Ўзбекистон халқ шоири - Ҳалима Худойбердиеванинг 1968 йилда чоп этилган «ИЛК МУҲАББАТ» номли шеърий тўпламидан. "Дардкаш қалбни излайди".
Музаффар Муҳаммадназар ижросида.
Ўйламангки, унинг қалби йўқ —
Кўпни севар, кўпни кўзлайди.
Ҳамма билан бўлса ҳам дўст, шўх —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Ҳаёт такрор учраштираркан,
Кимни «сен»лаб, кимни «сиз»лайди.
Йўқ, уларга бермайди у тан —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Дерсиз «ошиқ»лари эмас кам,
У, қанчаси унга сўзлайди».
Дил розларин тинглаб туриб ҳам —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Ёки деманг «қиш совуғидай, —
Унга яқин юрган музлайди».
Ўзгаларга ҳарорат бермай —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Деманг, маъюс тортиб қолган дам —
«Унутган ошиғин эслайди».
Ишончини ҳамон қилмай кам,
У бир дардкаш қалбни излайди.
1967 йил 8 июнь