ЎҚИЛМАГАН МАКТУБ
ЎҚИЛМАГАН МАКТУБҲикоя
Тортма
Таҳририятда кечки сукунат ҳукм сурарди.
Кун бўйи тинмай жиринглаган телефонлар жимиб қолган, компьютер экранлари бирин-кетин ўчирилган, узун йўлакдаги қадам товушлари ҳам аллақачон сўнган эди. Девордаги соатнинг бир маромда чиққан «тиқ-тиқ»и энди бутун хонани тўлдириб тургандай эшитиларди.
У столи қаршисида бир оз сукут сақлаб ўтирди.
Эрталаб кадрлар бўлими келтириб, топшириб кетган буйруқ ҳамон столининг чап чеккасида ётарди. Оқ қоғоз. Расмий муҳр. Бир неча сатр. Бир умрлик меҳнат ана шу бир неча сатрга сиғдирилган эди.
У буйруққа яна қарамади. Аста кўзойнагини ечиб, ён дафтар устига қўйди. Кейин стол тортмаларини бўшатишга тушди. Юқоридаги тортма осон очилди. Ундан йиллар давомида ишлатилган қизил ручка, муҳаррирлик қайчиси, эски дафтар ва сарғайиб кетган газета қирқимлари чиқди. Ҳар бир буюм қўлига илинганида, у бир лаҳза тўхтар, сўнг эҳтиёткорлик билан картон қутига жойларди. Ўртадаги тортма ҳам бўшади. Навбат энг пасткисига келди. У бироз тортиб кўрди. Тортма очилмади. Яна тортиб кўрди. Ёғоч ғижирлади. Гўё у ҳам йиллар давомида безовта қилинмаган сукунатни бузгиси келмаётгандек эди. У кафтларини тортма четига қўйиб, секинроқ тортди.Тортма оғир нафас олгандек ғижирлаб очилди. Ичкаридан эски қоғознинг ўзига хос ҳиди келди. Чанг босган жилдлар, эски папкалар, унутиб юборилган ҳужжатлар...
Ва уларнинг орасида... Сарғайган бир хатжилд ётарди. У хатжилдни қўлига олди. Чангини кафти билан аста сидирди. Юқори бурчагида почта муҳри хирагина кўриниб турарди. Хатжилднинг ўнг томонига кўк сиёҳда битилган икки сўз ҳали ҳам аниқ ўқиларди: «Шахсан ўзига».
У бир лаҳза қотиб қолди. Сўнг нигоҳи хатжилднинг ёпиштирилган четига тушди. У бузилмаган эди. Хатжилд... йигирма йилдан буён очилмаган эди...
Хатжилд
Хатжилд енгил эди. Жуда енгил. Гўё унинг ичида бир варақ қоғоз эмас, йиллар давомида йиғилиб қолган сукунат ётарди. У хатжилдни столга қўйди. Қизил ручкани қўлига олди. Сўнг ўзи ҳам ҳайрон қолиб, уни яна жойига қўйди.
Бу ручка билан у ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар ва минглаб саҳифаларни таҳрир қилган эди. Аммо ҳозир таҳрир қилинадиган матн йўқ эди. Ҳозир фақат ўқиш керак эди.
У кўзойнагини қайта тақди. Хатжилднинг чап юқори бурчагидаги манзилга диққат билан қаради. Ёзув таниш эмас. Қишлоқ номи танишдай... Туман ҳам... Бироқ хотира ҳали унга эшик очгани йўқ.
Хатжилдни ағдариб кўрди. Орқа томонида юборувчининг исми бор эди. Ҳалима Раҳимова. Исм ҳеч нарсани эслатмади. Аммо сана... Унинг нигоҳи санага қадалди. 2006 йил. 17 март.
У беихтиёр ҳисоблай бошлади. Бир...икки... беш... ўн... йигирма йил... Йигирма йил...
Шунча вақт давомида бу хатжилд шу тортмада ётганми? Унинг кафтлари музлаб кетди. Кўнглидан ғалати бир фикр ўтди: "Наҳотки, шу йигирма йил ичида мен уни бирор марта ҳам қўлимга олмаган бўлсам?" Хотира, баъзан, одамни дарҳол қутқармайди. Аввал у сени қийнaйди.
У кўзларини юмди. Таҳририятнинг аввалги йиллари хаёлидан ўта бошлади.
Эски бинодаги тор хоналар... Дераза тагида шовқин солиб ишлайдиган ёзув машинкалари... Навбат кутиб турган мухбирлар...Телефон қўнғироқлари... Қоғоз ҳиди... Шошилиш... Доимий шошилиш...
Бироқ бу хатжилд... Йўқ. У ҳеч нарсани эслай олмади. У хатжилднинг четига бармоғини қўйди. Ёпиштирилган жой вақт таъсирида қуриб, мўртлашиб қолган эди. Фақат енгилгина босса, очилиб кетади.Аммо бармоғи қимирламади. Гўё у хатжилдни эмас... ўз ўтмишини очишдан қўрқаётганди.
Шу пайт эшик аста тақиллади.
— Кириш мумкинми?
У бошини кўтарди.
Эшик олдида ёш мухбир қиз – Дилсора турарди.
— Устоз... уйга кетмадингизми ҳали?
У жилмайишга уринди.
— Ҳозир... Ҳозир кетаман.
Қиз стол устидаги қутига, сочилиб ётган қоғозларга ва қўлидаги сарғайган хатжилдга бир қараб олди.
— Ёрдам керакмасми?
— Йўқ, қизим...
Унинг овози ҳар доимгидан паст чиқди.
— Буни ўзим қилишим керак...
Дилсора ҳеч нарса демади. Эшикни аста ёпиб чиқиб кетди.
Хона яна сукутга чўмди. У хатжилдга қараб узоқ ўтирди. Сўнг пичирлагандек деди:
— Кечиринг...
Кимдан кечирим сўраганини ўзи ҳам билмасди. Хатжилдданми... Унинг эгасиданми... Ёки йигирма йил аввалги ўзиданми...
У бармоғини хатжилд лабига олиб борди...
Биринчи сатр
У хатжилднинг лабини эҳтиёткорлик билан очди. Ёпишқоқ қоғоз вақтнинг таъсирида мўртлашиб қолган экан. Узоқ йиллик сукунат майин бир шитирлаш билан бузилди. Ичидан биттагина варақ чиқди. Оқ эмас. Сарғайган. Қатланган жойлари бир неча марта очилиб-ёпилгандек юпқалашиб кетган. У варақни эҳтиёткорлик билан ёзув столига ёйди. Кўзойнагини бироз юқорироқ сурди. Биринчи сатрни ўқий бошлади.
Шу заҳоти унинг қошлари беихтиёр чимирилди. Нигоҳи иккинчи сатрга тушди. Сўнг учинчига. Унинг нафаси секинлашди.
Қўлидаги варақ сезилар-сезилмас титради. Хонада ҳеч ким йўқ эди. Аммо у кимдир орқасидан чақиргандек бошини кўтариб, эшик томон қаради.
Ҳеч ким. Яна вараққа қайтди. Бу сафар охиригача ўқиди. Жуда секин. Ҳар бир сатр у билан йигирма йиллик масофани босиб ўтаётгандек эди. Ўқиб бўлгач, варақни дарҳол йиғиштирмади. Икки кафти билан стол четини маҳкам ушлади. Кўзларини юмди.
Узоқ вақт шундай ўтирди.
Соатнинг «тиқ-тиқ»и яна эшитила бошлади. Ниҳоят, у пичирлади:
— Йўқ... Бу мумкин эмас...
Овозида инкор эмас, кечикиб келган ишончсизлик бор эди. У яна мактубга қаради. Бу гал санани эмас. Имзони эмас. Фақат биринчи сатрни. Қайта-қайта. Гўё ҳар гал ўқиганда сўзлар ўзгариб қолишини кутаётгандек.
Лекин қоғоздаги ҳарфлар йигирма йил аввал қандай битилган бўлса, ҳозир ҳам шундай турарди. У қўлини юзига босди. Шунда... Хотира эшиги аста очилди. Унинг кўз ўнгида ҳозирги таҳририят эмас... Йигирма йил аввалги таҳририят жонланди...
***
Телефонлар тинмай жиринглайди. Эски компьютерлар ғувиллайди. Йўлакда мухбирлар шошилиб юради. Кимдир:
— Устоз, бу материални кўриб беринг! – дейди.
Яна кимдир: — Вилоятдан фавқулодда хабар келди! – дейди.
Қоғозлар. Шошилиш. Муддатлар. Навбатда турган одамлар. Ва... Қабулхона столи устида ётган сарғайган бир хатжилд...
Унинг хотираси айнан шу ерда тўхтаб қолди...
Йигирма йил аввал
Телефон яна жиринглайди.
— Таҳририят.
У гўшакни қўли билан бериб, иккинчи қўлидаги мақолага қизил қалам тортади.
— Ҳа, эшитаман...
Қабулхона эшиги очилади. Котиба ичкарига бош суқади.
— Устоз, қабулга яна уч киши келди.
— Навбат билан киритинг.
— Почта ҳам келди.
У бошини кўтармай:
— Столга қўйинг, – дейди.
Котиба қалин даста мактубларни унинг столи чеккасига қўяди. Ҳар хил хатжилдлар. Расмий хатлар. Мурожаатлар. Таклифлар. Шикоятлар. Табрикномалар. Ҳар куни келадиган оддий почта.
Телефон яна жиринглайди. Бу сафар вилоят ҳокимлиги. Орқасидан мухбир кириб келади.
— Устоз, бу материални бугун чиқармасак бўлмайди.
Яна бир мухбир:
— Суддан қўнғироқ қилишяпти. Тезда бориш керак экан.
Соат миллари шошилади. Хона ичида вақт югуриб юради. Стол четидаги мактублар эса жим. Ҳеч қаерга шошмайди.
Шу пайт эшикдан фотомухбир кириб келади.
— Юринг, тезроқ! Вилоятнинг чекка туманида катта ёнғин бўлибди. Машина тайёр.
У ўрнидан шошилиб туради. Столдаги ҳужжатларни бир чеккага суради. Мақолани папкага солади. Қаламини чўнтагига жойлайди.
Қабулхонадан ўтаётиб:
— Мен келгунча ҳеч кимни киритманг, – деб тайинлайди.
Шошилиб чиқиб кетади.
Эшик ёпилади. Хона бўш қолади.
Шамол очиқ деразадан кириб, стол устидаги хатжилдларни енгил қимирлатади.
Бир хатжилд... Бошқалардан ажралиб чиқади. У секин сирпаниб... Стол четидан пастга тушмайди. Ёнида турган эски папканинг орасига кириб қолади.
Ҳеч ким буни кўрмайди. На котиба. На мухбирлар. На ўзи. Фақат... Сарғайган хатжилд.
Унинг бурчагида кўк сиёҳ билан ёзилган икки сўз. «Шахсан ўзига.»
Хонага яна одамлар киради. Қоғозлар жойидан олинади. Янги папкалар келади. Эскилари шкафга жойланади. Ўша папка ҳам... Бошқалари қатори жавонга қўйилади.
Хатжилд эса унинг ичида қолади.
Бир кунга. Бир ҳафтага. Бир ойга.
Бир йилга...
Йигирма йилга.
Қайтиш
У кўзларини очди. Хона ўзгармаган эди.Ўша стол. Ўша шкаф. Ўша соат.
Фақат... Ўзи аввалги одам эмасди. Мактуб стол устида очиқ ётарди.
У унга қўл узатмади. Гўё қоғозга эмас, тирик инсонга тегиб кетишдан чўчиётгандек.
Дераза олдига борди. Кечки шаҳар чироқлари бирин-кетин ёқилаётган эди. Пастдаги кўчадан одамлар ўтиб-қайтар, кимдир телефонда кулар, яна кимдир шошиб автобусга югурарди.
Ҳаёт давом этаётган эди.
Йигирма йил аввал ҳам шундай бўлган. Ҳеч нарса тўхтаб қолмаган. Фақат...
Бир аёлнинг умиди тўхтаб қолган.
У пешонасини совуқ ойнага тиради. Ойнада ўзининг аксини кўрди. Сочлари оқарган. Елкалари чўккан. Кўзлари чарчаган.
У беихтиёр пичирлади:
— Мен сизни кутишга мажбур қилдим...
Бу гал у ким билан гаплашаётганини биларди. Ҳалима билан. Сукунат унинг овозини ютиб юборди. У яна стол олдига қайтди. Мактубнинг биринчи сатрига қаради: «Мени танимайсиз. Лекин мен Сизнинг виждонингизга ишонаман...».
Унинг кўзлари юмилди. «Виждон...». Нега айнан шу сўз? Нега «Газетангизга ишонаман» эмас? Нега «Ёрдам беринг» эмас?
Нега... «виждонингиз»? Бу сўз қаердандир келиб, унинг кўксига оғир тошдек ўрнашди.
У мактубни давом эттирмоқчи бўлди. Аммо қўли тўхтади. Йўқ... Ҳозир эмас. Ҳозир у ўқий олмасди. Унинг кўнглида бошқа бир истак уйғонди.
Ҳалимани топиш. Унинг овозини эшитиш. «Кечиринг...» дейиш. Ҳеч бўлмаса кеч қолган узрни айтиш.
У телефонни олди. Маълумотлар бўлими рақамини терди. Қўнғироқ узоқ чақирди. Ниҳоят, операторларга хос вазмин овоз эшитилди:
— Эшитаман.
— Менга бир манзил керак...
У стол устидаги хатжилдга қаради.
— Йигирма йил аввалги манзил.
Манзил
Эртаси куни тонг шаҳарга ҳали тўлиқ ёйилмаган эди. У эски чарм сумкасини елкасига ташлади. Сумканинг ички чўнтагида сарғайган хатжилд ётарди. Ҳар қадамда унинг борлиги сезилиб турарди. Гўё қоғоз эмас... Юрак.
Автовокзал ҳеч ўзгармагандай эди. Фақат одамлар бошқа. Юзлар бошқа. Шошилиш ўша-ўша.
У автобус ойнаси ёнидан жой олди. Шаҳар орқада қолди. Йўл узайди. Дарахтлар ортга чекина бошлади.
Йўл бўйидаги қишлоқлар бир-бирини алмаштирди. Аммо унинг хаёлида фақат битта манзил бор эди. Хатжилд устидаги манзил.
Автобус туш пайти туман марказига кириб келди. У ердан яна такси. Яна чанг йўл. Ниҳоят... Қишлоқ. Уйларнинг орасида юриб, хатжилддаги рақамни қидирди. Топди.
Эски дарвоза. Оқ бўялгани билиниб туради. Аммо бўёғи аллақачон кўчиб кетган.
У дарвозани секин тақиллатди.
Ичкаридан ҳассали қария чиқди.
— Ким керак эди?
У хатжилдга қаради. Сўнг секин сўради:
— Ҳалима Раҳимова шу ерда турардиларми?
Қариянинг юзи ўзгарди. У бир неча сония жавоб бермади. Кейин дарвозани кенгроқ очди.
— Келинг...
Ҳовли жуда озода эди. Бир четда райҳонлар. Иккинчи томонда эса эски тут дарахти.
Қария айвонга ишора қилди.
— Ўтиринг.
У ўтирмади. Яна сўради:
— Ҳалима опа уйдамилар?
Қария узоқ сукут қилди. Сўнг паст овозда деди:
— Ўн икки йил бўлди... Оламдан ўтганларига.
У шу заҳоти ниманидир ушлашга урингандек бўлди. Лекин атрофда ушлайдиган ҳеч нарса йўқ эди. Фақат ҳаво.
Қария гапида давом этди.
— Умрларининг охиригача почтачининг йўлига қараб ўтдилар... Ҳар пайшанба. Ҳеч бир пайшанба қолмасди. «Газетадан жавоб келмадими?» деб сўрар эдилар. Почтачи ҳам авваллари: «Ҳали йўқ», – дерди.
Кейин... Индамай қўя қолди.
Ҳовлига оғир сукут чўкди.
Журналист хатжилдни секин чўнтагидан чиқарди. Унинг сарғайган чети қуёш нурида янада эскироқ кўринарди.
Қария хатжилдга узоқ тикилиб турди. Сўнг титраб кетган овоз билан:
— Демак... Ниҳоят... энди етиб борибди-да...
Паст овозда қўшимча қилди:
— Фақат... Жуда кеч келибди... Аттанг...
Ҳовлида қолган излар
Қария узоқ вақт хатжилдга қараб турди. Сўнг унинг қўлидан эҳтиёткорлик билан олди. Гўё эски қоғоз эмас, синувчан бир хотирани ушлаётгандек.
— Ичкарига юринг...
У айвон томон эмас, ҳовлининг ичкарисига юрди. Журналист индамай эргашди. Тут дарахти тагида эски ёғоч курсича турарди.
Курсининг бир томони қуёшда оқариб кетган. Қария унга ишора қилди.
— Шу ерда ўтирардилар. Ҳар куни. Пешиндан кейин. Почтачи шу кўчадан ўтарди. У келгунча ҳеч қаерга чиқмасдилар.
Журналист курсичага қаради.
У бўш эди. Лекин негадир... Бўш эмасдек туюларди.
Қария секин гапиришда давом этди.
— Почтачининг велосипед қўнғироғини узоқдан танирдилар. Эшитсалар... Дарров ўринларидан турардилар. Ҳеч қачон шошилмасдилар. Фақат... Юзларида умид пайдо бўларди.
Журналист ҳеч нарса демади.
Қария бироз жилмайди.
У жилмайишда алам ҳам, меҳр ҳам бор эди.
— Почтачи ҳам уларни аярди. Авваллари ҳар сафар: «Балки кейинги ҳафта келар», – дерди. Кейин эса... Ўзи ҳам бу гапни айтишга уяларди.
Ҳовли яна жимиб қолди. Шамол тутнинг баргларини енгил қимирлатди. Қария курсича орқасига қўлини қўйди.
— Ҳаётларининг охирги икки йилида бир одат чиқардилар. Ҳар пайшанба эрталаб янги рўмол ўрардилар. Мен: «Меҳмон кутаяпсизми?» – десам... Кулиб қўярдилар.
«Йўқ... Балки бугун жавоб келар...» – дердилар.
Журналист бошини эгди. У кўзларини курсидан узолмай қолди. Гўё ҳозир ҳам кимдир келиб... Ўша ерга ўтирадигандай.
Қария уй томон юрди. Бироздан кейин қўлида кичик темир қути билан қайтди. Қутининг бўёғи кўчган. Қулфи занглаб кетган.
У уни эҳтиёткорлик билан очди. Ичидан ип билан боғланган даста чиқди. Хатлар. Сарғайган. Эҳтиёткорлик билан тахланган.
— Булар... Уларнинг ёзган хатлари. Жўнатмаганлари.
Журналист ҳайрат билан қаради.
— Жўнатмаганлари?
— Ҳа. Сизга ёзган иккинчи хат. Учинчи хат. Тўртинчи хат... Ёзардилар. Лекин... «Битта хатга ҳам жавоб келмаган одамга яна ёзишнинг нима кераги бор?» деб... Хатжилдга солмасдилар.
Журналистнинг қўли титраб кетди.
Қария дастани унга узатмади. Фақат кўрсатди.
— Бу хатлар энди сизники эмас. Бу хатлар... Ундан қолган хотиралар.
Журналист ҳеч нарса деёлмади.
Қария эса секин қўшиб қўйди:
— Фақат биринчи хатни жўнатган эдилар. Қолганларини... Умидлари билан бирга сақлаб қўйдилар.
Эшитилган овоз
Қария темир қутини яна ёпди.
Узоқ вақт индамади.
Сўнг айвон устунига суяниб, секин деди:
— Биласизми... Ҳалима ҳеч қачон сиздан хафа бўлмаган.
Журналист бошини кўтарди.
— Лекин... Ўзидан хафа бўларди.
— Нега?
Қария узоқ ўйлаб турган одамдек жавоб берди.
— «Балки мен мактубни яхши ёзолмагандирман», – дерди. «Балким, дардимни тушунтиролмагандирман»... «Балким, бошқача ёзишим керак эдими...».
Журналистнинг лаблари титради.
Қария давом этди:
— Бир куни ҳатто янги қоғоз олиб келди. «Қайтадан ёзаман», – деди. Ёзди ҳам. Кечгача ёзди. Уч марта бошидан кўчирди. Кейин... Ҳаммасини майда-майда қилиб йиртиб ташлади.
— Нега?
— «Агар одамнинг дардини битта хат тушунтиролмаса, юзта хат ҳам тушунтирмайди», – деганди ўшанда ўкиниб, раҳматли.
Ҳовли яна жимиб қолди.
Тутнинг барглари орасидан қуёш нурлари ерга майда соялар ташларди. Қариянинг овози яна эшитилди.
— Охирги йиллари эса... У сиз ҳақингизда гапирмасди. Фақат газетани келтиришса... Аввал охирги саҳифасига қарарди. Муаллифлар рўйхатини ўқирди. Агар исмингизни кўрса... Газетани авайлаб тахлаб қўярди. Кўрмаса... Индамасди.
Журналистнинг кўзлари намланди. Аммо кўз ёши чиқмади. Гўё йиғлаш ҳуқуқини ҳам йўқотгандай.
Қария уйга кириб кетди.
Бироздан кейин эски газета кўтариб чиқди. Газетанинг четлари титилиб кетган. Қоғози мўрт.
— Шуни сақлаб юрганди.
Журналист газетани очди. Унда ўзининг йигирма йил аввал ёзган мақоласи босилган эди. Мақола четига кўк сиёҳ билан битта жумла ёзилган. Ҳарфлар майда. Ораста. Эҳтиёткор.
«Шундай одам бор экан, демак ҳали умид ҳам бор...».
Журналистнинг бармоқлари ўша ёзув устида тўхтаб қолди. У энди биринчи марта англади. Ҳалима унга эмас... У ёзган ҳақиқатларга ишонган экан. Ва ўша ишонч...
Йигирма йил давомида сарғайган бир хатжилд ичида қолиб кетган экан.
Энг оғир жумла
Қария газетани аста ёпди.
Узоқ вақт ҳеч ким гапирмади.
Ҳовлида фақат тут баргларининг шивири эшитиларди.
Ниҳоят, журналист секин сўради:
— У... мактубда нима ҳақида ёзган эдилар?
Қария жавоб беришга шошилмади. Узоқ вақт ерга қараб турди. Сўнг оҳиста деди:
— Буни мен ҳам тўлиқ билмайман. Ҳалима ҳеч қачон хатларини овоз чиқариб ўқимасди. Фақат бир куни...Қўлида хатжилд билан олдимга келди.
«Агар бу хат манзилига етса... Бир одамнинг тақдири ўзгариши мумкин», – дегани ёдимда.
Журналистнинг юраги қаттиқ уриб кетди.
— Қайси одам?
Қария бош чайқади.
— Бунисини сўрамаганман. Инсоннинг айрим дардлари бўлади... Уларни сўраш ҳам гуноҳдай туюлади.
Журналист индамади.
Қария давом этди:
— Кейин бир гапни айтганди. Ўша гапни умримда унутмадим.
Журналист беихтиёр олдинга эгилди.
Қария ҳар бир сўзни эҳтиёткорлик билан талаффуз қилди.
— «Агар ёрдам бера олмасалар ҳам майли... Фақат хатимни ўқиганларини билсам бўлди...»
Ҳовли сукутга чўмди.
Журналист кўзларини юмди. Йўқ... Ҳалима жавоб кутмаган экан. У аввал... эшитилишни кутган экан. Унинг дарди ҳал қилиниши шарт эмас эди. Фақат кимдир уни ўқиши... Унинг овозини эшитиши... Унинг борлигини тан олиши керак эди.
Аммо... Бу ҳам бўлмаган.
Журналистнинг қўллари титрай бошлади.
У секин ўрнидан турди. Тут дарахти тагидаги бўш курсича олдига борди. Унга ўтирмади. Фақат қўлини суянчиғига қўйди.
Ёғоч совуқ эди. Лекин негадир... Унинг кафтига одамнинг ҳарорати сингиб қолгандек туюлди.
У биринчи марта овоз чиқармай йиғлади.
Кўз ёшлари тушмади.
Фақат елкалари енгил титради.
Қария унга қарамади.
Баъзи аламлар бор... Уларнинг гувоҳи бўлиш ҳам одобдан эмас.
Шамол яна эсди.
Тутдан бир барг узилиб, бўш курсича устига қўнди.
Журналист уни олмади.
Барг ҳам... Ўз жойини топгандек эди.
Ҳақиқат
Таҳририятга қайтгач, у кабинет эшигини ичидан ёпди. Стол устидаги мактубни яна олди. Бу сафар уни охиригача ўқишга қарор қилди.
Варақнинг юқори қисмида аллақачон таниш бўлиб қолган сатрлар турарди.
«Мени танимайсиз. Лекин мен Сизнинг виждонингизга ишонаман...».
У нафасини ичга тортди. Қуйироққа тушди.
«Мен Сиздан ўзим учун ҳеч нарса сўрамайман. Моддий ёрдам ҳам сўраётганим йўқ. Фақат газетангизда битта ҳақиқат ёзилишини истайман».
Унинг кўзлари оғирлашди. Қўлидаги варақ титраб кетди. У ўқишда давом этди.
«Акам қамалганига тўрт йил бўлди. Унинг айбсизлигини исботлайдиган ҳужжатлар бор. Лекин ҳеч ким эшитишни истамаяпти. Мен ҳамма эшикни қоқдим. Энди охирги умидим — Сиз.».
Журналист кўзларини юмиб олди.
Энди у ҳаммасини тушунди.
Бу илтимос эмас эди.
Бу инсоннинг адолатга бўлган сўнгги ишончи эди.
У яна ўқиди.
«Агар текширсангиз, ҳақиқатни топасиз. Топмасангиз ҳам майли. Лекин хатимни ўқимасдан ташлаб қўйманг, илтимос. Шунда мен ҳам инсон сифатида яшаганимга ишонаман».
Унинг қўли юзига борди.
Кўзларини беркитди.
Мактубдаги кейинги сатрлар кўзига хира кўрина бошлади.
Фақат охирги жумла аниқ ўқилди.
«Ҳурмат билан, Ҳалима Раҳимова.».
У энди ортиқ ўтиролмади.
Ўрнидан турди. Дераза олдига борди. Кўчада ҳаёт одатдагидек давом этаётган эди. Аммо у учун...
Йигирма йил аввалги бир кун эндигина тугаган эди.
Қайтиш
Таҳририят.
Кечки сукунат.
Ҳаммаси аввалгидек. Фақат...
У аввалги одам эмас. У кабинетига кирди. Чарм сумкасини стол устига қўйди. Сарғайган хатжилдни аста чиқарди. Унга узоқ қараб турди. Сўнг... Энг пастки тортмани очди.
Ўша тортма. Йигирма йил сукут сақлаган тортма. У ичидаги барча ҳужжатларни бирма-бир чиқара бошлади. Эски папкалар.
Сарғайган газеталар. Кераксиз маълумотномалар. Қораламалар. Бир пайтлар муҳим бўлган, энди эса ҳеч кимга керак бўлмаган қоғозлар.
У ҳаммасини столга тахлади. Тортма бўшаб қолди. Жуда бўш.
У кафти билан тортманинг тагини аста силади. Чанг қолмаган эди. Фақат эски ёғочнинг ҳиди.
Шунда кабинет эшиги очилди.
Ўша ёш мухбир қиз – Дилсора кирди.
— Устоз... Ҳали кетмадингизми?
У бошини кўтарди.
Бу сафар юзида сокинлик бор эди.
— Йўқ... Яна бир ишим бор.
Қиз жилмайди.
— Ёрдам берайми?
Журналист бир лаҳза ўйланди. Сўнг биринчи марта қатъий овозда деди:
— Ҳа. Ёрдам беринг.
Қиз ҳайрон бўлди.
— Нима қилай?
Журналист хатжилдга ишора қилди.
— Бундан буён ҳеч қандай мактуб жавобсиз қолмасин...
Қиз унинг юзига қаради.
Бу гапнинг маъносини тушунмади. Аммо бош ирғади.
— Хўп.
Журналист ўша хатжилдни яна қўлига олди. Бу сафар уни тортмага қўймади. Чарм сумкасининг ички чўнтагига жойлади. Эҳтиёткорлик билан. Гўё у энди ҳужжат эмас... Хотира эди. Ёки... Виждон.
Эпилог
Орадан бир неча ой ўтди.
Таҳририятга янги ходимлар, ёш мухбирлар келди. Кексалари нафақага чиқди...
Кабинет эгаси ўзгарди. Аммо энг пастки тортмада энди ҳеч қачон очилмаган хат қолмади.
Бир куни Дилсора навбатдаги почтани қабул қилди. Хатжилдларни саралар экан, улардан бирини дарҳол четга ажратди.
Устига: «Шахсан муҳаррирга», деб ёзилган эди.
У эшикни тақиллатди.
— Киринг.
У хатжилдни стол устига қўяр экан, беихтиёр деди:
— Буни аввал шу ерга қўйдим. Балким... Муҳимдир.
Янги муҳаррир хатжилдни ўша заҳоти очди...
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
Манба: "Шарқ юлдузи" журналининг 2026 йилги № 8-сони.