БИЗ КИМНИНГ ОДАМИМИЗ


БИЗ КИМНИНГ ОДАМИМИЗ
ёхуд сиз кимнинг одамисиз?!

   Кўнглингизда бирор марта шу саволга жавоб берганмисиз?! Охирги йилларда шу саволлар қулоғимга кўп чалинди. Нуфузли ташкилотларда, вазирликларда "антиқа" тушунча бор экан. Бу кимнинг одами, кимга хизмат қилади?!
   Яқинда нуфузли вазирликлардан бирида ишлаб юрган дугонам бирдан аризасини ёзиб ишдан бўшаганини айтиб қолди. Сабабини сўрасам: "Жуда яхши ишлаётгандим, эркин муҳитда, ходимлар бир-бирини тушуниб ишларди. Аммо янги раҳбар тайинланганидан кейин ҳаммаси ўзгарди. У келиши билан ўзини "одам"ларини йиға бошлади. Табиийки, келаётган одамлари учун иш ўрни бўшатиши керак. Ортиқча босимни кўтаролмадим...", - деди. 
     Ачинарлиси, бу воқеалар айнан Рамазон ойида бўлиб ўтди.
   Қачонки ҳар бир инсон бу дунёга нима учун юборилганини англамас экан, бу миллат, бу халқ ҳеч қачон ривожлана олмайди. 
     Рамазон ойи бизнинг кимнинг одами эканлигимизни англатадиган ой, ўйлашимиз учун берилган бир имкон, фурсат!
   Шуни юракдан англашимиз, идрок этишимиз керакки, биз барчамиз, ҳаммамиз ёлғиз ХУДОНИНГ ОДАМЛАРИмиз! Эртага чин дунёда "Мен фалончининг одами эдим, фалончининг қўлида ишлаб, хизмат қилгандим", деган сўзлар бирор бир амалимиз учун енгиллик берармикан?! Йўқ, фақатгина эзгуликларимиз,  хайру амалларимиз бошимизга соябон бўла олса керак...
  Азиз юртдошларим, дўстларим, айниқса, мансабнинг омонат курсисида ўтирган раҳбарлар. Шу саволни ўзингизга яна бир бор бериб кўринг. Кимга, қачон, нима сабабдан ноҳақлик қилдингиз?! Кимнинг дилини оғритдингиз?!
    Мен юртимиз эзгуликлар мамлакатига айланишини, заминимизда фақат ва фақат яхшиликлар бўлишини чин дилимдан истайман ва Яратгандан ҳам шуни сўрайман.  
    Барча-барчангизга эзгуликлар, яхшиликлар, меҳр-оқибати айёми муборак бўлсин, Худойимнинг одамлари!

Чексиз самимият билан - Нилуфар ЖАББОРОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот