Шартнома асосидаги жин
«Шартнома асосидаги жин» қисқаметражли драмасига шарҳ
Фэнтези ва романтика уйғунлашган қисқаметражли драмалар сўнгги йилларда қисқа видеолар платформаларида кенг оммалашди. Айниқса, сеҳрли воқеалар, шартнома асосидаги никоҳ, кучли ҳиссий кечинмалар ва қаҳрамонларнинг ички ўзгаришларини акс эттирган сюжетлар томошабинлар эътиборини тобора кўпроқ жалб этмоқда.
Шундай асарлардан бири — «Шартнома асосидаги жин» (Djinn Under Contract) қисқаметражли драмасидир. Унда сеҳрли олам, миллиардерлар оиласидаги зиддиятлар, муҳаббат, фидоийлик ва қалб изтироблари бир-бири билан уйғунлашиб, мухлисларни илк қисмдан-оқ воқеалар гирдобига олиб киради.
Одатий романтик драмалардан фарқли равишда, бу асар марказида минг йиллар давомида сеҳрли чироқ ичида маҳкум бўлиб келган жин тақдири туради. Инсон ҳаётини ҳис қилиш имкониятига эришгач, у тақдир тақозоси билан ўз туйғуларини англашга ҳали улгурмаган аёл билан шартнома асосида никоҳ қуришга мажбур бўлади.
Тушунмовчиликлар, пинҳона фидойилик, муҳаббат йўлидаги синовлар ва шахсий камолот жараёни билан бойитилган мазкур фэнтези ва романтик драма мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Асар нима ҳақида?
Асар бош қаҳрамони — жин Илайжа Бейраннинг тақдири сеҳр қонунлари билан боғланган: чироқ эгаси унинг учта тилагини бажариши мумкин.
Бир куни жин ёрдамида бойлик ва қудратга эришган миллиардер Стивен Перриш сўнгги тилагини ўз манфаати учун эмас, Илайжани тутқунликдан озод қилиш учун ишлатишга қарор қилади.
Аммо бу озодликнинг бир шарти бор.
Илайжа Стивеннинг набираси Кристин Пэрришга уйланиши ва у билан беш йил давомида никоҳда яшаши керак. Шу муддат ичида у ўзининг аслида жин эканини Кристинга айтмаслиги лозим.
Шартни бажариш учун Илайжа инсон қиёфасига киради ва шартнома асосида Кристин билан сохта никоҳ тузади.
Бироқ Кристин дастлаб бу муносабатни фақат мажбурият сифатида қабул қилади. У бутун диққатини мансаб ва шахсий мақсадларига қаратади. Илайжанинг меҳри, ёрдами ва унинг муваффақияти учун қилган яширин фидойиликларини эса пайқамайди.
Илайжа эса ҳеч қандай манфаат кутмасдан, сеҳрли имкониятлари билан Кристинга ёрдам беришда давом этади.
Вақт ўтиши билан унинг Кристинга бўлган ҳислари ҳақиқий муҳаббатга айланади. У беш йиллик шартнома тугагач, уларнинг сохта никоҳи чин муҳаббатга айланишига умид қилади.
Аммо вақт оз қолгани сари Илайжа оғриқли ҳақиқатни англай бошлайди: эҳтимол, Кристин унинг меҳри ва садоқатини ҳеч қачон пайқамас.
Кристиннинг собиқ севгилиси ҳаётига қайта кириб келгач, вазият янада мураккаблашади.
Энди Илайжа оғир танлов қаршисида қолади: у севган аёли ёнида қолиб, ўзини яна қурбон қилишда давом этиши керакми ёки асрлар давомида орзиқиб кутган эркинлигини танлагани маъқулми?
Унинг қудратли ва ўлмас жиндан қалби нозик, ҳис-туйғулари бор инсонга айланиши сериалнинг асосий драматик чизиғини ташкил этади. Чунки Илайжа илк бор инсонларга хос энг оғир туйғулар — севги, умид, қўрқув ва аламни ҳис қила бошлайди.
У энди севишни билади, аммо севилишга муҳтож. Ана шу ички эҳтиёж унинг образига чуқур инсоний мазмун бағишлайди.
Шартнома асосидаги никоҳ — драманинг асосий зиддияти
Инсон ўзини қадрлаган ва севган кишиларни ҳар доим ҳам ўз вақтида қадрига етадими? Ёки фақат йўқотгандан кейин тушуниб, англайдими?
Илайжа образи рамзий маъно ҳам касб этади. Чироқ — тутқунлик ва боғлиқлик рамзи бўлса, инсон қиёфасига ўтиш — эркинлик, танлов ва ўзлигини англаш тимсолидир.
Қисқа эпизодлар формати эса ҳар бир воқеани янада таъсирчан қилади. Ҳар бир қисмда янги сир, ҳиссий тўқнашув ёки муҳим қарор пайдо бўлиб, мухлисларни кейинги воқеаларни кузатишга ундайди.
***
«Шартнома асосидаги жин»
1-қисм
Бойдс Мэриленд. 1966 йил.
Соҳил бўйида эски-туски кийим ва уриниб қолган пойабзал кийган бир йигит қармоқ ташлаб, балиқ тутиб ўтирибди.
— Илтимос, Худойим... Оиламни боқишим учун бирор нарса насиб эт...
Йигит маъюс ҳолда қармоғини кузатиб ўтирар экан, тўсатдан илмоққа нимадир илинганини сезди. У бор кучи билан қармоқни торта бошлади.
— Бўлақол... бўлақол! Қани, чиқ!
Йигит қаттиқ уриниб, қармоқни сувдан чиқарди. Аммо унга илинган нарса балиқ эмас, балки қандайдир қадимий, тилларанг, қимматбаҳо тошлар қадалган чироқ эди.
Йигит ҳайрат билан чироққа тикилди.
— Бу нима ўзи? Олтинми?
У чироқнинг қимматбаҳо нарса ёки оддий буюм эканини текширмоқчи бўлиб, қўлидаги мато парчаси билан уни арта бошлади. Шу пайт унинг кўзи чироқ юзидаги қандайдир ёзувга тушди.
— Бу ерда нима деб ёзилган?
Йигит ёзувни ўқиш учун чироқни ишқалаган заҳоти ундан зангори рангдаги тутун кўтарилди. Йигит қўрқиб кетганидан, чироқни улоқтириб юборди.
Тутун ичида аста-секин бир мавжудот пайдо бўлди.
Бу — жин эди.
У аввал қўлларини ёзиб, узоқ йиллик тутқунликдан сўнг ўз танасини ҳис қилди ва мириқиб керишди. Бир зум кўзларини юмди, тоза ҳаводан баҳраманд бўлди ва қаддини ростлаб, ҳаворанг кўзлари билан йигитга қаради.
Йигит қўрқувдан ерга ўтириб қолди. У ҳайрат ва даҳшат аралаш овозда сўради:
— Кимсан?.. Йўқ... сен нимасан?
Жин хотиржам жавоб берди:
— Камина қулингизни турли юртларда ҳар хил номлар билан аташур. Фикри ожизимча, сен мени жин сифатида билурсен.
Эндиликда учта хоҳиш-истагингни бажо келтирурмен. Аммо бир шартим бордур: умрбоқийликни сўраш мумкин эрмас, шунингдек, учтадин ортиқ тилак билдириш тақиқланур, ҳожам.
У йигитга қаради.
— Ҳой, ожиз банда, энди тила тилагингни!
Йигит ўйланиб қолди.
— Мен тилайманки... мен тилайманки...
***
Ҳозирги давр
Касалхонада бир чол оғир аҳволда ётибди. У набира қизининг қўлини маҳкам ушлаб олган.
— Мен тилардимки... бизда яна бироз вақт бўлсайди...
Қиз кўзларидаги ёшни яширишга ҳаракат қилиб, бобосига тасалли берди:
— Қайғурманг, бобожон. Дунёнинг энг яхши шифокорлари сизни даволаш учун келяпти. Улар тез орада етиб келишади.
Чол енгилгина жилмайди.
— Эҳ, жиннивой... Ўлим ҳақ. Мен ўлганимдан кейин сенга ким ғамхўрлик қилиши, ҳолинг нима кечишини ўйлаб хавотирланаяпман, холос.
— Сиз ҳали ўлмайсиз. Ўлишни хаёлингизга ҳам келтирманг! Бутунлай тузалиб кетасиз. Ҳали узоқ яшайсиз. Мен ҳақимда эса қайғуришнинг сира ҳожати йўқ.
Чол бироз сукут сақлади.
— Сенга муносиб эр топдим. Унга тўлиқ ишонаман. Келажагингни унга ишонсанг бўлади.
Қиз бош чайқади.
— Бобожон, менга эр керак эмас. Мен учун фақат сизнинг яшашингиз муҳим.
Қизнинг кўзлари ёшга тўлди. У бобосига меҳр билан қараб, қўлларини маҳкам ушлади. Чол ҳам неварасига меҳр билан тикилди.
— Азизим...
Улар қучоқлашишди. Чолнинг кўзларидан ёш оқди.
— Энди бироз дам олгин, хўпми? Мен яна бир иш қилишим керак.
— Хўп.
Чол невараси қўлини ўпиб қўйди. Қиз секингина хонадан чиқиб кетди.
***
— Мана, шу ерга қўйинг.
Костюм-шим кийишган эркаклар катта сейфни стол устига қўйишди.
— Энди кетинглар. Мен чақирмагунча қайтиб келманглар.
— Хўп, жаноб Пэрриш.
Эркаклар таъзим қилиб, хонани тарк этишди.
Чол сейфни очди.
Унинг ичида сирли чироқ бор эди.
У чироқни эҳтиёткорлик билан қўлига олди.
— Мен эришган барча нарсаларим сенинг шарофатинг билан...
У хаёлида ўтмишдаги соҳил воқеасини эслади...
***
Ўтган замон
— Мен тилайманки... Мен бой бўлишни истайман. Жудаям бой бўлишни хоҳлайман! Ҳеч қачон пул ҳақида ташвиш чекмасдан яшай.
Жиннинг овози янгради:
— Эшитаман ва бажо келтираман.
Жин кўзларини юмди. Қўлларидан зангори тутун таралиб чиқди.
Тутун йигитни қуршаб олди ва уни ҳавога кўтарди. Жин бармоқларини қарсиллатган заҳоти йигит ҳавода чир айланиб, эгнида доллар тасвирлари туширилган қимматбаҳо костюм пайдо бўлди.
Осмондан эса пуллар ёғила бошлади.
***
Ҳозирги замон
Чол қизил духоба мато билан чироқни ишқалади.
Бир зумда ундан яна зангори тутун чиқди.
Тутун ичида жин пайдо бўлди.
У яна чуқур нафас олди, қаддини ростлади ва ҳаворанг кўзларини очди.
Чол унга ҳайрат билан қаради.
— Стивен... Сен аввалги сафар ёш ва кучга тўла навқирон йигит эдинг. Энди эса вақт ўз таъсирини ўтказибди.
Жин унга тикилиб сўради:
— Сен мени сўнгги тилагинг учун чақирдингми?
Чол тасдиқ ишорасида бош ирғади.
— Гапир. Шундан кейин бизнинг шартномамиз ўз ниҳоясига етади.
Жин жилмайди.
— Яна бир бор сени кўриб турганимдан мамнунман, Стивен Пэрриш.
Чол титроқ овозда деди:
— Учинчи тилагим — сенинг озодлигинг.
Жин ҳайрат билан унга қаради.
— Ҳеч қандай чироқ... Ҳеч қандай кишан... Ҳеч қандай хўжайин бўлмайди.
Жин ишонмагандай сўради:
— Сен сўнгги тилагингни мен учун ишлатмоқчимисан?
Чол жавоб берди:
— Ҳа, фақат бир сўнгги илтимосим бор.
— Хўш?
— Сен менинг набирамга уйланишингни хоҳлайман. Унинг исми Кристин Пэрриш.
Жин бир муддат ўйланиб қолди. У неча асрлик умри мобайнида сира уйланмаган эди.
Чол сўзида давом этди:
— Ўлимимдан кейин беш йил давомида унга ғамхўрлик қилишингни хоҳлайман. Фақат жин эканлигингни унга айтма. Беш йил ўтгач, сен буткул озод бўласан.
Жин кўзларини юмди. Бироз ўйланиб, яна кўзларини очди.
— Эшитаман ва бажо келтираман.
У қатъий овозда деди:
— Мен сенинг набирангга уйланаман. Кимлигимни унга айтмайман ва уни ҳимоя қиламан. Беш йилдан кейин эса ниҳоят мен ҳам озодликка эришаман.
Жин хурсанд бўлиб жилмайди ва бармоқларини қарсиллатди.
***
2-қисм
Стивен Перриш вафот этди.
Унинг портрети деворга илинган катта залда костюм кийган эркаклар қатор ўтиришибди. Хонада оғир ва расмий муҳит ҳукм суради. Минбар олдида турган киши васиятномани ўқиб бермоқда.
— Жаноб Перришнинг васиятига биноан, унинг барча мол-мулки, шунингдек, «Перриш Энтерпрайз» компаниясининг тўлиқ назорати ва бошқаруви унинг набираси Кристин Перришга ўтади.
Кристин мамнун ҳолда онасига қараб қўяди. Бироқ нотиқ сўзини давом эттиради:
— Фақат бир шарт билан.
Залда сукут чўкади.
— Кристин Перриш Илайжа Бейранга турмушга чиқиши керак.
Кристин ҳайратдан қотиб қолади.
— Фақат шундагина у васиятномада кўрсатилган барча ҳуқуқларга эга бўлади.
Кристиннинг юзида ғазаб акс этади.
— Ким ўзи у Илайжа Бейран?
Шу пайт эшик очилади. Қора костюм кийган Илайжа Бейран залга хотиржам ва виқор билан кириб келади. У Кристин олдига яқинлашади.
— Перриш хоним, мен Илайжа Бейранман. Бўлажак умр йўлдошингиз.
У қўлини узатади. Аммо Кристин унинг қўлига ҳам қарамай, юзини четга бурди.
— Кулгили. Нега бобом мени нотаниш одамга турмушга бермоқчи бўлган? Мен бунга қаршиман!
Васиятномани ўқиётган киши аралашди:
— Маъзур тутасиз, Перриш хоним. Агар сиз Илайжа Бейранга турмушга чиқишдан бош тортсангиз, бобонгизнинг барча мол-мулки акциядорлар ихтиёрига ўтади.
Залда ўтирган акциядорлар бир-бирига қараб, мамнун жилмайишади.
Кристиннинг онаси қизига яқинлашиб, паст овозда гапиради:
— Кристин, бобонгнинг бойлиги очкўз акциядорлар қўлига ўтишига йўл қўя олмаймиз. Ишонаманки, бу йигит бобонгнинг синовидан ўтган.
Онаси Илайжа томон қарайди. Йигит ҳам уларга хотиржам нигоҳ ташлаб турарди.
— Бундан ташқари, у ёқимтой экан.
Илайжа енгилгина жилмайди. Кристин иккиланиб қолади. У бир акциядорларга, бир Илайжага қарайди. Ниҳоят, тақдирга тан бергандек бош ирғади.
— Майли. Унга турмушга чиқаман.
Онаси енгил нафас олади. Илайжанинг кўзларида ҳам мамнуният акс этади. У Кристинга қараб, хотиржам овозда дейди:
— Шу лаҳзадан бошлаб сизга ғамхўрлик қилишга ваъда бераман.
Кристин юзини буриб, ўрнидан туради. Унинг нигоҳида совуқлик ва такаббурлик бор эди. У Илайжага қараб деди:
— Кел, бир нарсага аниқлик киритиб олайлик. Мен сенинг ғамхўрлигингга муҳтож эмасман. Ҳамма нарсани ўзим ҳал қила оламан.
У бир қадам яқинлашди.
— Турмуш қурганимиздан кейин ҳам ўзингни эримдек тутмаслигинг керак. Менга яқинлашмайсан. Ҳатто бармоғингнинг учи билан ҳам тегмайсан!
Кристин уни кўксидан енгилгина итариб, хонадан чиқиб кетади. Илайжа унинг ортидан қараб, хўрсинади.
— Бошланиши чакки эмас...
У ҳам хонани тарк этади.
***
Тўрт йилу 360 кун ўтди.
Ҳашаматли уй.
Ошхонада Илайжа этак таққан ҳолда сабзи тўғраяпти. У бир зум Кристинга қараб қўяди. Унинг хаёлидан ўйлар ўтади:
«Беш йил давомида ўз шахсимни яширдим. Унга ғамхўрлик қилдим. Пинҳона равишда унинг мавқеи ошишига ёрдам бердим.
Буларнинг барчаси Кристин бир кун келиб мустақил инсон бўлиши учун эди...».
***
Илайжа Кристиннинг иш столидаги чангларни артиб, ҳужжатларни тартибга солмоқда.
Шу пайт эшик очилиб, Кристин кириб келади.
У жаҳл билан сўрайди:
— Менинг нарсаларимга тегма, деб неча марта айтишим керак?
Илайжа хотиржам жавоб беради:
— Мен шунчаки ўз вазифамни бажаряпман. Ахир мени ёрдамчи сифатида ишга қабул қилгансан... қолаверса, эрингман.
Кристин унинг сўзини кесади:
— Тсс!
У атрофга қараб олади.
— Ишхонамда кимдир сенинг эрим эканлигингни билишини хоҳламайман. Ўзимнинг ташвишларим етарли.
У стол устидаги ҳужжатларга ишора қилади.
— Менга Хиллерларнинг шартномаси керак. Агар ёрдам бермоқчи бўлсанг, яхшиси кўзимга кўринма. Ҳозироқ кет!
Кристин унинг елкасидан итариб, курсисига ўтиради. Илайжа бироз хафа бўлиб, ўйга толади:
«Беш йилдан бери шу аёл билан яшаяпман. Менимча, унинг юраги муздан яралган. Яхшиямки, шартномам муддати тез орада тугайди...».
У қўлидаги кўринмас кишанга қараб қўяди.
Шу пайт Кристин оёқларини столга қўйганча телефонда гаплашаётган эди.
— Ҳа, сенатор Жонсон. Хиллерларнинг шартномасини қўлга киритишимга мутлақо ишонаман.
Илайжа бу гапни эшитиб, ҳайрон бўлади.
— Хиллерларнинг шартномаси?.. Адриан Хиллерни назарда тутяптими?
***
3-қисм
Касалхона.
Ёши улуғ Адриан Хиллер ҳушсиз ҳолда ётоқда ётибди. Унинг атрофида яқинлари хавотир билан тўпланишган.
Шифокор уларга жиддий нигоҳ ташлаб, оғир хабарни етказади:
— Жаноб Хиллерда саратон касаллигининг сўнгги босқичи аниқланди. Биз қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Аммо ҳар қандай ҳолатга тайёр туришингиз керак.
Турган қизининг кўзлари ёшга тўлади. Беморнинг ўғли уларга ғазаб билан бақиради:
— Унда сизларнинг бу ерда нима керагингиз бор?! Йўқолинглар!
Шифокор бошқа ходимлар билан бирга хонани тарк этади.
Хиллернинг ўғли ва қизи отасига умидсизлик билан қараб туришарди.
Шу пайт эшик очилиб, хонага Илайжа кириб келади. Йигит уни кўриб жаҳл билан бақиради:
— Сен кимсан, жин ургур?! Бу ерда нима қилаяпсан?
Илайжа хотиржам жавоб беради:
— Кимлигим муҳим эмас. Муҳими, отангизнинг ҳаётини сақлаб қолишим мумкин.
Йигит ишонмаган ҳолда кулиб қўяди.
— Сенми? Отамни қутқарасанми? Сен ҳатто шифокор ҳам эмассан-ку. Хаёлпарастсан!
Шу пайт қиз суҳбатга аралашади:
— Питер, шифокорлар қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди. Балки унга бир имконият беришимиз керакдир?
— Асло рози эмасман, Руби!
— Илтимос, Питер. Бошқа чорамиз йўқ. Ҳеч бўлмаса ҳаракат қилиб кўрайлик.
Руби Илайжага юзланади:
— Илтимос... отамни қутқаринг!
Илайжа жиддий овозда жавоб беради:
— Бу ишни ёлғиз бажаришим керак.
Питер дарҳол қаршилик қилади:
— Йўқ!
Аммо Руби акасига илтижо билан қарайди. Питер синглисининг нигоҳига дош беролмай, охири рози бўлади. Лекин шарт қўяди:
— Майли. Аммо уддалай олмасанг, сени ўлдираман!
У ғазаб билан хонадан чиқиб кетади. Руби эса Илайжага миннатдорлик билдиргандек бош ирғаб, акаси ортидан чиқади.
Эшик ёпилади.
Илайжа секин Хиллернинг ётоғи ёнига келади.
***
— Уйғонинг, оғайни...
Хиллер аста кўзларини очади.
У қаршисида турган Илайжани кўриб, ҳайратга тушади.
— Сизмисиз?.. Буюк жин!
У заиф овозда давом этади:
— Сизни беш йил олдин... тўйингиздан кейин кўрмагандим.
Илайжа унга қараб жилмайди.
— Сизга раҳмат айтмоқчиман. Уюшма олдида менинг йўқлигимни билдирмаганингиз учун.
Хиллер миннатдорлик билан жавоб беради:
— Уюшма фақат сизнинг шарофатингиз билан гуллаб-яшнамоқда. У кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди ва уларнинг тақдирини яхши томонга ўзгартирди.
У бироз тўхтаб, оғир нафас олди.
— Аммо мен учта тилагимнинг барчасини ишлатиб бўлдим. Қўрқаманки, бу менинг сўнгги манзилим...
Хиллер қаттиқ йўтала бошлайди.
Илайжа унга жиддий қараб дейди:
— Мен бир марта қоидани бузишим мумкин.
У бир муддат жим туради.
— Буни умрингизни бир неча йилга вақтинча узайтириш имкони деб қабул қилинг.
Хиллер ҳайрат билан сўрайди:
— Шундай қила оласизми?
— Фақат бир шарт билан.
Илайжа унинг кўзига қараб давом этади:
— Сиз Кристин Перриш, яъни рафиқам билан ҳамкорлик шартномасини тузасиз.
Хиллернинг юзи ёришади.
— Бу сира ҳам муаммо эмас!
— У ҳолда келишдик.
***
Илайжа Хиллернинг ёнига ўтади. Кўзларини юмади ва кафтларини кўтаради.
Унинг кафтларидан кўкимтир нур тарала бошлайди ва бир зумдан сўнг зангори тутун чиқади. Илайжа кафтларини Хиллернинг кўксига қўяди.
Хиллер қаттиқ нафас олади. Унинг танаси оғриқдан титрайди.
Бироздан кейин Илайжа қўлларини тортиб олади. Аммо зангори нур ўрнига унинг кафтларида қора тутун ва қурум қолган эди.
Хиллер енгил нафас олади. У ўзини яхши ҳис қилаётганидан қувониб, секин жилмайди.
Илайжа унинг боши узра эгилиб, огоҳлантиради:
— Ваъдангизни унутманг.
Хиллер бош ирғаб розилик билдиради.
***
Шу пайт хона эшиги очилади.
Хиллернинг ўғли ва қизи кириб келишади. Оталарининг ҳушига келгани ва аҳволи яхшиланганини кўриб, улар ҳайратдан бир-бирига қарайди.
Руби югуриб келиб, отасини қучоқлайди. Хиллер ҳам қизини бағрига босади.
— Руби...
Илайжа бу манзарани кўриб, жилмайиб қўяди.
Хиллер унга ишора қилади:
— У мени даволади.
Руби ҳайрат билан сўрайди:
— Шунчалик тезми?
Илайжа ҳеч нарса демай, эшик томон юради.
У хонани тарк этаётганда эшикни ёпади. Аммо эшик тутқичидан қора тутун чиқади.
Хиллернинг ўғли унинг ортидан чиқиш учун эшикни очади. Бироқ йўлакда ҳеч ким йўқ эди.
— Бир зумда қаерга ғойиб бўлди?
У ҳайрон бўлиб атрофга қарайди.
Сўнг бармоқларига кўзи тушади.
Эшик тутқичидаги қора қурум унинг кафтида из қолдирган эди.
У қўрқув аралаш пичирлайди:
— Бу нима бало?..
Давоми бор...
Инглиз тилидан Маъруф МУҲАММАДНАЗАР таржимаси.