“ТАЛОҚ” СЎЗИНИ АЙТИШ ШУНЧАЛИК ОСОНМИ?


АЖРИМ УЧУН САБАБ ЙЎҚ, АММО...

    Бу йил Ўзбекистонда 27 минг оила барбод бўлди!
   Яқинда веб сайтлардан бири фуқаролар суд иши бўйича уч ойлик маълумотларни эълон қилди. Судда ишлаб чиқариш, уй-жой масалалари, ноқонуний қурилиш ва ҳоказо муаммолар юзасидан кўрилган аризалар орасида ажримлар бўйича кўрилган ишлар салмоқли ўринни эгаллайди. Хусусан, Ўзбекистон Олий суди томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, жорий йилда фуқаролар ўртасидаги никоҳни бекор қилиш юзасидан ярим миллионга яқин аризалар кўриб чиқилган. Улар орасидан 27 минг фуқаро ўртасидаги никоҳ расман бекор қилинди!
     Кейинги пайтларда фуқаролар ишлари бўйича аризалар кўплигидан суд тизими ходимлари катта юклама билан ишлашларига тўғри келяпти. Бу ҳисобот даврида умумий ҳисобда фуқаролар иши юзасидан 472 682 нафар киши аризаси кўриб чиқилди. Улар орасида 365 164 киши талаблари қондирилди. Шунингдек, 56 804 киши аризаси қайтарилди. Ишлаб чиқариш юзасидан киритилган 45 682 ариза кўриб чиқилмади, 5 282 киши иши эса тўхтатилди.
    Афсуски, фуқаролар томонидан берилган аризаларнинг катта қисми ажримларга тегишли. Никоҳни бекор қилиш тўғрисида берилган 52 507 кишининг аризаси кўриб чиқилиб, эр-хотинлар ўртасидаги 27 578 киши ўртасида тузилган никоҳ бекор қилинди. Улар орасидан 18 430 кишига эр-хотинлар ярашиши учун муддат белгиланди ва никоҳни бекор қилиш рад қилинди.
   Ўзбекистонда эр-хотинлар ажралишига асосий сабаб маиший келишмовчиликлардан ташқари ёш оила ўртасидаги муносабатларга қариндошлар аралашуви деб изоҳланди.
    Биз қуйида ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари борасида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. Чунки бир йилда ярим миллион аҳолининг ажрим учун ариза бериши ва 27 мингдан зиёд оилаларнинг барбод бўлиши бизни бу ҳолатга нисбатан жиддий муносабатда бўлишга чақиради.

“УЧ ҚИЗНИ УЗАТИБ, ЮМУШЛАР ЎЗИМГА ҚОЛДИ!”

    Бугунги кунда тўй-томошалар қандай дабдабали қилинаётган бўлса, ажрим ишлари ҳам худди шу каби кишини лол қолдириб жуда тез ва катта жанжаллар билан барҳам топяпти. Тагига етаман, десангиз, айтарли сабабнинг ўзи йўқ. Кўчада мулойимгина кўринган, қайнонаси совчи бўлиб келганда кулиб кириб, эгилибгина кўришган қизлар бирдан бошқа қиёфага кириб оляптилар. Чунки ёшларимиз катталарнинг тазйиқ талаблари, таъбир жоиз бўлса босимлари туфайли мулойим қиёфага киряптилар. Келин бўлиб келгач эса асл қиёфаларини намоён қиляптилар. Мен буни нотўғри деб ўйлайман. Киши қандай бўлса, шундайлигича кўриниши керак. Оилалар юқоридаги каби алдов устига қуриляпти. Яна бир алдов куёв томоннинг “ўқитамиз, келинимиз уйда ўтирмайди, ишлайди” деб берилган ваъдалар ҳам бузиляпти. 
    Келин бўлмишга уй хизматкоридай қараш ҳали ҳамон ўзгармаган.
   Тўғри, оилалар, қайноналар ҳам ҳар хил. Кимдир виждонли, меҳнаткаш қайнона, қайси бир қайнона ўзи дангаса ва келин олгунича рўзғор юмушларини амаллаб бажарган.
    Куни кеча бир қўшним ўғлини уйлантирмоқчи эканини айтиб қолди. Йигит 21 ёшда экан. Ҳали бир ишнинг бошини тутмаган. Ўша қўшнимиз “учта қизни узатиб юборганимдан кейин уй юмушлари бир ўзимга қолиб кетди, келин олмасам бўлмайди!” деб қолди. Унинг 21 яшар ўғли оила қуришга, оила масъулиятини бўйнига олишга тайёрми-йўқми, у бу ҳақида қайғураётгани йўқ. Фақат уйга ёрдамчи кераклиги учун ўғлини уйлантирмоқчи. Унга келин эмас, уй юмушларини бажарадиган хизматкор керак экан. Аёл ёшларнинг яшаб кетиши, ўғлининг рўзғор юкини бўйнига олиши ҳақида эмас, ўзининг юмушларини енгиллатишни ўйлаяпти. Энди 21 ёшар йигитга неча ёшли қизни олиб беришади? У ҳам бир 17-19 яшар бўлади-да. Энди мактабни тугатган, ҳали болалиги кетмаган қизга ҳам хотинлик, ҳам бекалик вазифалари юкланади. Орадан бир йил ўтиб, у она бўлади. Навниҳолдай қиз бу юкни кўтара оладими-йўқми? Яна ҳозирги қайноналарнинг кўпчилиги рўзғор юмушларини келиннинг бир ўзига ташлаб қўяди. Оилада бошқа келинлар бўлса ёки қайнсингиллар қарашишса, бу бошқа гап. Баъзан, қайнсингиллар ҳам келинга иш буюришади. Улар ҳам келинга ўз хизматкорларидай қарашади. Агар у юмушларни бажаришдан бўйин товласа ёки улгура олмай қолса, кечқурун қайнона-қайнсингиллар ўғилни “бураб-бураб” келиннинг олдига киритиб юборишади. Оқибатда энг ширин пайт, асал ойи жанжал ва келишмовчиликлар билан ўтади. Қарабсизки, бир-икки ойда ёшлар ажрашишга ариза беришади. 

“ЖАНЖАЛНИНГ САБАБИ - ПУЛ!”

   Яна бир муаммо – бу ейиш-ичиш муаммоси. Тўғри, бугун озиқ-овқат нархлари анча баланд. Ўртача маошга яшайдиган оилалар рўзғордан қисишга, еб-ичишдан тежашга ҳаракат қилишяпти. Аксарият оилаларимизда одамлар сони кўп. Бир хонадонда уч оила овқатланади. Болалар сони билан улар кам деганда 14-16 кишини ташкил қилади. Бир кунда икки буханка нон ейиладиган оилалар бор. Албатта, бундай оилаларда егуликнинг мазаси бўлмайди. Қозонга гўшт кам солинади, ҳатто бугунги кунда сабзавотлар ҳам тежаб ишлатиляпти. Чунки икки-уч миллионга яшайдиган одамлар шундай қилишга мажбур. Энди бу оилага келган ёш келинчак, у ҳомиладор бўладими? Ейиш-ичишнинг мазаси бўлмагач, камқонликка учрайдими? Оқибатда тез-тез шамоллайдими? Яна фарзанди ҳам нимжон бўлиб туғилади. У ҳам ҳадеганда касал бўлаверади. Касал бўлди, дегани бу ҳам чиқим – ана сизга жанжалнинг уяси! 
   Агар келинлар еб-ичардан нолийдиган бўлишса, қайноналар “бизнинг оилада қоида шундай, тош келса кемириб, сув келса симириб яшайсиз!” дейишади. Лекин ўша қайнона ҳомиладор аёл икки киши учун таомланиши кераклигини, у яхши овқатланса, ўзи ҳам, бола ҳам соғлом бўлишини ҳисобга олмайди. Келин бечора ота-онаси унинг учун олиб келган егуликларни ҳам ўртага қўйиши керак. Кўп ҳолларда ота-онаси олиб келган егуликлар ўзига тегмайди. Қайнона бўлмиш ҳам “у ҳомиладор, кеннойингнинг егуликларига тегма!” демайди. Афсуски, оиладаги шу келинга ҳамма хўжайинлик қилади. Уйида эркин-эмин юрган қиз бу ердаги ҳаёт тарзига кўника олмайди, сал баҳона билан уйига кетаверади. Бошқаларнинг мунтазам аралашуви туфайли ёшлар ўртасидаги муносабатга совуқчилик тушади. 
    Бошқа томондан ҳаёт кўрмай, оилавий ҳаётни чиройли либослар кийишдан иборат деб тасаввур қилгувчи ёш қизлар “алданишганини” билгач, уларда кундан-кунга норозилик кайфияти кучаяверади. 

“КЕЛИН КЕЛСА, ҚЎЛИМНИ СОВУҚ СУВГА УРМАЙМАН!”

   Яна бир тоифа қайноналар борки, улар келин келгач, уйда юмуш қилмайди. Бир хонадонда масалан, юқоридаги каби кўпчилик турса, бир одам уларга хизмат қилиб улгурмайди, албатта. 
   Ҳозирги қайноналарнинг кўпчилиги ёш. Асосан 45-50 ёшдаги аёллар, лекин юмуш қилишмайди. Шу билан бирга ўзбек эркакларининг аксарияти аёлига қарашишни ор деб билади. Кейинги пайтда сериал ва теленовеллаларда ҳам шу нарсани кўп кузатяпман. Келин бечора зир югуриб хизмат қиляпти. Ишларга улгурмаяпти, қайнона эса “тахти”дан тушмайди. Яна мен ижобий образлар ҳақида гапиряпман. Киноижодкорлар буни “табиий ҳол” деб кўрсатишяпти. Бу каби лавҳаларни жуда кўп кузатдим. Ёки эркак диванга чўзилиб олади-да, ўзи ҳам бажариши мумкин бўлган ишни аёлига буюради. Ёки ёш йигитга кекса онаси овқат тайёрлайди, чой қўйиб, дамлаб келади...Бу нима деган гап?! Ўша йигитнинг қўли синганми? Эртага у аёлига ҳам худди шундай муносабатда бўлади? Биз аёлларни аяшни қачон ўрганамиз?! Бу ҳаётимизда бўладиган кичик-кичик хатолар. Яна ҳатто, ич кийимларини ҳам келинга ювишга берадиган қайноналарни мен тушунмайман. Бу ахир уят-ку! Майли агар, қайнона ётиб қолган касал бўлса, буни тушунаман, лекин гунгурсдай қайноналар ич кийимларини ҳам келинга ювдиришлари жуда хунук ҳолат, деб ўйлайман. 
    Нега энди келин келса, қайнона қилиб юрган ишларини шартта унга юклаб қўйиши керак? Яна шу қайнонага атрофдагилар “ақл” ўргатишади. “Ҳамма ишни ўзингиз қилиб, ўргатиб қўйманг, келин бошингизга чиқиб олади!” дейишади. 
    Бизнинг бувиларимиз иш қилмай, “тахт”да ўтиришганини ҳеч кўрмаганман. Бувим доим қозонбошида бўлар эдилар, невараларга қарар эдилар. Оилада келиннинг, қайнонанинг ўз вазифалари бор эди. Ҳеч қачон бувимни бекор ўтирганларини кўрмаганман. Кексайиб кучдан қолганларида тикиш-чатиш қилар, лоақал невараларининг бешигини тебратиб ўтирардилар.  
    Менимча, “келин келса, иш қилмайман” дейиш нотўғри. Агар келин билан баробар юмуш қилсангиз, унинг оғирини енгил қилсангиз, унинг ҳам сизга меҳри ортади. Уни “келин эмас, қиз” деб қабул қилдингизми, аяшни ҳам билинг. Ана шунда ўша келин бу уйга ҳам меҳр қўяди. “Отам ундай, онам бундай қиларди” деб ўкинмайди. Кечқурун эри ишдан келганида уни гулгун чеҳра билан кутиб олади. Келинга наинки эрининг, шу оила аъзоларининг ҳам меҳр-эътибори керак. Шунда ёш ниҳол шу оилада туп қўйиб палак ёзади. Агар бунинг аксини қиладиган бўлсак, юқоридаги каби ажримлар кўпаяверади. Бундан кимга наф, кимга зиён?! Баъзида 18, баъзида 19, 20 яшар келинларнинг қўлида боласи билан ажрашиб келаётганига гувоҳ бўляпмиз. 18 ёшида ҳаёти чил-чил бўляпти, уларнинг. Кейин эса уларнинг айримлари бошқа оилаларнинг бузилишига сабаб бўляпти. Айрим ёш эркаклар уларга иккинчи хотин қилиб уйланиб олишяпти. Оқибатда на у аёл, на буниси бахтли эмас. Оилалар бузилиб, болалар тўлиқ бўлмаган оилада улғайяпти. Ҳозир “талоқ” сўзини айтиш шунчалик осон бўлиб қолганки, мен ҳайрон қоламан. Боболаримиз оилада қандай катта жанжал бўлмасин, бу сўзни ҳеч қачон тилга олмаганлар. Масалан, ота-онамиз ўртасида ҳам жанжаллар бўлган, лекин эркаклар шу сўзни айтишганини эслай олмайман. Чунки бу сўз айтилганида АРШ титрар экан! Бугунги ёшлар буни унутиб қўйган кўринишади. 
    Ўйланг, фикр қилинг, хулоса қилиш ўзингиздан!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот