсам кўнглим зада бўлиб, қалбим озор чекиб қайтади. Бобом ҳақида кўп ўйлайман. Нима боболаримиз ўзлари билан яшилликни, покликни, осудаликни олиб кетдимикан? Ёки бугун ҳамқишлоқларимнинг анҳорни кўлмакка, сойни эса ахлатхонага айлантириб қўйгани учун уларнинг руҳи безовтамикан? Эсимда ўша пайтлар қишлоқ гузарида кимнинг уйидан қачон ва қай пайтда чиқинди анҳорга ташлангани ҳақида муҳокама бўлар ва айбдор жазоланар эди. Ўша пайт инсонлар исрофдан, уволдан, гуноҳдан қўрқардилар. Биз анҳор сувидан ичимлик суви сифатида фойдаланардик. Бугун-чи? Бугун асло бундай қилиб бўлмайди. Нега шундай ҳолга келиб қолдик. Бу лоқайдлик ҳали бизларга жуда қимматга тушмасмикан? Бунинг гуноҳ-савоби учун ҳали жавоб ҳам берармиз? Қачонгача виждонимизни мудроқ босади.?
    Бугун кўча супураётган келин ахлат уюмини шундоққина оқаётган сувга йўналтиради. Ёш болакай қўлидаги ахлат солинган халтани сувга отади. Катталар ҳеч уялмай ҳовлидан чиққан чиқиндини кўчага ташийди. Оналар болаларини сувга яқин боришини хоҳламайди. Чунки анҳорда тоза, зилол сув эмас турли хил чиқиндилар, яроқсиз идишлар, хазонлар ҳатто баъзи-баъзида ҳайвонларнинг жасадлари ҳам оқиб ўтади. Шу сабаб оналар сувнинг тозалигига ишонмайдилар ва бирор касаллик юқтириб олмасин деб болаларини сувга яқинлаштирмайди.
    Бу қишлоғимиздаги оддий манзара. Аммо бугун биз фахрланадиган шаҳар кўчаларида ҳам чиройли бинолар ёнида ахлат чиқиндилари, гўзал гулзорлар ёнида ёқимсиз кўлмаклар, тоза йўлакчаларда папирос қолдиқлари, писта пўчоқларини кўришга ўрганиб қоляпмиз. Ачинарлиси бу оддий ҳолга айланиб бормоқда.
    Биз катталар ёшларни айблашга, улардан камчилик қидиришга ҳаракат қиламиз. Ҳадеб улар билан зиддиятга боравермай ўзимиз ҳақимизда ҳам ўйлаб кўрсак бўлмайдими? Чунки ёшларни тарбияга, тартибга чақирувчи катталар аввало ўзлари тарбияли ва тартибли бўлмоғи керак эмасми? 
    Ушбу мақола сабаб пойтахт кўчаларида айрим юртдошларимизни кузатишга тўғри келди. Чорсу бозори бекатига 50 ёшлар атрофидаги аёл 20 ёшлар атрофидаги ўғли билан келди. Улар 4-5 халталарга солинган бозорликларини катта бир сумкага жойладилар ва ортган иккита қора целлофан халтани шундоққина бекат ёнига ерга ташлади. Ваҳоланки, ўн қадам нарида ахлат челаги бор эди. Беруний  метроси ёнидаги автобекатда 40 ёшлар атрофидаги аёл сумкасидаги қоғозларини тартибга келтирди ва бир қанча қоғозларни йиртди-да атрофга қаради, ёнида мен гўё бепарводек ўтирганимни кўриб ўриндиқ тагига ташлади. Авиасозлар бозорига кетяпмиз. Йўлда 2-3 жойда ахлат ташлайдиган махсус жойларга кўзимиз тушди. Идишлар деярли бўш аммо шу атрофга ахлат уюми сочилиб кетган. Нега одамлар шунчалар лоқайд ахир эрта тонгда уларнинг ўзлари шу ахлат уюмини хатлаб ишга, ўқишга кетадилар. Наҳотки, улар кунни ахлат уюмини кўриш билан бошласалар? Бу каби мисолларни истаганча келтириш мумкин. Бу ҳолатларни сиз ҳам кўп бора кузатгансиз. Фақат айримлар учун “сен менга тегма, мен сенга тегмай” қабилида яшаш осонроқ туюлади. Аммо атроф-муҳит озодалиги кўнгил хотиржамлигига асос бўлишини биламиз-у, бу менинг вазифамга кирмайди деган фикр бизларни лоқайдга айлантириб қўйган. Узоққа бормайлик оддий ишхонамизда ҳам фаррош бор-ку, дея истаганча тартибсизлик қиламиз. Агар ўша фаррош ҳам кимнидир онаси, унга ҳам осон тутмаслик керак, унга ҳам енгиллик зарур деганимизда аввало ўзимизни тартибга солармидик. Исрофни, эътиборсизликни, лоқайдликни олдини олган бўлармидик. Тозаликни ўзимиздан бошлармидик?
   Аслида, фаррош меҳнати ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Оддий бир мисол, мактабда фарзандларимиз синфхонани кун давомида шундай тартибсиз ҳолга келтиради-ки, уларнинг дастидан парталарнинг оёғи осмондан келади, деворлардаги суратлар, пардалар, жавондаги китоблар шундай бетартиб бўлади-ки, агар уларнинг тили бўлса “дод” деб юборармиди? Эртасига эрталаб синфхонага кирганимизда эса саранжом-саришта хонани кўриб ҳайратимизни яширолмаймиз. Бу албатта фаррошларимизнинг фарзандларимиз ҳали ухлаб ётганида келиб синфхонани озода қилиб кетгани сабаблидир.
    Ҳар куни ҳали тонг ёришмай, осмон пештоқидаги юлдузлар яширинмай туриб шаҳар кўчаларини оҳиста супураётган фаррош аёлларни ҳеч кузатганмисиз? Улар шаҳарда ҳаёт бошланмай туриб ширин уйқуларидан кечиб сизу-бизнинг кунимизни яхши кайфиятда бошлашимизга ўз ҳиссаларини қўшиб, атроф-муҳит озодалиги учун меҳнат қиладилар.
    Кўп қаватли уйлар атрофини фаррошлар ҳар тонг супуриб сидирадилар. Афсуски, ўша уйлар олдини, кириш йўлагини тоза тутишни эса ҳамма ҳам эътиборга олавермайди. Агар ўша фаррошлар бўлмаса биз яшайдиган уйларимиз олди ахлатхонага айланармиди, деб баъзан ўйланиб қоласан. 
    Мамлакатимизда миллий байрамлар билан бирга касб байрамлари ҳам ўзига хос тарзда нишонланади. Тиббиёт ходимлари куни, Қурувчилар куни, Ўқитувчилар, журналистлар, Ички ишлар ходимлари куни ва бошқалар. Агар юртимизда нишонланадиган касб байрамларини санаб чиқсангиз ҳар бир соҳани кузатишингиз мумкин. Фақатгина бир касб  бундан мустасно, яъни биз бугун сўз юритган фаррошлар. Тасаввур қилинг ўша байрамлар қаторига фаррошлар кунини ҳам қўшсак, бир йилда бир маротаба фаррошлар меҳнатининг қадрини улуғласак бунинг нимаси ёмон? Ўша бир кун биз ҳам онамиз, синглимиз, қизимиз қатори оддийгина бир аёлга эҳтиром кўрсатсак бунинг нимаси таажжуб? Биргина мисол, ҳар йили Наврўз байрами арафасида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Ана шу ҳашар сабаб қанчалар атроф-муҳит озодалигига, тозаликка эришилади. Борди-ю, фаррошлар кунини ҳам шу тарзда ташкил этсак назаримда хайрли тадбир амалга оширилган бўлармиди? Чумолидай тиним  билмай хизмат қиладиган, озгинагина маошга қаноат қилиб, иш жойига ҳаммадан эрта келиб, ҳаммадан кеч қайтадиган, чарчаганда бир шапалоқ латтасини қучоқлаб, таёғи-ю супургисига ҳорғин суяниб меҳнат қиладиган ҳатто ҳеч кимга сездирмай нафақага чиқиб кетадиган фаррошлар ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўриш керакмиди?
    Атроф-муҳит озодалигига эътиборли бўлиш, табиат ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳар бир юртдошимизнинг виждоний бурчидир. Қолаверса бу ҳақда  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида “Экологик муҳитга зарар етказмаслик” алоҳида белгиланган бўлса, 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари,  сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона  фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб қонун билан кафолатлаб қўйилган.
     Мақоламиз аввалида поклик қалбдан бошланади деб айтган эдик. Муқаддас ҳадису-шарифларда ҳам  Аллоҳ озодаликни севиши ҳақида бир неча бор айтиб ўтилган. Демак, қалб поклиги руҳни тозалайди. Руҳияти тоза инсонлар эса жамиятнинг маънавий устунларидир.
    Бу шу жамиятнинг оддий бир фуқаросининг фикр-мулоҳазалари эди. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Феруза ОРИПОВА,  журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот