ШАББОДА


Ай шаббода, сенга зорим бор, 
Олиб учгин мени ҳам бирга. 
Кетгаймиди дилимдан ғубор,   
Дардим айтсам тоғу тош, қирга?  
 
Кел, ёнимда ўтиргин бир зум, 
Сирлашайлик бўлиб дугона. 
Мизғияпти кипригимда тун, 
Юрак мендан бўлди бегона. 
 
Бўлсам агар қанотли  – учқур, 
Кезиб чиқар эдим оламни. 
Сенинг каби шодон, сендай ҳур 
Яратмаган асли одамни. 
 
Йўлинг тушса Андижон томон, 
Бир макон бор, Мингтепа – қўрғон. 
Шу тупроқни соғинар юрак, 
Шу манзил деб озурдадир жон. 
 
Боролмадим келганда кўклам, 
Йўқлаб келди майсалар иси. 
Бир гиёҳча бўлмади, алам, 
Шоирим деб алқаган қизи... 
 
Соғинчларим бодом гулида, 
Япроғига суқланар кўзим. 
Ялпиз унган ариқ лабида 
Қолганмикан менинг ҳам изим? 
 
Ҳовлисида, йўлида райҳон,  
Қалдирғочнинг инида райҳон. 
Онам кутар тонгу шом гирён – 
Қулоғида, қўлида райҳон.                  
 
Шамол бўлиб тегма онамга, 
Тирналади  кўксин яраси, 
Ҳайкал қўйиб ўзидан ғамга, 
Кўзин юмди полвон боласи.  
 
Қизғалдоқлар гулини тўкмай,  
Кириб ўтгин қабристонга ҳам. 
Етдим деган чоғда йиқилиб, 
Тупроқларга қўшилди отам. 
 
 Бордир суюнчили хабарим, 
 Ўғил туғди синглим, кўриб қайт. 
 Ўз-ўзимдан ортиб бормадим, 
 Опанг йўқлаб келади деб айт! 
 
Деҳқон бобо, ердан қор кетиб, 
Тол шохига илгандир чопон: 
“Кел, бағрингга шамол тегсин!”, деб, 
Ерни аяб уради кетмон. 
 
Шўхлик қилиб тегма жонига, 
Манглайидан терни артиб қўй. 
Қут-барака берса донига, 
Элни чорлаб қилар катта тўй. 
 
Ясаб берай ёғочдан қошиқ, 
Сумалакдан куймайди оғзинг. 
Капгир солгин ниятлар айтиб, 
Оловини ёқиб бер ўзинг. 
 
Қанча ҳасрат, яна қанча арз, 
Кўнглим очиб сенга  ўкиндим. 
Бу ҳаммаси елкамдаги қарз, 
Мен ким бўлдим, елга юкиндим... 

 Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот