«Шартнома асосидаги жин»


«Шартнома асосидаги жин» қисқаметражли драмасига шарҳ

     Фэнтези ва романтика уйғунлашган қисқаметражли драмалар сўнгги йилларда қисқа видеолар платформаларида кенг оммалашди. Айниқса, сеҳрли воқеалар, шартнома асосидаги никоҳ, кучли ҳиссий кечинмалар ва қаҳрамонларнинг ички ўзгаришларини акс эттирган сюжетлар томошабинлар эътиборини тобора кўпроқ жалб этмоқда.
     Шундай асарлардан бири — «Шартнома асосидаги жин» (Djinn Under Contract) қисқаметражли драмасидир. Унда сеҳрли олам, миллиардерлар оиласидаги зиддиятлар, муҳаббат, фидоийлик ва қалб изтироблари бир-бири билан уйғунлашиб, мухлисларни илк қисмдан-оқ воқеалар гирдобига олиб киради.
    Одатий романтик драмалардан фарқли равишда, бу асар марказида минг йиллар давомида сеҳрли чироқ ичида маҳкум бўлиб келган жин тақдири туради. Инсон ҳаётини ҳис қилиш имкониятига эришгач, у тақдир тақозоси билан ўз туйғуларини англашга ҳали улгурмаган аёл билан шартнома асосида никоҳ қуришга мажбур бўлади.
    Тушунмовчиликлар, пинҳона фидойилик, муҳаббат йўлидаги синовлар ва шахсий камолот жараёни билан бойитилган мазкур фэнтези ва романтик драма мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди.

Асар нима ҳақида?

     Асар бош қаҳрамони — жин Илайжа Бейраннинг тақдири сеҳр қонунлари билан боғланган: чироқ эгаси унинг учта тилагини бажариши мумкин.
     Бир куни жин ёрдамида бойлик ва қудратга эришган миллиардер Стивен Перриш сўнгги тилагини ўз манфаати учун эмас, Илайжани тутқунликдан озод қилиш учун ишлатишга қарор қилади.
    Аммо бу озодликнинг бир шарти бор.
    Илайжа Стивеннинг набираси Кристин Пэрришга уйланиши ва у билан беш йил давомида никоҳда яшаши керак. Шу муддат ичида у ўзининг аслида жин эканини Кристинга айтмаслиги лозим.
    Шартни бажариш учун Илайжа инсон қиёфасига киради ва шартнома асосида Кристин билан сохта никоҳ тузади.
    Бироқ Кристин дастлаб бу муносабатни фақат мажбурият сифатида қабул қилади. У бутун диққатини мансаб ва шахсий мақсадларига қаратади. Илайжанинг меҳри, ёрдами ва унинг муваффақияти учун қилган яширин фидойиликларини эса пайқамайди.
    Илайжа эса ҳеч қандай манфаат кутмасдан, сеҳрли имкониятлари билан Кристинга ёрдам беришда давом этади.
    Вақт ўтиши билан унинг Кристинга бўлган ҳислари ҳақиқий муҳаббатга айланади. У беш йиллик шартнома тугагач, уларнинг сохта никоҳи чин муҳаббатга айланишига умид қилади.
    Аммо вақт оз қолгани сари Илайжа оғриқли ҳақиқатни англай бошлайди: эҳтимол, Кристин унинг меҳри ва садоқатини ҳеч қачон пайқамас.
    Кристиннинг собиқ севгилиси ҳаётига қайта кириб келгач, вазият янада мураккаблашади.
    Энди Илайжа оғир танлов қаршисида қолади: у севган аёли ёнида қолиб, ўзини яна қурбон қилишда давом этиши керакми ёки асрлар давомида орзиқиб кутган эркинлигини танлагани маъқулми?
    Унинг қудратли ва ўлмас жиндан қалби нозик, ҳис-туйғулари бор инсонга айланиши сериалнинг асосий драматик чизиғини ташкил этади. Чунки Илайжа илк бор инсонларга хос энг оғир туйғулар — севги, умид, қўрқув ва аламни ҳис қила бошлайди.
    У энди севишни билади, аммо севилишга муҳтож. Ана шу ички эҳтиёж унинг образига чуқур инсоний мазмун бағишлайди.

    Шартнома асосидаги никоҳ — драманинг асосий зиддияти

    Инсон ўзини қадрлаган ва севган кишиларни ҳар доим ҳам ўз вақтида қадрига етадими? Ёки фақат йўқотгандан кейин тушуниб, англайдими?
     Илайжа образи рамзий маъно ҳам касб этади. Чироқ — тутқунлик ва боғлиқлик рамзи бўлса, инсон қиёфасига ўтиш — эркинлик, танлов ва ўзлигини англаш тимсолидир.
     Қисқа эпизодлар формати эса ҳар бир воқеани янада таъсирчан қилади. Ҳар бир қисмда янги сир, ҳиссий тўқнашув ёки муҳим қарор пайдо бўлиб, мухлисларни кейинги воқеаларни кузатишга ундайди.

***

«Шартнома асосидаги жин»
1-қисм

    Бойдс Мэриленд. 1966 йил.
  Соҳил бўйида эски-туски кийим ва уриниб қолган пойабзал кийган бир йигит қармоқ ташлаб, балиқ тутиб ўтирибди.
— Илтимос, Худойим... Оиламни боқишим учун бирор нарса насиб эт...
     Йигит маъюс ҳолда қармоғини кузатиб ўтирар экан, тўсатдан илмоққа нимадир илинганини сезди. У бор кучи билан қармоқни торта бошлади.
— Бўлақол... бўлақол! Қани, чиқ!
    Йигит қаттиқ уриниб, қармоқни сувдан чиқарди. Аммо унга илинган нарса балиқ эмас, балки қандайдир қадимий, тилларанг, қимматбаҳо тошлар қадалган чироқ эди.
     Йигит ҳайрат билан чироққа тикилди.
— Бу нима ўзи? Олтинми?
     У чироқнинг қимматбаҳо нарса ёки оддий буюм эканини текширмоқчи бўлиб, қўлидаги мато парчаси билан уни арта бошлади. Шу пайт унинг кўзи чироқ юзидаги қандайдир ёзувга тушди.
— Бу ерда нима деб ёзилган?
     Йигит ёзувни ўқиш учун чироқни ишқалаган заҳоти ундан зангори рангдаги тутун кўтарилди. Йигит қўрқиб кетганидан, чироқни улоқтириб юборди.
     Тутун ичида аста-секин бир мавжудот пайдо бўлди.
     Бу — жин эди.
     У аввал қўлларини ёзиб, узоқ йиллик тутқунликдан сўнг ўз танасини ҳис қилди ва мириқиб керишди. Бир зум кўзларини юмди, тоза ҳаводан баҳраманд бўлди ва қаддини ростлаб, ҳаворанг кўзлари билан йигитга қаради.
     Йигит қўрқувдан ерга ўтириб қолди. У ҳайрат ва даҳшат аралаш овозда сўради:
— Кимсан?.. Йўқ... сен нимасан?
    Жин хотиржам жавоб берди:
— Камина қулингизни турли юртларда ҳар хил номлар билан аташур. Фикри ожизимча, сен мени жин сифатида билурсен. 
    Эндиликда учта хоҳиш-истагингни бажо келтирурмен. Аммо бир шартим бордур: умрбоқийликни сўраш мумкин эрмас, шунингдек, учтадин ортиқ тилак билдириш тақиқланур, ҳожам.
     У йигитга қаради.
— Ҳой, ожиз банда, энди тила тилагингни!
    Йигит ўйланиб қолди.
— Мен тилайманки... мен тилайманки...

***

    Ҳозирги давр
     Касалхонада бир чол оғир аҳволда ётибди. У набира қизининг қўлини маҳкам ушлаб олган.
— Мен тилардимки... бизда яна бироз вақт бўлсайди...
    Қиз кўзларидаги ёшни яширишга ҳаракат қилиб, бобосига тасалли берди:
— Қайғурманг, бобожон. Дунёнинг энг яхши шифокорлари сизни даволаш учун келяпти. Улар тез орада етиб келишади.
     Чол енгилгина жилмайди.
— Эҳ, жиннивой... Ўлим ҳақ. Мен ўлганимдан кейин сенга ким ғамхўрлик қилиши, ҳолинг нима кечишини ўйлаб хавотирланаяпман, холос.
— Сиз ҳали ўлмайсиз. Ўлишни хаёлингизга ҳам келтирманг! Бутунлай тузалиб кетасиз. Ҳали узоқ яшайсиз. Мен ҳақимда эса қайғуришнинг сира ҳожати йўқ.
    Чол бироз сукут сақлади.
— Сенга муносиб эр топдим. Унга тўлиқ ишонаман. Келажагингни унга ишонсанг бўлади.
    Қиз бош чайқади.
— Бобожон, менга эр керак эмас. Мен учун фақат сизнинг яшашингиз муҳим.
     Қизнинг кўзлари ёшга тўлди. У бобосига меҳр билан қараб, қўлларини маҳкам ушлади. Чол ҳам неварасига меҳр билан тикилди.
— Азизим...
     Улар қучоқлашишди. Чолнинг кўзларидан ёш оқди.
— Энди бироз дам олгин, хўпми? Мен яна бир иш қилишим керак.
— Хўп.
      Чол невараси қўлини ўпиб қўйди. Қиз секингина хонадан чиқиб кетди.

***

— Мана, шу ерга қўйинг.
    Костюм-шим кийишган эркаклар катта сейфни стол устига қўйишди.
— Энди кетинглар. Мен чақирмагунча қайтиб келманглар.
— Хўп, жаноб Пэрриш.
     Эркаклар таъзим қилиб, хонани тарк этишди.
     Чол сейфни очди.
     Унинг ичида сирли чироқ бор эди.
     У чироқни эҳтиёткорлик билан қўлига олди.
— Мен эришган барча нарсаларим сенинг шарофатинг билан...
     У хаёлида ўтмишдаги соҳил воқеасини эслади...
  
***

    Ўтган замон
— Мен тилайманки... Мен бой бўлишни истайман. Жудаям бой бўлишни хоҳлайман! Ҳеч қачон пул ҳақида ташвиш чекмасдан яшай.
    Жиннинг овози янгради:
— Эшитаман ва бажо келтираман.
    Жин кўзларини юмди. Қўлларидан зангори тутун таралиб чиқди.
    Тутун йигитни қуршаб олди ва уни ҳавога кўтарди. Жин бармоқларини қарсиллатган заҳоти йигит ҳавода чир айланиб, эгнида доллар тасвирлари туширилган қимматбаҳо костюм пайдо бўлди.
     Осмондан эса пуллар ёғила бошлади.

***

    Ҳозирги замон
     Чол қизил духоба мато билан чироқни ишқалади.
     Бир зумда ундан яна зангори тутун чиқди.
     Тутун ичида жин пайдо бўлди.
     У яна чуқур нафас олди, қаддини ростлади ва ҳаворанг кўзларини очди.
     Чол унга ҳайрат билан қаради.
— Стивен... Сен аввалги сафар ёш ва кучга тўла навқирон йигит эдинг. Энди эса вақт ўз таъсирини ўтказибди.
     Жин унга тикилиб сўради:
— Сен мени сўнгги тилагинг учун чақирдингми?
     Чол тасдиқ ишорасида бош ирғади.
— Гапир. Шундан кейин бизнинг шартномамиз ўз ниҳоясига етади.
    Жин жилмайди.
— Яна бир бор сени кўриб турганимдан мамнунман, Стивен Пэрриш.
     Чол титроқ овозда деди:
— Учинчи тилагим — сенинг озодлигинг.
     Жин ҳайрат билан унга қаради.
— Ҳеч қандай чироқ... Ҳеч қандай кишан... Ҳеч қандай хўжайин бўлмайди.
     Жин ишонмагандай сўради:
— Сен сўнгги тилагингни мен учун ишлатмоқчимисан?
     Чол жавоб берди:
— Ҳа, фақат бир сўнгги илтимосим бор.
— Хўш?
— Сен менинг набирамга уйланишингни хоҳлайман. Унинг исми Кристин Пэрриш.
     Жин бир муддат ўйланиб қолди. У неча асрлик умри мобайнида сира уйланмаган эди.
     Чол сўзида давом этди:
— Ўлимимдан кейин беш йил давомида унга ғамхўрлик қилишингни хоҳлайман. Фақат жин эканлигингни унга айтма. Беш йил ўтгач, сен буткул озод бўласан.
      Жин кўзларини юмди. Бироз ўйланиб, яна кўзларини очди.
— Эшитаман ва бажо келтираман.
     У қатъий овозда деди:
— Мен сенинг набирангга уйланаман. Кимлигимни унга айтмайман ва уни ҳимоя қиламан. Беш йилдан кейин эса ниҳоят мен ҳам озодликка эришаман.
      Жин хурсанд бўлиб жилмайди ва бармоқларини қарсиллатди.

Давоми бор...
Инглиз тилидан Маъруф МУҲАММАДНАЗАР таржимаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот