Куздан мактуб олдим
Куздан мактуб олдим...
Шунчалар ғамгин,
Ҳувиллаган тонглар, йиғлаган осмон.
Ҳар япроқда чизилганми дард?
Эзиласан, эслаган сайин.
Куздан мактуб олдим.
Чексиз хавотир.
Шамолга ишониб яшайсиз узоқ...
Қайларга бош олиб кетишни айтинг!
Куздан олган дарсим, маҳоратим шу~
Ўзимни синдириб, ўзимга қайтиш...
Куздан мактуб олдим.
Ярадор оҳанг...
Ёмғирлар лабидан тўкилган қўшиқ,
Менгача минг марта ўқилган китоб.
Биламан, гул фасли келгунича то
Бу боғлар соғинчдан йиқилгай...
Сиздан мактуб олдим.
Куздан ҳам ғариб.
Туйғулар бегона, таниш изтироб.
Биламан, ҳар лаҳза ғанимат...
Ўтган кунлар учун берилмас тилхат.
Тангримдан фотиҳа сўрайман фақат,
Қайта гуллаётган дарахтга ўхшаб...
Куздан мактуб олдим...
Маруса ҲОСИЛОВА