Карантинда
Халқимга
Салом-алик ҳавода қотди,
Босолмайман Сени кўксима...
Тождор иблис чегара тортди
Ўтар бу кун... Дўстим, ўксима.
Ўтар бу кун... Чида барига,
ўз уйингда майли, олгин тин.
Бу дунёнинг шаҳарларига
Қулф осмоқда бугун Карантин...
Ўтар бу кун... Юрт узра байрам
навосида ўйнар гулчаман...
Еру Осмон қалбда бўлар жам
Ғолиб Халқим, Сизни қучаман!
Ҳозирча... Жим! Дил очдим Ҳаққа
Меҳр инди. Чекинмоқда кек...
"Қўлсиз" ўтган шу кунлар ҳаққи,
Қўлларингни ўпаман, ўзбек!
31 март, 2020 йил.
Қўчқор Норқобил