А К А
Мунаввара УСМОНОВА
А К А
Ривоятларга кўра опа-синглисининг ҳолидан хабар олгани йўлга чиққан аканинг ҳар қадамида фаришталар дуо қилиб турармиш.
Ака, қараб қўйинг уйимиз томонга,
Кўзингиз гуноҳдан фориғ бўлади.
Опанинг дуоси, сингил нидоси
Фаришта қўлида ёрлиғ бўлади.
Ака, мен томонга ташланг бир қадам,
Жоним садқа айлаб қилайин меҳмон.
Ғанимат экан-ку одамга одам,
Сизлардан олисда бўлди бағрим қон.
Кўринган манзилда синглим яшар, деб,
Узанган бармоққа жон бўлсин фидо.
Мендан қайтмаса ҳам бирор яхшилик,
Сизни оташлардан асрагай Худо.
Тоғдек елкангизга бошимни қўйсам,
Тўкилиб кетарми кўксим қайғуси?
Келинг, юрагимда баҳор қишлади,
Ака, сиздан келар отамнинг иси.
Ака, сиздан келар Ватаннинг иси...