ЯХШИЛИК


Адиба УМИРОВА

 ЯХШИЛИК

  Ҳар қандай шоир туйғуларни аввал яшаб, кейин ёзса керак...  Юрагини қиймалаб-қиймалаб, аччиқ кўзёш ва пешона тери билан!.. 
  "Яхшилик" шеърим икки китобимга ҳам кирмаган. Баъзан дарёга оқизиб юборгим келади. Кошки,  оқса қутулсам... Аммо бу катта шоира бўламан, деб пойтахтга отланганда молбоқар дугоналари  устидан қотиб-қотиб кулган (о,  ўша кулгулар бугунги кулгулар олдида нақадар самимий ва тоза), ярим тунда деразадан ташлаб шаҳарга қочиб кетганда  ортидан саккиз йил бир партада ўтирган синфдоши ахтариб келган ўша нодон қизнинг ёшлик дафтаридан...(на ўтда ёнади, на ерга кўмиб бўлади) Шу биргина арзимас хатоси учун онаси отасидан қўрқиб ҳали ҳам яхши гапини бермаса-да, тушларида ҳам дуо қилиб турган волидасининг марҳамати туфайли жонини суғуриб олишга ажалнинг ҳам кучи етмаган, ҳеч бало урмаган,  ҳали ҳам тирик, аммо оддий бир яхшилик қошида ожиз қолган аёл воз кечолмаган шеър бу!.. 
  Бу суратлар ҳам қишлоқи дугоналари талабига биноан олиниб,  нондан чегириб қолинган қиммат маркали конвертларда жўнатилган!..  
  "Дугон, энг катта орзуим мустақиллик майдонидаги  турналар тагидан бир ўтиш-да!..",  "... ўқишга кирганда талабалар суратга тушадиган фаввора ёнида  расмга тушиб жўнат!" ва ҳоказолар...  Қолганлари (болаларига мақтаниб кўрсатиш учун) фақат телевизордан кўрган, юзма-юз учрашишни ҳатто орзу қилолмаган олимлар,  ёзувчилар,  шоирлар билан тушилган!.. 
  Акбар, дегич жўрамиз бор эди. Эслайсизми, Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят театрида сиз билан роль ўйнаганман. Сиз олдинроқ пойтахтга кетгандингиз!.. Қаердасиз?..Ишларингиз юришиб кетган бўлиши керак. Сиз жуда истеъдодли ва тиришқоқ эдингиз. Ҳозир кўрсам танимасам керак, аммо санъаткор бўламан, деб калишда пойтахтга отланганингизда саккизинчи синф ўқувчиси эдим...  Ютуқларингиз ҳақида билгим келади.
  Хуллас,  яхшиларга ўша яхши шеър!!!
                  
  ЯХШИЛИК

Совуқ. Вокзал. Жўнаб кетди поезд ҳам ортга
Нотаниш бир шаҳар узра хаёлим сузар.
Сал нарида киссавурлар турар кузатиб,
Уч-тўрт шилқим ташлар эди илмоқли назар.

Акам тенги, ундан ҳам ёш бу бўз йигитлар
Ўлжа пойлаб ўтирарди куппа-кундузи.
Қишлоқ қизларидек чиройли қақилдоқлар
Ярим тунда мижоз кутар қизариб юзи.

Бекатдаман. Китоб тўла қўлда чамадон,
Ҳаяллаган уловлардан бирор нажот йўқ.
Кўчадан бир овоз келди: Ҳой, қиз юр кетдик,
Сени тунаб кетишади бўлмаса, аниқ!..

Машинага тезроқ ўтир, шамоллаб қолма,
Уйим яқин... Қўрқув билан эргашдим охир.
Тонг отмасдан қолдирдим бир ёғоч столда:
"Раҳмат, Сизга!.. Миннатдорман! Қуллуқ. Ташаккур!"

У йўлимни кесиб чиқди: Қандай одамсан,
Танишайлик. Хафа қилдинг. Исминг муҳиммас.
Раҳматингни қайтариб ол, мен яхшиликман,
Яхшилик, деб юрагингга солиб қўйсанг бас!..

Мен ўшанда ўн тўққизда эдим чин сўзим
Ишонар ёш одамларнинг кўзига қараб.
Безорилар кўчасининг муюлишида
Фариштага дуч келганим билдим эрталаб.

Шундан бери вокзал борсам кўринар ҳамма
Шу инсондек қони тоза, зоти муҳтарам.
Мен унга ҳеч кимман, у ҳам менга бегона
Бир яхшилик боғлаб турар бизни ҳали ҳам.

Бундайларни кам учратдим ўттиздан кейин
Соғинч билан қумсагайман ўша кезларни.
Сиз-чи, эслай оласизми, яхшилик қилиб
Қайтимини олмаган ул иссиқ юзларни?..

Дунё пасткаш эмас худди биз ўйлагандек
Ишонаман ўн тўққиз ёш юрагим билан.
Яхши ният билан чиқса кимдир кўчага
Бир яхшилик кутиб турар уни биламан!..










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот