СЎЗ МУСАВВИРИ
Хосият Рустамова ижодига бир назар
Шеър—бу кўнгил, кўнгил кечинмаси, ҳайрат, муҳаббатдан туғилган туйғулар тасвири.
Шоирнинг ботини қанчалар пок бўлса, тасаввурлари шаффоф, ҳислари гўзал, шеърлари ҳам "яшовчан" бўлади.
Таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сўз мусаввири Хосият Рустамова ижодида олам ва одам, замин-у замон, табиатнинг ёрқин тасвири, аёл қалбининг нозик хилқатлари мавзулари устунлик қилади.
Шоирнинг асосий мавзуси, илҳом манбаи,тириклик, ҳаёт, табиатдир.
У ҳамиша тирикликдан мўъжиза, ҳаётдан гўзаллик, табиатдан ўзига куч ва илҳом олади.
Франц Кафка ёзганидек :"Кимки гўзалликни кўра билиш қобилиятини сақлай олса, ҳеч қачон қаримайди".
Гўзаллик аслида нисбий тушунча.
Аммо шундай гўзаллик борки у ҳеч қачон ўзгармайди.
Бу қалб гўзаллигидир.
Х. Рустамова ҳам ана шундай гўзал қалбли шоира.
У табиатни, инсонларни севади. Шеърларининг мазмун-моҳияти бош мавзуси ҳам табиатдир.
Қушлар, дарахтлар орқали инсонларни ва табиат ўртасидаги ҳолатларни тасвирлайди.
Қалбни нима гўзаллаштиради?
Албатта эзгулик, эзгу амаллар, биринчи навбатда муҳаббат, Яратганнинг гўзал яратиқларини севиш орқали қалб янада гўзаллашади.
Ишон, Сени хафа қилмайман бошқа,
Кеч бўлса ҳам чиқдим. Қоп-қора адир.
Бир осмон юлдузни кўтариб бошга –
Сенинг йўлларингда турибман, ахир.
Ушбу шеърда табиатнинг тароватини, сўзларда жаранглатиб, аёл қалбининг нозик кечинмаларини ёрқин рангларда тасвир этади.
Бу ҳолат, бу жараён бундай кечинма фақатгина муҳаббатга мубтало бўлганларгагина таниш...
Сўзнинг сеҳри, асл шоирнинг маҳорати, поэтика мўъжизаси, фикр қудратини Хосият Рустамова ижодида яққол намоён бўлади.
Баҳор келиши биланоқ осмоннинг чеҳраси очилиб, қуёшнинг юзида табассум порлаб, бутун борлиқда ҳаёт ҳарорати сезилади.
Ушбу шеър орқали кўз ўнгимизда баҳорнинг дилбар қиёфаси жонланади.
Босар нозик ниҳолларни ғам,
Ёқмас ғарблик қушларнинг хулқи.
Баҳор эшик қоқиши билан
Еру кўкнинг очилар қулфи…
Ижод аҳли, мудом эзгу ўйлар, самовий хаёллар оғушида ўзининг сирли оламида яшайди.
Аслида ҳам ҳақиқий шоирлик мана шу...
Менсиз ҳушдан кетар дарахту, борлиқ,
Шамол кимнинг тутиб ўйнар сочидан.
Мен кетсам – тун ўлиб қолади аниқ,
Мен кетсам – ой ўлиб қолар очидан.
Шамол шоиранинг сочидан тортиб, эркалаб ўйноқлайди, дарахт унинг дардошига, ой эса сирдошига, тун содиқ дўстига айланади.
Чинакам поэтик манзара, шоирона ўхшатиш.
Инсон зоти борки, мудом муҳаббатга муҳтож, унинг асири.
Дунёни ушлаб турган ягона куч ҳам муҳаббат.
Кўзимнинг ёшлари ювиб ғуборни —
Йиғлагим келганди ўшанда ичдан.
Айта оласанми,
Эсингда борми,
Қандай шароб эди мен ичган?
Қанча совуқ сувга юзимни чайдим,
Шунда ҳам кўринар ранглар фақат оқ.
Бошим айланмаса, маст бўлмасайдим —
Бу дунёда қолмасдим узоқ.
"Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу" деганларидек. Ҳаёт доим бизни қувончлар билан сийлайвермайди.
Инсон бошига синовлар келганида, ўзини яхшироқ англайди.
Дунёга нима учун келгани нима мақсадда яшаётгани хусусида мулохаза юритади.
Ушбу шеър ҳам ўқувчини узоқ ўйга толдиради.
Ҳаёт аталмиш неъматнинг улуғлиги, инсон отлиғ шарафга лойиқ кўрилганлигимиз, бизларга берилган умрни яшаб ўтишимиз ҳақида сўз боради.
"Шоирнинг боши айланиши " тириклик неъматидан воз кечиб кетолмаслиги ҳам ҳаётга бўлган улкан муҳаббатидан далолат.
Сўз шоирнинг қисмати дейишади...
Шоирнинг шеърлари ҳаётида ҳам акс этади.
Аллоҳ бу борада Х. Рустамовага жуда сахийлик қилган.
Мен бормаган жойларга —
Шеърларим борар ҳали.
Асарлари ўттиздан ортиқ мамлакатларда чоп этилиб, дунё юзини кўрди.
Аллоҳ ҳар бир бандани иқтидор, ноёб истеъдод, ўткир зеҳн билан сийлаган.
Аслида ҳамма муаммо ўша истеъдодни ўстира олишимизда, ўзимиздаги имкониятлардан фойдалана билишимизда.
Ҳар битта буюк истеъдод ортида аввало, Аллоҳнинг инъоми, қолаверса, катта меҳнат ва машаққат ётади.
Ҳеч нарсаси йўқ одамларнинг,
Умиди бор эртанги кундан.
Ҳар биримиз бу ҳаётда орзулар билан, эзгу хаёлларимиз умиди билан яшаймиз. Фақатгина умиднинг ўзи билан эмас, кўзлаган мақсадга эришиш учун, бугундан ҳаракатни бошлаб, муваффақиятлар мевасига умид боғласак тўғри бўлади.
Ушбу сатрлар шеърхонни чуқур ўйга толдиради, тафаккур қилишга ундайди.
Жонимни ичяпман томчи-томчилаб.
Тўкилиб боряпман хазонлар каби,
Ям-яшил боғларни кўриб тушимда.
Айт, мени кимлардан
Асрадинг, Раббим!
Қаерга кетяпман шу кетишимда?!
"Одамлар нимагаки интилишса, ўша нарсани яхши кўришади, ниманики яхши кўришса, ўшанга қараб интилишади ",-деб ёзганида Эриҳ Фромм чин маънода ҳақ эди.
Гўзалликка, муҳҳабатга талпинаётган Хосият Рустамовага ижод ва ҳаёт йўллари муҳаббатдек улуғвор бўлишини тилайман!
Жаҳонгир НОМОЗОВ,
ЎзЖОКУ талабаси.