ҚАЛТИС ЙЎЛ


   Ичкиликбозлик. Инсоният бошига не-не кулфатларни ёғдиргувчи иллат. “Жиноятни оғирлаштирадиган ҳолат” дея баҳолашади мастлик ҳолатида содир бўлган воқеаларни. Албатта, бундай жиноятлар учун бериладиган жаз оғир. Бироқ шундай бўлишини билсаларда, бу иллат касридан қутилолмаётганлар қанча. Бу нима, инсониятнинг хатосимикан ёки сархушликка бўлган ҳавас?! Шароб шунчалик ўзига чорловчи оҳанграбомикан ё?
  Қуйида ичкилик туфайли йўлидан адашган гумроҳ бандаларнинг ҳаётларидан воқиф бўласиз. Бироқ ота-онанинг бу умидлари ҳам чиппакка чиқди. Ўктам улғайган сари, унинг ташвишлари ҳам каттариб борди. 
– Пул беринг, – дерди у мактабдан келгач, онасига дўқ уриб.
– Нима қиласан?
– Ўртоқларим билан кафеда ўтирамиз.
– Сенга кафени ким қўйибди? – дерди она ҳали мактабда ўқийдиган ўғлининг ичкиликка ва ўйин-кулгуларга ўчлигидан жиғибийрон бўлиб.
– Кўп гапирманг, пул беринг! – баттар қайсарлик қилишга тушарди Ўктам. 
– Белинг оғриб ишлаб келяпсанми, мендан пул сўрайсан! 
   Онасининг пул бериш нияти йўқлигидан Ўктамнинг тепа сочи тикка бўларди. Қандай қилиб бўлсада пул олиш учун ўзини жинниликка солиб, ҳатто онасини сенлашгача борарди.
   Она ва бола ўртасидаги айтишув авжга чиқарди:
– Пул берасан!
– Бермайман!
– Бер дедим!
– Тошингни тер!
– Мана бўлмаса! – Ўктам дуч келган нарсани олиб, ерга отарди. Идиш-тавоқларнинг жаранг-журунг қилиб синиши ҳатто қўшниларникига ҳам эшитилиб турарди.
   Ана шундай уруш-жанжаллар билан Ўктам мактабни тугатди. Такасалтанглик қилиб кўча санғишлар, ўзига ўхшаган ўртоқлари билан кафеларда ичкиликбозлик қилишлар кўпайса кўпайдики, аммо камаймади. Шу орада у ўғриликка қўл уриб, қамалиб ҳам чиқди. Бу оила учун катта иснод эди. Ўктамнинг хурмача қилиқларидан ота-она ва ака-укаларнинг боши ерга эгилди. Қариндош-уруғлар Ўктамни ўртага олиб, насиҳат қилган бўлишди, қулоқ осмагач қаттиқ гапиришди ҳам. Аммо бу унга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. Қайтанган “кўриб қўйинглар, мен қамалиб чиққанман. Мендапн ҳамма қўрқади” дегандек кўкрагини ғоз кериб юрарди. Атрофида ўзидек текинтомоқ улфатлари. Ҳар куни ичкилик ва кўнгилхушликлардан бошлари карахт, кўнгиллар сархуш. Табиийки, бундай ўтиришлар учун пул ва фақат пул керак. Ўктамни эса ана шу пул топиш муаммоси қийнарди. Пул топиш учун ишлаш ва жон куйдириб меҳнат қилиш кераклиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Назарида пешона тери билан ишлаб пул топаётганлар дунёдаги энг аҳмоқ одамлардек эди. 
– Нега пул топиш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак, ахир у кимларнинг чўнтагида керагидан ҳам кўпроқ-ку, сал каллани ишлатса ўша пулла бизнинг қўлимизга ўтиши мумкин, – дерди ўртоқларига аския қилган бўлиб. Такасалтанг шериклари эса уни қўллаб-қувватлар, ўғрилик, бировларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш улар учун дунёдаги энг фахрли ишдек эди. Уларнинг ҳар кунги маишатлари кун сайин каттариб борди, ҳавойи истаклари ҳам. Бундай ўтиришлар учун энди катта-катта пуллар керак бўладиган бўлди. Ўктамни фақатгина шу муаммо қийнарди. Истакларига қарши бораётган онаси эса унинг кўзига ялмоғиз бўлиб кўрина бошлади. Ногирон отасидан фойда йўқ. Оёғидан кўтариб силкитса ҳам чўнтагидан бир мири тушмайди. Аммо онасидан ундирса бўлади. Чунки оила эҳтиёжи учун сарфланадиган пуллар онасида туради. Лекин онасидан пул олиш ўлим билан баробар. Ҳатто ўғирлашнинг ҳам имкони йўқ. Итнинг феъли эгасига маълум деганларидек, онаси Ўктамнинг ўғрилик одати ҳам борлигини яхши билганлиги учун пулни тишининг кавагида асрагандек ҳеч ким тополмайдиган жойга бекитади. Бир куни Ўктам онаси бекитган пулни топиш учун нақ бир кун овора бўлди. Аммо тополмади.
– Пулни қаерга бекитгансиз? – деди ахийри пул излаётганлигини онасидан яширмай.
– Очиқ мозорга! – деди жаҳли чиқиб кетган онаси.
– Ўша очиқ мозордан пулни олиб, ўрнига сени кўмиб келаман! – ваҳшиёна шивирлади Ўктам.
– Ўлдир! Сендек ўғилнингг иснодини кўтариб юргандан кўра ўлганим яхши! – кўзларидан дув-дув ёш оқди онанинг.
– Олдин пулни бер! – онасининг зорланишидан бир туки қилт этмади Ўктамнинг.
– Пул йўқ! Бўлмайди ҳам!
   Онасининг бу гапидан Ўктамнинг қони қайнаб кетди. Югуриб ошхонага кирдида, хонтахта устида турган ошпичоқни олиб, онаси томон югурди. Кўзи қонга тўлган ўғлининг қўлидан ҳар бало келишини билган она жон ҳолатда кўчага югурди ва оқибатсиз ўғилнинг дастидан қўшнисининг уйидан паноҳ топди.
   Ўктам бора-бора ичкиликка қаноат илолмайдиган бўлиб қолди. Энди у челаклаб ичса ҳам кайфи ошмас, энг ўткир ичкиликлар ҳам унга таъсир қилмай қолганди. 
– Негадир мен кайф қилолмаяпман, – деди у бир куни ҳамтовоқларига ҳасрат қилиб.
– Организминг ароққа тўйиб бўлибди. Энди заҳар ичсанг ҳам таъсир қилмайди.
– Энди сенинг ўзинг ароққа айланибсан. Сени билан қўл бериб кўришган одамнинг кайфи ошиб ерга думалайди, – ваҳаҳалаб кулишди ҳаттавоқлари.
– Жаҳлимни чиқармаларинг! Ҳозир ҳаммангни каллангни оламан!
   Ўктамнинг бу ўкиригидан ҳозиргина қорнини ушлаб кулаётган шериклари жим бўлиб қолишди.
– Ҳазиллашдик жўра, – деди улардан бири Ўктамнинг елкасига қўл ташлаб, – бизда ҳам шундай ҳолат. Мана кечагина Нўъмонжон ҳам менга ароқ таъсир қилмаяпти, деяётганди. Тўғрими, Нўъмон?
– Ҳа, ҳатто аптекаларда сотиладиган 96 фоизли спирт ҳам таъсир қилмаяпти, – унинг гапини маъқуллади соч-соқоли ўсиб кетган Нўъмон, – Кеча иккитасини бирданига ичиб юбордим. Ичиб ёнгудек бўлди, аммо кайфдан дарак йўқ.
– Кайф қилишнинг бошқа зўр йўли бор, – деди Собир деган йигит айёрона кўз қисиб.
– Айтчи, нима экан?. 
– Наша чекиш керак.
– Наша фалон пул туради, кейин уни топиш ҳам осон иш эмас.
– Бир ўртоғим бор. Анча йиллардан бери нашафурушлик билан шуғулланади. Шунинг касрида ҳатто бир марта қамалиб ҳам чиққан.Ана шундан топишимиз мумкмин. Энг муҳими, у қарзга ҳам бериб туради. Бир чекиб кўрайлик, кайфи зўр бўлса, пул ҳам топилади.
   Ҳамтовоқлар гапни бир жойга қўйишиб нашафурушнинг уйига йўл олишди...
– Ким айтди? Мен унақа ишлар билан шуғулланмайман! Тавба қилганман! – деди уйига бир эмас, бир нечта йигитнинг наша сўраб келганлигидан капалаги учиб кетган Сарвар.
– Биламиз қаеринг билан тавба қилганлигингни! Опчиқ, булар ишончли йигитлар! – деди Собир унга дўқ уриб. Сарвар у деди, бу деди, аммо ахийри йигитлар сўраган нарсани олиб чиқди. 
– Фақат пулини нақд берасизлар! – деди сўнг тихирлик қилиб.
– Оласан пулини! Олдин татиб кўрайлик, тозасиданми-йўқми, билайлик.
– Менда нотозаси бўлмайди.
– Ҳозир биламиз-да..
– Йўқ-йўқ, фақат бу ерда эмас, бошқа жойга боринглар. Қўни-қўшниларим исидан ҳам билишади.
– Чакавериб, сотавериб қўшниларингни ҳам ўргатиб қўйгансан-да, – масхаромуз тиржайди Собир ва ҳамтовоқларини олиб хилват жойга борди. Ўша куни улар кайф қилишнинг янги усулини отпганларидан ўзларида йўқ шод эди.
– Эй, раҳмат ошна! Бунинг кайфи бошқача экан, – деди кўзлари қон қуйгандек қизариб кетган Ўктам, – Энди фақат шунақасидан топамиз...
   Ўктамнинг бу қилиғидан ташвишга тушиб қолган ота-она нима қилишларини билмасди. Зора уйлантирсак ақли кириб қолар, дея келин қидиришга тушишди. Келин ҳам топилди, тўй ҳам бошланди. Хонадонларига фариштадек келин келди. Уйлари нурланиб кетгандек бўлди гўё. Навниҳол келинчак ғам-ғуссага ботган кўнгилларга ёруғлик олиб кирди. Ўктамга ҳам бироз ақл киргандек бўлди. Энди у келинчакнинг атрофида парвони бўлиб, олдинги қилиқларини унутгандек эди. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммаси қайтадан бошланди. Тубдан ақл бермаган Ўктамга туртган ақл кор қилмади. Уруш-жанжаллардан безор бўлган Ўктамнинг онаси ахийри тегишли органларга арз қилди. Шундан сўнг олдин икки марта қамалиб чиққан Ўктам Ниёзовнинг бошқа кирдикорлари ҳам фош бўлди. Нопок ўғил барча қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилди.


Шаҳноза Ҳакимова, ҳуқуқшунос.
Гулруҳ Ёрматова, журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот