«Олтин Ҳумо» муборак, Гулчеҳра опа!


  Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси – Гулчеҳра Жамилова билан суҳбат.

   Маълумот: Гулчеҳра Жамилова  1946 йилнинг 2 Июль куни Тошкентда туғилган. 
  1964 йилда Ўзбек Давлат хореография билим юртининг халқ рақси бўлимини, 1968 йилда А. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти)нинг "Драма ва кино актёри" факультетини тугатган. Г. Жамилова Ўзбек давлат Хореография билим юртида таҳсил олаётган даврида-ёқ ўқишдан ажрамаган ҳолда "Баҳор" давлат халқ рақс ансамблида балет артисти сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. Сўнгра у театрга ишга ўтиб, 1966–1987 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек давлат Академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий театри)да, 1987–1991 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида ишлаган, 1991 йилдан бошлаб актриса яна Ўзбек Миллий академик драма театрида самарали меҳнат қилган.  
   Aктриса кинодаги фаолиятини 1962 йилдан бошлаган. У халқимизга ўша машҳур "Ўтган кунлар" фильмидаги Кумуш роли орқали танилган. Aйни шу роли унга омад ва машҳурлик олиб келган.
   Шунингдек, уни кўпчилик мухлислар Ўзбекистон–Ҳиндистон биргаликда ишлаган, Латиф Файзиев ва Умеш Меҳра тасвирга олган "Севги афсонаси" фильмидаги Малькани роли орқали ҳам яхши билишади. 1966 йилда Ҳамза театрида саҳналаштирилган Шекспирнинг "Вероналик икки йигит" спектаклидаги Сильвия Г. Жамилова театрда яратган илк образ бўлган. Сўнгра у театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олган асосий спектаклларда етакчи ролларни ижро этиб, умидли актриса сифатида томошабинлар эътиборини қозонди. Ҳамза номидаги отахон театрда ўз ўрнига эга бўлди. Ўттиз йилдан зиёд давр мобайнида театрда изчил ва самарали меҳнат қилиб, элликдан ортиқ ёрқин ва ҳаётий образлар яратди. Булар Ақиқа (С.Азимов, "Қонли сароб", 1968), Феруза (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек",1969), Зуҳра (Э. Воҳидов, "Олтин девор", 1970), Наташа (А. Софронов, "Машаққатли йўл", 1971), Озода (И. Султон, "Имон", 1971), Гулчеҳра ("Кўрмайин босдим тиконни", 1975), Гулсанам (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний", 1973), Соҳибжамол ("Абу Али Ибн Сино", 1980), Зебуннисо ("Зебуннисо", 1983), Зарифа (Ў. Умарбеков, "Қиёмат қарз", 1976), Йемена (Софокл, "Антигона", 1976), Камола (Р. Тагор, "Ганг дарёсининг қизи", 1978), Афродита (М. Карим, "Оловни ташлама, Прометей", 1977), Канизак (Т. Тўла, "Нодирабегим",1980), Жамила (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1982), Дездемона (Шекспир, "Отелло", 1984), Нури (Ойбек, "Қутлуғ қон", 1987), Бибихоним (А. Орипов, "Соҳибқирон", 1997), А. Ҳидоятов номидаги драма театри саҳнасида яратилган Уйғуннинг "Парвона" асаридаги Назокат (1987), С. Аҳмаднинг "Фармонбиби аразлади" пьесасидаги Муҳайё (1989) каби образлардир. Г. Жамиловадаги тоза лутф, хушбичим қадди-қомат, гўзал чеҳра, майин ва ёқимли табассум, ёрқин нутқ, катта истеъдод ва яна изчил меҳнат у яратган образларнинг ҳаётий ҳамда жозибали чиқишида бош омил бўлди. Актриса яратган Жамила, Зебуннисо, Бибихоним, Нодирабегим, Ақиқа, Озода, Камола, Гуласал каби образлар ўзининг юқори савияси билан Ҳамза театрида яратилган етук образлар қаторидан ўрин олди. 
    1968 йилда "Ўзбекфильм" киностудиясида А. Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида суратга олинган (режиссёр Й.Аъзамов) "Ўтган кунлар" бадиий фильмидаги Кумуш образи Г. Жамиловани республикамиз ва қўшни давлатлар маданий жамоатчилигига машҳур қилди. Агар 1945 йилда режиссёр Наби Ғаниев суратга олган "Тоҳир ва Зуҳра" бадиий фильмида Юлдуз Ризаева Зуҳра образини яратиб, улкан муваффақиятга эришган бўлса, "Ўтган кунлар" бадиий фильмидаги Кумуш образи ҳам Г. Жамиловага ниҳоятда катта шуҳрат келтирди. Гўё Кумуш образи фақат Г. Жамиловага атаб ёзилгандек. Чунки актриса Кумуш характеридаги ибратомуз ақл-заковат, чин муҳаббатга садоқат, ибо, ҳаё ва нафисликни ниҳоятда ишончли тарзда ифода эта олган. Бунда Гулчеҳра Жамилованинг фақат маънавий дунёсигина эмас, балки гўзал ташқи қиёфаси ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Қалбингда қуёш" фильмидаги Гулчеҳра (1965), "Hyp ва соялар"даги Гири (1970), "Шиддат"даги Манзура (1971), "Йилнинг тўрт фасли"даги Нозима (1975), "Ўзгаларни деб" фильмидаги Мақсуда (1976), ҳинд санъаткорлари билан ҳамкорликда яратилган икки қисмли "Севги афсонаси" даги Малькани (1984), "Бўрилар"даги Она (1986), 1998 йилда кинорежиссёр М. Абзалов суратга олган янги талқиндаги "Ўтган кунлар" фильмидаги Офтобойим (1984), "Тўлқинлар" телефильмидаги Зулайхо (1966), "Шашмақом"даги Насруллонинг хотини (1972) каби образлар Г. Жамилованинг кино санъатидаги кўп йиллик ижодий меҳнати маҳсулидир. 
   Шунингдек, Гулчеҳра Жамилованинг видеофильмларда, телеспектаклларда ўйнаган роллари ҳам ҳозирга қадар ўзининг бетакрорлиги билан томошабинлар, мухлисларни мафтун этиб келмоқда. Актрисанинг "Гирдоб" видеофильмидаги Салтанат, "Улуғбек хазинаси"даги Хуршида, "Алишер Навоий"даги Ҳадичабегим, "Ҳамма билан юзма-юз" даги Сайёра, "Сўнгги ўқ"даги Ҳадича, "Имон"даги Азиза, "Қалқон" студиясида суратга олинган "Шайтанат" даги Манзура, "Ёз ёмғири" телеспектаклидаги Мунис (1969), "Она" даги Келин (1969), "Вафодор" даги Муҳаббат (1975), "Анна Мария" даги Анна Мария (1972), "Юрак сирлари" даги Санобар, "Ягона гувоҳ" даги Виктория Ивановна (1965), "Камалак" даги Барно (1983) каби қаҳрамонлари аввало турли ёш, касб, муҳит ва табиатга эта инсонлардир. Айни пайтда актриса томошабинга тақдим этган образларни ўзбекона дилбарлик, майинлик, оқилалик, меҳр-муҳаббат тўлиб-тошиб турадиган қалб гўзаллиги каби юксак фазилатлар бирлаштириб туради. 
   Шунингдек, актриса кўплаб фильмлар дубляжида ҳам иштирок этган. Дубляж соҳасида ўз ўрнига эга бўлган актриса ҳисобланади.  
   Г. Жамилова жамоат ишларида ҳам фаол. У Ўзбекистон Республикаси Халқаро маданий-маърифий алоқалар миллий ассоциацияси президиуми аъзоси (1990—1992), XII Халқаро Тошкент кинофестивали жюриси аъзоси (1997) сифатида самарали ишлади. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган санъаткорлар билан суҳбатлар, кўрсатувларда яқиндан қатнашмоқда. Истеъдодли ўзбек театр ва кино актрисаси Гулчеҳра Жамилованинг кўп қиррали ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. 1992 йилда у "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига сазовор бўлган.
   Шу йили Гулчеҳра Жамилова “Ўзбек кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун” “Олтин Ҳумо” махсус мукофоти билан тақдирланиб, “Олтин Ҳумо” – 2025 миллий кинотақдимоти ғолиби деб эълон қилинди!
   Қизлари Асал ва Наваль Хўжаева шифокорлик касбини танлашган. Умр йўлдоши – Мавлон Хўжаев Ёш гвардия театрида ва Сатира театрида директор бўлиб ишлаган.  

– Гулчеҳра опа, аввало СИЗни Ўзбек кинематографияси ривожига қўшган ҳиссангиз учун “Олтин Ҳумо” махсус мукофоти билан тақдирланганлигингиз  билан табриклаймиз! Дастлабки дебют ролингиз «Шоҳсанам ва Ғариб» фильмида бўлган экан. Бу тожикфильмда суратга олинганми? 
– Йўқ, бу туркманфильм, фақат тожикфильм студиясида тасвирга олинган. Тожикистоннинг режиссёри Тоҳир Собиров фильмни олган. 
– Яқин орада қайси сериалларда роллар ижро этдингиз?
– «Мени сев» номли сериалда роль ўйнадим. Убайдулла Омон билан биргаликда эр-хотин ролини ижро этдик. У киши нафақага чиққан прокурор. Ўғлимиз кичкиналигида ўғирлаб кетишади. Улар фарзандини топа олишмайди.        Орадан йиллар ўтиб, боласини кимлар ўғирлагани маълум бўлади.
– Фильм ва сериалларда роллар ўйнаш баробарида «Маҳалла» телеканалида санъаткорлар фаолиятини ёритувчи «Ўшал дамлар» кўрсатувида бошловчилик ҳам қилаётган экансиз?
– Ҳа, илгари ҳозирги вақтда ҳаёт бўлган ижод аҳли ҳам ёритилаётганди, эндиликда асосан вафот этган ижодкорларни ҳаёти ёритиладиган бўлди. Майли, умрлари узоқ бўлсин, аммо тирик бўлганларни кўрсатувга тайёрлашса, «Эслаб, эслаб» кўрсатувидек бўлиб қолаяпти. Кўрсатув Ўзбекистон халқ артистлари – Ортиқ Отажонов, Пўлат Садқосимов, Ҳусан Шарипов ва бошқаларнинг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланаяпти.
– «Ўтган кунлар» фильмининг дастлабки, СИЗ ижро этганингиз хотирамизда муҳрланиб қолган. Барибир, дастлабки таассурот бошқача бўлса керак. Кейинчалик янги талқинда ҳам бу фильм ишлангани билан, аввалгисини кўрмаганларга манзур бўлгандир, аммо биринчисини кўрганим учунми, аввалгидек таъсирланмадим. Ўзингиз буни қандай қабул қилдингиз?
 – Фильмнинг янгича ёндашув ва талқинида дастлаб ўзим роль ўйнамайман деган тўхтамга келган эдим. Сабаби, биринчи навбатда, мендаги эътироз либослар масаласида бўлди. Либослар Бухороча услубда тикилгани маъқул келмаганди. Либослар бўйича мутахассисларга Марғилон, водий услубида либос тикиб беришларини сўрадим.       Сизлардан кўп нарса талаб қилмаяпман. Воқеалар Тошкент ва Марғилонда бўларкан, кийимлар ҳам ўша давр ва ўша шаҳарларда кийилган либосларга мос келиши кераклигини таъкидладим. Либослар бўйича рассом музейдан андоза олиб тайёрлаганини айтди. Шунда Шуҳрат Аббосов аралашган. Шуҳрат ака кўзимга тик қарай олмай, бу фильмда роль ўйнашим кераклигини, яна бир яхши ролларимдан бири бўлишини айтди. Шуҳрат ака менинг кўзларимга қаролмади, демак ичидан тан олаяпти либослар мос келмаслигини деб ўйладим ва бу ҳолатни пайқадим. 
– У ҳолда бошидан айтиб қўя қолай, ўйнамаганим дуруст, – дедим. Мен ўйнамасам, Ўлмас Алихўжаев ва Гулчеҳра Саъдуллаева ҳам ўйнашмас экан, деб мени кўндиришга уринишди. Ноилож рози бўлдим. Аммо кийим масаласида кўнглим тўлмай, бироз хижил бўлиб қолди. Хивада фильм суратга олинаётганда, костюмлар хонасига кириб, либосимни сўрадим ва либосимни олаётганимда, бу либос Сайрам Исаева учун тикилган, дейишди. Аслида, бу либос тайёр кийим эди. Шуҳрат ака тасвирга олган «Отамдан қолган далалар» фильмида костюмер Ира Гамбургская тайёрлаган. «Ўткан кунлар» фильмининг биринчисида либослар бўйича рассом бўлган. Менга шу либосни кийишимни айтгани учун кўнглим тўқ эди. Хивага борганимда грим қилдим, сочимни ўрдим. Либос Сайрам Исаева учунлигини айтиб, бошқасини берганда ҳам кўндим. Ички кийимини сўрасам, ичкиси йўқлигини айтишди. Ҳайрон бўлдим. 
– Бизнинг ўзбек аёллари кўйлакнинг ичидан ички кўйлак кийишган, ёқаси бурма ёқа тарзида чиқиб туриши керак. Енгида ҳам бурма бўлади. Билагини кўтарганда енг тушса, билак кўринмай туриши керак, – десам, тикишга улгуришмаганини айтишиб, вақт тиғиз бўлганини рўкач қилишди. Ҳеч қандай қўрқинчли ва ваҳима қиладиган ери йўқ, – дейишди малол келганини яширмасдан. Индамасдан кийиб, тасвирга олиш майдонига бордим. Оператор Ҳотам Файзиев йирик планда тасвирга олинишим ва қаердан чиқиб келишимни тушунтирди. Чачвон билан юзимни яшириб, аравага ўтирганча кетишим керак экан. Ҳотам акага йирик планда олинса бўйним ва билагим кўринишини, бурмаси йўқлигини айтдим. Театрда эҳтимол сезилмас, аммо фильмда, айниқса катта кадрда бу камчилик яққол кўзга ташланади. Мен бу тарзда ўйнолмайман, – деб Ҳотам акага сабабини тушунтирдим. Экранда бу жуда қўпол кўриниши ва хато бўлишини таъкидладим. Шу тарзда фильмни тарк этишга мажбур бўлдим.
– Гулчеҳра опа, ўзбегимнинг Кумушбибиси! Қимматли вақтингизни аямай, фикр ва мулоҳазаларингизни баҳам кўрганингиз учун СИЗга катта раҳмат!!! Умрингиз зиёда, мартабангиз янада юксак бўлсин!!!
– Сизга ҳам раҳмат! Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман. Оилаларига хотиржамлик, ўзларига тани соғлик, орзу-ниятлари ушалишини тилайман.

Суҳбатдош – Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот