Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек


     ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида, бўзчи оиласида дунёга келган (1905-1968).
     Олдин ўрта мактабда, 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқишини давом эттирди. 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди.
     Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг «Дилбар - давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Темирчи Жўра» (1933) достонлари ўз даврининг шеърий йилномаларидир.
     У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратган. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал бўлиб, ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвир санъат воситаларида яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.
     Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.
     Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган бўлса, «Навоий» (1944) романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образи яратилган.
     Унинг «Олтин водийдан шабадалар» (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги даврдаги яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» (1958) романида Иккинчи жаҳон уруши фожиалари ўз ифодасини топган. Адибнинг «Улуғ йўл» (1977) асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатишга интилган.
     Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилган. Адиб қардош халқ ҳаётини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очерклари, қатор шеърлари, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят, «Нур қидириб» қиссасида тасвирлаган.
     Адибнинг «Болалик хотираларим» автобиографик қиссаси 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.
     Ойбек истеъдодли шоир, йирик ношир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи, таржимон ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини, Лермонтовнинг «Маскарад», Молернинг «Тартюф» драмаларини, шунингдек, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.
     Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.
     Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати унвонларига сазовор бўлган.
     Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг жаҳонаро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.
     Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган.
     Адиб истиқлол даврида «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2000).