СЎНГГИ ПАРДА


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

СЎНГГИ ПАРДА
Ҳикоя

— Беш дақиқа қолди!
     Саҳна мудирининг овози йўлак бўйлаб янгради.
     Гримхонадаги катта кўзгу атрофида ўтирган актрисалар бир-бирларига ҳазиллашишар, кимдир лаб бўёғини янгилар, яна бири сочини тузатарди. Ҳар галги спектакль олдидан такрорланадиган оддий манзара.
     Фақат Нилуфар жим эди.
    У кўзгуда ўзини эмас, ўзидан наридаги бир аёлни кўраётгандек тикилиб қолганди.
     Кўзгу баъзан ростгўй бўлади.
    У инсоннинг юзидагина эмас, қалбидаги чандиқлар ва ёриқларни ҳам кўрсатади.
    Нилуфар қўлини стол устига қўйди. Бармоқлари енгил титрарди. У қўлини мушт қилди. Титроқ тўхтамади.
— Ҳаяжонми? — деб сўради ёш актрисалардан бири.
     Нилуфар жилмайди.
— Ҳа...
     Бу ёлғон эди. У саҳнадан қўрқмай қўйганига анча йиллар бўлганди.
     Бугун уни қўрқитаётган нарса парда эмас, парда ёпилгандан кейин бошланадиган ҳаёт эди.
***
        У театрга ўн тўққиз ёшида келган.
       Илк марта катта саҳнага чиққан куни бутун зал қоронғу денгизга ўхшаб кетганди. Қоронғулик ичида фақат битта нарса кўринарди — нур. У ўша нурга қараб талпинган.
      Шу кундан бошлаб саҳна унинг уйига айланганди.
      Кейин роллар келди... Олқишлар... Гуллар...Газета ва журналларда у ҳақидаги мақолалар... Интервьюлар... Мукофотлар...
    Аммо уларнинг бирортаси ҳам саҳнага биринчи марта қадам қўйганида қалбида туғилган туйғудан устун эмасди. Одам баъзан ўз тақдирини бир лаҳзада топади. Нилуфар ҳам ўз тақдирини шу ердан топганди.
— Эртага никоҳингиз экан-а?
      Гримчи аёл меҳр билан сўради.
— Ҳа.
— Бахтли бўл, қизим.
     Нилуфар бош ирғади.
      «Бахт...» Қандай қизиқ сўз. Ҳамма унинг маъносини ҳар хил тушунади. Ким учундир бахт — бойлик, кимгадир — катта ҳовли, ким учундир — соғлик. Ким учундир — фарзанд. Ким учундир — обрў-эътибор, шон-шуҳрат.
     Нилуфар учун эса бахт саҳнага чиққан пайтда биринчи прожектор нури юзига тушган он эди. Шу лаҳзада у яшарди. Қолган вақтларда эса шунчаки умр ўтарди.
***
      Бўлажак эри ёмон одам эмасди. Ичкилик ичмасди. Қўпол гапирмасди. Оиласини севарди. Фақат бир гапни қайта-қайта айтарди:
— Аёлнинг ҳақиқий саҳнаси — ўз уйи. 
     Нилуфар бу гапга қарши баҳслашмасди. Баъзи одамлар туғма кўрлар рангларни кўра олмагани каби, санъатни ҳам ҳис қилолмайдилар. Уларга мусиқа — шунчаки овоз. Театр — иш. Рол — касб. Шу, холос.
     Улар учун инсон юрагининг саҳнада қандай уриши номаълум сир бўлиб қолаверади.
— Нилуфар! Навбат сизники!
     У чўчиб кетди. Театрдаги хонасида турган кўзгуга охирги марта қаради. У ерда юзига грим суртилган актриса эмас... Орзусини дафн этишга кетаётган аёл ўтирарди.
      У секин ўрнидан турди. Қадамлари саҳна томон юрди. Юраги эса ортга... Гримхона томон қайтишни истарди.
***
     Парда вазмин шовқин билан икки томонга сурилди. Зал қоронғулик бағрига чўмди. Нур эса одатдагидек уни қидириб топди. Нилуфар саҳнага қадам қўйди.
      Негадир бугун тахталарнинг ҳиди ҳам бошқача эди.  Йиллар давомида неча юз марта босган саҳнаси унга илк бор бегона туюлди. Худди у ҳам эгасининг кетаётганини сезгандек жим эди.
      Спектакль муҳаббат ҳақида эди. Асардаги қаҳрамон — Зулайҳо — севган йигитига:
— Мен сизни деб ҳаммасидан воз кечаман, — дерди.
     Бу гапни Нилуфар юзлаб марта айтган. Аммо ҳеч қачон бугунгидек оғир айтмаганди. Негаки, бу сафар Зулайҳо гапираётган бўлса-да, азобни Нилуфар ҳис қилаётганди. У томошабинларга эмас, ўз тақдирига қараб сўзларди. Саҳна билан ҳаёт орасидаги чегара секин-аста йўқолиб борарди. Қайси бири роль, қайси бири қисмат эканини ажратиш қийинлашди.
      Навбат энг таъсирли саҳнага келди.
      Қаҳрамон севган инсони учун орзусидан воз кечиши керак эди. Залда чуқур сукунат ҳукм сурди.
— Агар муҳаббат қурбонлик талаб қилса, мен розиман... — деди Зулайҳо.
      Нилуфар шу жумладан кейин бир лаҳза жим қолди...
     Режиссёр бу сукутни асарга қўшмаганди. Лекин томошабинлар уни ҳам роль деб қабул қилишди. Ҳеч ким билмасди... Ўша бир неча сония ичида бир аёл бутун умрини тарози палласига қўйиб турганини. Бир паллада у ўзидан сўради:
    «Ростдан ҳам розиманми?..»
    Жавоб эса келмади. Фақат кўксининг чап томонида нимадир секин синиб кетгандай бўлди. У жилмайди. Актрисалар йиғлашни эмас, жилмайишни ҳам ўйнай олишади.
    Залда эса бирорта ҳам одам бу табассумнинг ортида қандай дард, оғриқ турганини сезмади.
***
      Спектакль давом этарди. Саҳнада қаҳрамон бахтли эди. Ҳаётда эса Нилуфар илк марта ўзини етимдек ҳис қилди.
    Инсон баъзан одамлардан эмас, ўз орзусидан айрилганда етим қоларкан. Шу лаҳзада унинг нигоҳи биринчи қаторга тушди.
     Онаси...
     Ҳамон ўша жойда ўтирарди. У қизини томоша қилмаётганди. У қизининг юрагини эшитаётганди. Она юракнинг товушини эшитиш учун эса сўз керак эмас. Нилуфарнинг кўзлари бир зумга намланди. Аммо шу заҳоти қаҳрамонининг навбатдаги сўзлари янгради. У яна Зулайҳога айланди.
     Ёки... Балким, Зулайҳо Нилуфарга айлангандир.
    Бу кеча уларнинг тақдири бир-бирига шу қадар қоришиб кетгандики, ҳатто парда ҳам уларни ажрата олмасди.
***
       Спектакль тугади...
      Сўнгги жумлалар айтилди. Сўнгги мусиқа янгради. Унинг ижросида сўнгги дардли қўшиқ жаранглади... 
     Зал яна қарсакларга тўлди. Нилуфар бош эгиб таъзим қилди. Одатдагидек. Аммо бу сафар у таъзим қилаётганда саҳнага эмас, умрининг бир қисмига эгилиб тургандай эди.
     Мухлислари гулдасталар туҳфа қилишди. Ролини маҳорат билан ижро этганлигини айтиб, табриклашди. Ҳамкасблари уни қучоқлашди.
— Ажойиб ўйнадингиз!
— Бугун спектакль жуда зўр бўлди!
— Сизнинг кўзларингизда бошқача дард бор эди...
     Охирги гапни эшитганда Нилуфар бир зумга жим қолди.
    «Кўзларимдаги дардни сезишибди...». Аммо ҳеч ким унинг сабабини билмасди. Ҳеч ким бугунги дард саҳна учун эмас, саҳнадан кетиш учун эканини англамасди. У ҳаммага жилмайди.
     Актриса бўлиш — нафақат бошқаларнинг ҳисларини кўрсатиш, балки ўз ҳисларингни яшириш санъати ҳам эди.
***
      Бироздан кейин у ҳеч кимга билдирмай гримхонага қайтди. Йўлаклар одатдагидан ҳам узун туюларди. Ҳар бир қадам унга таниш овозларни эшиттирарди. Бу деворлар унинг биринчи қўрқувларини кўрган. Биринчи муваффақиятини. Биринчи кўз ёшини. Биринчи олқишини.
     У эшикни очди. Гримхонада сукунат ҳукм сурарди. Стол устида унинг буюмлари турарди. Оддий буюмлар.
    Бироқ одамлар баъзан энг катта хотираларини оддий нарсаларга яширади. У биринчи бўлиб грим чўткасига қўл узатди. Бу чўтка билан у неча маротаба юз хил қиёфадаги аёлга айланганди. Қайғуга чўмган она бўлди. Ошиқ қиз бўлди. Хиёнатдан куйган аёл бўлди. 
     Аммо бугун биринчи марта... ўзининг дардини яшириш учун грим суртганди.
      У чўткани секин жойига қўйди. Сўнг биринчи маротаба ўзи ёзган сценарийни қўлига олди. Қоғозларнинг четлари эскирганди. Варақлар орасида унинг ёшлиги қолиб кетгандек эди. Бир неча йил олдин у шу сценарийга қараб орзу қилганди: «Бир куни катта саҳналарда ўйнайман...»
     Орзулари амалга ошганди. Лекин баъзан инсон эришган орзуси билан ҳам хайрлашишига тўғри келар экан. У сценарийни бағрига босмади. Йиғламади. Фақат узоқ тикилиб турди. Гоҳида баъзи нарсаларни қучоқлаб эмас, жимгина кузатиб хайрлашишади.
***
      Энг охирида у саҳнага илк бор кийиб чиққан пойабзалига қаради. У пойабзал билан қанча йўл босганини фақат ўзи биларди. Уни кийиб биринчи марта саҳнага чиққан. Уни кийиб, илк маротаба мухлисларнинг гулдурос қарсакларини ҳаяжон билан эшитган. Уни кийиб ўзини бошқаларга эмас, санъатга бағишлаган.
      Нилуфар пойабзални қўлига олди. Бир лаҳза кўзларини юмди. Ташқарида ҳамкасбларининг овозлари эшитиларди.
      Ҳаёт давом этарди... Театр яшарди... Фақат унинг ичида бир парда аста-секин ёпилаётганди. У пойабзални жойига қўйди. Кўзгу олдига келди. Гримини артиб ташлади. Саҳнадаги Зулайҳо кетди. Қолгани — Нилуфар эди. Бироқ у бу аёлни ҳам танишга қийналди. Йиллар давомида у кўп қаҳрамонларнинг юзини эслаб қолганди. Аммо ўзининг аслий қиёфасини эмас. У кўзгудаги аксидан паст овозда сўради:
— Энди сен кимсан?..
     Жавоб бўлмади. Фақат гримхонадаги эски соатнинг товуши эшитилди.
     Тақ... Тақ... Гўё вақт ҳам унинг жавобини кутаётгандек эди.
***
     Нилуфар гримхона эшигини очганда, йўлакда ҳеч ким қолмаганди. Театрнинг одатда шовқинли бўладиган йўлаклари ҳам бу кеча чарчагандек жим эди. Гўё деворлар ҳам бир актрисанинг хайрлашувини кузатиб тургандай.
      У чиқиш эшиги томон юрди. Бир неча қадамдан кейин тўхтади. У ерда онаси турган эди. Онаси ҳар доимгидек шошмасди. У қизини кутиб туришни биларди.
     Она меҳрининг энг буюк хусусияти ҳам шу эди — у кутарди. Боласи қайси ёшда бўлмасин, қайси йўлга кирмасин, она қалби эшик олдида кутишдан чарчамасди.
— Ойи...
      Нилуфар бошқа ҳеч нарса айта олмади. Онаси ҳам жавоб бермади. Фақат қизининг юзига қаради. Она баъзан фарзандининг юзидаги табассумга эмас, табассум ортидаги сукутга қарайди.
     У ҳаммасини тушунди.
— Спектакль яхши ўтдими, қизим? — деди у.
     Оддий савол. Аммо Нилуфар шу биргина саволдан титраб кетди.
Онаси: «Театрдан кетяпсанми?»  – деб сўрамади. «Нега бундай қарор қилдинг?» – деб сўрамади.
     У фақат спектакль ҳақида сўради. Она юраги қизининг бу кеча саҳнада эмас, ичида қандай курашганини сезганди.
— Ҳа, ойи... Яхши ўтди.
      Нилуфар одатдагидек жавоб берди. Бироқ онаси унинг овозидаги бўшлиқни эшитди. У қизининг қўлидан ушлади. Бу қўллар бир вақтлар кичик қизалоқники эди. Кейин қалам ушлади. Кейин сценарий ушлади. Кейин саҳнадаги мухлислари узатган гулдасталарни ушлади.
     Энди эса онаси унинг қўлидан ушлаб турарди. Гўё: «Ҳали йиқилма, қизим», — деяётгандек.
— Чарчадингми? — сўради онаси.
     Нилуфар бош ирғади. Аммо бу ҳам ёлғон эди. У чарчамаганди. У йўқотиш олдидан турганди. Чарчоқ дам олиш билан ўтади. Аммо баъзи йўқотишлар инсон билан бирга яшайди.
***
        Улар театр эшиги олдида бироз жим туришди.
         Кўчада тунги шамол эсарди. Нилуфар ҳар доимги одатига кўра орқага қаради. Театр биноси одатдагидек салобатли турарди. Юқоридаги ёруғ ойнадан саҳна чироқларининг сўнгги нурлари кўриниб турарди.
      У шу нурларга қараб қанча йил яшаганди. Шу нурлар унинг иккинчи қуёши эди.
— Ойи...
— Ҳа, қизим?
      Нилуфар бир нарса демоқчи бўлди. «Мен театрдан кетяпман», демоқчи бўлди. «Мен орзумни қолдиряпман», демоқчи бўлди. «Мен ўзимнинг бир қисмим билан хайрлашяпман», демоқчи бўлди. Аммо ҳеч бири тилга чиқмади. Фақат:
— Ҳеч нарса... – деб қўя қолди.
     Онаси уни қучоқлади. Узоқ қучоқлади. Лекин бу тасалли қучоғи эмасди. Бу онасининг қизига айтолмаган барча сўзларининг ўрнини босган сукут эди.
     Нилуфар биринчи марта ўша кеча йиғлагиси келди. Аммо кўз ёшлари ҳам келмади. У фақат онасининг елкасига бош қўйиб турди. Баъзан инсоннинг кўз ёши ҳам қалби каби чарчайди.
     Улар жим кетишди. Театр орқада қолди. Аммо Нилуфар биларди: инсон баъзан қайсидир жойдан кетади. Лекин баъзи жойлар инсон қалбини ҳеч қачон тарк этмайди.
***
     Тўй куни ҳамма бахтли эди.
     Одамлар кулишар, дуолар қилишар, келиннинг чиройини мақташарди.
— Нилуфарнинг бахти очилди...
     Бу гапни кўпчилик айтди. Нилуфар ҳам жилмайди. Аёллар баъзан бахтли кўринишни ҳам ўрганиб олишади.
      Ахир у актриса эди. У саҳнада эмас, ҳаётда ҳам ўзини тутишни биларди. У меҳмонларга табассум қилди. Қайнонасига ҳурмат кўрсатди. Эрининг яқинларига мулойим муносабатда бўлди. Ҳеч ким унинг қалбида кечаётган оғриқни, ички ғалаён борлигини сезмади. Ҳеч ким янги келиннинг юрагидаги бир эшик ёпилиб қолганини билмади.
***
     Янги уй. Янги хона. Янги одатлар. Ҳаёт ташқи томондан ўзгарди. Аммо баъзи ўзгаришлар инсоннинг юзида эмас, кўзларида намоён бўлади.
     Эрталаб Нилуфар уй ишлари билан банд бўларди.
     Кечқурун эри билан суҳбатлашарди.
     У ҳамма нарсага улгурарди. Фақат бир нарсадан ташқари... У ўзининг актриса эканлигини, саҳнани унутишга улгурмаётганди.
      Бир куни эри ишдан қайтиб:
— Бугун вақтинг борми? — деб сўради.
— Ҳа.
— Унда бирга кино кўрамиз.
      Нилуфар бош ирғади. Телевизор ёқилди. Экранда актриса саҳнага чиқди. Унинг юраги бир зумга тўхтаб қолгандек бўлди. Экрандаги саҳна. Чироқлар. Овоз. Қаҳрамоннинг кўзларидаги дард. Улар унга жуда таниш эди.
      Нилуфар секингина бошини бурди.
     Эри экранга қараб ўтирарди. У бахтли эди. Нилуфар эса биринчи марта ўзидан қўрқди. У бир нарсани тушунди: инсон баъзан ташлаб кетган нарсасини эмас, у билан бирга қолган бўшлиқни, ширин хотираларни соғинар экан.
***
      Кечаси ҳамма ухлаганда, Нилуфар ошхонага чиқди. Ой нури ойнага тушиб турарди. У жим ўтирди. Телефонни олди. Театр гуруҳидаги хабарларни ўқиди. Янги спектакль. Янги роль. Янги қаҳрамон. Унинг қўли телефон устида қотиб қолди.
     Бир пайтлар у шундай хабарларни интизорлик билан кутарди. Ҳозир эса улар унга бировнинг ҳаёти ҳақидаги хабарлардек туюларди. У экранни ўчирди. Аммо қалбидаги ёруғлик ўчмади. Ҳақиқий саҳна ташқи жой эмас экан. У инсоннинг ичида бўларкан.
      Орадан ойлар ўтди...
     Нилуфар яхши рафиқа бўлди. Яхши келин бўлди. Унга ҳеч ким эътироз билдирмади.
      Бир куни онаси меҳмонга келди. Она эшикдан кириши билан қизига қаради. Ҳеч нарса сўрамади. Фақат қаради. Она яна ўша сукутни кўрди. Ўша театр эшиги олдидаги жимликни.
— Қизим...
     Нилуфар: — Ҳа, ойи?
    Она бироз жим турди.
Сўнг: — Сен бахтлимисан? – деб сўради.
      Бу савол жуда оддий эди. Аммо Нилуфар учун у бутун бир умрга тенг эди. У жавоб бериш учун оғзини очди. Аммо актриса Нилуфар минглаб жавобларни билса ҳам... уй бекасига айланган Нилуфар бу саволга жавоб топа олмади.
— Сен бахтлимисан?..
     Онаси бу саволни яна бир марта такрорламади. Баъзи саволлар бир марта айтилса ҳам инсон қалбининг энг чуқур жойига етиб боради.
       Нилуфар жим қолди. У кўп саволларга жавоб беришни биларди. Саҳнада унга қанча савол беришмасин, у ҳар доим қаҳрамони тилидан жавоб топарди.
     Аммо бу саволга қаҳрамоннинг эмас... Нилуфарнинг ўзи жавоб бериши керак эди.
— Ҳа, ойи... – деди у одатдагидек. Аммо овозида ишонч йўқ эди.
      Онаси бош ирғади. У қизининг ёлғонини фош қилишга уринмади. Она қалби баъзан ҳақиқатни сўраб эмас, кутиб олади.
***
       Ўша кеча онаси кетгач, Нилуфар узоқ вақт ухлай олмади. Уй тинч эди. Эри аллақачон ухлаб қолган. Кўчада шамол дарахт баргларини секин қимирлатарди. Аммо унинг ичида қандайдир эски овоз уйғонганди.
      «Сен бахтлимисан?..»
      Бу овоз онасиники эмасди энди. Бу ўз қалбининг овози эди. У ўрнидан турди. Ойна олдига келди.
     Бир вақтлар театрдаги катта кўзгу қаршисида ҳам худди шундай турганди. Фақат ўшанда юзида грим бор эди. Ҳозир эса йўқ. У кўзгудаги аёлга қаради.
— Сен кимсан? — деди у паст овозда.
     Бу саволни у илк марта бермаётганди. Аммо биринчи марта жавоб кутаётганди.
***
      Эртаси куни у шаҳар бўйлаб юрди. Ўзи ҳам билмаган ҳолда театр томон йўл олди. Баъзан инсон оёқлари ақлдан олдинроқ қарор қабул қилади. Театр биноси аввалгидек турарди. Ўша эшик. Ўша деворлар. Ўша эълонлар. Фақат Нилуфар ўзгарганди.
      У ичкари киришга журъат қилмади. Эшик олдида тўхтаб қолди. Ичкаридан таниш овозлар эшитиларди. Актёрлар репетиция қилишарди. Кимдир кулди. Кимдир матн ўқиди. Бу овозлар унга йўқотган нарсасини эмас... ўзининг бир бўлагини эслатди.
      Шу пайт эшик очилди. Ёш актриса чиқиб қолди.
— Нилуфар опа?!
     У ҳайрат билан қаради.
— Сиз бу ердамисиз?
      Нилуфар жилмайди.
— Ҳа...
     Нима дейишни билмади. «Мен қайтдим», дея олмасди. «Мен кетган эдим», дейишга эса юраги оғрирди. Ёш актриса унинг қўлини ушлади.
— Сизни соғиндик.
     Бу икки сўз Нилуфар эшитган энг оғир ва энг ширин сўзлар эди. Инсонни баъзан йўқотган нарсаси эмас... уни ҳали ҳам кутаётган жой оғритади.
***
      У уйга қайтди. Ҳамма нарса аввалгидек эди. Аммо энди у аввалгидек эмасди.
     У шкафни очди. Эски сумкасининг тубида бир нарса бор эди. Театр чиптаси.
     Орадан йиллар ўтган. Қоғози сарғайган. Аммо ундаги сана ҳали ҳам аниқ эди. Унинг биринчи катта роли қўйилган кун.
      Нилуфар чиптани қўлига олди. Кўзлари намланди. Бу сафар у йиғлай олди. Бу кўз ёши мағлубият эмасди. Бу кўз ёши — узоқ вақт сукутда яшаган қалбнинг биринчи овози, унсиз фарёди эди.
***
      Сардор кейинги кунларда Нилуфардаги ўзгаришни сеза бошлади. Аввалига у буни чарчоқ деб ўйлади.
— Кўп ўйлаяпсанми? — деб сўрарди.
     Нилуфар эса одатдагидек жилмайиб:
— Йўқ... – дерди.
     Бу «йўқ»лар тобора кўпайиб борарди. Инсон баъзан энг катта дардини айнан энг қисқа сўзлар билан яширади.
***
      Сардор Нилуфарни яхши кўрарди. Фақат унинг муҳаббати бошқача эди. У Нилуфарнинг овқат тайёрлашини, уйни озода тутишини, уни ишдан келишини табассум қилиб кутиб олишини қадрларди. Аммо бир куни у тушунди: у Нилуфарнинг ҳамма томонини яхши кўрган, фақат энг муҳим жиҳатини кўрмаган экан. Унинг қалбида яшаётган саҳнани.
      Бир кеча Сардор уйга келганда, Нилуфар меҳмонхонада ўтирганди. Қўлида эски сценарий. У сценарийга қарар, аммо ўқимасди. Гўё сатрлар орасидан йўқотган йилларини изларди. Сардор эшик олдида бироз туриб қолди. Илгари у бу манзарани тушунмасди. «Яна ўша театрми?», деб ўйларди. Бугун эса биринчи марта бошқача савол туғилди: «Мен унинг нимасини тортиб олиб қўйдим?»
— Нилуфар...
     У бошини кўтарди.
— Ҳа?
     Сардор бироз жим турди. У биринчи марта ўзини оқлашга эмас, тушунишга ҳаракат қилди.
— Сен бахтлимисан?
      Бу савол Нилуфар учун таниш эди. Онаси берган савол. Аммо бу сафар уни бошқа инсон сўраганди. У жавоб бермади. Сардор унинг жимлигидан қўрқди. Гоҳида инсоннинг сукутда қолиши — «ҳа»дан ҳам, «йўқ»дан ҳам кучлироқ жавоб бўлади.
— Мен сенга ёмонлик қилмоқчи эмасдим, — деди у паст овозда.
        Нилуфар унга қаради. Унинг кўзларида биринчи марта эътироз эмас, оғриқ бор эди.
— Биламан...
— Мен сени бахтли қилаяпман, деб ўйлагандим.
      Нилуфар секин бош чайқади.
— Сиз мени хафа қилмадингиз, бегим.
      Бу жавоб унинг учун кутилмаган эди.
— Унда нима бўлди?
      Нилуфар бироз ўйланди. Сўнг жуда паст овозда деди:
— Сиз мендан саҳнани тортиб олмадингиз... – деб юборди бехосдан.
      У бирдан тўхтаб қолди.
      Бу сўз хонада узоқ вақт жаранглаб, акс-садо берганча янграгандек бўлди. Сардор биринчи марта тушунди. У аёлининг ишини эмас, унинг ўзи яшаётган олами, севган касби, орзу-ҳавасларини тортиб олган экан.
       Ўша кеча Сардор узоқ ухламади. У Нилуфарни эмас, ўзини англашга ҳаракат қилди. У бир ҳақиқатни кеч бўлса ҳам тушунди: инсон севган кишисини ўзича бахтли қилишга уринганда, баъзан унинг ҳақиқий бахти нимада эканлигини унутиб қўяр экан.
      Эрталаб у Нилуфарга қаради. У одатдагидек чой тайёрлаётганди. Аммо Сардор энди унга бошқача назар билан тикилди. Бу фақат унинг рафиқаси эмасди. Бу бир вақтлар саҳнада минглаб томошабинларнинг қалбини роллари билан ларзага солган, санъат аҳлининг эътирофи ва эътиборига сазовор бўлган санъаткор, эндиликда орзулари чилпарчин бўлган аёл эди... 
— Нилуфар...
— Ҳа?
— Агар сен яна саҳнага чиқишни истасанг...
     У гапида тўхтаб қолди. Сардор амаллаб, яна сўзини давом эттирди:
— Мен энди сени тўхтатмайман. Шунчаки, фарзанд кутсак, саҳнада қийналасан, дебман. Очиғи, мухлисларингдан қизғаниб, рашк қилибман. Фақат ўзимни ўйлаб, худбинлик қилибман...
      Нилуфар жим қолди. У бу сўзларни эшитишни қанча вақт кутганди. Аммо энди у кутган ўша кун келганда... юраги қувониш билан бирга қўрқди ҳам. Баъзида инсон ёпилган эшик қайтадан очилганда ҳам, унга қайта кириш учун жасорат керак бўлади.
***
      Нилуфар ўша куни жавоб бермади. Сардор ҳам ундан жавоб талаб қилмади. Баъзи эшикларни очиш мумкин. Аммо инсоннинг қалб эшигига қулф солинган бўлса, уни ичкарига киришга мажбурлаб бўлмайди.
     Орадан бир ҳафта ўтди. Театрдан қўнғироқ бўлди.
— Нилуфар опа, сиз билан гаплашмоқчи эдик...
     У телефонни ушлаб жим қолди.
     Илгарилари у бундай қўнғироқларни интиқиб кутарди. Ҳозир эса қўли титрарди. Қизиқ... Одам баъзан энг кўп истаган нарсаси олдида ҳам қўрқиб қолар экан.
— Янги спектакль тайёрлаяпмиз. Сизнинг бир ролингиз учун сизга мурожаат қилмоқчи эдик.
     Нилуфар кўзларини юмди. Бир лаҳзага яна ўша таниш саҳна кўринди. Чироқлар. Парда. Зал.
      Аммо шу заҳоти яна бошқа бир манзара ҳам намоён бўлди.
     Уй. Оила. Сардор. Келинликда ўтган лаҳзалар. У икки ҳаёт орасида жим туриб қолди.
       Кечқурун у Сардорга ҳаммасини айтди.
— Мен қўрқяпман...
      Сардор ҳайрон бўлди.
— Нимадан?
     Нилуфар узоқ сукут сақлади.
— Саҳнадан эмас.
     Унинг овози паст эди.
— Мен ўзимдан қўрқяпман.
— Нега?
— Чунки мен ўша Нилуфар эмасман.
     Сардор жим қолди. Нилуфар давом этди:
— Илгари саҳнага чиққанимда фақат орзуларим бор эди. Ҳозир эса хотираларим бор. Йўқотишларим бор. Қўрқувларим бор.
     У кўзларини олиб қочди.
— Балки мен энди яхши актриса бўлолмасман...
     Сардор секин деди:
— Балки сен энди аввалгидан ҳам кўра яхшироқ актриса бўларсан.
      Нилуфар унга саволомуз қаради.
— Нега?
— Чунки илгари сен дардни ўйлардинг, фақат тасаввур қилардинг.
     У бироз тўхтади.
— Энди эса сен соғинч, йўқотиш дардини биласан. Ҳис қила оласан.
***
     Биринчи репетиция куни Нилуфар театрга кирганда юраги яна ҳаяжон билан урди. Ҳамма нарса таниш эди. Аммо у ўзига бегона эди. Ёш актёрлар унга ҳурмат билан қарашарди. У эса уларнинг кўзларида ўзининг ёшлигини кўрарди.
      Режиссёр сценарийни узатди.
— Мана, Нилуфар опа.
     У қоғозни олди. Қўллари аввалгидек титрамади. Бу сафар у саҳнага исботлаш учун эмас... ҳис қилиш учун қайтаётганди.
     Репетиция бошланди. Унинг қаҳрамони ҳам ҳаётда катта танлов олдида турган аёл эди.
     Режиссёр:
— Шу ерда сиз оғриқни кўрсатишингиз керак.
      Нилуфар жим турди. Аввал у бу сўзни бошқача тушунарди. Оғриқни кўрсатиш. Энди эса биларди: ҳақиқий оғриқ кўрсатилмайди. У инсоннинг нигоҳида яшайди.
     У саҳнага чиқди. Бир неча сатр айтди. Залда жимжитлик. Режиссёр қимирламади. У ҳам тушунди: бу аёл энди роль ўйнамаяпти. У ўз ҳаётидан бир парчани саҳнага олиб чиққан.
      Репетиция тугагач, ёш актрисалардан бири унинг олдига келди.
— Нилуфар опа...
— Ҳа?
— Сизнинг кўзларингизда жуда катта дард бор экан.
     Нилуфар жилмайди. Бу гапни у бир марта эшитганди. Фақат ўшанда бу сўзнинг маъносини яхши англамаганди. Актриса бўлгач, кўзларимда дарду ҳасратни акс эттиришим – касбим-да, деб ўйлаганди. Энди у дардни чинакамига акс эттиришни билади. У дардни ҳам сохталиксиз, “ниқобсиз” чинакам санъатга айлантиришни ўрганганди.
***
     Ўша куни кечқурун у яна ойна олдида туриб, ўзига диққат билан разм солди. Аммо бу сафар кўзгудаги аёл унга бегона эмасди. У ниҳоят ўзини таниди.
     У Нилуфар эди. Фақат энди у машҳурликка интилган, томошабинлар қарсагига маҳтал актриса эмасди.
     У — яшаган, соғинч ҳиссини бошидан кечирган, ўзлигини йўқотган ва яна ўзини топган инсон эди.
      Премьера куни театр олди гавжум эди.
     Афишада катта ҳарфлар билан спектакль номи ёзилган.
     Унинг тагида эса: «Бош ролда: Нилуфар Раҳимова», деб исми катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. У исми ёзилган афишага бироз ўйчан қараб турди.
      Қизиқ... Бир вақтлар шу ҳарфларни кўриш учун яшаган эди. Бугун эса улар уни негадир ҳаяжонга ҳам солмади.
     Инсон бир кун келиб шон-шуҳрат учун эмас, ҳақиқат учун яшашни ўрганар экан.
      Гримхонада ҳамма шошиларди. Кимдир матнини такрорлар, кимдир саҳнага чиқишини кутиб, асабий у ёқдан бу ёққа юрарди.
      Нилуфар эса кўзгу олдида жим ўтирарди. Бу кўзгу уни яхши танийди.
      Авваллари шу кўзгу қаршисида бир қиз орзу қилиб ўтирарди. Бугун эса шу кўзгу қаршисида ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган аёл ўтирарди. У юзига грим суртди. Бироқ бу сафар грим уни ўзгартирмади. Инсоннинг ҳақиқий чеҳраси юзида эмас, кўзларида бўлишини англади.
***
     Парда очилишидан олдин у саҳна четида тўхтади. Залга қарамади. Кўзларини юмди. Ёшлик йиллари ва театрда кечган ҳаёти бир лаҳзада кўз олдидан ўтди.
     Биринчи роль. Биринчи олқиш. Онасининг дуоси. Театр билан хайрлашган кечаси. Тунлари яширинча йиғлаган кунлари...
     Сардорнинг: «Мен энди сени тўхтатмайман», деган гапи. Ҳаммаси бир лаҳзада унинг қалбидан кино тасмасидек ўтиб кетди.
      Саҳна мудири секин деди:
— Навбат сизники...
     Нилуфар кўзларини очди. Бу сафар у саҳнага чиқмади. У ўз тақдирига пешвоз чиқди.
     Биринчи сўз айтилди. Иккинчи. Учинчи. Залда пашша учса эшитиладиган даражада жимжитлик... Бу сукунат уни қўрқитмасди. У томошабин жим қолса, демак, қалби эшитаётганини биларди.
      Спектакльнинг энг оғир саҳнаси келди.
      Қаҳрамон узоқ йиллик азобидан кейин шундай дерди:
— Инсон баъзан бахтини излаб дунёни айланади.
     Охири эса англайдики...
     Бахт — ўзингдан воз кечмаслик экан.
     Бу сўзлар сценарийда бор эди. Аммо бугун улар қоғоздан эмас... Нилуфарнинг умридан айтилди. Шу лаҳза у биринчи қаторга қаради.
     Онаси... Сардор... Иккаласи ҳам жим ўтирарди. Онаси йиғламаётганди. Сардор ҳам. Фақат уларнинг нигоҳида бир хил ўйчанлик бор эди. Онаси ниҳоят қизининг кўзларида яна ўша таниш нурни кўрди. Сардор эса биринчи марта аёлининг кимлигини тўлиқ англади.
      У рафиқасини эмас... Унинг қалбини, барча севган актрисани яхши кўриб қолганини ҳис қилди.
      Саҳнада сўнгги сўзлар янгради. Нилуфар уни шошилмай айтди. Гўё бу сўзни залга эмас... Ўзига айтаётгандек.
— Инсон ҳеч қачон ўзлигини йўқотмаслиги керак... Аёл фақат итоат қилишга, яқинларининг хоҳиш истаги йўлида ўз орзуларини қурбон қилишга маҳкум эмас!
      Парда ёпилди.
     Қарсаклар бошланди. Лекин Нилуфар уларни эшитмади.
     Унинг ичида йиллар давомида очилмай турган яна бир парда бугун секингина очилганди.
***
     Улар уйга жим қайтишди.
      Сардор ҳам гапирмади. Нилуфар ҳам.
     Баъзи кечалар сукут икки инсонни сўзга қараганда кўпроқ яқинлаштиради.
     Уй эшиги очилди. Ҳамма нарса аввалгидек эди. Стол. Китоб жавони. Дераза олдидаги гул.
    Ҳеч нарса ўзгармаган. Аммо уйга кирган икки инсон энди аввалгидек эмасди.
      Сардор чой қўйиш учун ошхонага кирди. Нилуфар эса секин ётоқхонага ўтди.
     Шкаф эшигини очди. Энг пастки токчада бир қути турарди.
     Уни йиллар давомида очмаганди. Қутини аста кўтарди. Чанг зарралари ҳавода муаллақ қолди.
     Гўё вақтнинг ўзи ҳам бир лаҳза тўхтаб тургандай.
     У қутини очди. Ичида саҳна пойабзали ётарди. Қора. Бироз эскирган. Аммо ҳали ҳам мустаҳкам. Нилуфар уни қўлига олди. Кафтлари билан секин силади.
     Бу пойабзал унинг энг кўп юрган йўлини биларди. Энг оғир қадамларини ҳам. Энг бахтли дамларини ҳам. Унинг кафтлари титрамади. Чунки бу хайрлашиш эмасди. Бу танишиш эди.
     Ўзи билан.
     У пойабзални яна қутига солмади. Шкафга ҳам қўймади. Секингина олиб чиқиб.. эшик ёнидаги даҳлизга қўйди.
     Сардор эшик олдига келганда, даҳлиздаги пойабзални кўриб, ҳайрон бўлганча хотинига қаради.
– Нега асраб юрган пойабзалингни эшик олдига қўйдинг? Биринчи марта саҳнага кийиб чиққанман, деб авайлардинг-ку...     
      Нилуфар синиқ жилмайди. Узоқ йиллардан бери биринчи марта бу табассумда ҳеч қандай оғриқ йўқ эди.
— Чунки эртага яна кияман.
      Сардор ҳеч нима демади. У энди тушунтириш талаб қилмайдиган инсонга айланганди. У фақат бош ирғаб қўйиш билан кифояланди.
***
     Кечаси Нилуфар дераза олдида узоқ турди. Шаҳар уйқуга кетган. Фақат узоқда, театр томондаги осмон сал ёруғ кўринарди. Балким, кечки репетиция тугаётгандир. Балким, саҳнада кимдир ўзининг биринчи ролини ўйнаётгандир.
     Балким...
    Унинг хаёлидаги бу «балким»лар энди армон эмасди. Улар ҳаётнинг давоми эди.
     Нилуфар секин деразани очди. Тунги ҳаво хонага кирди. У кўзларини юмди.
    Йиллар давомида биринчи марта қалбида ҳеч қандай тортишув йўқ эди. На театр билан, на оила билан. На бурч билан, на орзу билан. Кечаги Нилуфар бугунги Нилуфар эмасди. Ҳаммаси бир-бирини ниҳоят аслида қандай бўлса, шундайлигича қабул қилганди.
     Инсоннинг энг катта ғалабаси ҳам шу эмасми? Ўзини енгиш эмас... Ўзини борлигича қабул қилиш.
       Эртаси тонгда қуёш уйнинг остонасига нур сочди. 
       Эшик ёнида эса қора рангли, биринчи марта саҳнада кийган қадрдон. ардоқлаган пойабзали турарди. У энди эски хотира эмасди. У кутиш ҳам эмас.
      У йўл эди. Нилуфар эшикни очди. Бир лаҳза ортига қаради. Уйига. Сардорга. Ўтган умрига. Сўнг пойабзалини кийди. Ва остонадан ташқарига чиқди.
     Бу гал у театр томон кетаётган актриса эмасди.
     Бу сафар у ўз ҳаёти сари пешвоз чиқиб, дадил қадамлар билан одимлаб кетаётган Аёл эди.

Манба: «Бекажон» газетасининг №31 (2289) 30.07.2026 йилги сони. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот