Бефарзанд момо

Рамазон ойи бошланиши билан биз – маҳалла болаларининг жонимиз кирарди. Қийиқнинг тўрт учидан ушлаб олардик-да, эшикма-эшик юриб, рамазон айтишардик.
“Рамазон айтиб келдик эшигизга,
Худойим ўғил берсин бешигизга...”
Кимдир нон, кимдир бир ҳовуч туршак, қанду новвот билан сийларди. Менга қийиқнинг бир учи тегмаса-да, очил дастурхондаги ноз-неъматлар тақсимланаётган пайтда нимадир насиба бериларди.
Маҳалламизда ёши анчага бориб қолган бефарзанд момо бор эди.
Бир куни атаганини югуриб олиб чиқадиган набираси йўқ, овора бўлмасин, деб унинг эшиги олдидан индамай ўтиб кетдик. Қўшни ҳовлига етай деганда ортимиздан чақириб қолди. “Ҳой, болалар, қайтинглар!” Овози титраб чиқди. Этагидаги ширинликларни дастурхонимизга тўкаётиб: “Нега менинг дарвозамга кирмай ўтдиларинг”, – деди. Шунда бир бола: “Эна, барибир биз тилаганимиз билан ўғил туғмайсиз-ку!” – деди. Аёлнинг вужуди титраб, кўзларидан ёш қуйилди. Ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. Момо бўлса ҳалиги боланинг бошини силаб деди:
– Болам, тилагингиз билан ўғил туғмасам ҳам, сиздек ўғилни туққан оналар ҳақига дуо қиламан. Мендек Худо бехабарнинг эшигидан ҳатлаб ўтманглар. Икки марта рамазон, деганда чиқмасам, ичкарига кириб хабар олинглар. Йил бўйи рамазон айтиб, эшигимга келсангиз қанийди...
Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.