Сукутда ҳам сўзларим сўнмас


Сукут сокин бағрига олди,
Сўзларим ҳам чарчаб қолгандек.
Кўнглимдаги нурлар йўқолди,
Тун ёлғондан гўё толгандек.

Йўқолсам ҳам ул тунда беиз,
Бир шуъла бор — сўнмас қалбимда.
Ҳаёт сени синамас бежиз,
Миттигина умид – сабримда..

Йўлларимда кўпдир сароблар,
Чалғитар у, алдар нигоҳни.
Менман деган ҳоки туроблар —
Билан тўлди оламнинг саҳни. 

Кўзимдаги ёшларим — сирдош,
Тушунамиз бир-биримиз жим.
Тунлар менга берса-да бардош,
Тонгда ортар яна илинжим.

Қайдан бу дил чўнг дард деб оғрир,- 
Балким шунда ҳаёт маъноси.
Синовлардан ўтса қалб охир,
Ёрқинроқдир, покдир маъвоси.

Кулгим баъзан ёлғон туюлар,
Ич-ичимда бўронлар уйғоқ.
Армон хирмон бўлиб уюлар —
Шодлик унинг олдида урвоқ.

Орзуларим энди саробмас,
Қўл узатсам — етмас, аммо бор.
Демак ҳолим буткул харобмас,
Интилганга доим толе ёр...

Иродамни синади ҳаёт,
Қалбимни ҳам синдирди секин.
Оғриқларнинг изи энди ёт,
Жим чидадим — некбинман, лекин.

Йўлларимда йиқилдим кўп бор,
Саробларга алданди нигоҳ.
Ҳар гал турдим тик, мардонавор,
Ҳар гал турдим, куч топдим ногоҳ.

Сукут ичра бўзлар юрагим,
“Таслим бўлма!” — дер эди ҳар дам.
Кимларгадир бордир керагим,–
Шунинг ўзи шодлик бир олам.

Қоронғу тун — абадий эмас,
Ҳар азобнинг бор интиҳоси.
Сабр қилган қалб сира синмас,
Нурли йўлнинг йўқдир баҳоси.

Мен изладим ўзимни узоқ,
Йўқотдим ҳам, топдим ўзимни.
Ғанимлар кўп қўйдилар тузоқ,
Мен барибир айтдим сўзимни.

Тонг отди-ю нурлар сочилди,
Қоронғулик чекинди аста.
Синиқ дилнинг баҳри очилди,
Музаффарман, бўлмайман хаста!

Музаффар — бу ғолиб демакдир,
Зулумотга бўлмасман таслим.
Журъат ила яшаш керакдир,
Ғолиб бўлмоқ – шу менинг аслим.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот