Гўзалларга гап отманг
Эй сабо, еткар ёра арзи ҳолимдин хабар,
Ё менга келтир суюнч – лафзи болимдин хабар.
Қоқ қанот ё ёр томон, ёки ёрдин мен сори,
Ул алиф топсин-да-ей, қадди долимдин хабар.
Бир назар солмас эса асли ғарибин ҳолига
Сочгум, сабо, сенга абад хуни олимдин хабар.
Ишқ эли қолса магар ашки селобим баҳрида
Сўнгаким жипс айларам ман ёра, солимдин хабар...
Аслим асли хокдир ҳовуч, қилмагайман эътироз,
Булки хокни этмас писанд ёри золимдин хабар.
Гўзалларга гап отманг
Носку отмайман, жўра,
Гапдан ҳам кўп бермаган.
Бироз ялқов боламан,
Кўзим олма термаган.
Гўзаллар кўп – куйдирги,
(Сибирский язвамас).
Юракни асраяпман,
Бошқа гап соғликдан паст.
Шунинг-чун миқ этмайман,
Гап отмам жаноннома.
Тилимдан бир гап учса,
Тузишар баённома.
Чўнтакда шамол кезар,
Ким менга қарашади.
Гап отишу, нос отиш
Бойларга ярашади.
Жим юриш ҳам яхшимас,
Шундан кўнгил тўлмайди.
Нимадир қилиб ўзни
Танитмасак бўлмайди.
Ошиқи шўрлар, айтай,
Гап отманглар, ёзинг шеър.
Бунга жазо йўқ, аниқ,
"Ҳийлаи шаръий" бу, дер. ))
Ёлғон ёзманг, рост ёзинг,
Ҳар сўзга меҳр тўлсин.
Бизларни шоир қилган
Гўзаллар омон бўлсин!
Гап ҳам, нос ҳам отманглар!
Аслиддин МУСТАФО