БИР КУНИ...


    Маҳаллада бирга ўйнаб юрган тенгдошларим мактабга қатнай бошлашди. Кўчадаги шовқин-сурон ҳам сўниб, мен бирдан ёлғизланиб қолдим. Энди бирга ўйнайдиган болалар ҳам, эрмак ҳам йўқ. Ота-онамга ҳар куни:
– Мен ҳам мактабга бораман! – деб хархаша қила бошладим.
     Иложсиз қолган дадам мактаб директори ҳузурига борди. Кўп ўтмай, орзум ушалди – мени ҳам мактабга қабул қилишди.
    Мактаб формаси олиб беришди. Онам эса тунда жилдга мос матодан менга сумкача тикиб берди. Эрталаб уни қўлимга тутганимда дунёдаги энг бахтли бола эдим.
      Аммо мактабга бориб, сумкачамдан уяла бошладим.
    Синфимизда менга ўхшаб қўлбола сумкача кўтариб келган болалар ҳам бор экан. Шунинг учун секин-аста кўника бошладим.
     Дугонам Тожихон меҳрибон, соддадил қиз эди. Бир куни у сумкасини менга узатиб:
– Сиз буни кўтариб юринг. Менга латта сумкангизни беринг, – деди.
   Мен хурсанд бўлиб кетдим. Уйга қайтишда дарвозамиз олдига келганимизда сумкаларимизни алмаштириб олардик. Бу сиримизни ҳеч ким билмайди, деб ўйлардим. Бир куни тонгда уйғонсам, бошим томонида чиройли бир сумкача турибди. Қувончим дунёларга сиғмай кетди.
     Сумкачани қучоқлаб, анча вақт томоша қилиб ўтирдим. Ўша куни мактабга қандай фахр билан борганимни ҳали ҳам эслайман.
     Кечки овқат маҳали эса онамнинг қулоғига одатда тақиб юрадиган, ўз тили билан айтганда, “Қашқар-балдоғи” йўқлигини кўриб қолдим.
– Буви, сирғангиз қани? Йўқолиб қолдими? — дедим ҳаяжонланиб.
     Онам хотиржамгина:
– Ҳм... биттаси тушиб қолибди. Пойини ўзини олиб қўйдим, қизим, – деди.
     Мен бирдан безовта бўлиб кетдим.
– Мен эртага мактабга бормайман! Сирғангизни ҳовлидан қидириб топамиз! – дедим.
     Шунда онам менга қараб жилмайди. Ўша жилмайишида қандайдир сир бор эди.
– Сен бировнинг сумкасини кўтариб мактабга боргандан кўра, қулоғимга чўпак тақиб олганим яхши-да, болам...
     Ўша куни мен янги сумкачамга эмас, онамнинг қулоғига узоқ тикилиб қолдим.Орадан қанча йиллар ўтди...
    Аммо ўша сумкача ҳам, онамнинг “чўпак” тақиб олган қулоғи ҳам ҳали-ҳануз ёдимда. Эҳтимол, болалигимда сумкамнинг матоси арзон бўлгандир...
     Аммо унинг қиммати – онамнинг бир жуфт тилла сирғаси эди.
   ***
     Август ойи кўп ота-оналар қатори биз учун ҳам ҳар доим ташвишли ой бўлган.
    Мактаб яқинлашар, болаларнинг китоб-дафтари, формаю пойабзали, қишга кийим-боши дегандай, рўзғорнинг ҳисоб-китоби кўпайиб кетарди. Бир гал ўғлимни “Ипподром” бозорига олиб бориб, унинг кам-кўстини тўлдириб қайтардим. “Буники битса, кейин қизларимнинг кам-кўстини оларман”, деб ўзимча режа қилардим. Болаларнинг хариди тугагач, уларга кабоб олиб бериб, уларнинг иштаҳа билан еб ўтирганини кўриб, ўзимнинг ҳам қорним очлигини унутиб қўярдим. Пулнинг чўғи камайиб қолса, тишим оғрияпти, деб ўзимча кафтимни тишимга босиб ўтирардим. Баъзан эса “кўнглим беҳузур бўляпти, ёғлик таом егим йўқ”, деган баҳона ҳам топиб олганим ёдимда. Аслида эса болалар тўйиши учун шундай йўл тутишга мажбур эдим.
    Ўзим яхши кўрган, зарур бўлган кийим-бошни эса “пул бўлса оламан” деб кейинга қолдираверардим. Гоҳида ўша кейин келгунича сентябрь  эшик қоқарди…
  Орадан йиллар ўтди. Болаларнинг ширин ташвиши набираларга уланиб кетди. Тунов куни болаларини кийинтириш учун бозорга олиб чиққан қизимга қўнғироқ қилдим.
– Қизим, ишларинг битдими?
– Бўлди, онажон… Энди уларни овқатлантирай. Оч қолишди…
    Шунда бирдан ўша августлар ёдимга тушди. Болаларимнинг қўлига кабоб тутқазиб, ўзим “тишларим оғрияпти” деб четда турган кунларим…
– Пластигингга пул ташлаб қўйдим, қизим. Ўзингга ҳам нимадир ол. Болаларни ҳам бемалол овқатлантиринглар, – дедим.
– Овора бўпсиз, онажон…
     Негадир қизимнинг овози титраб чиқди.
     Мен эса телефонни қўйгач, узоқ ўйланиб қолдим.
    Она боласи учун қилган яхшилигини ҳеч қачон ҳисобламайди. Бола улғайгач, онанинг қилган фидойиликларини бир кун келиб англайди.
     Шунда тушунади: болаликда дастурхонга қўйилган ҳар бир луқманинг ортида, балки, онанинг емай қолган бир бурда нони, орзу қилгану етолмай қолган либоси, айтмай юрган бир дарди бордир…
    Она боласини тўйдириб, ўзининг очлигини яширади.
    Боласини кийинтириб, ўз эҳтиёжини кечиктиради.
    Боласига “ол” дейди-ю, ўзи “кейин” деб яшайди.
    Йиллар ўтиб, фарзандларингиз сизга худди шундай меҳр билан:”Онажон, ўзингизга ҳам нимадир олинг…” деса, балки оналикнинг энг катта мукофоти шу бўлар… 

   Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот