Тоғай Мурод таваллуд топган кун (1948 - 2003)


   Тоғаймурод Менгноров 1948 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманининг Хўжа Соат қишлоғида дунёга келган. Тоғай Мурод адабий тахаллуси. Ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги ўрта мактабни 1966 йилда тугатиб, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Уни 1972 йилда муваффақиятли якунлаб, республика радиосида муҳаррирлик қилган. 1976-1978 йилларда «Ўзбекистон физкультурачиси», 1982-1984 йилларда «Фан ва турмуш» журналида фаолият кўрсатган. 1985-1987 йилларда Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Худди шу йилларда у кичик-кичик ҳикоялар ёза бошлади. «Мен, - деб ёзган эди у, - фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш, фақат ўқиш билан банд бўлдим. Қўл қотиб қолмасин учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб турдим. Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат изламадим».
  1976 йилга келиб Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» деган илк қиссаси «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгач, китобхонлар оғзига тушади. Кетма-кет адибнинг «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980) ва «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби ўзбек миллий қиссачилигининг янги намуналари дунёга келади. Улар ҳам юксак баҳоланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг  Ойбек номидаги йиллик мукофотига сазовор бўлди.
 Агар адиб ўзининг «Юлдузлар мангу ёнади» илк қиссасида ўзбек миллий кураши ҳақида ҳикоя қилган бўлса, «От кишнаган оқшом» қиссасида улоқчи-чавандозлар ҳаётини тасвирга тортди. Ундаги бош қаҳрамон Тарлон номли от тимсолида бир олам инсоний эзгу туйғуларини тўкиб солди. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад шу ҳақда ёзиб, ҳеч ким Тоғай Муродча отга бундай таъриф бермаганини алоҳида қайд этган эди. Тоғай Мурод асарларида ҳикоя, ифода йўлини янгича тус олади. Ёзувчи «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги бош қаҳрамонлар Қоплон билан Оймомоларнинг фарзанд илинжида ўтказган изтиробларга тўла ҳаёти мисолида инсондаги илоҳий меҳрни улуғлайди. «Момо ер қўшиғи»да эса она заминдан ажралиб қолган, она Ватанда яшаб туриб, эл-юрт туйғусидан маҳрум бўлган ва оқибатда мустабид тузум мафкураси қурбонига айланган ижодкор шахс образини маҳорат билан умумлаштиради.
   Адиб 1986-1991 йилларда «Отамдан қолган далалар» романини яратди. Мазкур роман 1993 йилда чоп этилиб, 1994 йили Абдулла Қодирий таваллудининг юз йиллигида унга Абдулла Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. «Отамдан қолган далалар» ижтимоий роман бўлиб, нафақат адиб ижодида, балки 90-йиллар ўзбек адабиётида катта воқеа бўлди. Тоғай Мурод истеъдодли таржимон сифатида 1974-1975 йилларда Ж. Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва бир неча ҳикояларини таржима қилди. 1989 йилда Е. Сетон-Томпсоннинг машҳур «Ёввойи йўрға» китобини ўзбекчалаштирди. Унинг «Отамдан қолган далалар» асари асосида икки қисмдан иборат филм яратилган. 
   Унга 1999 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» деган юксак унвон берилган. 
   Тоғай Мурод 2003 йилда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот