Асра


Гулжамол АСҚАРОВА

АСРА

Ҳақоратдан руҳимни асра,
Таҳқирлардан асра шаънимни.
Мени мағрур ва ғолиб яшат,
Ўчирсанг ҳам қирқта шамимни.

Шоир айтганидек: "бу Ватан,
Бунча тубан кетди"1, билмадим.
Ўнгланмоқлик фасли келганда,
Байроқ каби тикланар қаддим!

Майли, бугун алқамаса ҳам,
Шу Ватаннинг пойида тургум.
Нега доим дўзахдан яна,
Дўззахларга айларлар сургун?

Шоирман мен, исёни бисёр,
Бош эгмасман бандаларига.
Шеърларим ҳам мағлуб давлатнинг,
Унутилган тангаларидай...

... Ва ортимдан юриб кузатар,
Қадамимни каззоб бир соя.
Қизил, яшил... о, чироқларнинг,
Тартибига қилмасман р(и)оя.

Шоирману, дўсту душманнинг,
Ғийбатида эрмакдир  номим.
Қоним ичар ва лек ичмаслар,
Оғуланган ҳаётим жомин.

Мен шоирман ва бу дунёнинг,
Бор йўлларин қўярман артиб.
О,  не учун ўз ҳаётим ва,
Ҳаёлимга беролмам тартиб?

Умрим- номсиз саҳна асари, 
Тартибим йўқ,  тақдирим- ҳасрат. 
Илтимосим, жонимни эмас, 
Ҳақоратдан руҳимни асра!

2017 йил.
1.Ахматова сатри










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот