ЕР ДУМАЛОҚ


    Боймурод кўп йиллар давомида қишлоқ ҳудудида ички ишлар ходими бўлиб ишлади. Хотини ўпка хасталигидан вафот этганида, уйда уч нафар фарзанди зор йиғлаб қолди. Ўша пайтларда катта қизи Ойжон еттинчи, иккинчи қизи Гулжон бешинчи, кенжа ўғли Мийрас эса учинчи синфда ўқирди.
    Боймурод хотинининг узоқ яшамаслигини билганидан кейин икки кўча нарида яшайдиган Гулчеҳра исмли бир аёл билан яқин муносабатда бўлиб юрган эди. У икки фарзанди билан эридан ажрашганди.
     Боймурод хотинининг юз кунлик маросими ўтиши билан ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, Гулчеҳранинг уйига кўчиб кетди.
    Катта қизи Ойжон эса уй ишларини зиммасига олиб, укаларига қарашга ўрганди. Шундай бўлса-да, онасидан айрилганидан кейин отасининг ҳам уларни ташлаб кетиши болаларга қаттиқ зарба бўлди. Тақдир мажбуран улғайтирган Ойжон укаларининг қорнини тўйдириб, уст-бошини бутлаб юрарди. Аммо барибир уйда ота-онанинг ўрни қаттиқ сезиларди.
     Коммунал тўловлар, улғайиб бораётган болаларнинг кийим-кечаги, кундалик озиқ-овқат, ўқув қуроллари — ҳаммасини нозиккина қиз Ойжон бир амаллаб таъминлашга ҳаракат қиларди.
     Укаси Мийрас касалмандроқ эди. Қиш кунлари тез-тез хасталаниб, дарсларига бора олмай қоларди. Шундай пайтларда меҳрибон опаси укаларини уйда ёлғиз қолдириб кетолмай, мактабда ҳам кўнгли жойига тушмас, қаттиқ қийналарди.
      Қишлоқ четида яшайдиган амакисининг хотининикига бориб, Мийрасдан хабар олиб туришини илтимос қилди.
    У эса:
— Мен сенинг укаларингга қараб ўтира олмайман, ишга бораман, — деб жавоб берди.
      Шундай кунларнинг бирида Ойжон: "Онажоним уйда касал ётиб қолган бўлса ҳам, барибир катта суянчим экан. Унни ўзим олиб келиб, нонни ўзимиз ёпиб еяпмиз. Укамнинг кечаси билан иситмаси тушмади. Тез ёрдам чақирсам, олиб кетиб, касалхонага ётқизиб қўяди. Ундан кўра, иситмага қарши дориларни ичириб, уйда ўзим қараганим яхши", деб йиғлаб қайтган кунлари ҳам бўлди.
     Кичкина укаси касал бўлиб ётганида отасини изларди.
– Опа-ов, дадам нега уйимизга келмайди? Мен тузалсам, келадими?
– Билмайман, жоним. Дадам милиция бўлганидан кейин ҳукумат қайси томонга юборса, ўша ёққа кетаверади. Иши рухсат берса, келади, – деб укаларига тасалли берарди Ойжон.
    Шундай дерди-да, ташқарига чиқиб, кўз ёшларини тўкиб-тўкиб оларди.
    У отасини ҳар куни кўчада кўрарди. Отаси ҳам уни кўрса-да, кўрмагандай ўзини четга олар, индамай ўтиб кетарди.
    Шу тариқа қиш ўтди, баҳор ортидан ёз келди. Онадан буткул, отадан тириклайин айрилган болалар улғайди.
    Ойжон ўз билими билан давлат гранти асосида ўқишга кирди. Икки йилдан кейин синглиси Гулжон ҳам ўз билими билан институт талабаси бўлди. Опаларидан қолишни истамаган Мийрас ҳам Автотранспорт коллежига ўқишга кирди.
     Улар Нукусдан бир уйни ижарага олиб, бирга яшай бошлашди. Қизлар ўқишларини тугатиб, турмуш қуришди. Мийрас ҳам ўзи севган қизга уйланиб, бахтли ҳаёт кечира бошлади.
    Боймуроднинг хотини Гулчеҳра саратон касаллигидан вафот этганидан кейин, унинг икки фарзанди Боймуродни уйидан ҳайдаб юборди.
     Ўз уйига қайтиб боришга юзи чидамай, Боймурод инисининг уйига борди. Уйдагиларга ёқиш учун инисининг болалари билан бирга далада ишлай бошлади.
     Куз кунларининг бирида комбайн билан экин ўриб юрган Боймуроднинг бир қўли билан бир оёғини комбайн тортиб кетди.
     Пешонасига ёзилганини кўрган Боймурод зор йиғлаб, касалхонада ётиб, ўтган умри ҳақида ўйлай бошлади.
     Ортга назар ташлаб қараса, олтмиш ёшдан ошгунча фақат бошқаларнинг ғамхўрлиги билан яшаб келган экан. Ўзи бировга ака, бировга ота бўлиб, хотинига суянч бўлиб, ҳеч нарсани уддаламабди.
     Энди касалхонадан чиққач, қаерга боради?
     Соғ-омон юрган пайтида ҳам ўзини хушламайдиган келини энди бу аҳволида унга қарайдими?
     Ўз ўғлининг уйига боришга юзи йўқ.
     Қайнотага бегона бўлган қизларга нима дейди?
     Касалхонада бир ой ётганидан кейин шифокорлар маҳалла раисига хабар бериб, Боймуроднинг ўғлини чақиртиришди.
     Мийрас келиб, отаси билан худди бегона одамдай саломлашди.
     Маҳалла раиси айтганидан кейин Мийрас отасини уйига олиб борди.
     Аммо ўзи давлат хизматида ишлагани учун кечаю кундуз отасига қараб ўтира олмасди. Хотинининг эса кичик боласи бор эди.
     Кунига бир марта инисининг ҳолидан хабар олиб турадиган Ойжон отасининг келганини эшитганида, гўё тушуниб бўлмас бир ҳолатга тушиб қолгандек бўлди.
     "Биз онадан айрилган пайтимизда “болаларим бор” демай, ўз роҳати ва ташвишларини ўйлаб, бизни ташлаб кетган эди. Энди ўзини ўзи эплай олмайдиган, майиб бўлиб қолган пайтида болалари керак бўлиб қолдими?" — деган ўйлар гирдобига тушиб, анчагача ўзини босолмади.
     Нима бўлганда ҳам, Ойжон ақлли қиз эди.
     Катта ўғли бешинчи синфга ўтиб қолганди. У эрига ҳаммасини тушунтириб, отасини ўз қарамоғига олиб, боқишга қарор қилди. Эри ҳам бунга қарши бўлмади.
     Кечга яқин Ойжон эри билан бирга Мийраснинг уйига бориб, отасини олиб келди.
     Шундан бери Боймурод қизи ва куёвининг уйида яшаб келмоқда.
     Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йил ўтса ҳам қайтар экан.
     Шу воқеага гувоҳ бўлиб туриб, ернинг думалоқ эканига қандай ишонмайсан?

Гулойим ҚУВОНИШБОЕВА
Қорақалпоқ тилидан Феруза ОРИПОВА таржимаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот