ЖАЙДАРИ ТАСАВВУР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЖАЙДАРИ ТАСАВВУР
Самолётлар адашди йўлдан,
Тўхтаб қолди поездлар бирдан...
Бу дунёни зулумот қучди,
Бор йўғи — чироқ ўчди.
Идорада тошдай қотди иш,
Компьютер жим... ҳамма фаромуш...
Бошлиқ ҳайрон оғзини очди,
Бор йўғи — чироқ ўчди.
Қўрқиб кетдик — аён дардимиз,
Биз чироққа қулмиз, бандимиз...
Гўё олам йўқликка учди,
Бор йўғи — чироқ ўчди.
Қайда қолди кўнгилдаги нур?
Қалбингни кўр! Наҳот қалб ҳам кўр?!
Қачон дилга зимистон кўчди?
Бор йўғи — чироқ ўчди.
Тараққиёт гоҳо тасқара,
Наъра тортар — қилар масхара
Еру осмон жойидан кўчди,
Бор йўғи — чироқ ўчди.
Адаштирар сени бу олам,
Ўзингда нур бўлмаса одам.
Шу он дилдан кўп ўйлар кечди...
Бор йўғи — чироқ ўчди.