АЁЛ



Зулфия МЎМИНОВА.

АЁЛ

Сен аёлсан ўзингда куч топ,
Гулдек нозик вужудинг билан.
Сен аёлсан хиёнатни чоп,
Илоҳи нур, сужудинг билан.

Сен оловга ёнишдан дарс бер,
Шеър ёза бил тиғлар устида.
Сен гулларга ҳусиндан қарз бер,
Рақисга туш чўғлар устида.

Атрофингда қашқир увуллар,
Сен ёниб тур, илтимос сўлма.
Дунё йиғлар, дунё ҳувуллар,
Сен ўлмагин, илтимос ўлма.

Эзгуликни эмизган ўзинг,
Ҳалолликда танҳосан, тоқсан.
Боласига чопган оҳусан,
Сен Онасан, шу билан ҳақсан.

Болаларинг жавдириб қўрқиб,
Келишингни кутар букулма.
Сиртмоқларни тишинг билан уз,
Сен ўлмагин, илтимос ўлма.

Сен ҳавосан жон бер, ҳаёт бер!
Зулматларни тўлдир зиёга.
Сен меҳр бер, куч топ ва кечир!
Мухаббат бер, ишқ бер дунёга.