НОТАНИ БИЛМАЙДИГАН УЛУҒ САНЪАТКОР


НОТАНИ БИЛМАЙДИГАН УЛУҒ САНЪАТКОР

   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Турон фанлар академияси витце президенти, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “II даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, тарих фанлари доктори, Ориентал университети профессори Ҳожиакбар Ҳамидов қутлуғ 75 ёшни қаршиладилар.  
    Бугунги кунда юртимизда Ҳожиакбар Ҳамидовнинг бир қатор шогирдлари сермаҳсул фаолият олиб бораётган бўлса, яна кўпчилиги ўз ижоди билан ўзбек санъатининг ривожига ҳисса қўшмоқда. Айтиш мумкинки, юртимиз санъати оламида Ҳожиакбар Ҳамидовнинг ўзига хос мактаби шаклланди. Улкан тажриба ва маҳорат соҳиби бўлган ижодкор Ҳожиакбар Ҳамидовнинг болалик хотиралари журналимиз мухлислари учун қизиқарли бўлишига ишонамиз.

ОИЛАНИНГ АСОСИЙ УСТУНИ

    Мен 1949-йил 3-октябр куни Тошкент шаҳридаги Дўмбиробод маҳалласида ишчи оиласида туғилганман. Оилада бир қиз, 6 ўғил бўлиб, мен 5-фарзандман. Отам Абдуҳамид Азизов темирйўлда пойезд юк ташувчиси, онам Муборакхон ая уй бекаси бўлганлар. Уйимизда фақат отам ишлаганлари учун шароитимиз ҳам ўртаҳол эди. Отамнинг 60-70 сўмлик маоши 7 фарзанднинг эҳтиёжи ва оила харажатларига етмасди. Кунига бир маҳалгина иссиқ овқат ейишимиз мумкин эди. Шу сабабли биз ўғиллар оиламиз иқтисодини тиклаш учун имкон даражасида ота-онамга ёрдам беришга ҳаракат қилардик. 
    Деярли ҳар куни акаларим билан кўчалар ва маҳаллаларни кезиб, майда ўтинларни йиғиб чиқардик. Гоҳида шу ўтинни топиш ҳам амримаҳол бўлиб қоларди. Биз гарчи оғир бўлса-да, дарахтлардан қолган кундаларни топиб, уларни илдизи билан кавлаб олиб, онамнинг овқат пиширишлари учун майдалаб, тайёрлаб қўярдик. Гоҳида илдизи чуқур бўлган бир кундани таги билан суғуриб олиш учун ҳафталаб қатнардик. Сабаби эрталаб мактабга борардик, дарсдан кейин уй вазифаларини тўлиқ бажариб, яна кунда кавлаш учун чиқиб кетардик. Тўнкани қаттиқ заранг ердан ажратиб олиш учун атрофини 5 метр чуқурликда кавлардик. Бу анча машаққатли иш эди. Кундалик эҳтиёждан ортган ўтинларни қиш учун ажратиб, алоҳида йиғиб қўярдик. Чунки кўмир сотиб олишга имконимиз етмас эди.   
   Мен 5-6-синфдан бошлаб китоб мутолаа қилишга ўзгача меҳр қўйдим. Бунга катта акамнинг мўжазгина кутубхонаси сабаб бўлди. Акам ҳарбий хизматдан қайтганидан сўнг ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факултетига ўқишга кирди. Акам ҳар ой олган стипендиясига бадиий асарлар, тарих ва география фанларига оид китоблар олиб келарди. Ҳар куни акамнинг кутубхонасига кириб, китоб мутолаа қилардим. Айнан шу китоблар адабиёт ва тарих оламига қизиқиб қолишимга сабаб бўлди.
    Болалигимда жудаям шўх бўлганман. Тўғрироғи, ҳамма ишга улгурардим: уйга вазифаларни бажаришга, китоб ўқишга, ҳаттоки кўча ва маҳалладаги болалар билан ўйнаб, уришишга ҳам. Футбол ёки чиллак ўйнаганимиздан кейин ютқазган томон, албатта, жанжал чиқарарди. Демакки, ўйинда ютамизми ёки ютқазамизми, жанжал бўлиши тайин эди...
    Оилада ўғил фарзанд кўп бўлгани учун отам ҳар куни бизни танча атрофига йиғиб, одоб-ахлоқ ҳар бир инсон ўзини муносиб тутиши ва доимо керакли ишлар билан машғул бўлиши ҳақида кўп насиҳат қиларди. Гоҳида отамнинг ўтли бир қараши ўзимизни тартибга келтириб олишимиз учун етарли бўларди.  
    Мен ҳозир 75 ёшдаман. Лекин шу ёшимда ҳам оиламизда отамнинг биз фарзандларига берган тарбияси ҳаётда тўғри йўлни топишимизда катта кўмакчи бўлганлигини ҳис этиб тураман. Болалигимдан ота-она томонидан фарзандларга берилган тўғри тарбия оиланинг энг асосий устуни эканлигига ишонч ҳосил қилганман...

“КЕТМОҚДАМАН”

    Бизнинг уйимизда кичкинагина радио бўларди. У радиодан доим қўшиқ янграб турарди. Айниқса, оиламиз билан Фахриддин Умаров қўшиқларини яхши кўриб эшитардик. Устоз санъаткорнинг қўшиқларини эшитганим сари менинг юрагимда санъатга бўлган кучли меҳр ва иштиёқ пайдо бўла бошлади. Радиодан Фахриддин Умаровнинг қўшиқлари бошланиши билан баланд овозда жўр бўлганча, қўшилиб хиргойи қилардим. Ижро қилганимда шунчалик берилиб кетардимки, ҳаттоки атрофимдагиларни, уйдагиларни ҳам унутиб қўярдим. Мендаги иштиёқни кўрган отам 16 сўмга рубоб олиб берган. Рубобни қўлимга олганимдаги кунни, қувончни сўз билан тасвирлаб беролмайман...
   Дадамнинг укалари, яъни амаким маҳалламизда бўладиган тўйларда қўшиқ айтиб, хизмат қиларди. Мен амакимнинг куйлаши ва рубоб чалишини диққат билан кузатар эдим. Хотирам кучли бўлгани сабабли амакимнинг қўл ҳаракатлари ва оҳангларини тез ёдимда сақлаб қолардим. Шу кузатишларим ҳамда тинглашларим орқасидан рубобни нотасиз, бемалол чалиб, қўшиқ айтишни ўргандим.  
   Мактабни 1966-йилда тамомладим. Лекин биринчи йил Тошкент театр ва рассомлик институтига кира олмадим. Иккинчи йил ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факултети кечки гуруҳига ўқишга кирдим. Кундузи юк ташувчи бўлиб ишлардим, кечқурун ўқишга борардим, имкон бўлди дегунча рубоб чалиб, қўшиқ айтардим... 
    Таниқли ижодкор Ўткир Ҳошимов акамнинг синфдош ўртоғи бўлган. Биз бир маҳаллада яшардик ва тез-тез Ўткир аканинг уйларига бориб санъат ва шеърият мавзусида қизиқарли давра суҳбатлари, йиғинлар қилиб турардик. Ўткир Ҳошимовнинг акаси Тўлқин Ҳошимов ҳам санъат шайдоси эди. У киши ҳам қўшиқ айтарди. Шундай йиғинларнинг бирида Ўткир аканинг “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Баҳор қайтмайди” деб номланган асарини ўқиб қолдим. Асарнинг ичида “Кетмоқдаман” деган шеър ҳам берилган экан. Менга бу шеър шунчалик ёқиб қолдики, унга ўзим куй яратиб, қўшиқ қилдим. Ўша пайтда 18 ёшда эдим. Мана шу “Кетмоқдаман” қўшиғим мени халққа танитди, ҳақиқий санъаткор деб улуғланишимга сабаб бўлди. Биргина шу “Кетмоқдаман” қўшиғини эшитиш учун республикамизнинг турли вилоятларидан юртдошларимиз ўзларининг яхши кунларида, тўйларида  астойдил таклиф қилишарди. Мана, 57 йилдан буён “Кетмоқдаман” ҳали-ҳалигача менга ҳамроҳдир.

ШОГИРДЛИК БАХТИ

    Ўзим учун ғойибона устоз деб билган Фахриддин Умаровнинг 500 дан ортиқ қўшиқларини ёддан билардим. Лекин устознинг олдиларига боришга ҳайиқар эдим. Сабаби, “мен оддий юк ташувчи бўлсам, шундай устоз мени шогирдликка қабул қилармикан?!” деган ҳадик менинг бу орзуйимга тўсқинлик қиларди. Ниҳоят 1970-йил 21 ёшимда устоз Фахриддин ака билан ҳаётда кўришиб, у кишига шогирд бўлиш менга насиб этди. Ўша кундан бошлаб  устозимга доимий ҳамроҳ бўлдим. Устоз давлат тадбирлари ёки тўй хизматларига, албатта, мени ҳам олиб борардилар. Мен эса устозим билан бир даврада қўшиқ айтаётганимдан ич-ичимдан чексиз қувонардим ва фахрланардим. 
   Устозимдан ҳаётда ҳам, санъатда ҳам ўзим учун керакли сабоқларни олдим. У кишидан ўрганганларим ва ўргатганлари асосида  200 дан ортиқ қўшиқ яратиш бахтига муяссар бўлдим. Ҳеч қандай мусиқа мактабига бормаган, ҳаттоки ноталарни ҳам тушунмайдиган ҳаваскор санъаткор учун бу катта натижа, аслида. Яратганнинг менга берган марҳамати ва устозимнинг кўрсатмалари билан санъатда  ҳам ўз ўрнимни топдим. 

ЁШЛАРГА…

    Биз туркий халқларининг бир бўлагимиз. Туркий халқлардан чиққан алломаларни янада чуқур ўрганиш ва бу билимларни ёшларга етказиш биз олимларнинг вазифасидир. Бу борада қувонарли томонимиз шундаки, олий таълим муассасаларида “Шарқ алломалари” деган миллий фан киритдик. Бу фан орқали биз улуғ аждодларимизнинг диний, илмий йўналишда қилган улкан ишлари, яратган кашфиётлари ҳақида батафсил маълумот беряпмиз.
   Ёшлар ҳар бир ўтаётган кунидан унумли фойдаланишсин, тарихимизни ўрганишсин. Бугунги кунни яратиш учун ота-боболаримиз қандай заҳмат чекишганини дилдан ҳис этмоқлари керак. Ана шундагина улар ўз миллати ва халқини ўйлайдиган, қайғурадиган, юртимиз ривожи учун кўмак берадиган, суянч ва таянч бўладиган инсон бўла олишади. Хоҳ илм йўли бўлсин, хоҳ санъат ёки спорт йўли бўлсин, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишлари учун астойдил интилишлари зарур. 
   Мен устозларим – падари бузрукворим Абдуҳамид Азизов, халқимиз ардоғидаги Фахриддин Умаров, тарихчи олим Аҳмадали Асқаровларнинг панд-у насиҳатларига амал қилиб, ҳаётда тўғри йўлимни топа олдим. Демоқчи бўлганим, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам аввало, устозни тўғри танлай олиш ҳамда уларни эъзозлай билиш керак.  
Отам ва устозларимнинг ибратли насиҳатлари ва ўгитларини мен ҳозир фарзандларим, набираларим, шогирдларим ҳамда талаба-ёшларга етказмоқдаман. 
    Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, мен миллий санъатимизни сақлаб қолиш ва уни янада ривожлантириш тарафдориман. Шу сабабли миллатимиз тарихи, санъати ва анъаналари учун доимо қайғураман. Айниқса, санъат соҳасида енгил-елпилик кучайиб кетди. Бу эса нафақат санъатимиз, балки миллатимиз учун қайғули ҳолат. Миллатимиз ўзлигини сақлаш, миллий санъатимизни ривожлантириш ёшларимизнинг қўлидадир. Ёшларимиз эса бу ишончни оқлашларини астойдил истаб қоламан.

Суҳбатдош – Нилуфар ЖАББОРОВА.
Манба: «Гулхан» журнали 2025 йил 2-сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот