СЎЗГА МАСЪУЛИЯТ – УЛУҒ МАҚСАДИМИЗ


Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров "Саодат" журнали меҳмони

СЎЗГА МАСЪУЛИЯТ – УЛУҒ МАҚСАДИМИЗ
– Олимжон Аввалбоевич, жуда кўп нуфузли ташкилотларда фаолият олиб боргансиз. Қайси тажрибалар бугунги фаолиятингизда қўл келмоқда? 
– Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига раҳбарлик қилиш мен учун шарафли, шу билан бирга, масъулиятли вазифа. Бу табаррук даргоҳда миллий журналистикамизнинг қанчадан-қанча фидойилари, ўзбек матбуоти жонкуярлари, муҳтарам устозларимиз фаолият олиб борган. Уларнинг анъаналарини давом эттириш, замон билан ҳамнафас бўлиш, соҳа равнақига ҳисса қўшиш, ҳар бир ҳамкасбимизга эътиборда бўлишни  мақсад қилиб қўйганмиз. 
     Журналистика соҳасидаги 30 йиллик фаолиятим давомида нуфузли ташкилотларда ишлаганим тажриба орттиришим учун қўл келди. Ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида сабоқ олган талабалик давримда телевидениеда сиёсат йўналишида кўрсатувлар тайёрладим. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизматига раҳбарлик қилдим, кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайландим. Сўнгги  йилларда “Nuroniy” газетаси ва “Keksalik gashti” журнали бош муҳаррири лавозимида ишладим.
     Телевидениеда сиёсий билимларим ошди. Ўша даврда интернет ҳали ривожланмаган, телевидение асосий ахборот тарқатувчи восита бўлган. Олий суддаги фаолиятим ҳам ОАВ билан боғлиқ эди. Соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини кўпроқ ўргандим. Парламентда ОАВга тегишли қонун нормаларини яратиш жараёнида иштирок этдим. “Nuroniy” газетаси ва “Keksalik gashti” журналида эса кекса авлод, устозлар фаолияти билан яқиндан танишиб, улардан журналистика соҳасидаги тажрибаларидан сабоқ олдим. 
– Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбари сифатида фаолият бошлагач, қандай муаммоларга дуч келдингиз ва уларни бартараф қилишни нимадан бошладингиз?
– Уюшманинг асосий мақсади журналистларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини кўтариш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, турли газеталар, журналлар, телевидение ва радиоларда, нашриёт ва ахборот агентликларида ишлаётган, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижтимоий-иқтисодий, ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг муассислари ва ноширлари олдидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Очиғини айтиш керак, неча ўн йиллар давомида Уюшма ўз олдига қўйган вазифаларни тўлақонли бажара олмаган, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. 
     Тарихга назар ташласангиз, 2001 йилда Уюшмага аъзолик тўхтатилган ва ташкилот номланишида “ижодий” тушунчаси қўшимча қилиниб, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси” сифатида юритила бошланган. Том маънода журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот эмас, шунчаки ижодий ташкилот сифатида қаралган. Шунингдек, ўша пайтдаги матбуотга, сўз эркинлигига тўсиқлар ҳам Уюшма фаолияти чегараланишига сабаб бўлган. 
     Уюшма раиси сифатида фаолиятимни бошлаган илк кунданоқ журналистлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар билан бирга таклифлари, мурожаатларини ўрганиш мақсадида журналистлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун @jurnalist_uz_bot каналини ишга туширдик. Бу орқали кўплаб ҳамкасбларимизнинг соҳа ривожига бефарқ эмаслиги, юзлаб ёшларимиз бугунги замонавий журналистика ихлосманди экани маълум бўла бошлади.
     Бугунги кунда журналистлар ҳам, кенг жамоатчилик, яъни ахборотдан фойдаланувчилар ҳам Уюшмага катта умид билан қарамоқда. Мамлакатимизда очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги давлат сиёсати даражасига чиқди. Журналистлар ўз олдига қўйган вазифасини тўлақонли амалга ошириши учун ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳамма шароитлар яратилмоқда. 
     Журналистика бошқа қатор соҳалар каби заҳматли меҳнатни талаб этади. Бу меҳнат биринчи галда одамлар дарду ташвишига шерик бўлиш, уларнинг қувончи, ташвишини ўзиники деб билишни тақозо этади. Холислик ва ҳаққонийлик журналист учун ҳақиқат мезони ҳисобланади.
     Биз ўзбек матбуоти катта ва шонли йўлни босиб ўтгани билан ҳамиша фахрланамиз. Аммо бир асрдан ортиқ вақт мобайнида зиёлиларга ҳамроҳ бўлган, журналист ва матбаачиларни бирлаштирган, уларга муносиб минбар бўла олган “Ўзбекистон матбуоти” журнали қарийб икки йил чоп этилмай қолганди. 
Икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ҳамкорларимиз саъй-ҳаракатлари билан “Ўзбекистон матбуоти” яна чин маънода ҳаётга қайтди, қайта нашр қилина бошлади. 
     Кулгисевар халқимизга салкам бир асрдан буён табассум улашиб келган “Муштум” журналининг фаолияти ҳам сўнгги йилларда тўхтаб қолган ва буни асло оқлаб бўлмасди. Бу журналга  маърифатпарвар жадид боболаримиз асос солган,  1923 йилдан нашр қилина бошлаган. Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда “Муштум”нинг асосий қуроли ҳисобланган. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезони бўлган.
     Сўнгги йилларда “Муштум” журнали таҳририяти иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолиши сабабли унинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти замонавий талаблар даражасида қайта шакллантирилмади. 
     Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ташаббускорлар кўмаги билан “Муштум” журнали қайта чоп этила бошланди. Ва яна халқимизга табассум улашишга киришди.
– Уюшмага янги аъзолар қабул қилиняпти. Бугун бу борада талаб ҳам янгими?
– Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 1957 йилда ташкил топган бўлса, шу пайтгача 20 мингга яқин журналист аъзоликка қабул қилинган. Юқоридаги сабабларга кўра, 2001 йилда аъзолик тўхтатилган. 2019 йил июль ойидаги конференциямизда аъзоликка қабул қайта тиклангач, аъзолик гувоҳномаси, кўкрак нишонлари янгидан тайёрланди. 
     Йигирма йил деганда янги аъзоларни қабул қилиш жараёни бошланди. Дастлаб “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятига бориб, ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Ҳар иккала жамоага замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди ҳамда энг фаол таҳририят журналистларига аъзолик билети ва кўкрак нишони топширилди. 
     Ўтган қисқа давр ичида янги аъзоларни қабул қилиш кўпайди. 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича 160 нафар, шу йилнинг ўтган 5 ойи давомида 100 нафар   журналистлар сафимизга қабул қилинди. 
     Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирган журналистлар учун Jurnalistlar.uz веб-сайтида барча маълумотлар жойлаштирилди. 
– “Атиргул” танловининг тикланиши аёллар журналистикасида қандай акс садо беряпти? Кузатишларингиз...
– Уюшма қошидаги Журналист аёллар кенгашининг 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган йиғилишида “Атиргул” танловини қайта тиклаш, мазкур танлов ғолибларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифини билдирдим ва таклиф қўллаб-қувватланди. 
     Бугунги кунда олий ўқув юртларини тамомлаб, журналистика соҳасига кириб келаётган кадрларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Оммавий ахборот воситаларида кўпчилик журналист аёллар хизмат қилади. Зукко опа-сингилларимиз томонидан ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туради. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг “Атиргул”  деб номланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, атиргул тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам.  
     “Атиргул” танлови журналист аёлларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадио маҳсулотлар сифатини яхшилаш, материаллар тайёрлашда фикрлар хилма-хиллиги ва турлича ижодий ёндашувларга самарали таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.
–  Меҳнат эътирофи, ижодкор қадрини ҳаққоний баҳолаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикрлашсак.
– Бугунги кунда журналистларнинг ижтимоий-сиёсий  фаоллиги давлатимиз, жамиятимиз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Биргина ўтган йили юз нафардан ортиқ журналистлар ва блогерлар давлатимизнинг юксак мукофотлари  – орден ва медаллар билан, минг нафарга яқин журналистлар эса “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлангани соҳа вакилларига қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради.
     Уюшма қошида бир нечта Халқаро Кенгашлар фаолият олиб бормоқда. Кенгашлар таркиби соҳада хизмат қилаётган малакали журналистлардан шакллантирилган. Ташкилий тузилмасидан қатъи назар, ОАВда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган журналистларнинг фаолиятини кузатиб, таҳлил қилиб бориш, уларга ижодий-услубий ёрдам бериш, журналистларнинг касбий малакасини оширишда кўмаклашиш мазкур кенгашларнинг асосий устувор вазифаси этиб белгиланган.
     Фахрий журналистларимиз ҳолидан доимий равишда хабар олиб турамиз. Уларнинг таваллуд тантаналари ўтказилади.   
     Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан қатор  ҳамкор  ташкилотлар билан биргаликда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ҳам мамлакатимизда матбуот эркинлиги, журналистларимизга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
     Жорий йилдан эътиборан ушбу танловни аввалгиларидан бироз бошқача, бугунги кун талаби даражасида ўтказишга ҳаракат қилинди. Тегишли таклиф-тавсиялар асосида танлов низомига ўзгартиришлар киритилди. Энг муҳими, ҳайъат аъзолари барча ижодий ишларни диққат билан кўриб чиқди. Материаллар бугунги кунда ҳаёт олдимизга  қўяётган талаблар — сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодий фаолиятга  янгича ёндашув  каби  мезонлар асосида  баҳоланди. 
–  Газета ва журналларнинг бугунги ҳолати сизни қаноатлантирадими? Келажагини қандай тасаввур қиласиз?
– Бугунги кунда айрим даврий нашрларнинг адади кескин камайиб бораётгани, мураккаб молиявий ҳолатга тушиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Газета ва журналларнинг иқтисодий аҳволи ночорлашиб бораётгани уларнинг савияси, сифатига ҳам таъсир кўрсатади. Таҳририятларда юзага келаётган муаммолар қоғоз ва босмахона харажатларининг қимматлашиши билан ҳам боғлиқ. Улар учун тўланадиган тўловларни енгиллаштириш масаласини ўйлаб кўриш керак. 
     Кўпчилик нашрларнинг ўз кадрлари ва техник базасини сақлаб қолишлари учун муассисларнинг ёрдамига эҳтиёжи бор. Газета ва журналлар таҳририятлари ва муассислар ўртасидаги тузилган ҳужжатлар амалда ишламайди. Муассис ўз нашри олдидаги мажбуриятини ҳис қилмаяпти. Демак, муассис тасарруфидаги нашрларни қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асос яратилиши зарур.
     Таҳририятларнинг иқтисодий имкониятларини яхшилаш мақсадида қўшимча даромад келтирувчи фаолият тури билан шуғулланиши, бунинг учун имтиёзли кредит ажратилиши, солиқ имтиёзлари берилиши зарур. Бу нашрларнинг иқтисодий мустақил бўлиши учун замин яратади.
     Экспертларнинг фикрича, бугунги кунда кузатилаётган обунани ташкил этиш борасидаги сусткашлик, газета ўқувчиларнинг сони камлиги, таҳририятларнинг молиявий қийинчиликларга дуч келиши каби ҳолатлар маълум вақт оралиғида барҳам топади. 
– Юртимиз журналистларига тилакларингиз...
–  Соҳамизда фаолият кўрсатаётган аёл журналистларнинг ёритилаётган мавзуга ўзига хос ёндашиши, жамиятда кечаётган ижобий янгиланишлар билан бирга мавжуд муаммоларни ҳам кўра билиши ва уларга ечим топиши, бир сўз билан айтганда, ўз касбига нисбатан фидойилиги эътирофга молик.
     Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан журналист аёлларни, азиз опа-сингилларимизни,  юртимиз журналистларини, устозларни, ижод заҳматкашларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан муборакбод этаман. Уларга мустаҳкам саломатлик, оилавий бахт ва эзгу мақсад йўлидаги касбий фаолиятида улкан зафарлар тилайман.

Феруза ОРИПОВА суҳбатлашди.
Манба: "Саодат" журнали.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот