Дўстим Мавлудахон Қобуловага
Мавлуда Қобулованинг хотирасига бағишланади.
Кўзлари кўнглидек чиройли дўстим,
Кўнгли кўзларидек чиройли дўстим.
Олдинда ҳали кўп яхши кунлар бор,
У кунларга бирга борайлик дўстим.
Дўстим,
Ортингдан тош отиб турганларга ҳам
Сиз олдин ўтинг-деб, йўл беришинг кўр.
Касби чақиш бўлган илонларга ҳам
Косада сут тутиб қўл беришинг кўр.
Дўстим,
Бошларини силаб аждарҳоларни
Оғзидан оловин сўндиришинг кўр.
Мени ғажимоқчи бўлган итларга
Ўзингни тишлатиб жим юришинг кўр.
Дўстим.
Бизни душман санар, қочар ҳарсиллаб,
Нафсига бўрилар уя қурганлар.
Майли, кўзимизга тик қарай олмас,
Кўзида тулкилар ўйнаб юрганлар.
Дўстим.
Қултум сув, тишлам нон зиёфат бизга
Бир ўзига аён каму кўстимиз.
Беш кунлик бу дунё зиёрат бизга,
Аллоҳнинг дўстлари бизнинг дўстимиз.
Дўстим.
Кўзлари кўнглидек чиройли дўстим,
Кўнгли кўзларидек чиройли дўстим.
Олдинда ҳали кўп яхши кунлар бор,
У кунларга бирга борайлик дўстим.
Зулфия МЎМИНОВА.