ИЗТИРОБ
Адиба УМИРОВА
ИЗТИРОБ
Бунча қўлларинг узун
Сен етмаган одам йўқ.
Кўзинг равшан дастингдан
Ҳеч ким қочолмас аниқ.
Дард чекарман кечалар
Оғриқ босилмас шу тоб.
Юпун, фақир умримнинг
Гўзал исми Изтироб!
Кимим бор сендан бошқа
Кар, соқов бу рўёда?
Ҳамма бир кун индамай
Ташлаб кетар дунёда.
Ҳар бошда бир етимлик
Охир айлагай хароб.
Адибанинг отаси,
Онасидир - Изтироб!
Ғамдан маҳзун опаси,
Дардкаш акаси ғамхўр.
Ёстиқлари ҳўл бўлган
Синглисидир шўрлик, ғўр.
Ишқидан қолган ёдгор,
Қандай золим бағритош.
Темирдан ҳам темирдир,
Тошдан қаттиқ тошдир, тош.
Оҳ, Изтироб, Изтироб,
Нозик жонимга ўчсан.
Севганимда ожизу
Айрилиқда кучлисан.
Қизинг бўлай, қай она
Ўз жигарин қиймалар?
Эртага мен борми, йўқ,
Фақат (бир Худо билар!..)
Деманг, у на фаришта,
На Азозил бу телба.
Изтиробнинг боласи
Адибажон, Адиба....