Дилором Сафоеванинг ижодий кечаси


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг актрисаси,  устоз санъаткор - Дилором Сафоева таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий кеча ўтказилди.
     Кечага халқ ардоғидаги санъаткорлар, пойтахт театрлари вакиллари қадам ранжида қилишиб, Дилором Сафаевани самимий қутлашди, устоз санъаткор ҳақида илиқ сўзлар айтилди. Ижодкорнинг кўп йиллар давомида маданият, санъат соҳасида амалга оширган ишлари, хизматлари эътироф этилди. Ҳамкасблари, шогирдлари ижросидаги гўзал рақс ва куй-қўшиқлар кечага янада файз улашди.
    Шунингдек, ушбу кечада ўз касбининг фидойиси, устоз санъаткор Дилором Сафоевага Маданият вазирлиги томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони тантанали топширилди.
   

     Маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором  Сафоева  3 сентябрь (3 апрель) 1942 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида таваллуд топган.
  1997 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.
  Маълумоти олий. 1968 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган.
  1971 йилдан буён Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри театрда ишлайди.
  Солист-вокалист  Дилором Сафоева ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 100 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва  характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Лайли ва Мажнун”да Лайли, “Фарҳод ва Ширин”да Ширин, “Ўжарлар”да Озода, “Олифта”да Саломат, “Қизил дуррали нозик ниҳолим”да Алиман, “Ҳалима”да Ҳалима, “Жон қизлар” спектаклида Жонсулув, “Тоҳир ва Зуҳра”да Зуҳра, Моҳинбону “Паранжи сирлари”да Холисхон, “Тошкентнинг нозанин маликаси” да Мунаввар, “Муҳаббат навоси” да Ёдгорхоним, “Ойонам-қайнонам” да Қумри, “Меҳр нури” да Ҳадича, “Суперқайнона-2”да Афифа, “Осмондаги Ҳулкарим”да Қумри  каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Айниқса, унинг “Осмондаги Ҳулкарим” спектаклида яратган Қумри образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, ўзбек аёли тимсолида кўпчиликка маъқул бўлди.
  Телевиденияда “Оталар  сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувида, “Қасамёд”, “Хотира  рашки”, “Ота”, “Турмуш  чорраҳалари”, “Туташ  тақдирлар” видеофильмларда, “Аммажон” телесериалида бир қанча образлар яратган.

    Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг Матбуот котиби, журналист - Фируза ХОЛИҚОВА.
     Музаффар МУҲАММАДНАЗАР фотолари.
 
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот