Турсунбой Пиржоновна табрик
"Дўстлик" ордени соҳиби, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театри актёри – Турсунбой Пиржоновни туғилган куни билан табриклаймиз ва устоз санъаткорга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, энг эзгу тилаклар, янада юксак унвону эътирофлар тилаймиз!
Маълумот: Турсунбой Марипжонович Пиржонов 1953 йил 6 сентябрда Қозоғистон Республикасида таваллуд топган.
1973 йилдан эътиборан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида олий тоифали солист-вокалист сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
У ўз ижоди давомида турли характердаги образлар яратиб, томошабинлар меҳрига сазовор бўлди. Айниқса, у яратган «Тошболта ошиқ»даги – Суннат, «Навоий Астрабодда»ги – Қулмуҳаммад, «Ўжар»лардаги – Қувондиқ, «Тошкентнинг нозанин маликаси»даги – Рафиқ, «Дилафрўзга тўрт ошиқ»даги – Исмоил, «Саратондаги изғирин»да – Мурод Тоҳирович образларини театр ихлосмандлари яхши билишади.
Шу билан бир қаторда «Сойибхўжа операцияси»даги – Ота, «Ўлдинг азиз бўлдинг»да – Аваз ота, «Суперқайнона – 1, 2 да» Отажон, «Кўнглимнинг кўчаси»да – Эр, «Тошкентнинг нозанин маликаси»да – Прокурор, «Машраб»да – Жаллод, «Тобутдан товуш»да – Юсуф, «Бу телба хонадон»да – Ботир, «Синфдош ёки куёвликка номзод»да – Чаман чойхоначи, «Сохта малика»да – Шаҳзода, “Топталган туйғу”да – Профессор, “Уйғониш”да – Самандар, “Гаровдаги муҳаббат”да – Чол, “Дилдаги доғ”да – Холли, “Сарвқомат дилбарим”да – Ўрамат ота каби турли жанрда яратган 100 га яқин хилма-хил образлари алоҳида таҳсинга сазовордир.
Турсунбой Пиржонов театрдаги фаолияти билан бир қаторда кино, телесериал ва телевидение санъатида ҳам ўзини намоён эта олган ижодкорлардан биридир.