Афзал Рафиқовга табрик
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актёри, дубляж устаси - Афзал Рафиқовни таваллуд топган куни билан табриклаймиз! Афзал Рафиқовга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!
Маълумот: Афзал Азимович Рафиқов - 1948 йилнинг 21 Август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ артисти (2000). Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1974). 1973—87 йиллар Ҳамза театрида, 1987 йилдан Аброр Ҳидоятов номидаги театрда актёр бўлиб ишлаган. Яратган образларидаги дард, изтироб, қарама-қарши ҳиссиётлар, ўзига хос мусиқавий овоз, ранг-баранг оҳанг, тиним ва босимлари билан томошабинни ўзига ром этишга эришган, шунингдек, романтик анъаналарни ҳаётий талқин усули ила уйғунлаштира олиши билан ажралиб туради. „Қароқчилар“ (Ф. Шиллер) спектаклидаги Швейсер роли билан саҳнадаги фаолиятини бошлаган. Кейинчалик Александров (Л. Толстой, „Тирик мурда“), Зокиров (С. Абдуллин, „Ўн учинчи раис“), Тарсо (Т. Тўла, „Нодирабегим“), Навоий, Искандарнинг отаси (Ш. Ризаев, „Искандар“), Фаридун (Фирдавсий, „Фаридун“), Яго (У. Шекспир, „Отелло“), Лир (У. Шекспир „Қирол Лир“), Аслзода (А. Сагарели, „Хонума“) каби роллари билан танилган.
Кинода („Яратганга шукур“да Аҳмад, „Алпомиш“да Бойбўри ва бошқалар), телевизион фильмларда („Диёнат“да Прохор, „Гирдоб“да илмий котиб, „Ичкуёв“да Сергей, „Омон бўлсанг, унутма“да Гусков каби) ҳам суратга тушган.
Афзал Рафиқов ўзбек дубляж санъати ривожига катта ҳисса қўшганлардан. У 1000 дан ортиқ фильмга овоз берган („Лев Толстой“да Толстой, „Ғалаба“ фильмида Сталин, „Ҳаёт мазмуни“да Усмон Юсупов ва бошқалар). Бир нечта телевизион ҳужжатли фильмлар матнини ўқиган. „Гулшан“ радиожурналининг бошловчиси, бир қанча радиопостановкалар („Усмон Носир“, „Ҳабиб Абдуллаев“ ва бошқалар)ни олиб борган.
Афзал Рафиқовнинг шоҳ асари ўзи айтгандек умри давомида қилган ишларининг энг яхшиси бу Қуръони Каримнинг ўзбек тилида ўқиганидир.