БОЛА НЕГА ЭМЛАНАДИ?


 

     Соғлигимиз учун доим биз билан бирга қайғурадиган Миробод туманидаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори Зуҳра Аҳмедова билан  учрашдим. Опадан бугунги кунда болаларни эмлаш жараёни қандай кечаётганини сўрадим. Зуҳра опа дарҳол болалар бўлими бошлиғи шифокор Нигора Маҳмудовани мен билан таништириб барча саволларимга шу шифокор жавоб беришини таъкидлади.

     Мен Нигора Маҳмудовага болаларни неча ёшгача эмлаш ишларини  нимага асосан олиб борилишини ҳамда эмлашдан мақсад нима эканини сўрадим.

  • Болаларни туғилгандан 16 ёшгача полиомелит, рота вирусига қарши, пневмакокка қарши, кўкйўтал, қоқшол, дифтерия, вирусли гепатит В, қизамиқ, қизилча, тепки, одам папиллома вирусига қарши режали эмлаш ишлари санитар қоида ва нормативларга асосан олиб борилади, — деди шифокор Нигора Маҳмудова. — Бола туғилганда туғруқхонада БИЖ ва ВГВ-1 га қарши эмланади. Гўдак 2 ойликдан бошлаб оилавий поликлиника шароитида календарь асосида эмлаш бошланади. Чилла даври патронажида шифокор она билан эмлаш ишлари ва эмлаш календари ҳақида суҳбат ўтқазади. Бола 2 ойликка қадар эмлаш жараёнига тайёрланади. Невролог кўриги тавсия этилади. Невролог маслаҳатидан сўнггина чақалоқнинг ҳолатига баҳо берилиб, 2 ойликдан эмлаш ишлари бошланади. Эмлашдан мақсад юқумли касалликлар тарқалиши устидан назоратни ўрнатишдир. Эмланмаган болада қизамиқ, кўк йўтал, гепатитлар, болалар шол касалликларини юқтириб олиш ва шу касалликларнинг асорати хавфи ошади. Эмланган бола юқумли касаллик тарқалган пайтда унинг организмида шу касалликка қарши курашиш фаол бўлади.

Мен оилавий поликлиникага вакциналар махсус музлатгичли сумкаларда олиб келинишини ва махсус хонада музлатгичда ўрнатилган ҳарорат тартибида сақланишини кўрдим.  Эмлаш ҳамшираси Интизор Машарипова болаларни эмлаётганининг гувоҳи бўлдим.

Боласини эмлатган оналараслида  нималарга риоя қилишлари керак деган савол туғилади. Эмлашдан сўнг болани онасига шифокор ва ҳамшира кузатилиши мумкин бўлган реакциялар тўғрисида тушунтиради. Уч кун мобайнида патронаж ҳамширалари боланинг аҳволидан хабардор бўлиб туради. Эмланган болани она дарҳол уйига олиб бориши ёзда салқин уйда, қишда эса иссиқ уйда ўз назоратига олиб ўтириши лозим. Эмланган жойга сув теккизмаслик керак. Мобода тана ҳарорати кўтарилса тушириш лозим. Август ойидан бошлаб ушбу оилавий поликлиникада оналарга “Болалар профилактик эмлашларини қайд этадиган шахсий сертификат” тарқатилиш бошланди.

Бу сертификатнинг афзаллиги она боласи билан Тошкентда яшаб, ёз ойларида вилоятга бувисиникига бориб 2-3 ой қолиб кетишса, ўша ерда ҳам эмлашни давом эттириши мумкин. Агар у ердан ололмаса қайтганида, албатта, эмлашни давом эттиришади. Дилфуза Жўраева, Ҳалима Худойбердиева, Малика Абдулҳамидова, Нодира Жамолова каби патронаж ҳамширалар доим уйма-уй юриб, болаларнинг соғлигидан бохабар бўлиб туришади.

Ўша ерда ўтирган, фарзандларини эмалашга олиб келган оналарни ҳам суҳбатга тортдим.

  • Уч ёшли қизимни Гепатит А га қарши эмлаш учун олиб келдим, — дейди Лариса Кадаева. — Эмлаш фарзандим учун яхши, фойдали. Барча оналар ўз вақтида болаларига эмлаш муолажаларини олиб туришса бу уларнинг соғлиги учун яхши бўлишини таъкидлайман.
  • Мен ҳам фарзандимни эмлаш учун олиб чиқдим, — дейди Дилдора Зуфарова.  — Патронаж ҳамширамиз  Дилфуза Ризаева доим уйимизга бориб қачон поликлиникага чиқишимизни айтиб келади. Эмлашдан сўнг ҳам уч кун мобайнида боламдан хабар олиб уни назорат қилиб туради. Шунинг учун болаларимиз соғлигидан кўнглимиз тўқ. Врачимиз ва ҳамширамиз айтганларини доимо бажарамиз.

Жорий йилда бу поликлиникада 2079 дан зиёд эмлаш ишлари бажарилганини гувоҳи бўлдик. Демак, эмлашни вақтида олган болага касаллик яқин йўламайди. Шундай экан оналар доимо шифокорлар ва ҳамширалар тавсияларига амал қилиши лозим.

 

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист