Ёзинг, қизларим
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
“Устоз, қандай мавзуларда шеър ёзсам бўлади?".
Бир учрашувда менга шундай савол беришди.
Тунлар шуъла тўкар, кундузлари нур,
Ёғду салтанати, ёғду султони.
Қоғоз йўлламаймиз ёзиб ташаккур,
Барибир гинаси йўқдир осмоннинг.
Ярашар Ҳақ таққан ой, юлдузлари,
Осмон севгисидан ёзинг, қизларим.
Бир ҳовуч сув сочса, бир боғлам гиёҳ,
Бир ҳовуч сув сочса, бир этак чечак.
“Бу чирой мендан”, деб кўпирмас бироқ,
Не-не кечувларни куч топиб кечар.
Чаман, гулзор бўлар босган излари,
Дарё севгисидан ёзинг, қизларим.
Тоғдай баланд бўлар, ердай паст бўлар,
Довулдан шиддатли, бўрондан шитоб.
Фарзанди сўраса, у йўлбарс бўлар,
Сўраса муз бўлар, бўлар гилу об.
Муҳаббат оғочи, қадр илдизлари,
Она севгисидан ёзинг, қизларим.
Қайғуси ёруғдир, жонбахш озори,
Руҳингнинг қаноти, кўзинг чўғлиги.
Қай манзилга борсанг тилсим, туморинг,
Борлиги-борлиғинг, йўғи йўқлигинг.
Сени шоир қилар бир кун сўзлари,
Ватан севгисидан ёзинг, қизларим.
29 июнь, 2024 йил.