ҲИСОБДАН АДАШСАНГ ҲАМ, ДЎСТДАН АДАШМА...


ЕВРООСИЁ ИҚТИСОДИЙ ИТТИФОҚИГА МУНОСАБАТИМИЗ
 “ҲИСОБДАН АДАШСАНГ ҲАМ, ДЎСТДАН АДАШМА...”
ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЕОИИГА КУЗАТУВЧИ СИФАТИДА ҚЎШИЛИШИ БОРАСИДА МУЛОҲАЗАЛАР

   Ўзбекистон ҳукумати ортидан эргашишга ўрганган ва ўргатилган аксарият депутатлар ҳам ЕОИИга кузатувчи бўлиб қўшилишга рози бўлди. Озгина кўнгилни илитган ҳолат парламентда жонланиш пайдо бўлгани, бу ғояга қарши бўлган ва бетараф қолган депутатлар сонининг ҳам салмоқли эканидир. Миллий тикланиш партияси бу ғояга қарши эканини очиқ баён ҳам қилди, чунки миллат ва миллият тақдири ҳақида сўз бормоқда. Умуман олганда, халқ ва миллат тақдирига оид бундай қарор референдумга олиб чиқилиши, парламентда оддий кўпчилик билан эмас, учдан икки овоз билан ўтиши, овоз бериш очиқ бўлиши ва муҳокамалар бевосита эфирда берилиши мақсадга мувофиқ бўларди. 

ДАРҲАҚИҚАТ, “ДЎСТГА ДУШМАН БЎЛИШ ОСОН, ДУШМАНГА ДЎСТ БЎЛИШ ҚИЙИН.

   Тўғри, кузатувчилик мақоми Ўзбекистонга катта халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди, ташкилот фаолиятини имкон қадар ичдан ўрганиш имконини бериши ҳам мумкин. Мамлакатни ташкилотга жалб этиш учун “ҳолва ва қамчин” усули ҳам қўлланила бошлаши, яъни аъзоликка киритиш учун қулайликлар яратиш ёки “кирсанглар – осонлаштирамиз” деб қийинчиликлар юзага келтирилиши таҳликаси бор. Евроосиё иқтисодий иттифоқи нечта давлат иштироки асосида кенгайса ҳам, унда битта давлатнинг устунлик қилиши, бу давлат сиёсатни бир тижорат деб билиши бор воқеликдир.

 ДАРҲАҚИҚАТ, “ЭШАК ЭТИ ГЎШТ БЎЛМАС, САВДОГАР ҲЕЧ ДЎСТ БЎЛМАС”.

   Бир даврага кирганда, салмоғига, шамойилига, феълу атворига қаралади. Евроосиё иқтисодий иттифоқида етакчи ўринга эга бўлган Россия бугунги кунда дунёда “катта оға”чилик, империяпарастликка мойиллиги учун яккаланиб қолган, яқин-узоқдаги давлатларнинг ерларини босиб олаётган, уруш ўчоқларини яратаётган ва бу учун дунё ва тарққиётдан иҳоталанаётган, фақат одам ўлдириш қуроллари билан мақтана оладиган, ўта марказлашган ва коррупциялашган давлатдир. Иккинчи томонда – биз Жаҳон савдо ташкилотига киришимиз мумкин. ЖСТнинг қоидалари, амалиёти, қоидалари, низоларни ҳал қилиш институтлари муаммал шаклланган. Зеро, унинг дунёда 160тадан ортиқ аъзоси бор. Дунё иқтисодининг 90 фоизидан ортиғини қамраб олган. Унга кирмасдан бор-йўғи бири – ҳукмрон ва истаган пайти қоидасини ўзгартирадиган, иккинчиси - бир нави, яна учтаси  зўрға кун кўраётган 5та давлат иттифоқига кирамизми?! ЖСТга киришимиз ҳам иқтисодий томондан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади. Дўст танлаганда кучлисини, оқилини, сўзида турадиганини танлаш керак.

ДАРҲАҚИҚАТ, “ЎРТОҒИНГ БОЙЎҒЛИ БЎЛСА, ТУРИШИНГ — ВАЙРОНА...”

   Сир эмас, ЕОИИ давлатлари ва уларнинг тевараги ҳали постсовет тафаккуридан қутилган эмас. Бу давлатларда ҳали кўп ишлар қонунга ё халқ иродасига эмас, уларнинг тепасидаги шахсиятларга, уларнинг истаклари ва иродаларига боғлиқдир. ЖСТИ ёки Европа Иттифоқи десак, кўз ўнгимизга уларнинг раҳбари, раиси ёки ташкилот президенти келмайди, аммо ЕОИИ деганда, унинг ташаббускори Путин келади ва бу ташкилотда унинг айтгани-айтгандир. Шахслар эса ўтгувчидир, биз ўзимизни барқарор тизимга, қонунга боғлашимиз керак. 

ДАРҲАҚИҚАТ, “ЖОНГА КУЙГАН ЖОНДАЙ ДЎСТ, ЖОНГА КУЙМАС ҚАНДАЙ ДЎСТ?!”

   ЕОИИ Россиядаги олигархларнинг, умуман барча аъзо давлатлардаги монопол корпорациялар ва лоббистларнинг манфаатларига хизмат қиладиган иқтисодий тизимдир. Ундан бозор иқтисодини жорий этиш ва жаҳон иқтисодига интеграциялашни кута олмаймиз, аксинча, бу ташкилотга аъзолик бизнинг бевосита дунёга чиқишимизга ошкора ва зимдан қаршилик қилади. Чунки бу ерда биродарлик, дўстлик, ҳалоллик ва адолат англами йўқ, тижорат, яъни савдогарлик бор.

ДАРҲАҚИҚАТ, “ЮЛҒУННИНГ ЎТИ БЎЛМАС,  САВДОГАРНИНГ — ДЎСТИ”.

   ЕОИИга кириш учун ҳамма томондан айтиладиган бош “далил” сифатида у ерда меҳнат қилаётган ва бир-икки танга пул топаётган юртдошларимизнинг тақдири келтирилади. Шу муносабат билан бир-икки сўзимиз бор. Биринчидан, ЕОИИга аъзо давлат фуқаролари бўлган қирғиз ва тожик биродарларимизни “ОМОН”чилар калтаклагани, тинимсиз депортация қилинаётгани, бу юртларга ҳам ўлиб, тобутлари келаётгани ҳақида статистика ва хабарлардан нега кўз юмамиз?! Бу аъзолик уларни асраб қолмаяпти-ку. Иккинчидан, Россия демографияси шу ҳолдаки, аҳоли таркибида нафақахўрлар кўп ва ишлаш ёшидагилар кам, зеро руслар ичяпти, кеч турмуш қуряпти ёки умуман оила қурмаяпти, туғса, кам туғади. Иқтисод шуки, ишловчилар тўлаган солиқдан нафақахўрлар нафақа олади ва яшайди. Кексалар кўпайиб, ёшлар озайса, давлат банкрот бўлади. Шунинг учун пенсия ёшини ошириш ташаббуси чиққанди. Россия мигрантларсиз иқтисодини юрита олмайди, Европа ҳам. Агар ўз иқтисодини эпласа, бирорта мигрантни бир кун ҳам Россияда қолдирмасди. Уларнинг феъли сир эмас. Қолаверса, патентдан тушаётган улкан маблағ ҳам мавжуд. Учинчидан, агар биз “гастарбайтерлар” туфайли ЕОИИга кирсак, бизни ҳали бу “қарта” билан сиёсий ўйинларда кўп шантаж қила олишади. Ташқаридан иқтисодий қамалда қолаётган Россияда пул топиш қийинлашяпти. Тўртинчидан, биз бошқа давлатлар “мардикорлар” қартаси билан шантаж қилмаслиги учун ва юртдошларимиз фақат “қора ишлар”га ўралашиб қолмаслиги учун, четга ишлайдиганларни битта давлатга эмас, кўпроқ давлатга юборишимиз (юборсак), тил ўргатишимиз ва имкон қадар юксак технологияли ривожланган Европа, АҚШ, Япония, Араб Амирлиги ва, мана, очиқ Туркияга юборишимиз керак. Яъни бу масалада бир давлатга қарамликдан қутилишимитз керак. Шунда раҳбарларимизнинг қўли ва тили ечилади.

ДАРҲАҚИҚАТ, “ЁМОН ДЎСТДАН ҚИРДА ЁТГАН ТОШ ЯХШИ...”

   ЕОИИ иқтисоди ҳақида айтсак, Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфийдир. Бу иттифоқдан Россиядан бошқа иқтисод фойда кўрган эмас. Белорус Президентининг Россия уларнинг маҳсулотини киритмаётганидан ёзғиришларини эшитамиз-ку мудом. Қозоғистон ҳам худудий яхлитлигини сақлаш учун муомала қилишга мажбурдир.
   Ривожланиш дунё билан савдо қилишда ва интеграциялашувдадир. 2001 йилда ЖСТга аъзо бўлган Хитой 2005–2006 йилларга келиб юксак ривожланган. “Хитой ЖСТга аъзоликдан кейин икки жиҳатдан ютди: ўзига кириб келаётган хомашё арзонлашди, ўзи сотаётган маҳсулот ҳам арзонлашди. Экспортни кўпайтириш натижасида кўпроқ иш ўринлари яратилди ва кўпроқ даромад қилишни бошлади”, - деганда хорижда ишлаётган ватандошимиз Валижон Тўрақулов ҳақдир. Қолаверса, ЖСТ аъзосига ЕОИИга аъзо бўлишга изн беради, ЕОИИ эса бунга йўл қўймайди, тўсиқ бўлиб қолади. Иқтисодда ЕОИИнинг юз миллионлик бозоридан дунёнинг миллиардлик бозори афзалдир. Бу Иттифоқ ваъда қилаётган афзалликларни унга аъзо бўлмасдан ҳам олиш мумкин, бунинг учун ташқи ҳамкорликка қўйиладиган тўсиқлар ва акцизу божларни тартибга солиш ҳамда иккитомонлама тенг шериклик кифоядир. Бу тўсиқлар эса айнан бизни Иттифоққа киргизиш учун яратилган. 

ДАРҲАҚИҚАТ, “ДУШМАН ЭШИГИНИ ҚОҚҚАНДАН КЎРА, ДЎСТ УЙИНИ ҚОҚЛАГАН ЯХШИ”.

   Қозоғистонлик Қанот Олтинбоевнинг сўзларига кўра, Россия Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларини ўз ички бозорига киритилишига чегара қўяди. ЕОИИ аъзо давлатлари тадбирокрлари бу ҳақда бонг урган. «Рахат» қандолат маҳсулотларини Россияда доимо мусодара қиладилар ва судловга тортадилар деб хабар қилган корхона раҳбари Константин Федорец. Унинг сўзларига кўра, рус бозорида бир фоиз ҳам бўлмаган бу маҳсулотларни киритмаслик учун рус комапниялари ҳукуматдаги танишларини ишга солади. “Россия бозорга хос бўлмаган механизларни, Роспотребнадзор каби ташкилотларни ишга солмоқда”, - дейди бошқа бир тадбиркор. Мана, уларнинг хулосаси: «Барча фактлар ЕОИИ иқтисодий ташкилот эмас, Россиянинг статус-кво ўрнатишга қаратилган сиёсий лойиҳасидир!”. Ўзбекистон ўзига босим ўтказишларига йўл қўйиб бермаслиги керак. Сиёсатчи ва сенатор Содиқ Сафоевнинг сўзларидан умидланамиз: “Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқи бир-бирига зид эмас, Ўзбекистон ЖСТга кириш истагида қатъийдир, ЕОИИга аъзолик савол остидадир”.

ДАРҲАҚИҚАТ, “АБЛАҲ ДЎСТ ДУШМАНДАН ЁМОН, НЕ ҲИЙЛА БИЛСА, ИШЛАТАР ОСОН”.

   Ҳаққоний моҳиятига кўра ЕОИИ дунёдан ўзини ажратиб олиб, қалъасида қамалга тушган ва бу қамал ҳолатини давлат сиёсатига айлантирган тузумнинг геосиёсий лойиҳасидир, Россия мамлакати ва халқи билан дўстона алоқаларда бўлган ҳолда, уни бу куйга солган тузум билан Итттифоқ бўлиш ўзини зулмга тутиб беришдир. Қолаверса, ортимизда юз эллик йиллик мустамлакачилик тарихи бор – тўпга тутилган Бухоро, дорга осилган Тошкент ҳимоячилари, Жиззах қўзғолонидан сўнг 1916 йилда осилган жувонмардлар, ўлдирилган Беҳбудийлар, Қодирийлар, Чўлпонлар, нимталанган адабиётимиз, хўрланган ва энди тикланаётган тилимиз бор. Мустақиллигимиз, давлатчилик даъвойимиз, халқимиз, миллатимиз ва динимизга соҳиблигимиз бор. Масалага шундоқ ёндошиш керак ва бошқача бўлиши мумкин эмас.

   ДАРҲАҚИҚАТ, “ИШКАМБАДАН ГЎШТ БЎЛМАС, ДУШМАН АСЛО ДЎСТ БЎЛМАС”, “СУВ ТЎХТАР, ДУШМАН ТЎХТАМАС”.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Манба: ДАРАКЧИ №15 2020