«Ҳотамтой» хонимнинг хариди

Хоним сотувчидан сўради:
– Тухумингизни қанчадан сотасиз?
Кекса сотувчи жавоб берди:
– Тухум нархи 50 цент, хоним.
Хоним:
– 2,5 долларга 6 дона тухум оламан, кўнмасангиз, кетаман, – деди.
Қария оғир хўрсиниб, унга жавоб берди:
– Майли, ўзингиз хоҳлаган нархда сотиб олинг, хоним. Тухумларим ҳарна сотилгани маъқул, чунки мен бугун бирорта ҳам тухум сота олганим йўқ ва рўзғорим учун пул зарур.
Кибор хоним тухумларни муҳтож кишидан айтган нархиида сотиб олди ва ўзини ғолиблардек ҳис қилди. Чунки у ўзини айтганини қилдирганди ва пулини тежаб қолганидан мамнун эди.
Аёл ўзининг қимматбаҳо, сўнгги русумдаги машинасига ўтириб, дугонаси билан ҳашаматли ресторанга борди.
Дугонасилар хоҳлаган нарсаларини, хусусан, тансиқ таомларни буюришди. Оз-оз еб, буюртма қилганларининг кўпини дастурхонда қолдиришди.
Шу тарзда, жами 400 доллар бўлган ҳисоб учун, хонимлар ўзларининг бойвачча эканликларини кўз-кўз қилишиб, 500 доллар беришди ва дабдабали ресторан официантига қолган пулни чойчақа сифатида олишларини айтишди...
Бу ҳикоя нуфузли ва қимматбаҳо ресторан соҳиблари учун мутлақо оддий ҳолдек туюлиши мумкин, лекин тухум сотувчига нисбатан жуда адолатсизлик содир бўлди...
Савол:
Нега биз муҳтожлардан бирор нарса сотиб олаётганда, доимо кучимизни, улардан устун эканлигимизни кўрсатишга уринамиз?
Нега бизнинг "ҳотамтойлигимизга" муҳтож бўлмаганларга нисбатан сахиймиз?
Бир пайтлар қаердадир шу жумлаларни ўқиганим ёдимга тушди:
“Отам, гарчи бу нарсаларга муҳтож бўлмаса ҳам, камбағаллардан қиммат нархда мол сотиб оларди.
У баъзан уларга керагидан кўпроқ пул ҳам тўларди.
Бир куни мен отамдан сўрадим:
— Нега бундай қиласиз, ота? Ахир улардан сотиб олган буюмларга эҳтиёжингиз йўқ, қолаверса, ўша сотиб олган нарсаларингизни барибир бошқа камбағалларга тарқатасиз?
Отам ўшанда ўйчан қиёфада, кулимсираганича жавоб берганди:
– Бу муҳтожликка тушиб қолган кишиларнинг қадр-қимматини ерга урмаслик учун, болам. Аслида, бу хайрия, ўғлим!".
Муҳтожликка тушиб қолган одам билан дангаса, ишёқмас ва боқимонда кимсалар ўртасида фарқ бор, албатта. Ногирон, боқувчисини йўқотган , кексаликда қаровсиз қолган ё фарзанд кўрмаганидан ёлғиз яшаб, қариган инсонлар чинакам муҳтожлардир. Уларга сўзда эмас, амалда инсонийликни кўрсатган, берганини миннат қилмаган ва кўз-кўзламаган чинакам саховатпеша одамлар ҳақиқий Инсонлардир.
Интернетдан олинди. Муаллифи номаълум.
Русчадан Музаффар Муҳаммадназар таржимаси
2024 йил.