ҲАР НАРСАНИНГ ЖАВОБИ БОР
Катталар кўп таъкидлайдиган ушбу ҳикматомуз, мақолсифат жумланинг асл моҳиятини бугун замоннинг ўзи буни ҳар қачонгидан яхши англашимизни тақозо этяпти. Чунки кенг омманинг ўзи юриш-туришимизу, ҳар бир хатти-ҳаракатимизга тезкор баҳо бериб турибди. Шу маънода ҳар нарсанинг жавоби борлигини чуқур ўйлаб иш тутишимизга тўғри келяпти. Фалончи пора билан қўлга тушди, фалончи давлат мулкини талон-торож қилди, деганга ўхшаш воқеаларни қўлимиздаги телефонимиздан кўриб, билган чоғимизда муттаҳамлик, ўғрилик, коррупция деган балолар таг-туги билан йўқолиб кетмабди, дея ўзимизча таажжубланамиз. Агар Муқимий номидаги мусиқали драма театрида илк бор намойиш этилган “Ҳар нарсанинг жавоби бор” спектаклини кўрганингизда, халқимизнинг, “минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши”, деган мақоли нақадар асосли эканига яна бир бор амин бўлар эдингиз.
Саҳна салобати актёрларга куч берди.
Театр биноси олдида одамлар гавжум. Шошганча ичкарига кирар эканмиз, томошабинларнинг аксарияти талаба ёшлардан иборат эканлигини кўриб хурсанд бўлдик. Қўйилажак асарни театр раҳбари Мирза Азизовнинг ўзи саҳналаштиргани, бунинг учун қарийб бир ой Бухорода бўлгани ҳақида эшитиб, янада қизиқишимиз ошди. Шунингдек, ижодий жамоа ҳам ҳаваскор ёшлардан тузилган экан. Бироқ намойиш жараёнида актёрлар худди профессионал актёрлар каби изланганлигига гувоҳ бўлдик. Ҳатто ижрочиларнинг кўпчилиги бошқа соҳа вакиллари эканини саҳна одамларигина пайқаши мумкин.
Спетакль пора эвазига шаҳар марказидан данғиллама ҳовли қураётган мансабдор Собит Ҳикматовичнинг набирасини туғруқхонадан олиб чиқиш масаласида эр-хотиннинг ўзаро суҳбати билан бошланди. Эрининг амали сабаб туғруқхона эшигига оркестру санъаткорларни олиб бора олмаганидан аламзада хотин оғзининг бир четидан чиққан минг долларни набираси учун атаб юборди. Эр эса хўжайинга совға қилиш учун икки минг долларни чўнтагига жойлади. Эр-хотиннинг ўртасида 1000, 2000 “кўки”дан гап кетиб турган шу пайтда қўли юпун қўшни (Муқимий театри актрисаси Нафиса Хўжақулова) хижолатомуз кириб келиб, қизининг олий ўқув юртидаги ўқиши учун шартнома пулига бироз етмай тургани, шунга қарз сўраб чиққанини айтди. Ҳали гапини тугалламасидан қўшнисининг оғзини ёпган бой хотиннинг, қолаверса, эрининг ҳам пул йўқлиги, фақат ойликка қараб кун кўраётганлари ҳақидаги ёлғонлар ичкари уйда ўтирган, қишлоқдан меҳмон бўлиб келган отанинг орига тегди. Важоҳат билан минг хижолатда чиқиб кетаётган қўшнига, “тўхтанг”, деди. Қўлида қоғозга ўроғлиқ анчагина пул. Йиғилиб қолган нафақасини ўша қўшнига берган ота ишга шошаётган порахўр ўғилу ҳаддини билмай қолган келинга танбеҳ беришга мажбур бўлди. Аммо раҳмат ўрнига ўғлидан зарда, келинидан, “оғзингизга қараб гапиринг”, деган танбеҳни эшитди. Келганига афсусда эканини тилига чиқариб юборган ота ўзининг тош кулбаси яхши эканини айтиб, қишлоққа кетишга қарор қилди.
Унинг титраган овози, аламли, аммо ҳаққоний сўзларидан юзимга ёш юмалади ва ҳар гал ота образи саҳнада пайдо бўлар экан, юрагимда қандайдир оғриқ турди. Айниқса, кетиш олдидан автобус келгунича ўғлининг ишхонасига кириб, уни “уятга қўйган”даги ҳолатга, “воҳ”, демай туролмайсиз. Эрталаб отасининг гапларини охиригача эшитиб, хайрлашиб қўйганида ҳам чол ишхонасига кирмас эди. Ҳар бир ишни пулга бичиб, жарлик сари кетаётган фарзандига яна бир бор насиҳат қилмай кетишга унинг виждони йўл қўймади. “Шу йўлдан қайтмасанг, сени ўзим қарғайман”, дея йиғлаб кетган ота яна бир бор барчани йиғлатди. Халқни қийнаш, ҳатто қишлоқдошларининг юзини қилмаслик эвазига оқиб келаётган ҳаром бойлик — порахўрликка ўрганган ўғил отанинг гапларини шунда ҳам қулоққа илмади. Элга хизмат қиладиган катта кўприкнинг омонат қурилиши ҳисобига шаҳардаги ҳовлисини битириб олишдан заррача қўрқмади. Қинғир қилиқлари, адолатсиз қарорларини фош қилишга киришган кадастр бошлиғи, ёш ходим — Замонни нима қилиб бўлмасин, йўқотиш пайига тушди. Жўрттага ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиш илинжида Собит Ҳикматовичнинг қўйнига илон каби кирган котиба қиз Раъно аслида унинг кирдикорларини фош этишда Замонга яқиндан ёрдам берди. Порахўрни унинг ўзи орган ходимларига яна бир қилмиши устида ушлаб берди.
Замоннинг адолатли иш юритиши сабаб уйи бузилишидан хавотирда яшаётган аҳолининг кўнгли таскин топди. Спектакль сўнгида давр қаҳрамонлари — айни Президентимиз орзу қилаётган бугуннинг ёшлари сифатида воқеаларни ривожлантирган Раъно ва Замон бир-бирига кўнгил қўйиб, бахтини топганидан томошабин худди ўзининг фарзанди бахтли бўлганидай қувонди.
Тўқликка шўхлиги ортиб бораётган эркатой ўғил — Шунқор эса машина устига янги машина олди, қўшниси олиб чиққан бобосининг омонатига ҳам хиёнат қилиб, дўстлари билан маишатда бўлди. Мастлик туфайли юз берган автоҳалокат уни бир умрга ногиронлик аравасига михлади. Бу ҳолдан уни бошига чиқариб олган, қўлига чангаллаб пул тутқизган онаизор телба бўлиб, аюҳаннос солди. Спектакль сўнгидаги айни мана шу ҳолат — онанинг саҳнадан тушиб, томошабинлар олдида телбаларча юриши, ўғлини эркалаб гапириши шундоққина авж нуқта эканини томошабин юракдан ҳис қилди.
Саҳнада эса темир панжара ортидаги Собит Ҳикматович, унинг ҳамтовоқлари, бир томонда уйи бузилмаганидан, эри ишли бўлганидан бахтиёр аёл, яна бир томонда қизи грант ютиб олиб, чет элда ўқиётган қўшни хотин. Энг ачинарлиси, ногиронлик аравасида қўл-оёғи букилиб, қалтироқ бўлиб қолган эркатой ўғил...
Гулдурос қарсаклар чалинди. Ҳеч ким жойидан қўзғалишни истамас, агар яна битта шундай спектакль улаб юборилса ҳам кўрадиган кайфиятда эди одамлар. Зеро, халқнинг дарди, халқнинг ўз оғриқлари билан ўзини даволовчи бундай жонли кўринишни томошабин бугун ҳам ҳар қандай томошадан устун қўя билади. Фақат, ижодкорлар уларнинг қалбига олиб борувчи йўлдан юрсалар, бас!
Юракдан чиққан ижро юракларга етиб боради
Энг сўнгги саҳна таъсиридан чиқолмаган ҳолда томошабинлардан фикр ола бошладик. Уларнинг бари актёрлардан миннатдорлиги, спектаклни мириқиб томоша қилганини эшитиб, хурсанд бўлдик. Айниқса, ёшларнинг бу борадаги фикрларидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
— Бугунги спектакль айни пайтдаги долзарб мавзуларни олиб чиққани билан аҳамиятли бўлди. Жуда кўп қурилишлар бўляпти. Лекин уларнинг авйримлари Собит Ҳикматовичга ўхшаган раҳбарлар туфайли талон-торожликка учраётгани, халқнинг жабр тортаётгани очиқ акс этди. Бундан ташқари, отахон образи жуда таъсирли. Ота ва фарзанд ўртасидаги муомала айни тарбиявий жиҳат. Кетган вақтимизга ачинмадик, — дейди Жаҳон тиллари университетининг 3-босқич талабаси Шаҳром Атоев. – Албатта, мана шундай асарлар қўйилса, тез-тез келар эдик. Театр маънавий озуқа, кўп нарса беради. Менимча, бирон марта ҳам театрга келмаган ёшлар буни билмайди. Келса ҳам охиригача кўришмагани учун бугунгидай авж нуқтани ҳис қилишмайди. Агар сабр билан томоша қилишса, таассуротлар таъсирида яна театрга келишга хоҳиш туғилади уларда.
— Мен агар охирги таништирув саҳнасини кўрмаганимда буларнинг ҳаммасини олийгоҳни тамомлаган, деб ўйлар эдим. — Қаранг, бу ерда отага бўлган ҳурматсизлик орқали отани ҳурматлаш, онага нисбатан шафқатсизликни кўриб, онани эъзозлаш масалалари жуда таъсирли очиб берилди. Бундан ташқари, келинларнинг қайноталарга қандай муносабатда бўлишлари кераклиги ҳам хулоса қилишга арзирли даражада кўрсатиб берилди. Айниқса, охири биз кутган даражада тугалланганидан хурсанд бўлдик. Менимча, ҳамма шундай якунни кутганди. Агар мана шундай асарлар намойиш этилса, мен ҳар куни театрдаман, — деди самимият билан томошабинлардан бири Асқар Абдураҳимов.
Театр фоесида асар муаллифи Қўчқор Норқобилни учратиб қолишимиз ҳам айни муддао бўлди.
— Кўрган бўлсангиз, асарда оғриқли мавзулардан бири кўтарилган. Оддий қишлоқ аҳолиси ҳаёти ва коррупция, — деди муаллиф. — Нима сабабдан бугун одамлар онгига пул бўлмаса иш битмайди, деган тушунча сингиб кетган. Мана шуларга ечим топиш масаласи халқни бефарқ қўймайди.
Пьеса Қоракўл туманидаги Маданият уйига олиб борилганда, мана шу жиҳатлари учун асарни бажонидил қабул қилишди. Агар асарни профессионаллар ижро этса, бундан-да муваффақиятли чиқиши мумкин эди. Лекин оддий туман театри жамоасининг бундай муваффақиятга эришиши, яна пойтахт театрининг қутлуғ саҳнасида ижро этилиши бир мўъжиза бўлди.
Театр ташқарисида эса тенгқурлари даврасида таассуротлари билан ўртоқлашаётган халқпарвар кадастр бошлиғи Замон — Ўлмас Аллаевни суҳбатга тортдик.
— Биринчи марта ўзимни синаб кўрдим. Консерваторияни тамомлаганман. Менга битта қўшиқ айтиб бер, дейишди. Устозим Мирза Азизов, “Бу боланинг кўзидан маълум, нимадир чиқара оламан”, деган эди. Анча меҳнат қилдик. Партнёрим Олтиной Қўзиева (Раъно) билан бирга ишлаймиз. Шу боис бир-биримизни яхши тушундик. Пойтахт саҳнасидаги бугунги муваффақиятим ажабмас, қўшиқчилик билан актёрликни ҳамоҳанг олиб кетишга ундаса! Мана шундай тарбиявий ролларга таклиф бўлса, бажонидил ижро этишга рози бўлар эдим.
Ёш актёрга ижодий парвозлар тилаб, фарзандларим билан уйга қайтар эканмиз, улар, “ие, ҳалиги хола-ку, тўхтанг ойи”, деб қолишди бирдан. Қўшни ролини ўйнаган Нафиса опа қўлида гуллар билан 51-автобусни пойлаб, бекатда ўтирган экан. Шу пайт театр ижодкорларининг нақадар камтар, камсуқум ва айрим актёр ва актрисалардан пастда юришига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Нафиса опа кўтаринки кайфиятда уйга қайтаётгани, томошабинлар олқиши ҳали ҳам қулоқлари остида жаранглаётганидан бахтиёрлигини айтар экан, “Мен бугун янгича усулда — ҳамкорликда роль ижро этишдан жуда хурсанд бўлдим. Биринчидан, асар жуда яхши ёзилган. Айни Президентимиз олиб бораётган бугунги сиёсатга мос. Бундан ташқари, раҳбаримиз Мирза Азизовнинг вилоятда туриб, мана шу ёшлар билан ишлагани, ўта мушкул бир вазифани муваффақиятли бажара олганига қойил қолдим. Агар мана шу спектакль ўзимизда ҳам мусиқали тарзда, ариялар билан ижро этилса, биласизми, халқнинг ўзи ўз хоҳиши билан келади. Кўчада бекор юрмай, ҳар хил ёмон йўлларга кирмай, театрга келган бу ёш ҳаваскорларнинг санъатга бўлган иштиёқи, ҳурмати мени ўйлантириб қўйди. Саҳна ортида ҳам буларнинг ўзини тутиши, ҳаяжони, саҳнага садоқатини кўриб қаттиқ таъсирландим, ўзимга кўп хулосалар олдим.
Биз ҳам ўз ўрнида хулоса қилишга чоғландик. Шу каби тарбиявий асарлар мана шундай замонавий талқинда, керак бўлса, ҳар битта ташкилот, идора ходимларига тез-тез намойиш этиб борилса, порахўрликдай чиркин иллатнинг ўқ илдизи бўлмаса-да, томирларига болта уриш бироз енгиллашар эди. Оиладек муқаддас қўрғонни сақлаб турувчи ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшилик томон ўзгаришига ишончимиз комил.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири. 2021 йил.