САЛОМ, ТОНГ МАЛИКАСИ!


Қўчқор НОРҚОБИЛ


САЛОМ,  ТОНГ МАЛИКАСИ!
ҳикоя

Кайфиятга ғубор қўнди. 
Саҳарлаб бошимда бойўғли сайради. 
Ташқарига отилдим. 
Сафсатангни сукунат есин-е... 
Дунёдаги энг софҳаво ва гўзал ўлкаларидан бири, тўшида сиҳатгоҳлар тизилган тоғлар билан ўралган оромшаҳар субҳ эпкинлари оғушида оройиш олаётган палла. Осмон бўзариб, тонг қуши қанот отмаган чоғда, чўққилар сари тортилган айланма торсўқмоқлар ёриб ўтган қуюқ ва тик эманзор оралаб, бошоғди ҳолда аллақаергадир кетиб бораётгандим. Нима бўлса ҳам, анавининг, жағига жизғанак ургур ҳамхонамнинг вайсашларидан безиб қолганимни ич-ичимдан тан олдим, тушдан сўнг ўша хонадан ё ўзим қурийман, ё уни йўқотаман.
Косигин (ўша собиқ шўро даврининг йирик сиёсий арбоби) бобо шарафига қўйилган Косигин сўқмоғига етмай сўл тарафга йўл олдим. 
Дарвоқе, шу ерда бир-икки жумла изоҳ берсам девдим;  хуллас, камина дам олиш учун келган бу жойларни чиндан ҳам ер устининг беҳишти деяверинг. Кавказнинг кўкраги. Кўкрак бўлгандан кейин юрак ҳам, ўпка ҳам шунинг ичида-да. Юраги хаста, ўпкаси ним-нимкала одам борки, қурбақача қурби бўлса шу ёққа интилади. Хуллас, ҳар қандай хасталикни маъданли сувию соф ҳавоси билан даволайдиган бу жойларда эски замонлардан, ўша СССР деган давлат дунёга довруқ солган пайтлардан бери, мамлакатнинг бош раҳбари Брежневдан тортиб барча казо-казолар, пешқадам ишчи-деҳқон, илғор механизаторлару сут-соғувчилар ҳам шу ерга йилда бир марта келиб ҳордиқ олишган.  Теп-текинга, йўлланма “йўлурди” қилинмаган. Болалигимда қўшнимиз Раҳмонқул бобом ҳам тракторини нишабликка қўйиб, ғилдираги тагига харсангни тақаб, ўриси жамодонини кўтариб, аллақаёқларга жўнаб қоларди. Орадан анча вақт ўтиб яна сўримизда пайдо бўлар, оёқни узатиб, болишга ёнбош уриб, гурунгни олар эди:
— Э-е-ей, ҳамсоя, бу дунёнинг охири жўқ. О-о-о-о, ана жойлар, мана жойлар... Борганимизда билдик, икки кун олдин Брежнев ҳам дам олиб кетган экан. Шундай гаплар. Катталарнинг бари шуяқда. Ай-й-й, анави минерал сув ўлгурлар варқиллаб булоқдан отилиб чиғаяпти. Тоғларини айтмайсиз, нари томон Грузия, бери томон Абхазия. Хуллас, бу Кавказ деганлари ажойиб жой. Худойим ернинг устига жаннатни ўрнатиб қўйибди, денг. Ҳавосини айтмайсиз журакда қонди қайнатиб, ўпкани жораман дейди, ҳа, шундай тоза...
Чорпояда отам ва бошқа қўни-қўшниларнинг ҳайратига хода боғлаганидан мамнун илжайиб турган Раҳмонқул бобомга мен ҳам маҳлиё бўлиб қарайман. Шундай гўзал жойларни кўриб, поезду самолёт деган нарсаларга қўрқмасдан чиқиб, уйига соғ-саломат келган бобомга завқланиб, ҳавас билан тикиламан.
Лабларим беихтиёр пичирлайди:  “Мен ҳам катта бўлсам, ўша ёқларга бораман...”
Айни чоғ, сўқмоқ бўйлаб пастга, олиймансаб қавм ташриф буюрадиган ўша салобатли сиҳатгоҳ ёнидан ўтаётиб Раҳмонқул бобомнинг гурунглари ёдимга тушди: “Брежнев ҳам дам олиб кетган экан. Катталарнинг бари шуяқда...” Беихтиёр жилмайдим. Сиҳатгоҳга туташ торйўлак четидаги ўриндиқда чўққиларга кўз қадаб, ўтирган жойида аллақандай ботиний қувватга эга жисмоний машқни адо этаётган хонимга нигоҳим тушди. Э-е-е-ей, жудаям таниш чеҳра... Э-е-ей, анави-ку, актриса, русларнинг машҳур актрисаси, ҳа, ўша, ё... Ўхшармикин, йўқ, кечагина Россия телеканалида ҳам шу хурлиқо бош ролни ўйнаган кинони беришди, анави вайсақи бойўғли, хонадошим Холбозор “Оҳ-оҳ-оҳ-ҳееей, қоматингдан аканг, қирқ қул қурбон бўлгудай-а, шундай киноларга сиз ҳам қизиқасизма, шайир (ҳа айнан шайир, шоир эмас)?,  деб ҳе-ҳилаб елка ўйнатганди. Ана, сўл ёноғи, лабига яқин мийиғидаги қаҳрабо нуқрасидайгина  қора ҳоли ҳам бу коинотнинг самовий қудратига нурли ришталар билан боғланиб турибди, гўё. Чарақлаган кўзи ҳамда Худойимнинг меҳри саҳоватидан баҳраманд тип-тиниқ жозибадор, бироз чўзинчоқ юзи-ю  елкасида тўлқин уриб, кўпириб-тошган ёйиқ олтинсоч толалари бари-бари уйғун тортиб, тонгни сеҳру жодуга чўлғашга чоғланган эди,  десам, ишонаверинг.  Ҳа у айнан  ўша,  рус киносининг чароғон юлдузларидан бири эди. Мен уни танидим!
Ҳушим оғдими, билмайман, ё чап елкамда жин ноғора қоқдими, ўзимдаги аллақандай довдир туйғулар туғёнида тонг маликаси, ҳиссиётлар оғушидаги “Кавказ асираси”нинг ёнига бориб ўтирдим.
— Салом, Кавказ асираси! Йўқ, Сизни Тонг маликаси, десам ярашаркан... Мени бу ёққа қандай куч тортганини энди тушундим. Яхши дам олаяпсизми, азизам (хонимнинг исми-шарифини айтдим —  фалончи писмадончиевна)!
Актриса менга бироз кибор, бироз самимият ҳисси билан термулди.
— Раҳмат, яхшиман!, — яна олис чўққиларга кўз қадади.
— Мен Сизни жудаям ҳурмат қиламан. Сиз гўзал истеъдодсиз? Худо хоҳласа, Сизни яқинда менинг “Кўзларингни кўргани келдим...”, деган асарим асосида суратга олинадиган фильмда асосий ролни ўйнашга таклиф қилишади, — дедим томдан тараша тушгандай қилиб.  
Ўлай агар, бу гап хаёлимга қандай келди, қаёқдан тилимга кўчди, билмайман. Қачонлардир орзу отлиқ эзгу ният қўнгилда бир қалққандир, дунёнинг бир чеккасидаги шу гўзал, машҳур актриса Москвадан Хоразмга ўз севгилиси “Контуж”ни излаб келган аёл ролини ўйнашини ва у билан  юзма-юз келишни орзу қилгандирман, лекин бу орзу эди-ку...  Ким билсин, ўшанда астойдил истаган бўлсам, осмон ёрилиб, овозим кўкдаги Эгамга етиб бордимикин, мана бугун у менинг қаршимда турибди. Тўғри, Сиз ишонмаяпсиз, бироқ ҳозир унинг ҳузурида турганимга ўзим ҳам ишонмаётгандим.
Актриса энди менга ҳайратланиб қаради, юзимга синчков назар ташлади. Ботинида тошган беғубор кулги юзига ҳам ёйилди.
— Қизиқ... Нега бунчалар ишонч билан гапираяпсиз? Асарингизни ким ўқиди? Нега айнан мен? Сизга буни қайси режиссёр айтди? Воқеа қаерда содир бўлади?
Аёл майин ва беозор оҳангда сўзлади, бироқ юзида алланечук ажабсиниш ва қатъиятли савол ҳиссини туйдим. Довдираб қолдим.
— Мен шуни хоҳлайман. Бу албатта, содир бўлади, — дедим ишонч билан.
У шарақлаб кулди. Ўрнидан турди. Олийқавм дам оладиган нуфузи юксак сиҳатгоҳга юз бурди.
— Майли мен кетдим. Сизга омад тилайман. Ўша асарингиз билан танишарман, Худо хоҳласа. Лозим топсангиз берарсиз, — деди. 
У охирги гапни шунчаки,  кўнгил учун айтганини ҳис этиб, ичимдан зил кетди. Ва, дилимдаги тилимга кўчди:
— Сиз барибир ўқимайсиз-ку.
У менга ялт этиб қаради:
— Нега бундай деяпсиз?
— Ўзим... Шундай..., — дудуқландим ва сўнгра: — Майли, сизга олиб келаман, эртага шу ерда кута оласизми?
— Келишдик. Эрталаб шу пайтда, шу ерда.  
Аёл кетди. Мен унинг ортидан гарангсиб қараб қолдим...
Бироздан сўнг ўзимга келдим. Гўё елкамдан қанот ўсиб чиққандай бўлди — мен сўқмоқ узра  эманзорлар оралаб пастга югурдим. Йўқ, мен югурмадим, учдим! “Раҳмат Сенга, Кавказ! Раҳмат Сенга, хонадошим Холбозоржон! Сен эрталаб асабимни эговламаганингда мен уни қаердан ҳам кўрардим. Э-е-ей. ҳар нарсанинг бир нарсаси бор, деб шуни айтишаркан-да-а, иним, Холбозоржон?!.. Бугун қанчалар вайсасанг ҳам майли, парво қилмайман. Қачонлардир қалбим қаърига чўккан хаёллар аниқ воқейликка, ҳодисага айланиб турибди. Ишонасанми, Холбозоржон, мен бу актрисани чиндан ҳам ҳайрату ҳавас ила ҳурмат қиламан. Ишонмасанг, ишхонамдагилардан сўра, унинг суврати компьютерим экранида ҳам доим чарақалаб туради. Мен унга: “Албатта, биз учрашамиз...” деб қўяман гоҳида. Мана, бугун уни кўрдим. Ҳали кўрасан, у менинг асарим асосида ишланажак фильмларда ҳам бош ролни ижро этади... Э-е-ей, ғалати бўлиб кетаяпман, бақиргим, тонги осмонларни қоқ бўлиб юборадиган баланд овозда бақиргим келаяпти, Холбозоржон!..”
Мен кайфиятим ҳам, ўзим ҳам тоза ва соф ҳаволардай енгил бўлиб хонамга қайтдим. Кирсам, Холбозор яна хуррак отиб уйқуни ураётган экан...
Холбозорнинг қизиқ одати бор экан, қизишиб кетса жойида туриб миянгга миз қоқа бошлайди. Ҳар гапининг бирида: “Гаров ўйнайман, бу бундоқ эмас, у ундоқ эмас...”,  деб жириллаб қолади. Унга бирор фикр айтишга ҳам юрагим безиллайди. Дарҳол: “Гаров ўйнайманки...”,  деб ҳиққилдоғимдан олади. Оч қулоғим, тинч қулоқ деб индамайман. Кошки унинг гапини эшитмасликнинг иложи бўлса. Гунг-сақов бўлиб сукут сақлашни эпларман, лекин Холбозорнинг ҳол урган гапларини эшитмасликнинг эвини қилолмай оввораман. 
Холбозор танишувимизнинг илк лаҳзасида ёзувчилигимни билгач, дабдурустдан шундай деди:
— Китоб ёзаркансизда-а? Шу пайтгача ёзилган китобларни кимлар ўқиркан-а? Шунчаси етмагандай,  сиз ҳам ёзиб-чизаркансиз.
— Ҳар бир китоб муаллиф тақдирининг бир бўлагида, укам, — дейман эсанкираб.
“Холбозор айиқполвондай бир лапанглаб ёнимга келади, икки елкасига Эльбурснинг икки қояси жой бўлгудай савлатдор бу одамнинг важоҳатидан дастлаб этим увишди:  “Сенга ўхшаган бир ёзувчи камайса камайибди-да...”, деб даст кўтариб тўртинчи қават деразасидан ташқарига отиб юборадигандай таассурот уйғотди. Ич-этим музлаб кетди. Ўрнимдан туриб диванга бориб чўкдим. У яна рўпарамга келди-да, гумбурлаган оҳангда гап қотди:
— Гаров ўйнамайманки, китоб-питобингизни бугун ҳеч ким ўқимайди. Китобнинг даври ўтди. Мана, тилипон бор, шундай очсак бас, ҳамма нарса чиқиб келаверади.
Унинг дабдурустдан бундай дейиши юзимга тарсаки тортгандай бўлди. Анграйиб қолибман. У лорсиллаб бориб диваннинг бир четига чўкди-да, менга беписанд боқди.
— Танишиб қўямизми? Исмим, Холбозор! Тоғ туманидаги нефтбазада ишлайман. 
Худди мен ундан қаерда ишлашини сўраётганимдай, буни билиш учун қизиқиб ўлаётганимдай маъноли қараб, томоқ қирди.
Энсам қотди: “Қорамойчиман, дегин оғайни. Шунга шунча димоқ-фироқми, қойил-е, баччағар...”
Холбозор ўрнидан туриб, тасур-тусур қилиб шкафни очди, кийим-кечак, “тўрва-халта”сини жойлади. Менга яна алланечук ҳайратомуз, беписандлик билан боқди. Шу қарашиёқ турмуш-мурмушимга синчилик эканлигини ҳис қилдим. Пулнинг тафти билан икки бути айро тортиб, босар-тусарини билмай қолганлар хилидан эканлигини англадим. Ҳиссиётларим алдамайди,   йўталмасдан юмронқозиқни уйғотоламан, ҳар ҳолда. Йўли пул, омади гул очган бу каснинг ортида тоғдай таянчи борлигини ҳам тушуниб етдим, одами зўрнинг қадами зўр, деган гап кечди хаёлимдан. Пулнинг иси қўтосни қутуртиради, дерди бир оғайним. Бу ҳам мошинмойни сотиб, ўндан иккини, тарсакидан тепкини уриб,  ҳамёнига Ҳимолайни жойлашга уринган очкўзлар хилидан эканлигини ҳам пайқадим. Пул қўтосни қутуртиради-ю, бу ким бўпти, танаси гўшт, ичи бўш бир шўрлик-да! Нима қиласан асабингни бузиб, бепарво бўл, бу ерга дам олгани келгансан...
Ҳайрият, кун бўйи турли хил муолажалар билан андармон бўлиб Холбозорни кам кўраман. Саҳар туриб тоғсўқмоқ бўйлаб юриб қайтаман. Эрталабки нонуштагача  сиҳатгоҳ ҳовлисидаги шафобахш Есунтуки маъданли суви чиқадиган қувур жумрагини бурайман. Тоза, ер тагидан ҳеч бир ишлов, химикат-пимикат қўшилиб, шишаларга урилмаган, табиий сувни асл ҳолида ичиишга нима етсин. Нонуштадан сўнг бошқа муолажалар бошланади. Нарзан суви тўлдирилган ванна ёки пар пуркайдиган ёғоч “бочка”дан чиқиб,  ўн беш-йигирма  дақиқа ҳордиқ олиш учун хонага кирсам, Холбозор девдай бўлиб ўз тўшагида чўзилиб ётган,  стол устида турли-туман шишада ичимликлар, мева-чевалар уюлган бўлади.  Даври-давронни емак-ичмакда деб билса керак-да. Онда-сонда ташқарига чиқади, шунда ҳам сиҳатгоҳ ёнидаги дўконга кириб у-бу егулик харид қилиб қайтади: “О-о-о, Кавказнинг винолари!! Бирам бошқачада-а!  Ичганмисиз?  И-е-е, нега? Ундай бўлса, бу дунёга келмабсиз-ку,  шайир!?”  “Келмасам, келмагандирман...”, — дейман энсам қотиб. 
Кеча ҳам асабимга эгов урди...
— Э-е-ей, шайир!  Келдингизми? Даволаниш режимига қатъий амал қиларкансиз-а? Бу дейман, шуйтсам юз ёшга кираман, деб ўйласангиз керакда-а?  Озгина отамизми?, — деди хонага кирган заҳотим ётган жойида ярим ёнбош бўлиб. — Шайирларнинг кўпи ичонғич, ҳалиги, алкашсипат бўлади-я, адашмасам. Мен ҳалиги зўр шоирларинг бор-ку, ҳаммангиз устозимиз деб сиғинасизлар... Ўша ака билан ҳам кўп отамлашганман. Ишонмасангиз гаров ўйнайман.
Зардам қайнайди. Ўзимни зўрға тутаман.
— Бу ерга нега келгансиз ўзи? Даволаниб озгина ўзингизга қарамайсизми?, — деб юбордим жаҳл устида.
У менга совуқ тикилди. Илжайди.
— Мен бу ерга дам олгани, маишат қилгани, ўйнаб-кулгани келганман. Ва, шундай қилаяпман. Гаров ўйнайман, бундан ортиқ ҳордиқ бўлмайди. Кимдан сўрасангиз сўрайверинг. Саломатлик чўнтакда.
Миямга қон тепди. Хонадан чиқиб кетдим. Маркетинг бўлимидагиларга кириб менга бошқа хона беринглар демоқчи эдим, эшик ёпиқ экан.
Кечқурун балконга чиқиб китоб варақлаб, хаёлимга урилган илдизи бор гапларни ён дафтаримга ёзиб ўтиргандим, қаршимда чайқалиб Холбозор пайдо бўлди.
— Шайир, ёзаяпсизми? Эй, дунёдан бехабарсиз-а. Пастда бадабанг дискотека бўлаяпти. Бир тушиб қармоқ-пармоқ отмаймизми-а? Ҳа деб, ёзиб чизаверманг, барибир Навоий бўлолмайсиз... Ёзувингиздан-е...
Ўрнимдан туриб кетдим. Шаҳд билан унга юзландим. Қаршимдаги хўппасемиз хумкалла, бақакўзнинг чалпакбетига тарсаки тортиб юборишимга оз қолди. Ўзимни зўрға тийиб, ташқарига чиқиб кетдим.
Хонамиз тугул, сиҳатгоҳ ошхонасида ҳам Холбозор билан бир столда юзма-юз ўтирамиз. У тўрт кишига мўлжалланган емакстолга энгашиб олиб нонушта-ю тушлик, кечки овқат пайтида ҳам тинмай вайсайди. Ёнимдаги шўрликлар, москвалик инженер ва варонежлик ўқитувчи миқ этмай овқатланишади, Холбозорга ҳадиксираб қараб-қараб қўйишади. Мен парво қилмайман, ўзича ўрисчани оёғини осмондан қилиб ерсўқди талафузда гапирадики, очиғи, ҳолинг шу экан, қисиб ўтирмайсанми, деган хаёлга бораман ижирғаниб.
— Холбозорбой, манавилар ўрнидан тургач, ўзимга ўзбекча гапираверинг, гапларингизни буларга унчалик қизиғи йўқ, — дедим маъноликкина қилиб.
— Булар ҳам эшитсин. Фикри кенгаяди, шайир. Булар ҳам Сизга ўхшаб одам иси ёқдирмайдиганлар хилидан экан... Кечаги гапга жавоб бермадингиз, сиз фалончи писмадончиевни танийман, дегандай бўлдингиз? У кишини қаердан танийсиз?, — деди дабдурустдан.
 Мен унинг аёрлик зирҳи билан қопланган сап-сариқ чалпак юзи, ёвузона йилтиллаган кўзига боқиб, нимадир сезгандай бўлдим.
— У кишини ҳамма танийди-ку. Ҳамма қатори мен ҳам, — дедим гап ўзанини бошқа томонга буриб.
— Шайир, тўғрисини айтаверинг, ўйин қилманг, у киши Сизни танийдими? Бирга ўтириб чой-пой ичганмисизлар,  демоқчиман?
— Йўқ, чой-пой ичмаганман. Лекин мени танийди, — дедим энсам қотиб.
Унинг юзи оқаринқиради. Юзида илжайиш пайдо бўлиб, кўзлари мўлтиллаб боқди.
— Фалончи Писмадончиевни-чи? У кишини ҳам танийсизми?
— Нимайди?
— Сўраяпман-да.
— У киши билан университетда битта курсда ўқиганмиз, — дейман атайлаб.
Холбозор ўрнидан туриб кетгудай бўлиб бир қалқийди.
— Сиз билан яқинми? Дўстми?
— Йўқ. Унчаликмас. Орамизга совуқчилик тушган, ҳуувв,  бир пайтлар. Шу-шу,  бир-биримизни хушлайвермаймиз.
Холбозорнинг юзида мамнунлик туяман. У хурсанд бўлади. Негадир қувонади. Шундай каттакон билан орамиз олислигидан севинади.
— Мен у киши билан яқин оғайниман, — дейди у талтайган кўйи. Кўкиш кўзлари ялтиллаб кетади. — Гаров ўйнайсизми, мен икковингизни яраштириб қўяман.
— Э-ей, йўқ,  керакмас. Катталардан олисроқ юрганим яхши. Сизга ҳам маслаҳатим, ҳа деб,  уларга суйкалавериб сугалини безовта қилманг, сиздан совий бошлашади.  
Тагдор гапнинг тиғи Холбозорга заррача таъсир қилмайди.
Хуллас, сув билан олов бўлиб бир хонада учинчи кунни ўтказдик. Бугун тонг саҳарлаб хонадан чиқиб, тоғлар сари кайфиятсиз йўл олганим ва анави машҳур ва гўзал актрисага дуч келганимнинг ҳам сабаби  Холбозор. Аниқроғи, унинг юрак ўйноғи қиладиган тузсиз гаплари-ю, бир тийинга қиммат тана-дашномлари туфайли, ўрнимдан шаҳд туриб ташқарига отилгандим.
Мана, бугун эрталабдан кайфиятим зўр бўлди. Хонага кириб девнинг ўлигидай чўзилган Холбозорга ҳазил қилдим. Тортмадаги Москвада чоп этилган китобимни олиб елимхалтага солиб қўйдим. Эртага эрталаб у билан кўришамиз, ахир. Китобимни бераман. Бошқа одам бўлганда ҳозирги тасодифни айтиб ҳайратга солардим, афсуски, Холбозорга бунинг қизиғи йўқ. Унга зўрдан ё зардан гапириш керак. Санъат-панатнинг қизиғи йўқ унга. 
Хуллас, кун бўйи димоқ чоқ. Холбозорнинг бору йўқлиги ҳам чақачалик аҳамият касб этмади.
Кечки пайт Россия телеканалида ўша, аёл муҳаббати улуғланган сериални томоша қила бошладим. Холбозор қаергадир гум бўлган эди. Мен актрисанинг ҳар бир ҳаракатини завқ билан кузатиб, у кинода рол ўйнамаяпти, у кинодаги ҳаётда яшаяпти, бу фильм эмас, бу табиий ҳаёт, деган ўйга бордим. Актриса роль ижро этмаяпти, у чиндан ҳам фильмда  яшаяпти, киприк қоқишидан тортиб, кўз қиригача табиий, драматик ҳолатга мос... Унинг фильмдаги ҳаёт қаърига сингиб кетганини ҳис қилдим.
Шу тобда эшик очилиб, тасур-тусур қилиб Холбозор кириб келди. Чайқалиб турибди. Илжаяди.
— Дискотека зўр бўлди. Нега чиқмайсиз-а? Э-е-ей, шайир.
— Кино кўраяпман.
— Э-е-ей, анави, париваш-ку. Зўр нарса экан-а? Сиз шу кинога қизиқиб қолдингиз-а? Буларнинг бари ёлғон-яшиқ гаплар. Ўз оти билан кино-ку. Лекин анавини, қаранг, мана шу аёл кетаворган экан. Кинода ҳам зўрлиги билиниб турибди. Қанийди,  шундай танишинг бўлса... Оҳ-оҳ-оҳ.
Бошимга гурзи урилгандай бўлди. Холбозорга нафрат билан қарадим. Бироқ лаҳзада келган бир ўйдан кўнглим ёришиб кетди.
— Бу аёл менинг танишим, — дедим.
— Ким?
— Шу, кинодаги аёл танишим бўлади. Яқин танишим.
— Манавими?, — деди у экранга қўлини теккизиб.
— Ҳа шу!
— Оласиз-а?
— Ишонмасангиз ишонманг. Эрталаб мен у билан кўришаман. У бу ерга мени деб Москвадан учиб келди, — дедим гапимнинг охирига аланга бериб.
Холбозор ҳангу-манг бўлиб менга қаради. Гапимга умуман ишонмади. Билиниб турибди. Мени калака қила бошлади.
— Шайирнинг мухлиси кўп бўлади-да-а? Энди Сизни Москвадагилар ҳам танишади-да-а?, — ҳоҳолаб кулди. — Майли, одам ўзини ўзи хурсанд қилгани яхши. Оббо, шайир-э-ейй!
Унинг кесатиғи жон-жонимдан ўтиб кетди.
— Ҳой, нима деб валдираяпсиз? Мен бор гапни айтдим. 
Холбозор негадир бош силкиди.
— Гаров ўйнайсизми? 
Бу гал унинг  кўкимтир кўзларидан ўт сачрагандай бўлди. 
— Ўйнайман!,  — дедим. 
— Мен жиддий айтаяпман!!! 
— Мен ҳам!
— Қани, қўлни ташланг. Минг, йўқ, беш минг доллардан. Бу аёл Сизни танимайди. Уни менга эртага кўрсатолмайсиз.
— Кўрсатсам-чи?! — Қоним қайнаб, ўзим ҳам қизишиб кетдим.
— Унда ҳалолингиз бўлсин,  бешта кўкидан сизники. Кўрсатмасангиз агар... Сиз берасиз.
Тонг пайти. Тоғсўқмоқ узра йўлга тушдик. Қуюқ эманзорлар оралаб нуфузли оромгоҳ сари оёғим билан эмас, юрагим билан юриб бораётганга ўхшардим. Ҳар қадам ташлаганимда юрагим гурсо-гурс урар, нафасим бўғзимга тиқилиб, ич-ичимда ҳаяжон тўлкини тошарди. Ортимда эса ҳаллослаб, баъзўр нафас олиб Холбозор  келарди. У ҳар замонда илжайиб, бош чайқаб қўярди. Мен тоғсўқмоқ сўлга бурилган жойда тўхтадим. Нишабликка   қарадим. Сайҳонликдаги ўриндиқда  чўққига боқиб, қимир этмай, тош қотиб ўтирган аёлни, ботинда тоғлар қудратини  уйғотгувчи тонгги машқни бажараётган дунёдаги энг гўзал актрисани кўрдим. Беихтиёр  пичирладим: “Салом, Тонг маликаси!...”
Мен ҳушим учган кўйи жойимда бир лаҳза серрайиб турдим. Ҳаяжон ичида қўйнимдаги китобни олиб, бошим узра тутдим ва қўлимни силкиб, қичқира бошладим:
— А-а-а-а-а-а-у-у-у-у!!! Сало-о-о м, Тонг ма-ли-и-ка-а-а-а-с-и-и!!!
Аёл ўрнидан турди. У ҳам менга қўл силкиди. Ортимга ўгирилдим, пишиллаб нафас олаётган Холбозор пастка қараб бақадай қотди...
                                                                       
Кавказ. 29 июль, 2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот