ВАТАН КЕНГЛИКЛАРИ
Турсун АЛИ
ВАТАН КЕНГЛИКЛАРИ
Достон
МУҚАДДИМА
Ватаним, гўзал бир келинчак мисол,
Турфа либосларда очмоқдадир юз.
Ҳайратдан нозланиб боқади ҳилол,
Ранглар дунёсида
Адашади кўз.
Булутлар қаърида рангин бинолар,
Кўприклар соҳилда худди паҳлавон.
Ердан бош кўтарган кўкка зиналар,
Қўлларим чўзсам, эҳ
Тутилар осмон.
Қиру адирларнинг яйдоқларида,
Дарёдек шовуллар олтин буғдойзор.
Қўй-қўзилар чўпон қароқларида,
Яшил майсазорда
Ўтлар беозор.
Боғлар бағри очиқ, мевалар шиғил,
Дарахтлар букчайган,
Асода гўё.
Жаннат оғушида юргандек кўнгил,
Ажиб латофатга кўмилар дунё.
Гўзал водийларни кезаман яёв,
Менга ҳамроҳ бўлар
Баъзида авто.
Қай ердан шамолдек ўтаман бирров,
Қай гўшада кечам оқаргай ҳатто,
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ЙЎЛ
Пешин. Йўлга тушдик.
Манзил Бухоро.
Авто қанот қоқар, учмоқда борлиқ.
Йўл учар тўлқиндай сарҳадлар аро,
Ойнада шамоллар учади илиқ.
Дарахтлар учади, япроқлар тўзғин,
Уфққа ястанган далалар учар.
Учиб бораётир,
Одамлар озғин,
Узун оёқлари заминни қучар.
Мен ҳам учмоқдаман кенгликлар томон,
Рангин туйғуларга шўнғийди вужуд.
Руҳим оламидан
Чекинар армон,
Онамнинг бағридек Ватан беҳудуд.
Балчиқзор зовурлар пойимда қолар,
Сарғайган қамишлар шитирлар жўшқин.
Қаноти ер чизиб
Учар қарғалар,
Мен эса фалакда учаяпман бетин.
Сирдарё оқмоқда куз каби сокин,
Энди бошланади кенгликлар беҳад.
Алвон юлғунзорни эркалар эпкин,
Қалбимни чулғар
Тирик муҳаббат.
Оқшом қуши қўнди, атроф қоронғи,
Олис-олислардан жилмаяр чироқ.
Кўзга илинмоқда йўлнинг адоғи,
Авлиёлар юрти
Бунчалар йироқ?..
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
БУХОРО
Мунчалар баландда бу қадим шаҳар,
Энг юксак тоғдан ҳам баланд беадад.
Кекса кўчаларин кезсам-да саҳар,
Кўкдами бўй-басти
Кўринмас сарҳад.
Бухорони юриб адо этолмам.
Бунча чуқур, теран –
Бу шариф шаҳар!
Тушсам-да қаърига етмасман сира.
Ҳожа Баҳоуддин пир руҳи қўллар,
Тавоф этмоқдаман хок-пойи узра
Бухорони юриб адо этолмам.
Бунча улуғ, навқирон,
Азим бу шаҳар!
Сувин ичмоқдаман Лаби Ҳовуздан.
Таъриф-тавсифини айтсам мухтасар,
Пиру авлиёлар тушмас оғзидан,
Бухорони кезиб адо этолмам.
Бунчалар тилсимдир –
Бу қадим шаҳар!
Минораи Калон лайлаклар юрти.
Абдулла Орипов ҳамон шеър айтар,
Кўзимда Бухоро
Мангу суврати.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ҚЎҚОН
“Қамчиқ” довонидан ташланар кўзга,
Қадимги навқирон
Қўқон бўй-басти.
Шамоллар оҳиста урилар юзга,
Мевага бурканар дарахтлар ости.
Оқ яктакли деҳқон савати очиқ,
Тўлатиб тўрвага солади ўрик.
Хонадон соҳибин
Қўлида сочиқ,
Дастурхон тузайди қоқмасдан киприк.
Қўқон ҳунармандлар шаҳридир азал,
Заргарлар,
Наққошлар дунё бўйлаган.
Лаганда чарақлар кўкдаги ҳилол,
Шоирлар юртини ёниб куйлаган.
Ёғочдан ясалган ҳар бешикда меҳр,
Лойдан бунёд этган
Ҳуштакда овоз.
Ипакдан тўқилган гиламда сеҳр,
Жону забон ато этилгани рост.
Бу кун қадим Қўқон замоннинг шаҳри,
Юз очган паридек
Эгнида сарпо.
Гул янглиғ очилгай одамлар баҳри,
Қўллар сеҳри уни айлаган барпо.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
БОҒДОД
Боғдод. Бободеҳқон, ҳунармандга юрт,
Шоликор, қурувчи топишган камол.
Элининг кафтида ин қурган бургут,
Йўқ,
Юракларда йўқ ҳеч қандай завол.
Кечаги чўл бугун шаҳарча эрур,
Беш ой ичра, ажаб, олтмиш бир уй, эҳ...
Мўъжизакор мактаб дилларга сурур,
Нафис боғчаларда
Бола яйрар шўх.
“Иссиқ хона”да барг чиқарар бодринг,
Қизарар помидор қизлар юзидек.
Гарчанд сўндиролмас аёз,
Шудринг,
Раънохон Қосимова фермер юлдуздек.
Ўт чақнар боғдодлик қадамида, ҳа,
Халқнинг ушалмоқда осмон орзуси.
Санъат саройида куй, қўшиқ, ялла,
Зотан,
Эл кўзидан қочган уйқуси.
Боғдод. Кечаги чўл бугун “Гулистон”,
Президент назари тушган Отабек,
Бу кун толиб эрур
Кўнгилда бўстон,
Ҳеч қачон зор бўлмас юртида ўзбек!
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ҚУВА
Қува кўп қадим юрт, таваллуд топган,
Дунё ардоқлаган
Фарғоний бобо.
Тупроғин соч ёйиб мажнунтол ўпган,
Адир этагидан эсади сабо.
Йилларки “Каркидон” сув сақлар шаффоф,
Ҳайқириб ариқда оппоқ дур оқар.
Далаларда пахта
Гўёки садаф,
Уйларнинг шипида чирсиллар анор.
Қува кенглигида кўҳна тепалик,
Ястаниб ётадир асрлар қўйнида.
Ҳар жойи ўйилган,
Тилинган шўрлик,
Онадек тебранар шамоллар куйида.
Болалигим ўтган тепалар аро,
Гоҳ ўзни йўқотиб,
Гоҳ ўзни топиб.
Мен онамдан эрта тушганман айро,
Юз кўришолмадим ортидан чопиб.
Ўшал тепаларни соғинаман мен,
Боламан бу кун ҳам – сочлари оппоқ.
Гарчанд, тепалару
Қабристон сокин,
Бироқ юрагимда гурсуллар, уйғоқ...
Юртим осойишта – қатъийдир сўзим,
Фермерлар меҳнатдан сурмоқда даврон.
Ишкомлар кўчада,
Бол йиғар узум,
Бу ҳолат Қувада азал ҳукмрон.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ЗОМИН
Зомин. Тоғ ораси. Дам олиш маскани,
Оққушдек бўй чўзиб, ёр каби чорлар.
Чўққиларнинг пойи салқин хиёбон,
Ёзда ҳам кетмагай
Сўлим баҳорлар.
Ўрикли қўйнида туғилар қўшиқ, шеър,
Ҳар йили Адабиёт этади байрам.
Ёшлар овозида,
Кўзларда меҳр,
Ватан муҳаббати қалбда чинакам.
Бунда шеър ўқиган Абдулла Ориф,
Овози тошларни уйғотган бешак.
Даврага Воҳидов айлаган ташриф,
Чақмоқдек
Шоирлар кўнглида истак...
Ёш юрак қўлида Навоий, Фурқат,
Айтматов,
Кафкадан ўқишар китоб.
Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Фитрат
Даврага киради бамисли офтоб.
Мушоира... Бу кун ҳам этади давом,
Адабиёт умри абадий бешак.
Ёш юраклар тўлқин,
Жўш урар илҳом,
Ўрикли қўйнида навқирон эртак...
Тошлар орасида не тонг
Беш юз йил –
Умр сураётган “Бобоёнғоқ” ва
Зоминнинг қадимий қабристонида,
Бир тут аср қаъридан этмоқда жилва.
Зомин тупроғини этаман тавоф,
Юртбоши туғилган муқаддас юрт бу.
Ҳар дарахти, майса, гиёҳи шараф,
Тарих варағида
Яшайди мангу.
Эй азиз ўқувчим, келди мавриди,
Президент ҳақида сатрлар айтиш.
Зотан,
Юрт одами кўнгил ҳамдарди,
Нечун қисматимда яралсин қайтиш?!.
Дарё соҳилини қучгани каби,
Юрт одами Ватан кенглигин суйгай.
Тупроғин ўзига жо айлар қалби,
У чексизлик аро
Бир зум тинмагай.
Унинг онг-шуури, тафаккурида
Яралгай кашфиёт,
О, тараққиёт.
Теранлик мужассам илм оламида
Босган қадамига ёр абадият.
Азиз авлиёлар,
Не буюк зотлар,
Дилда, тилда, ҳар қачон ёдда.
Юрагида чопар Бойчибор отлар,
Учаётир Ватан Ҳумо қанотида.
Юрт одами тунлар, ой-юлдузларга
Қўл бергай, сирлашгай ёниб, энтикиб.
Киприкларин улар оқ кундузларга,
Елкасида қуёш
Турар кўз тикиб.
Юрт одамин йўли
Йўлдан-да узун,
Само дарвозаси очиқ, чароғон.
Юрагида Ватан ястанган гулгун,
Ҳаяжонга тўла ҳур Ўзбекистон!..
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ОРОЛ БЎЙИДА
Орол кенгликлари денгиздек уйғоқ,
Тўлқиндек чайқалар қандим,
Саксовул,
Устюрт томонлардан келади сайғоқ,
Ватан дея улар талпинар буткул.
Оқариб оқмоқда оқшомлар бу кун,
Мошинлар ўтади, гуркирар ҳаёт.
Уйғоқ овозларга
Чулғанар ҳар тун,
Орол бўйларида жўшқин тараққиёт.
Чўлу биёбонда шаҳарлар бўйчан,
Дунё пештоқига узоқ тикар кўз.
Бир лаҳза
Қуёш ҳам тик турар ўйчан,
Тунлари ой тушар ҳеч тополмай сўз.
Ақчакўл сувлари жимирлар сокин,
Балиқлар сапчийди
Ҳавода биллур.
Руҳимни сатрлар қитиқлар ўқтин,
Қалъалар таратгай ўтмишдан шуур.
Нукус қиёси йўқ навқирон шаҳар,
Турфа обидалар кони – Ватани.
Оғушида кезсам
Шомдан то саҳар
Шаббода эркалар ҳориган танни.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
АМУДАРЁ
Улуғ Амударё куйлайди қўшиқ,
Тўлқинлар сапчигай жўшқин, беором.
Бу соҳилда
Кимлар бўлмаган ошиқ,
Юраклар тирналган, билмаган ором.
Жалолиддин Мангуберди сув ичган,
Муҳаббат бахш этган Амударёга.
Ватан, халқ учун
Муздек сув кечган,
Қиличин сермаган қаттол дунёга.
Амударё, нечун жўшиб тошмасин,
Қанча ёт қўлларда кечган жилови.
Сапчадек тилишган ўтмишда кўксин,
Бугун суви зилол,
Эркдур ялови.
Амударё, нечун жўшиб оқмасин,
Улкан метин кўприк белда қад ростлар.
Лаҳзада қолдириб ҳаёт ўз изин,
Тепасидан ўтар
Учқур поездлар.
Амударё нечун оқмасин оппоқ,
Бир соҳил кўҳна Хоразм эрур.
Бир ёнда ястанган жон Қорақалпоқ,
Қўл берган ерлари
Уфқларга мағрур.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
КЛАСТЕР
Кўз ўнгим уфққа туташ пахтазор,
Нурин тарар пахта,
Очилган чаман.
Бир зум менинг кўнглим қақшади зор-зор,
Кўзимни қоплади кечаги замон.
“Пахта иши” дея халққа ёғилди,
Маломат тошлари,
Ҳар хил бўҳтонлар.
Қўли қадоқ деҳқон сўзсиз отилди,
Тоғ каби кўкрагин керди “шайтонлар”.
Не тонгки, авж олди, қама-қамалар,
Миллат раҳбарлари оғзида талқон.
Ўлкам осмонида ўкинч, аламлар,
Бу ерда
Кремль сўзи ҳукмрон...
Бу кун пахта учун хўрлаш, зўрлаш йўқ,
Елкасига олган
Жаноб кластер.
Ғаллаю пахтадан обдон кўнгил тўқ,
Ёзолсам шаънига, кошки бир сатр шеър.
Муртазо Аҳмедов – билимга лим-лим,
Кластер раҳбари ишлари эзгу.
Ким учун у шогирд,
Кимга муаллим,
Туғилган Бухоро тупроғида у.
Бу кун дасти узун кенгликлар аро,
Бир кафтида нефть,
Бирида пахта.
Узун ўйларида янги ихтиро,
Боғлар, тикув цехи, яралгай пухта.
Муртазо Аҳмедов мукаррам, машҳур,
Етим-есирларга сахий, очиққўл.
Меҳнат-ла кечалар ҳам таратар нур,
Халқ учун, юрт учун
У очар оқ йўл!
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ТОШКЕНТ
Кенг ёзар қанотин Тошкент кўчаси,
Эллик бир қаватли оқ,
Оппоқ бино.
Суюб юрагимнинг келур қучгиси,
Гўё кўрмоқдаман ғаройиб кино.
Ўйларим тулпори етаклар мени,
Болалик уйимнинг
Паст томи сари.
Хаёл кенглигида эсладим нени?
Теграмда орзулар эсиб сарсари...
Шаҳар.
Осмон ўпар бино. Яшамоқ –
Кўнглимда туғилган ўша кезлари.
Етим болалигим кечмаган қувноқ,
Қайларда қолмади мунгли изларим?!
Гоҳ бировнинг уйида,
Ётоқхонада,
Ўтган ҳаётимнинг ярим бўлаги.
Яшамоқ афзал – деб қамоқхонада
Кўзёш тўккан тунлар, юкли аёлим...
Ҳайрат ҳассосига суялиб бугун,
Бу улкан бинодан узолмайман кўз.
Юрагимнинг чуқур жойида нечун,
Вулқондек отилур
Ҳаяжонли сўз?!..
Бу улкан бинога қарайман илкис,
Денгизда кемадек юзаётир у.
Ажабо қурилган,
Кемага эгиз,
Бош тираган осмон тоқига мангу!
Қарангки, қаршимда яна бир бино,
Узун, нозик, кўркам,
Худди паризод.
Буюк меъморларга қиламан дуо,
Сўнмасин гулдайин ноёб истеъдод.
Ғаройиб Ватан бу,
Эртаклар юрти,
Янги Ўзбекистон яралди бу кун.
Дунёга донг таратар сийрат, суврати,
Ватаним шаънига шеър битмай нечун?!
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
СИРҒАЛИ МЕТРОСИДА
Сирғали тарафга елади метро,
Гоҳ ер ости,
Гоҳ очиқ ер узра.
Гўёки учади руҳимиз аро,
Ўтмайди лаҳзалар беҳуда сира.
Куни кеча метро қучоғида мен,
Йўлга тушдим шодон Сирғали томон.
Ёнимга отахон ўтирди вазмин,
Хотиржам,
Шодлиги кўзида намоён.
– Йўл бўлсин, отахон –
Ҳамроҳдир асо,
– Набирам уй олган, сўнгги бекатдан,
Чевара соғинчи ўртади роса,
Тирранча ўрганган менга ҳалитдан.
Уйим Юнусобод даҳасида нақ,
Остона ҳатласам, ғизиллар метро.
Ёшларни сира ҳам қилмайман илҳақ,
Хабар олмоқдаман
Баъзан кун аро.
Кўнглимиздек очиқ,
Равон йўлимиз,
Билсангиз Сирғали ёшлар даргоҳи.
Қолсин ортимиздан ёруғ изимиз,
Ҳавода учмасин ҳеч кимса оҳи...
Гўёки учаяпмиз очиқ ҳавода,
Бекатлар-да очиқ,
Мунчоқдек уйлар.
Поезд учар қушдек гўзал навода,
Юртим менга жаннат янглиғ туюлар.
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
«ДУНЁ» БОЛАЛАРГА
Бепоён юртимнинг ҳар гўшасида
Ҳаво соф, беғубор, гиёҳлар турфа.
Кийик ўт,
Ялпизу анғиз расида,
Умрга қўшади янги саҳифа.
Ватан кенгликларинг ҳар қаричида,
Янги мактаб,
Боғча салобат тўкур.
Биноларнинг ёруғ, кўркам бағрида,
Ёш кўнгиллар қувнаб олади шуур.
Нозим Ҳикмат ният айлаган каби:
“Дунёни топширайлик болаларга”.
Мисоли кўзмунчоқ
Болалар сафи,
“Дунё” берилмоқда гуллолаларга!
“Беш ёғоч кўли”да бунёд этилган,
“Magic City” сари кираман ўктам.
Бинолар антиқа,
Европа кўчган,
“Озодлик” қўллари қурган мустаҳкам.
Ортимда набирам Муҳаммад Иқбол,
Гоҳ мендан ўзади,
Баъзида эса...
Қадамида товуш берар истиқбол,
Парво ҳам қилмасман изғирин эсса...
Ватан, кенгликларинг
О, руҳ бахш этар менга.
ҲАЗРАТ НАВОИЙ
ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА
Набирам қўл тутиб мени бошлайди,
Улуғ зот Навоий пойига дадил.
Қўл чўзиб юксакка
Кўз қир ташлади,
Навоий ҳайкали бунчалар адл?
Алишер Навоий шеърият қуёши,
Нечун,
Қуёш пастда бўлиши керак?!
Олти юз йилларки туғилган ёши,
Адабиёт бизда ҳамиша юксак!
Ҳайкаллар боғ ичра шеър ўқир ажаб,
Ўтмишдан эртаклар “сўзлайди Қаҳҳор” ,
Ўлмас асарлардан сўйлар,
Сўз тежаб,
Озод Шарафиддин домла бахтиёр.
Файнбергнинг ўзбекча урган юрагин,
Булбулдек сайратар Рустам Мусурмон.
Яна қанча шоир,
Адиб дилида,
Юрт мадҳи куйланар тўлиб беармон.
Ҳайкаллар пойида чопар набирам,
Уюшма уйида ёниқ чироқлар.
Танамдан шамолдек тарқар
Чарчоқ ҳам,
Мени етаклайди йироқ-йироқлар...
Ватан, кенгликларинг
О, руҳ бахш этар менга.
«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН» БОҒИ
Пойтахт ёнбошида бир боғ яралди,
Ҳали дарахтлари
Ниҳол ўспирин,
Шавкати замину кўкка таралди,
Боғ оралаб кезар шаббода сарин.
Хумо қуши кўкда қоқади қанот,
Гўё учаётир Ўзбекистоним.
Улуғ алломалар руҳи барҳаёт,
Вужудимда Ватан –
Яйрайди жоним.
Бу боғда Ўзбекистон ўтмиши тирик,
Чўлпону Беҳбудий, Мунавварқори,
Абдулла Авлоний қоқмоқда киприк,
Энди
Юракларда йўқ эрур зори...
Бу боғда байрамлар ўтади хуррам,
Жаранглайди қўшиқ,
Дутор овози.
Шоирлар, бахшилар руҳида илҳом,
Қўлдан тушмагай санъаткор сози.
Ватан, кенгликларинг
О, руҳ бахш этар менга.
«ДЎРМОН» ИЖОД УЙИДА
Дўрмон боғларини кезаман ўйчан,
Чинорлар осмонни турар кўтариб.
Барглари тўкилган
Дарахтлар бўйчан,
Ортимдан эргашар кимдир йўталиб.
– Эй, сизмисиз, шоир,
Қандай Наманган?
– Гулларга бурканиб очмоқда чирой.
Шаҳарлар, туманлар қаддин ростлаган,
Муҳташам қурилган ёшларга сарой.
– Ибрат мактабидан сўз очинг аввал,
Ёш шоир, адиблар
Яшар адабиёт.
Уят эрур сўздан тутилсангиз сал,
Мактаб қучоғида шарқирар ҳаёт.
– Мана Асқар Мухтор дала-ҳовлиси,
Ўзи эккан эман гуркирар ҳамон.
Чорлаб турар хушбўй,
Ўтли нафаси,
Китобларга тўла ҳали ҳам тахмон.
Яшаган бу уйда Иброҳим Раҳим,
Беҳилар, олмалар саф тортган қатор.
Ўтса-да қанча йил,
Юз йиллар балким,
Мевалар тугади букчайган анор.
Яхшидан боғ қолар, ёмондан эса...
Ҳали ҳамон дилда Иброҳим Раҳим.
Дарахтлар барг ёзар
Гар асрлар ўтса,
Башорат беради вужудда руҳим.
Аёл шеъриятида сололган довруқ,
Зулфия овози тутган дунёни.
Бадан жунжикмоқда –
Тобора совуқ,
“Мушоира” қиздирар ўтдек ҳар ённи.
Шоир, ҳали кўпдир дала-ҳовлилар,
Ана Саид Аҳмад, Қаюмов домла.
Пиримқул Қодиров –
Шодланган руҳлар
Теграмизда кезар муҳаббат ила...
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
ХОТИМА
Ватан, достон ёзсам таърифинг узун,
Қучоғинг бепоён,
Чексиз нақадар.
Юрмаган йўлимдан юрсам-да куну тун,
Балки етолмасман, оғирдир сафар.
Ватан, достон ёзсам ўтмишинг узоқ,
Кўнглимда кечмоқда
Мангу муҳаббат.
Сувратинг чизмоққа истеъдод йироқ,
Сен учун ўзни бахш этурман фақат.
Ватан, достон ёзсам,
Тарихинг қадим,
Амир Темур бошга кўтарган сени.
Шоҳ эмас, Улуғбек сенга мунажжим,
Буюклар ҳайратга солишган мени.
Термизий, Насафий, Марғилоний ҳам
Сенга фарзанд эрур
Мукаррам зотлар.
Умрлари ўтса-да нафаси бардам,
Сенга бахш айлайди учқур қанотлар.
Ватаним ўтмишинг узундир беҳад,
Ёзмоққа етмайди қаламим кучи,
Қайноқ туйғуларим
Билмайди сарҳад,
Бугунинг ёзолсам шул менинг бурчим.
Учинчи Уйғониш давр пойдевори,
Ватан кенглигида руҳ топди абад.
Оламга таралди унинг виқори,
Халқим тафаккури
Юксалур баланд.
Ай, жоним, янгидан яралган Ватан,
Бу кун озод,
Эркдур қўлингда қушинг.
Довюрак Юртбоши сенга жону тан,
Ярашмоқда сенга дунё қучишинг!
Ватан, кенгликларинг,
О, руҳ бахш этар менга.
Муаллиф ҳақида: Турсун Али (Ўрмонов) – шоир, таржимон. 1952 йилнинг 5 Февраль куни Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Тошйўли қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, 1981). Унинг илк шеъри 2-курс талабаси бўлганида республика нашриётида чоп этилган. У “Чўлпон” ва “Адолат” таҳририятлари, “Ўзбекистон овози” газетасида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
Турсун Алининг “Яшил овоз” (1979), “Юракдан сўз” (1983), “Ёруғ кунлар” (1985), «Изтироб остонаси» (1992), «Тун товуши» (1993), «Ёлғизим» (1995), «Уйғоқ сукунат» (1999),“Ягона” (1999) «Туйғулар ранги» (Сайланма, 2001), «Сокин хайқириқ» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.