МАЛИКАМ
МАЛИКАМ
Сен қуёшнинг заминдаги ёғдусисан,
Сен халқимнинг ўлмас, асрий орзусисан,
Рухсорингга осмонда ой лолу ҳайрон,
Сен қалбимнинг - пўртанали туйғусисан.
Шўх малагим, Малика,
Камалагим, Малика.
Қанотинг ёзиб ўйна,
Капалагим, Малика!
Сен кўнглимнинг жозибаси, дил эркаси,
Қароғида ардоқдайди гул ўлкаси.
Она юртим бокираси, дилбар қизи,
Сен — рақсимиз гултожиси, маликаси.
Олам сархуш, сипқормайди гулгун бода,
Изларингдан бўса олар шўх шаббода.
Сен ўйнасанг, елка қоқар еру осмон,
Сайёралар бўйларингда шода-шода.
Сен ўйнасанг, кўк айланар — чархипалак,
Сен ўйнасанг, етти иқлим чалар чапак.
Ўт чақнайди қадамингдан, зебо санам,
Оромини йўқотади ошиқ юрак!
Нормурод НАРЗУЛЛАЕВ.
1982 йил.
Нана ХАН фотоси.