УРУШНИНГ БИРИНЧИ КУНИ...


Қўчқор НОРҚОБИЛ

УРУШНИНГ БИРИНЧИ КУНИ...
ОЧЕРК

  Ушбу очеркнинг юзага келишида муносиб ҳисса қўшган ва Беларусдаги сафарим давомида катта кўмак бериб, қўллаб-қувватлаган қадрдонларим Беларус Республикаси Ахборот вазири Алес Карлюкевич, Ўзбекистон Республикасининг Беларус Республикасидаги элчиси Носиржон Юсупов ҳамда элчихона адабий маслаҳатчиси Дониёр Обидовга ташаккур айтаман!

ЎЗБЕКЛАР БЕЛАРУСЛАР ҚАЛБИДАН ЖОЙ ОЛГАН

– Майда пулингиз йўқмиди? – дейди сотувчи жувон.
   Мен унинг табассум ёйилган тип-типиқ чеҳраси, порлаб – кулган мовий нигоҳида акс этган қизиқиш ҳиссини лаҳзада англайман. Хаёлимдан ўтгани шу бўлади: “Келгинди эканимни пайқаб турибди...”.
   Чўнтагимдан бир сиқим чақа олиб, шалдиратиб ақчакосага ташлайман:
– Истаганингизча олаверинг. Мен Сизларнинг танга-тунгаларингизни унчалик фарқига бормайман.
   Жувон ўз юртининг қадр-қиммати бўлган ақчаларни бармоқларини қўштумшуқ қилиб ғурур билан тера бошлайди, керагини олади-да, қолганини қайтариб беради:
– Қаердан келдингиз? – дейди жилмайиб.
– Ўзбекистондан.
– Ўҳ-ҳуу, узоқ...
– Ҳа, узоқ. Анчагина узоқ, – бу ерларда нега сандирақлаб юрибдийкин деган ўйга бормасин, деб муддаомни айтдим қўйдим – Боболаримни излаб келдим.
   Аёл бироз ажабсинади, гапини яхши англолмадиммикан, деган маънода қараб туради:
– Улар бу ерда яшашадими?
– Улар бу ерда жанг қилишган. Улар шу ерда қолиб кетишган, шу тупроқда ётишибди.
   Аёлнинг юзи жиддий тортади, овозида титроқ:
– Шундай денг, – оғир хўрсинади, – улар бизнинг ҳам боболаримиз. Беларусни ҳимоя қилган ҳар бир инсон Беларусларнинг жигаридир, Беларусга бегона эмас.
– Раҳмат Сизга. Бундай эътирофни кутмаган эдим.
– Нима деяпсиз? Урушда бўлган бобонгиз ҳар қайси Беларуснинг юрагида, уйининг тўрида яшайди.
– Раҳмат Сизга, – дейман овозим қалтираб, юз томирларим титраб кетади, – мен боболаримни шу ернинг ўзида ҳам топгандай бўлдим.
   Аёл жилмаяди:
– Ростданми?
– Мен уларни Сизнинг юрагингиздан топгандай бўлдим.
   Дунёда ҳозир энг катта дўконларни нима деб аташаяпти, суперми, гиперми, мегами ё сегоми, ишқилиб, энг каттасини қанақа маркет деб аташса, ўшанақа маркетдан жудаям хурсанд бўлиб чиқдим. Баҳорнинг тип-тиниқ оғушида янада мўъжизакор туюлган шаҳарнинг тасмадай текис ва ойнадай тоза кўчалари, энг сўнгги расм-русмда қад кўтарган евронуқсли бинолар, сокин ва озода ҳаёт мени тағин ўзига қаттиқроқ мафтун этди.
   Шаҳар дегани бунчалар гўзал, чиннидай топ-тоза бўлмаса.
   Осмонга боқиб янада ҳайратинг тошади, бу ерларнинг осмони паст бўлмагани билан булутлари жуда-жуда пастлаб сузаркан, шундоқ кўриб турасан булутларнинг бошинг устида шовуллаб сузиб бораётганини... Қўл чўзсанг етгудай гўёки. Булутлар тўда-тўда, паға-паға, оппоқ-оппоқ бўлиб, қуюн-қуюн шаклида тимқора тусда ҳам сузиб-сузиб ўтаверади.
   Бир пасда осмон чиппа бекилади, ёмғир қуяди. Бирмунча фурсат ўтиб, булутлар тир тўзғийди-да, осмон бағир очади, тўда-тўда, оппоқ-оппоқ, уюм-уюм қўнғир-қора тусдаги булутлар сайри нигоҳингизни тортади. Ҳавонинг софлигини айтмайсизми? Ўпкангиз тўлади. Болтиқ томонлардан эсаётган диляйрар эпкинлар борлиғингизга роҳат-фароғат бахш этади.
   Бунчалар шинам ва саришта шаҳарни кўрмаганман рости. Нима бало, бу ерда одамлар писта чақмайдими, елим идишдан сув ичишмайдими, тиллақоғозларга ўралган музқаймоқ ейишмайдими, тамаки чекишмайдимикина-а? Ўзимча жавоб топган бўламан; бу ернинг одамлари кечаги мудҳиш кунни, тарихни унутишмаган. Қиёмат қойим қўпиб вайронага айланган, сўнгра куйиб култепа бўлган харобада шаҳар қурган, шаҳар пайдо қилган халқ бу. Шунинг учун ҳам булар ўз шаҳрини кўз қорачиғидай асрайди. Европанинг нақд биқинида ярқираб, гуллаб-яшнаб турган озода шаҳар – Брест ва брестликлар менда шундай таассурот уйғотади.
   Меҳмонхонага келиб шеригим, элчихонамиз маслаҳатчиси Дониёр акага ҳайратимни яширолмайман, айниқса, дўкондаги аёлнинг гапидан таъсирланганимни.
– Чиндан ҳам шундай. Булар уруш кўрган халқ. Ҳар учта Беларусдан биттаси уруш қурбони бўлган. Шунинг учун ҳам Беларуслар урушда бўлган инсонлар ёдини қаттиқ улуғлашади. Ҳалиги ўртоғимиз бор-ку, Алес Карлюкевич, ўшанинг бир гапи мени қаттиқ ҳаяжонга солган, – дейди у.
– Ахборот вазирини айтаяпсизми?
– Ҳа, ўша. Бошқалари ҳам шундай дейишаркан, биз ўзбеклар ҳақимизда.
– Нима гап айтишаркан?
– Ўзбеклар Шарқнинг Беларусларидир. Беларуслар эса Европанинг ўзбекларидир... Ана шундай, оғайни!
   Мен титраб кетаман. Юрагим бир ҳаприқади. Бунча зўр гап!
– Э-е-ей, булар бизни шунча, шунчалар яқин олишадими?
– Ҳа, ўзбеклар бизга ўхшайди, бир гапли, мард дейишади.
– Беларусда уруш йиллари жуда кўп ўзбек ўғлонларининг қони тўкилган. Шунинг учун ҳам...
– Уруш бошланганда, урушнинг биринчи куни, илк лаҳзасидаёқ Брест қалъаси мудофаасига ўзбеклар ҳам отилиб чиқишади. Урушнинг дастлабки кунлари шу ерда кўп ўзбеклар қирилиб кетган. Уруш бошланиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Улар Ўзбекистондан ҳарбий хизматга чақирилган эдилар...
– Ах-ха, йўлда келаётганимизда бу ерга Ўзбекистондан битта дивизия ҳам ҳимояга келган дегандингиз. Чиндан ҳам Сиз бутун бошли дивизия ҳақида гапирдингизми? Мен, очиғи, бу ҳақда эшитмаган эдим. На тарихда, на китоб-питобда...
– Ҳа, Тошкентда, аниқроғи, Чирчиқда ташкил этилган бутун бошли 69-ўқчи дивизия шу ерга, Беларус фронтига олиб келинади. Ушбу дивизия жангчилари мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатишади.
– Ўзбек ўқчи дивизияси ҳақида иккинчи жаҳон уруши тарихида, умуман, Беларуснинг уруш йиллари тарихида бирор маълумот борми?
– Кейинчалик, бир мунча фурсат ўтгач, бу қаҳрамон дивизиянинг номи ўзгартирилади. Дивизия Брянск ва Севск шаҳарларини озод қилишда мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, Беларусни фашизмдан тозалашда ҳал қилувчи рол ўйнади.
– Шунинг учун дивизиянинг номи ўзгарадими, – дейман алам билан, кўз ўнгимда минг-минглаб жангчи юртдошларимнинг қиёфаси гавдалана бошлайди. Қанчадан- қанча ўзбекларим қурбон бўлдийкин?

КИТОБ ВА КИНОГА СИҒМАГАН ОҒРИҚ

 Биласизми, урушнинг даҳшатли бир ҳақиқати бор. Китоб саҳифалари, кино экаранларига сиғмайди бу... Уруш бўлиб ўтган жойда қолиб кетган урушнинг оғриғи. Шу оғриқ изтироби ҳамма-ҳамма нарсага уриб кетади. Неча-неча йиллар, асрлар кечмасин, бағри куйиб кул бўлган замин ихраб-инграб, чатнаб-титраб ётганга ўхшайди. Ишонмасангиз, минг-минг йиллар илгари содир бўлган, тарих кўксини тилка-пора қилиб турган улкан жанг майдонларига ҳам бир бориб кўринг-да, англайсиз, урушнинг қиёматли лаҳзалари вужудингизга титроқ, қалбингизга ғулу солади.
 “Титаник” филмини чўмилиш ҳавзасида тасвирга олиш ўқувига ХХI аср киносанъатининг энг сўнгги русумдаги камералари нигоҳи англамайдиган бу ҳақиқат, яъни, урушдан кейин қолиб кетган оғриқ изтиробини ҳеч нарса, хатто қалам ҳам ҳис килолмайди. Инсоннинг қалб кўзи аниқроқ кўра олади буни. Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунидаёқ қақшатқич зарба еб бошига осмон ўпирилиб тушган Брест қалъаси ҳақида ҳам кўп китоблар, эсдаликлар ўқиган, бадиий ва ҳужжатли филмлар кўргандим. Бу ерга тайёргарлик кўриб келгандим. Европанинг фожеа ўчоғи саналган қалъага ўзимни бардам тутиб киришимга ҳам ишонгандим. Қаёқда дейсиз, шундоқ Буг дарёси устига ўрнатилган кўприкдан ҳатлаб, қалъанинг кун чиқишидаги туннел эшигига юзланишим ҳамоно вужудимни қалтироқ тутади. Оёқларим бўшашади. “Бу кўприкдан қанчалаб жангчилар ўтгандир, анави соҳилдаги мағриби дарахтнинг ёши юз йилдан ошгандир, унга қанчалаб аскарларнинг нигоҳи тушгандир, манови туннелсимон дарвозадан неча минглаб ўғлонлар кириб-чиқмагандир, манови дарёга тикилган минг-минглар жангчиларнинг нигоҳи ўша кунлар абадиятга юмилиб, уларнинг жасадини ер ютгандир, улар ернинг оғриғига айланишгандир...”. Оғир ўйлар мени довдиратиб қўяди. Қалъа ичкарисида, шундоқ сўл тарафимда харобага айланган казарма – ғиштлари сочилиб, тўкилиб бўлган, ўқ ва снарядлар зарбидан илма-тешик деворларга кўзим тушади. Катта казарманинг тепа қисмидан, тенг ярмидан кўпроғини бомба ва снарядлар тўкиб ташлаган, унинг одам беличалик тик қолган деворларига боқиб юрагингиз орқага тортиб кетади. Бу харобага урушнинг қонли панжалари қолдирган жароҳатдан сўнг ҳеч ким қўл теккизмаган – очиқ осмон остидаги фожеа тимсолида урушга аталган лаънат бўлиб турибди. Бунинг ичидаги ҳамма одам қирилиб кетган, бу қиёматли манзара қаъридан инсон боласи тирик қолишига ишонмайсиз. Ғишт кулга айланиб, тош ёнади-ю, одам тирик қолармиди?
   Мен казарманинг идраб турган бир бурчагига суяниб, чўк тушаман. Қуръон тиловат қиламан.
– Бу ерларда ўзбек жангчилари ҳам бўлгандир-а? – дейман иҳраб.
– Албатта, кўп ўзбеклар жанг қилишган бу ерда. Қалъа музейига кирсангиз, керакли маълумотларни оласиз, дейди йўлбошловчи жувон.
  Рўпарага юрамиз. Қалъанинг чапида “қад ростлаган” иморатнинг ҳам айтгулик-дегулиги йўқ. Деворлари ўқ ва снарядлар тегиб уюлган, ярми тўкилган бино ичидан аянчли оҳ-нолалар эшитилаётгандек туюлади. Улкан майдон сатҳида бир казармага кўз ташлаймиз, бу ҳам тўкилиб адо бўлган. Калъада черков деворларида ҳам “уруш излари”. Қалъада ҳазин куй-қўшиқ янграб турибди. Мардлик ва жасорат, буюк ирода тимсоли бўлган ҳайкал ва ёдгорликлар, ҳалок бўлган жасур жангчиларнинг исми-шарифи битилган мармар лавҳлар, гуриллаб ёнаётган Хотира олови... бари-бари қалбингизда сўнгсиз изтироб уйғотади, оёғинг остидаги ерда минг-минглаб нигоҳлар, қурбон бўлган аскарларнинг қорачиқлари порлаб тургандай бўлади. Қаёққа оёқ босаётганингни сезмайсан. Шунда ер қаъридан урушнинг оғриғи ўрлаб нола қилаётгандай, ўзингни урушнинг комида қолгандай, Сен ҳам шўрпешона жангчилар сафида қон кечаётган бўласан. Ҳа, урушнинг оғриғи мана шу! Бу на китобга, на кинога сиғади.

УРУШНИНГ ИЛК КУНИ ҚУРБОНИ ЎЗБЕК ЭДИ...

   Урушнинг биринчи кунида фашист ҳамласига кўксини қалқон қилган жангчилар ичида ўзбеклар ҳам бормиди? Бор эди, бор бўлганда қандоқ! Бор эди.
   Қадрли ўқувчим. Дастлаб кичкина бир тафсилотга тўхталиб ўтсам: Брест бир-икки қўрғондан иборат 5-6 туйнукча бўлган шунчаки бир қалъа эмас. Брест шаҳар ичидаги шаҳар. Шундоқ Буг дарёси соҳилида жойлашган. Бу ерга Муховец дарёси суви ҳам келиб қўшилади. Қалъа билан дарё ораси бир қадам. Қалъада кўплаб ҳарбий қисмлар жойлашган эди. Артилерия, пиёда ўқчилар дивизиялари, отлиқ қўшинлар, чегарачилар ва бошқа махсус қисмлар, тиббиёт пункти жойлашганди. Брест мамлакатнинг муҳим таянч ва ҳимоя нуқтаси ҳам бўлган. Қалъа бағрида 9 000 нафардан зиёд ҳарбий, шунингдек, зобит ва ҳарбий хизматчиларнинг 300 дан зиёд оиласи мавжуд эди. Энди тасаввур қилиб кўринг, ўн мингдан ортиқ инсон ҳаётини кўксига олган муқаддас қўрғоннинг бир кечада уруш олови қаърида ёниб кул бўлиши, осмондан бу шўриш қавм бошига тонналаб бомбалар ёғилиши, артеллерия ва танкларнинг қалъа тумшуғи тагидан гумбурлатиб отиб туширишини...
   Ҳеч ким уруш бўлишини кутмаган... Ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди. Чунки, Собиқ Иттифоқ билан фашистлар Германияси орасида уруш қилмаслик аҳди имзоланган эди. Бундан ташқари, бешикдаги боладан тортиб, то мункиллаган чолгача битта тушунча билан яшарди: “Совет армияси қудратли, енгилмас. Бизга ҳеч ким қарши келолмайди...”.
  Эрталаб тонгги соат 4 дан 15 дақиқа ўтаяпти. Брест осмони гумбурлаб кетди. Казармаларда саҳарги уйқу оғушидаги минг-минглаб аскарлар бу гулдурашни момақалдироқ деб билди, ер ҳам силкиняпти деб ўйлашди. Еру кўк титраб, казармалар қоқ иккига ёрилиб, портлаш содир бўлган пайт эсанкираб қолган ҳарбийлар нима бўлаётганини англамай ташқарига отилади. Ҳали Минск мудрар эди. Ҳали Москва донг қотиб ухлар эди. Брестни фашист танкларининг занжирлари топтаб, газандалар пулемётлари ўрнатилиб, уларнинг оғзидан ажал уруғи сочилганда қалъадаги мард-жасур офецерлар зудлик билан қарши хужум режасини ишлаб чиқишди. Брест қарши ҳужум қилди. Улкан давлатнинг кафтдеккина бир бўлакчаси бутун бошли фашист Германиясига қарши ҳимояга отланди.
   Лаънати Гитлер ўша куни кечи билан кундуз соат 12 га қадар Брестни эгаллаб оламан, таслим бўлса бўлмаса теп-текис қилиб, янчиб ташлайман-да, Минскка қараб йўл оламан, Минскни забт этиб, Москвани босиб оламан, деб ўйлаган эди.
 Эрталаб соат 9 лар чамаси... Режа асосида Брест ҳимоячилари қалъанинг туннел дарвозалари орқали қўшинларга бўлиниб тез чиқиб кетишлари, қалъадан ташқарида туриб ҳимоя чизиғи ҳосил қилиш керак эди. Юқорида айтдик-ку, қалъада ўндан ортиқ турли-туман ҳарбий қисмлар бор эди, агар булар чиқиб кетишмаса ёппасига қуршовда қолишлари аниқ эди.
 Дарвозалардан 6- ва 42-дивизия чиқиб кета бошлади... Буни илғаган фашист пулемётчилари нима қилиб бўлса ҳам қўшиннинг йўлини тўсиб қўйиш мақсадида тўхтовсиз ўқ ёғдирарди. Ана шундай танг пайтда 125-ўқчи қисми 2- баталони ўқотувчи жангчиси ўзбек ўғлони Авазмат Ниёзматов газандалар жойлашиб олган нуқтага ўт очиб, қалъадан чиқиб кетаётган қўшинларни ҳимоя қилиб турди. У фашист пулемётчиларини ер тишлатиб, душманнинг хужумини бирмунча тўхтатиб қолди, бу орада қўшиннинг бир қисми ташқарига чиқишга улгурди. Жанг яна давом этди. Авазмат ўз ўрнидан жилмай босқинчилар билан қасдма-қасд жанг қиларди. Албатта, кучлар тенг эмасди, ҳар жиҳатдан устун қуролланган душман ҳамласини қайтаришнинг имкони йўқ эди. Сўнгги ўқи қолгунча курашган мард Авазмат охири фашистлар ўқига ўз кўксини тутиб берди. Урушнинг биринчи кунида ўзбек ўғлони қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У юзлаб аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Авазмат қалъадан чиқишга кўмаклашган қанчалаб жангчилар урушдан омон қайтгач, унинг жасорати ҳақида чексиз ҳурмат билан гапириб юришди. Брест қалъасидаги қирғинни ўз кўзи билан кўрган жангчи Павел Егоревич Свяков ўзбек ўғлонининг матонати ва мардлигини кўзда ёш билан ҳикоя қилади. Шунингдек, қалъа музейида сақланаётган ҳужжатлар ва айрим жангчилар хотиралари, музей илмий ходими Елена Владимировна келтирган муҳим маълумотларда Авазматнинг ҳақиқий инсон, мард ва жасур жангчи, ўз ҳаётини гаровга қўйиб, ўзгаларни хавфдан қутқариб қолиш қурбига эга чин ўзбек эканини англаймиз.
   У бор-йўғи 19 ёшда эди. Ўн тўққиз ёш-а...
   У урушнинг биринчи кунида ҳалок бўлган ўзбек эди.
   У ўз авлоди, ўзбекларни урушнинг биринчи кунида шон-шарафга кўмган чин инсон эди.
   Мен Брест қалъаси музейида Авазмат Ниёзматовнинг ҳарбий сувратини кўрдим. Суврат ёнида ўзбекча дўпписини, оқ рўмол, ханжар ва қин, от анжоми ҳамда Авазматнинг кичкина расми урилган, қон юқи қотган увада бир парча қоғоз – шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрдим. Бу экспонатларнинг ўзиёқ киши юрагини ўртаб юборади.
   Авазмат ким эди? Қаерда туғилган? Болалиги қаерда кечди? Жасур жангчи Жиззах вилоятининг Зомин туманига қарашли Ён қишлоғида туғилиб ўсади. Унинг болалиги Зомин кенгликларида кечади. 1922 йилда туғилган Авазмат Беларус ўлкасига ҳарбий хизматга чақирилади.
  Авазматнинг жасоратини ўзи хизмат қилган 125-ўқчи қисмининг 2-баталони взвод командири, ўзбек ўғлони Муҳаммаджон Абдувалиев, Брест қалъаси ичкарисидаги жангчи дўсти, яна бир ўзбек ўғлони Мадамин Ҳожиевнинг хотиралари ҳам тасдиқлайди.
   Мана кўраяпсизми, шу ернинг ўзида урушнинг дастлабки куни билан юзма-юз келган уч ўзбек жангчисининг исм-шарифларини келтираяпман.
   Бизга номаълум қанчалаб ўзбек боболаримиз бу жаҳаннам комида қолиб кетишгани эса биргина Яратганга аён.
– Брестда жанг қилган бошқа ўзбеклар ҳақида ҳам маълумотлар топиш мумкинми? –деб сўрайман “Қаҳрамон Брест қалъаси” комплекс музейи илмий ходими Елена Владимировна Харичковадан:
– Албатта. Кўп бўлишган. Қалъадан ташқаридаги қисмларда ҳам ўзбек жангчилари мардонавор ҳимояда туришган, улар биринчи бўлиб фашистга қарши зарба беришган.
   Елена Владимировна бизга Брест ҳимоячиси старшина Дурасовнинг хотираларини ўқиб берди. Унда неча кунлаб қаттиқ қуршовда қолган жангчиларга казармадан чиқиб кечаси 6 марта сув олиб келиб берган қўрқмас ўзбек санитар жангчиси ҳақида ҳикоя қилинади. Бундан ташқари, қуршовда қолган қалъа ҳимоячиларига фашистлар радиокарнай орқали русча талаффузни бузиб: “Руслар Сизлар таслим бўлинглар, Сизлар таслим бўлишингиз керак!..”, деб мурожаат қилишган пайтида казармалардан бирида ўзбек ўғлони чапаничасига сўкиниб, у ҳам фашистга ўхшаб русча талаффузни атайлаб бузиб: “ўзбеклар-чи, ўзбеклар асло таслим бўлмайди…”, деб бақириб жавоб қайтаргани, казармада гуриллаб кулги кўтарилгани, кейин ўша ўзбек бор овозда ўзбекча қўшиқ куйлаб юборгани ҳақидаги хотираларни ўқиганини ҳам айтиб берди. “Шундай оғир дамларда ҳам ҳазил-мутойибани, ўзини чалғитишни уддалай олган ўзбеклар!”, – дейди Елена Владимировна.
   Яна бир далилга эътибор беринг; 125-ўқчи қисмнинг сапёрлар ротаси командири, Брест ҳимоячиси кичик лейтенант Павел Егорович Сваков (1914-1999 йил)нинг ёзишмаларида шундай жумлалар бор: “...ўзбек жангчилари Аҳмад Алиев, Абдуллаев, Юсуповлар фашист босқинчиларига қарши олиб борилган аёвсиз жангда мисли кўрилмаган мардлик ва жасорат кўрсатишди...”
   Оддий аскар Иля Петрович Кузнецов (1921-1986 йиллар) 44-ўқчи қисмда ўзбек ўғлони билан бирга жанг қилгани, унинг фамилиясини Хонжибоев ёки Инжибоев эканини, у Брест қалъаси ҳимоясида қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлганини хотирлайди. Кейинчалик захирадаги подполковник И.Сенкевич “Кросноярск комсомоли” газетасининг 1982 йил 13 июл сонида 44-ўқчи қисм сержанти, ўзбек ўғлони Иженбеков мардларча ҳалок бўлганини ёзади. Кўраяпсизми, рус аскар ва офицерлари ўзбек фарзандларининг исм-фамилиясини тўлиқ талаффуз қила олмасалар-да, уларнинг бу жангда ҳақиқий ҳимоячи, жасур жангчи бўлганини чексиз ҳурмат билан ёдга олишади.
  44-ўқчи қисм жангчиси, яна бир Брест мудофаачиси, оддий аскар Николай Михайлович Исколотов “Смена” журналининг 1959 йил 13-сонида “Брест деворлари остида...” деб номланган мақоласида шундай хотирлайди: “Мен ўз кўзим билан кўрдим, ўзбек Башаров хандақдан отилиб чиқди-да, бор бўйича кўтарилиб, қаддини тик тутиб, гитлерчилар тўдаси устига граната ирғитди. Башаров ўзбек эди. Исми ва шарифини эслолмайман. 44- ўқчи қисмнинг 1 чи ротаси жангчиси эди. Қалъани ҳимоя қилаётган пайтда пулемётчи эди... Башаров урушнинг тўртинчи куни ҳалок бўлди...”.
   Ефрейтар киномеханик Николай Иванович Соколовнинг эсдаликларида шундай жумла кўзга ташланади: (Соколов Брест ҳимояси пайти фашистлар томонидан асрга олинган, 1945 йил озод қилинган): “...Танасини ўқ тешиб ўтган Алиев олдга юролмади, бир чайқалиб йиқилди, оғриқ зўридан қаттиқ иҳради...”
   Бу хотираларни ўқиб, уруш кулфати барча инсонларнинг бошини бирлаштиришни, барча халқлар бу даҳшат олдида бир-бирига суянч бўлганини ҳис қиласиз. Кўплаб рус аскар ва офицерлари жасур ўзбек ўғлонларининг мардлиги, ёвқурлиги ва довюраклигига тан берганидан фахрланасиз. Яна бир ҳақиқатни англайсиз: она-Ўзбекистон нафақат фронт ортида пешқадам бўлиб матонат кўрсатган, балки урушнинг олдида, урушнинг датлабки кунларида ҳам биринчи бўлиб жангга кирган, биринчи бўлиб Брестни ҳимоя қилган, ҳа, Ўзбекистон тимсолидаги ўзбек ўғлонлари Ўзбекистон бўлиб Брестда қалқон бўлишган!

ЧУНКИ У ЎЗБЕК ЭДИ

– Елена Владимировна, мен бир нарсани ўйлаяпман. Агар Авазмат Ниёзметов ўзини ўққа тутмай, қалъани тарк этаётган қисмга қўшилиб чиқиб кетса, эҳтимол, тирик қолармиди?
– У ундай қилолмасди…., аёл жим қолди. – Унинг овози қалтираб кетди,– йўқ, у бундай қилолмасди.
   Мен унга термулиб қоламан.
– Нега?
– Чунки у мард эди, У чин эркак эди…
   Менинг вужудим титраб кетади. Нигоҳимда қайноқ ёш айланади.
– Чунки у ўзбек эди! – дейди Елена Владимировна.
   Мен титраб ўрнимдан туриб кетаман. Музей директори Григорий Григореевич Бюсик ҳамда Дониёр ака ҳам ўрнидан шаҳд туради. Овозим титраб:
– Раҳмат, азизам! – дейман Елена Владимировнага.
– Демак, менинг ўзбек боболарим… – бўғзимга нимадир тиқилади.
– Ҳа, Сенинг ўзбек боболаринг ҳам шу ерда, шу жанггоҳда Беларус заминини биринчилардан бўлиб ҳимоя қилган. Буни ҳар бир беларус билади, унутмайди, – дейди Григорий Григоревич, – Буни унутиб бўларканми? Сизлар бизнинг юрагимиз ардоғидаги халқсиз.
   Мен уни бағримга босаман. Кўзлари ғилт-ғилт ёшга тўлганини кўраман.
   Музейдан чиқдик. Қалъада оғир, юракни ўпириб, зириллатадиган ғамғин кўй-қўшиқ янграяпти. Қулоқларим остида ўқ, портлаш ва гумбурлаш садолари, жангчиларнинг қичқириқлари эшитила бошлайди. Ҳар бир казарма ғиштидан, қалъа атрофидаги дов-дарахтлар танасидан, Буг дарёси соҳили ва сув сатҳида минг-минглаб жангчиларнинг қиёфаси қотиб қолганга, оёғим остидаги ерда эса уларнинг нигоҳлари жовдираб турганга ўхшайди. Мен бу ерда урушнинг оғириғини ҳис қиламан. Ҳа, киноларга, китобларга сиғмаган, сиғмайдиган оғриқни англайман. Қайсидир бобом манави кўприк устидан ўтаётиб она-юртимнинг тиниқ сувларини эсга олгандир, уруш деган мусибат бошланмасдан олдин шу ерда ҳарбий хизматни ўтаётган боболарим бу даҳшат уларни ўз комига ютиб юборишини, уларни излаб-бўзлаб бу ерларга келишимизни хаёлларига ҳам келтирганмикинлар? Адоқсиз саволлар дилимни ўртаяпти. Бу ҳам урушнинг оғриғи.
   Қалъада кўриб-билиб, ҳис қилган воқеалар изтиробидан юрагимни бўшатиш учун шу очеркни қоғозга тушираётган пайтим қўл телефонимга хат келди. Хатнинг мазмуни шундай: самарқандлик Мусаллам опа Шокирова Беларус тупроғи ва Брест қалъаси жанглари акс этган “Янги Ўзбекистон” газетасининг олдинги сонларида чоп этилган мақолаларимни ўқиган экан. Она ўз хатини шундай деб якунлайди: “Тоғам Иброҳимов Мамашариф Фин урушидан қайтаяпмиз, Полшага келдик”, деб хат ёзган. Сўнгги хатида эса: “1941 йил Брестга борамиз, кейин уйга жавоб беришади”, деб хабар берган. Бироқ у қайтиб келмаган. Уруш бошлангач Брестда қолиб кетган...”
   Мақолага нуқта қўйишдан олдин Брест қалъасидан чиқаётганимизда ҳамроҳим Дониёр аканинг: “Беларуслар ўзбекларни чин дилдан яхши кўришини энди ҳис қилдингизми?”, деган гапи ёдимга тушди. У яна Днепрни кечиб ўтишда юз берган жангда хам 6 нафар ўзбек ўғлони Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлганини, бу жанг тафсилотлари билан Гомел вилоятининг Лоев туманига боргач танишувим мумкинлигини, у ердаги хиёбону кўчалар ўзбек ўғлонлари номи билан аталишини гапирди.
   Туйқус Брест шаҳрида учратганим ўша сотувчи аёлнинг гапи ёдимга тушди: “Ўзбеклар ҳар бир беларуснинг юрагида яшайди….”. Бундан буюк эътироф ва ҳурмат бўлиши мумкинми? Демак қадрдонимиз, Беларус Республикаси Ахборот вазири Алес Николаевичнинг “Беларуслар Ғарбнинг ўзбекларидир, ўзбеклар эса Шарқнинг беларусларидир…”, деган гўзал лутфи ҳам бежиз эмас экан-да? Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Беларус Республикасига расмий ташрифи чоғида Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон ва Беларус бирдамлигига эҳтиром сифатида бу ўлка озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари жасорати акс этган қимматли китобни совға қилиши замирида ҳам шундай улуғ туйғу мужассам эканда!
   Бу эса ўзбек ва беларус халқларининг қалби бир-бирига туташ ва уйғун эканига самимий ишорадир!

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот