НАВРЎЗ
НАВРЎЗ
Кел, бугун ғанимлик тўнини ечгил,
Ғурбату ҳасаддан юз бургин, кечгин,
Янги тонг нурида кўзингни очгин,
Қўл берсанг, кезгувчи гулзоримиз бир!
Аслимиз бир тупроқ, осмонман дема,
Сен – ғариб, мен – кўрки замонман дема.
Мағлубсан, ғолиби давронман дема,
Сўнгги йўл, маҳшар ул мозоримиз бир!
Дўст дедим елкамни елкангга тираб,
Турибман қошингда ҳолингни сўраб.
Ҳар инсон зотининг ҳолини кўриб,
Мағфират этгувчи Ғаффоримиз бир!
Кел, бугун аразу қасддан гапирма,
Сўйла эзгуликдан, касдан гапирма.
Қувонгин, баланду пастдан гапирма,
Кўз очди майсалар, баҳоримиз бир!
Мунаввара УСМОНОВА - Саодат журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.